Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Жазоир халқ демократик республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Носир Бушерит билан учрашув ўтказилди.
Университет матбуот хизматига кўра, учрашув мобайнида Жазоирдаги QS рейтинги баланд бўлган олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви каби масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Жазоир ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва 5 июлда нишонланадиган Жазоир миллий байрами муносабати билан танлов ташкиллаштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув доирасида Жазоирнинг Ўзбекистондаги элчиси ёзган китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Маълумот ўрнида, мазкур китоб ўзбек тилига ЎзДЖТУ Таржимонлик факультети ўқитувчилари томонидан таржима қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Жазоир элчиси “Ziyouz”га берган интервьюсида ўзаро ҳамкорликка юқори баҳо берган эди.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар ҳамиша ўзаро ҳурмат, биродарлик, дўстлик ва ҳамкорликка асосланган. Ҳар икки ўлка ислом тамаддунига мансуб экани эса халқларимиз ўртасидаги биродарлик алоқаларининг пойдевори саналади. Шу ўринда Жазоир Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олгани ҳамда Тошкентда элчихона очганини қайд этиш жоиз. Бу эса, Жазоир мамлакатингиз билан сиёсий, иқтисодий ва маданий жабҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканининг яна бир тасдиғи”, – деган эди дипломат.
Носир Бушерит 2015 йилдан буён юртимизда элчи сифатида фаолият юритиб келмоқда. Бунга қадар у Жазоир ташқи ишлар вазирлиги тизимида масъул вазифаларда ишлаган, шунингдек, Вьетнам, Камбожа, Мьянма, Лаос каби давлатларда ўз мамлакатини тамсил этган.