Адабиётимиз тарихида битта ҳам йирик асар яратилмаган даврлар бўлган. Лекин лирик шеърият, лирик шоирлар доим бўлган. Бундай шоирлар ўз шеърлари билан бадиий ижод оловини ўчирмай, унинг чўғини ўзларидан кейинги авлодларга мерос қолдириб келганлар. Зеро, шеърият ҳамиша замон ва инсон хизматида бўлган. Бадиий адабиётнинг бу ишчан тури яхшиликни алқашга, ёмонликни қоралашга ҳаракат қилган, одамларга машаққатли кунларда руҳий мадад бериб, уларни қийинчиликларни курашиб енгишга, яшашга илҳомлантирган, олға ундаган. Ҳаёт ҳодисалари, уларга муносабат аввало лирикада гоҳ юксак, шоирона, гоҳ тажриба шаклида ўз бадиий ифодасини топган.
XV асрдаги адабий ҳаётнинг муҳим фазилати шундаки, бу даврда Хуросон ва Мовароуннаҳрда эпик, яъни воқеий шеърият ҳам, лирик шеърият ҳам баравар ривожланган бўлиб, бу жанрлар тараққиётига Абдураҳмон Жомий ўзининг алоҳида улушини қўшди. Аммо лирика унинг ижодий фаолиятида алоҳида ўрин тутган, десак хато қилмаймиз. Чунки улуғ шоир лирика билан ўз ижодининг илк давридан бошлаб, ҳатто кексайганда ҳам фаол шуғулланди ва ўз авлодларига бу соҳада мислсиз бой мерос қолдирди. Жомий, мутахассислар ҳисобига кўра, 1805 ғазал, 274 рубоий, 137 қитъа, 53 қасида ва яна бошқа шеърий асарлар (жамъи — 2340) ёзган бўлиб, улар уч девон («Фотиҳатуш-шабоб», «Воситатул-иқд», «Хотиматул-ҳаёт»)га жамланган.
Шоирнинг бундай улкан лирик мероси ҳақида бир мақола доирасида айрим мулоҳазаларнигина айтиш мумкин. Бу соҳада бизнинг мамлакатимизда, чет элларда, хусусан Эронда юзлаб мақола ва китоблар ёзилган. Лекин мен филология фанлари доктори Аълохон Афсаҳзоднинг 1988 йил Москвада нашр этилган «Лирика Джами» илмий тадқиқотини улуғ шоир лирик меросини ўрганишда совет шарқшунослигининг жиддий ютуғи деб ҳисоблайман. Бу китобида муаллиф Жомийнинг бой ва мураккаб лирик ижодининг кўп масалаларини матний-мазмуний ва шеърият нуқтаи назаридан тўғри ҳал қилиб берган.
Назаримда, Жомий лирикаси ҳақида гап борганда аввало жанр хусусиятларини кўзда тутиш, шоирнинг жанр қонуниятларини қанчалик тўғри тушунгани ва бунга амал қилганини аниқлашга алоҳида эътибор бериш даркор. Жомий қарашича, лирика, хусусан унинг ғазал, рубоий, қасида, қитъа каби турлари давр талабига тўла жавоб берган. Шунинг учун Жомий бу жанрларда ҳеч иккиланмай қалам тебратган. Масалан, Жомий: «Ҳунарлардан шеър фанидан энг яхшиси ғазалдир…» («Аз фунини шеъри фан беҳтарин омад ғазал…») деб ёзар экан, бу билан ғазалнинг шу даврда кишилар қалбига энг яқин шеър тури эканини тўғри кўрсатган. У бир қасидасида шундай дейди:
Мунташир аз насри ман ҳазор саҳифа,
Мунтазам аз назми ман ҳазор жарида.
Зодаи табъи ман асту саҳраи килкам
Фарду ғазал, қитъа, маснавию қасида.
Силки рубой зи ман низом гирифта,
Фанни муаммо зи ман ба ном расида.
Мазмуни:
Менинг насрларим минглаб саҳифаларда ёйилди.
Назмларим минглаб тўпламларда тартибга келтирилди.
Истеъдодим фарзанди, қаламим сеҳридан
Фардлар, ғазаллар, қитъалар, маснавий ва қасидалар юзага келди.
Мен туфайли (шеърнинг) рубоий тури низом топиб,
Муаммо санъатига мен шуҳрат бағишладим.
Жомий доим масъулият ҳисси билан қалам тебратди. Бу фикрнинг исботи учун шоирнинг қуйидаги ғазалини кўздан кечириш кифоя:
Ман он наям, ки забонро ба ҳарза олоям,
Ба мадҳу замми хасон нўги хома фарсоям.
Ҳадиси сифла хазаф, иқди гавҳар аст сухан,
Зиҳи сафаҳ, ки ман инро ба он биёраям.
… Зи шаъри шеър, к-аз ин пеш ёфтам, имрўз —
Чуз оби дидаву хуни жигар наполоям.
Фазои мулки сухан гарчи Қоф то Қоф аст,
Зи фикри қофия ҳар лаҳза танг меоям.
…Кашам зи табъи сухансанж ранж, рухсат деҳ,
Ки сар ба жайби хамуши кашам, биёсоям,
Жавоб дод, ки Жомий ту ганжи асрори,
Раво мадор, к-аз ин ганж қуфл накшоям.
Мазмуни:
Мен тилимни ҳар қандай беҳуда нарсаларга теккизиб бўлғайдиганлардан эмасман,
Ярамас одамларни мақтаб, қаламим учини уринтирадиганлардан эмасман.
Пасткашлар ҳақидаги гаплар сопол синиғидир, сўз эса гавҳар шодасидир.
Унисини буниси билан аралаштириб юборсам, бу нодонлик бўлур эди.
…Шеъримдаги олдин пайдо бўлган тукларни бугун
Кўзёшларим ва жигар қонларим билан тозалаяпман.
Сўз мамлакатининг фазоси Қоф тоғидан Қоф тоғигача кенг бўлса ҳам,
Лекин қофия ҳақида ўйлаганимда доим танг аҳволда қоламан.
… Сўзга санъаткорлик табиатимдан ранж чекканим чеккан, рухсат бер,
Бошимни хомушлик кўйнига яшириб, ором олай.
Бу гапимга жавоб келди: — Эй Жомий, сен сирлилик хазинасисан-ку!
Бу хазинанинг қулфини очолмасликни сен бизга раво кўрма.
Бу ғазалнинг ҳар байтида бир олам маъно бор. Уни Жомийнинг ижодхонасига кириш учун калит деб қараш ҳам мумкин. Шоир, демак, ниҳоятда гапга чечан, буюк сўз санъаткори бўлса ҳам, лекин ҳар бир сўзни ўйлаб ишлатган, ҳар бир ғазалини, ҳар бир шеърини ўз фарзандларидек («зодаи табъам») кўриб, унинг ҳар томонлама мукаммал бўлишини, муаллифга ҳурматсизлик келтирмаслигини ўйлаган. Бу ўринда унинг дунёда сўз кўп бўлса ҳам, лекин керакли сўз, яхши қофия бўладиган сўзни топиш қийин! — деган фикрини ҳам шу маънода тушуниш керак, деб ҳисоблайман.
Жомий шеъриятининг биринчи қиммати, албатта, унинг мазмунида. Жомий лирикасидаги, хусусан, ғазалиёт оламидаги бош ғоя муҳаббат, инсонни севишга, ардоқлашга чақириш, ҳаётнинг мазмунини севгида, садоқатда деб билиш.
Дини мо ишқ аст, эй зоҳид, магу беҳуда панд,
Мо ба тарки дини худ гуфтан нахоҳем юз газоф, —
деб ёзади улуғ шоир ўз ғазалларининг бирида (Абдураҳмони Жомй. Осор, чилди дуюм, с. 55). Мазмуни: Бизнинг динимиз ишқдан иборат; эй зоҳид, беҳудага насиҳат қилаверма; биз ўз динимизни асоссиз равишда тарк этиш ҳақида гапиришни ҳам истамаймиз.
Шу мавзу, шу ғоялар туфайли Жомий лирикаси ҳар томонлама инсонийлик касб этган. Бу мавзу ва ғоялар бошқа шоирлар томонидан ҳам куйланган. Шунинг учун Жомий лирикаси маълум даражада анъанавий хусусиятларга эга. Лекин у бу мавзу орқали инсон юрагини янгидан кашф этишга, уни ўз қалб ҳарорати билан илитишга ҳаракат қилган ва бунга эришган. Бу мавзуга Жомий ниҳоятда катта самимият билан муносабатда бўлгани туфайли унинг бу хил шеърларини аввало замондошлари, қолаверса, кейинги асрлардаги мухлислари ҳам яхши қабул қилдилар. Жомийнинг ўзи ҳам бу мавзудаги шеърларининг кўп вақт муваффақиятли чиққани, севиб ўқилгани билан фахрланиб, бир ғазалида қуйидаги байтни ёзган эди:
Жоми аз он лаб сухан оғоз кард,
Шуд лақабаш тўтийи ширинмаҳол
Мазмуни:
Жомий у гўзалнинг лабидан сўз очиши билан
Унинг лақаби «тўтийи ширинмаҳол» бўлиб қолди.
Шарқ адабиётшунослигида чиндан ҳам Жомий шеърий услубининг «ширин»лиги тан олинган ҳодиса. Буни ўз даври адабиётшунослари болалигида Жомийнинг машҳур мутасаввуф Муҳаммад Порсо қўлидан новвот олиб еганида, деб изоҳлашлари ҳам бежиз эмас.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг хабар беришича, кунларнинг бирида ўз даврининг таниқли шоирларидан бири бўлган Шайхим Суҳайлий ўзининг:
«Шаби ғам гирд-боди оҳам аз жо бурд гардунро,
Фуру бурд аждаҳойи сайли ашкам рубъи маскунро»
Мазмуни:
Ғамли кечаларда оҳимнинг қуюни осмонни ўрнидан қўзғотиб юборди,
Кўз ёшим селининг аждаҳоси эса ер юзини ютиб юборди, —
деган байтини баланд овоз билан ўқиганда Жомий унга: «Мирзо, шеър айтасизми ё одам қўрқитасизми?» дегани характерлидир. Яъни, Жомийнинг фикрича, лирик шеър одамни беҳузур қиладиган услубда ёзилмаслиги ва ўқилмаслиги керак. Жомийнинг бу гапи бизнинг баъзи замонавий шоирларимизга, классик шеъримизни бузиб, бақириб ўқийдиган шеърхонларга ҳам тааллуқли, дейиш мумкин. Лирик шеърга хос хусусият унинг дилбарлиги, ёқимлилигида. Ҳар қандай маъно бадиийлик либосининг ташида эмас, ичида бўлиши керак.
Албатта, Жомийнинг ҳам ишқ ва муҳаббатни куйлашида учрайдиган иккинчи маъно-мазмун, ишораларни ҳам назардан қочирмаслигимиз керак. Масалан, Жомий бир ғазалининг матлаида қуйидагиларни ёзади:
Ба азми Каъба сафар гўфтам ихтиёр кунам,
Бад ин баҳона гузар бар диёри ёр кунам.
Мазмуни:
Дедимки, Каъбани зиёрат қилиш учун бир сафарга чиқсам,
Шу баҳона билан севгили ёримнинг диёрини ҳам кўрсам.
Бунда Жомий оддий инсоний муҳаббат ҳақида ёзаётган бўлиши ҳам мумкин. Шу билан бирга шоир Каъбани кўришдан мақсад худони эслаш, демоқчи десак ҳам бўлади. Одатда, ҳар бир масжид худонинг уйи ҳисобланади. Жомий Каъбани ҳам худонинг уйи, ватани деб қараётган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Демак, бу хил ғазаллардан бир неча маънони уқиш хато эмас.
Жомийнинг лирик шеъриятига хос муҳим хусусиятлардан бири ундаги эркин фикрлилик, журъаткорлик, шоирона истеҳзо, ҳажвиётга мойилликдир. Шу билан бирга эркинфикрлилик шоирни жамият масалалари ҳақида жиддий ўйлашга, бу ҳақдаги ўз фикрларини лирик шеърларида ифодалашга, лирик шеъриятнинг ижтимоий мазмундор бўлишига олиб келган. Айрим шеърларида Жомий, А. Афсаҳзод ёзганидек: «У дунёдаги мавжуд тартиб-қоидаларни ўзгартиришни, ошиқ ўз кўнглидаги истакларига осонлик билан эришадиган жамиятни орзу қилади. Жомийнинг илғор сиёсий, фалсафий ва эстетик қарашлари умуман унинг ғазалларидаги лирик қаҳрамон ва унинг романтик достонларида қаҳрамонлари тилидан айтилган» (Абдураҳмон Жомй. Осор, дилди шашум, с. 93).
Жомийнинг лирик мероси ҳақида айрим ҳозирги замон Эрон олимлари айтган салбий фикрларга асло қўшилиб бўлмайди. Масалан, катта шоир ва олим Маликушшуаро Баҳор Жомий девонларидаги шеърлар юзасидан бир ўринда шундай деган: «Қисқача қилиб айтганда, Жомий ғазалиёти ҳажман жуда катта бўлишига қарамай, у бўйича ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти қиёфасини ҳам, унинг шахсий фалсафий ва сўфиёна қарашларини ҳам тиклаш қийин; чунки унинг шеърларини шеърий тўқималар шунчалик эгаллаган ва турли таъсирларга берилган ҳамда хаёлларга кўмилганки, натижада ўз фикрларини, фикрлар тиниқлигини ва адабий журъаткорликни ифодалашга ўрин қолмаган».
Совет олими А. Афсаҳзод зикр этилган ўз китобида бу хил янглиш қарашларни тўғри танқид қилган ва уларга тўғри муносабат билдирган. Жомий ғазалларининг бирида шундай бир байт бор:
Дил на хуррам, сабзау гул дар назар хуррам, чи суд?
Дар даруни жон жароҳат, бар бирун малҳам, чи суд?!
Мазмуни:
Дил хафа бўлгач, сабза ва гуллар очилиб турганидан нима фойда?
Жон ичи жароҳат бўлсаю ташқаридан малҳам қўйишдан нима фойда?
Мазкур ғазалнинг бошқа байтлари ҳам шу мазмун ва шу услубда ёзилган. Бунда кўзга ташланаётган хусусият шундаки, Жомий воқеа ва ҳодисаларнинг ташқи томонига эмас, ички томонига, моҳиятига эътибор бермоқда.
Абдураҳмон Жомийнинг ижоди форс-тожик шеъриятининг энг яхши ғоявий ва бадиий анъаналари асосида шаклланган. Улуғ шоир ўз шеърларида Шайх Саъдий, Амир Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз Шерозий, Камол Хўжандий кабиларнинг тажрибаларига суянади. Масалан, у бир ғазали мақтаида ўз ижодига Камол Хўжандий қандай ижобий таъсир кўрсатгани ҳақида шундай деган эди:
Ёфт камоле суханат то гирифт —
Жошние аз суханони Камол.
Мазмуни:
Камол сўзларининг мазасини тотиб,
Шенинг сўзларим камол топти, ривожланди.
Бу гапни Жомий ўзидан олдин ўтган бошқа форс шоирлари ҳақида ҳам айтиши мумкин эди. Жомийнинг лирик шоир сифатидаги камолотида фақат салафлари эмас, замондошлари ҳам муҳим роль ўйнаган эдилар. Уларнинг аввало Жомий шеъриятини тўла қабул қилганлари, ҳар бир асарини маъқуллаганлари, унинг асарларига юзларча татаббулар битганлари таҳсинга сазовордир. Қолаверса, Жомий ҳам улардан узилиб ижод қилмаган. Масалан, шу даврда ижод қилган шоирлардан бири Сайфий Бухорий бўлиб, у ўзининг турли касб эгаларини улуғлаган, шу каби хусусиятларини ҳурмат билан тасвирлаган ғазаллари билан машҳур. Унинг ноғорачи, хонанда ва бошқалар ҳақида ёзган шеърлари маълум. Унинг услубида Жомий эса ғижжакчи тўғрисида махсус ғазал ёзган.
Жомий таниқли ўзбек шоири Мавлоно Лутфийнинг:
Гар кори дили ошиқ бо кофири Чин афтад,
Беҳ з-он ки ба бадхуйи бемеҳри чунун афтад,
деган матлаъ билан бошланган, лекин тугалланмаган ғазалини, унинг васиятига кўра тугаллаб, ўз девонига киритган эди. Бу ҳодиса эса, ўзбек-тожик адабий алоқалари тарихидаги муҳим белгилардан биридир.
Жомийга замондош шоирлар орасида Алишер Навоий алоҳида ўрин тутади. Навоий Жомий шеъриятини, шу жумладан, унинг лирик ижодини ниҳоятда севган, бир умр ундан лирик ижод сирларини ўрганган эди. Навоий Жомийни Амир Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз Шерозий билан бир қаторга қўйиб, унга шогирд, дўст, ҳамма соҳада ҳаммаслак бўлгани билан чексиз фахрланар, «Хазойинул-маоний», «Девони Фоний» девонларидаги бир қанча ғазалларини унинг ғазаллари таъсирида ёки уларга татаббу шаклида ёзган эди.Навоий Жомийнинг айниқса орифона ғазалларини юксак баҳолар эди. Шу билан бирга Жомий ҳам уни барча соҳаларда қўллаб-қувватлаган эди.
Жомий лирикаси фақат форсий халқларнинг эмас, барча халқларнинг ҳам маънавий бойлигидир. XV асрдан кейин яшаб ижод этган Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Солиҳ, Шермуҳаммад Мунис, Муҳаммадризо Огаҳий, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий, Нодира, Увайсий, Зокиржон Фурқат каби ўнлаб ўзбек шоирларининг Жомийга чуқур ихлоси ва муҳаббати шундан.
Абдуқодир Ҳайитметов, филология фанлари доктори, профессор
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 5-сон