Жаҳон саҳнасида 2008 йил: Воқеалар ва таҳлиллар

Янги тарих китобининг 2008-саҳифасига битилган сатрлар ҳам ўз поёнига етиб қолди. Ҳаёт аталмиш муаллифнинг шафқатсиз, лекин одил қалами ҳеч бир воқеани назардан четда қолдиргани йўқ. Айрим ўринларда у қувончу шодлик номаларини битган бўлса, баъзан сатрларда сиёҳ эмас, қон оқди. 366 қатордан иборат саҳифа шонли ва қонли воқеаларга бой. Сюжет эса мураккаб. Кўп ўринларда Муаллиф ўта шафқатсиз йўл тутган, қаламидан қон томади, айрим сатрларда эса унинг нега бунчалар сахий эканидан ҳайратланамиз. Аммо воқеалар тўқима эмас. Китобдаги битикларнинг барчаси ҳақиқат. Зеро у ҳаёт китобидир…

Тарих солномасига ана шундай тарзда муҳрланиб бораётган 2008 йил, дарҳақиқат, турфа воқеа-ҳодисотларга бой бўлди. Жаҳон саҳнаси хилма-хил ўйинларнинг гувоҳига айланди. Ҳодисалар ривожи тарих қонуниятига биноан ўтган йиллардаги каби бир маромда давом этиб борди. Лекин йил ўзига хос, бир неча ўн йилликларда кўрилмаган ва кутилмаган воқеаларга ҳам шоҳидлик қилди.
2008 йилда Ироқ, Афғонистон, Яқин Шарқ, Сомали каби дунёнинг қайноқ нуқталаридаги низо ва уруш ўчоқлари ёнишда давом этди. Грузиядаги сиёсий инқироз эса кутилмаган ва хунук оқибатларга бой янги можаро бўлиб тарихга кирди. Пекиндаги ёзги олимпиада ўйинлари дунё халқлари биродарлигини кучайтирган глобал спорт байрами сифатида кенг нишонланган бўлса, йил охирига келиб бош кўтарган дунё молиявий инқирози кўп ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларни тиззасига чўктирди. АҚШда Барак Обаманинг президент сифатида сайланиши эса нафақат йилнинг, балки бутун Америка сиёсий тарихининг энг унутилмас ва ўзига хос сайловларидан бирига айланди.
Келинг, шу каби йилнинг энг муҳим воқеаларини батафсилроқ сарҳисоб қиламиз.

Ироқ уруши қачон тугайди?

Сўнгги ўн йилликнинг энг баҳсли сиёсий можароси бўлган Ироқ уруши атрофидаги кўнгилсизликлар 2008 йилда ҳам давом этди. Йил мобайнида минглаб ҳарбий ва тинч аҳоли вакиллари қурбон бўлди. Айни уруш АҚШ президенти Жорж Буш ва у мансуб Республикачилар партияси обрўсига жиддий путур етказиб, президентлик сайловида республикачилар номзоди Жон Маккейннинг мағлуб бўлишида асосий сабаб вазифасини бажарди. Жорий йилда Ироқ қурбони бўлган АҚШ аскарлари сони 5000 га яқинлашди. Ҳалок бўлган ироқликлар сони эса 100 мингдан ошган. Бу йил Ироқ урушига оид яна бир муҳим воқеа шу бўлдики, Ироқ парламентида янги битим имзоланиб, унга кўра, АҚШ ҳарбий кучларининг 2011 йилгача Ироқни бутунлай тарк этиши келишиб олинди. Унгача Ироқдаги бошқа иттифоқчи кучлар, хусусан, улар орасида АҚШдан кейин иккинчи ўринни банд этувчи Англия аскарлари 2009 йилнинг июнь ойигача мамлакатни бутунлай тарк этиши кутилмоқда. Бу ахборот куни кеча Бирлашган Қироллик Бош вазири Гордон Браун томонидан ҳам тасдиқланди.
АҚШ ва бошқа иттифоқчи кучлар Ироқни бутунлай тарк этиб, мамлакат бошқаруви тўла ироқликлар қўлига ўтган тақдирда ҳам ўлкада кутилган барқарорлик ва тинчлик ўрнатилиши даргумон. Чунки бир неча йилдан бери давом этаётган уруш мамлакатнинг хавфсизлик тизимини, сиёсий-ижтимоий, иқтисодий инфратузилмаларини бутунлай издан чиқарган. Давлат яхлитлиги миллий ва этник низолар таъсирида алоҳида-алоҳида бошқарилувчи шиа ва суннийлар Ироқи ҳамда Курдистон ўлкаларига бўлиниб кетиш хавфи остида турибди. Этник низоларнинг авж олишига АҚШ бошлиқ иттифоқчи кучларнинг демократия ниқоби остида олиб бораётган айирмачилик сиёсати айбдор. Шундай экан, Ироқ урушининг қачон якун топиши ҳали номаълум. Ҳозирча шуниси аниқки, у 2009 йилда ҳам давом этади.

Пекинда глобал биродарлик

Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекин шаҳрида шу йил августнинг 8-кунидан 24-кунига қадар йирик спорт байрами – 29-Олимпия ўйинлари ўтказилди. Мазкур спорт ойлиги, шубҳасиз, йилнинг энг муҳим воқеаларидан бирига айланди. Илк бор 1896 йили қадим Греция пойтахти Афина шаҳрида ўтказилиши бошланган замонавий Олимпия ўйинлари бугунга келиб турфа сиёсий-иқтисодий тизимларга эга, дўст-душман мамлакатлар учун спорт оламида биродарлик тимсоли вазифасини бажармоқда. Хитойда ўтказилган навбатдаги ўйинларда дунёнинг 200 дан ортиқ мамлактидан 10500 нафар спортчи иштирок этди.
Мусобақалар давомида янги 43 та дунё ва 132 та Олимпия ўйинлари рекордлари ўрнатилди. Медаль олган мамлакатлар сонининг кўплиги бўйича ҳам мусобақа Олимпия ўйинлари тарихида рекорд кўрсаткичга эга бўлди. Шунингдек, у энг кўп харажат сарфланган спорт мусобақаси сифатида ҳам тарихда қолади. Хитой Олимпия ўйинларига ҳаммаси бўлиб 42 млрд. доллар маблағ сарфланди. Харажатларни ўтган мусобақалар билан қиёсласак, қуйидаги манзаранинг гувоҳи бўламиз: 2004 йилги Афина ўйинларида 15 млрд., 2000 йилги Сидней мусобақари учун эса 7 млрд. доллар сарфланган. 2012 йили Лондонда ўтказиладиган 30-Олимпия ўйинлари учун, Британия Олимпия Ассоциацияси эълон қилган маълумотга кўра, кўпи билан 19 млрд. доллар маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда.
Мазкур Олимпия ўйинларида юртимиз спортчилари ҳам муваффақиятли иштирок этиб, ватанимизга бир олтин, икки кумуш ва уч бронза медали билан қайтди.

Грузияда сиёсий инқироз

Олимпия ўйинлари бошланиши арафасида мазкур тинчлик ва биродарлик байрамининг машҳур бир анъанаси қўпол тарзда бузилди. 7 август куни Грузия минтақасида уруш олови ёқилди. Бу иш жаҳон жамоатчилиги томонидан дунёнинг тинчлик рамзи сифатида алангаланган Олимпия гулханига нисбатан амалга оширилган қўпол ҳақорат тарзида қабул қилинди.
Аслида ҳудуддаги инқироз уруғлари аввалроқ қадалган эди. Грузиянинг НАТО аъзолиги учун қилаётган ҳаракатлари унинг катта оғаси Россия томонидан хуш қабул қилинмади. Натижада Россия Грузия таркибидаги тан олинмаган Абхазия ва Жанубий Осетия республикалари билан алоқаларни кучайтириб, уларнинг мустақиллигини тан олиш борасида амалий қадамлар ташлай бошлади. Бу Грузия ҳукумати ва айни пайтда Европа Иттифоқининг номақбул хатти-ҳаракатига нисбатан огоҳлантириш эди.
Россия Грузияни Абхазия ва Жанубий Осетия чегараларида аскарлар сонини кўпайтириб, уларни куч билан ўзига қўшиб олишга тайёрланаётганликда айблади ва икки ўлкада тинчликпарвар рус аскарлари сонини оширишга қарор қилди. Бу Россия ва Грузия муносабатларини янада ёмонлаштирди. 31 май куни Россия Абхазиядаги бузилган темирйўлларни таъмирлаш учун махсус темирйўлчилар ҳарбий қисмини жўнатди. Грузия ҳукумати бу ҳаракатни Абхазия ҳудудига рус аскарларининг киритилиши сифатида баҳолади.
9 июль куни Россия ҳарбий қирувчи самолётлари Грузия осмонидан учиб ўтди. Расмий Москва мазкур хабарни тасдиқлаб, у Абхазияда сақланаётган тўрт нафар аскарни озод қилиш учун Грузия ҳарбий кучлари тайёрлаётган амалиётга қарши огоҳлантириш сифатида уюштирилганини айтди. Бундан кескин норози бўлган расмий Тбилиси Москвадаги элчисини Грузияга чақириб олди. Вазият кескинлашган айни паллада АҚШ Давлат котиби Кондализа Райснинг Грузияга ташриф буюриши ҳамда НАТОга аъзо бўлиш масаласида Грузияни расмий Вашингтон қўллаб қувватлашини эълон қилиши инқироз оловига ёғ сепгандек бўлди.
Ва ниҳоят 7 август оқшомида Грузия ҳарбий кучлари ўзбошимча икки ўлканинг танобини тортиб қўйиш учун қуруқлик ва ҳаво орқали Жанубий Осетия пойтахти Схинвалига ҳужум бошлади. Грузия расмийларининг айтишича, мамлакат ҳарбий кучлари Жанубий Осетия уюштирган артиллерия ҳужумига жавобан чегарани кесиб ўтган. Натижада Россия ҳам зудлик билан Жанубий Осетияга қўшин киритди. Грузия кучлари ҳужуми қайтарилиб, ҳарбий амалиётлар Грузия ҳудудида давом эттирилди. Беш кунга чўзилган оғир жанглардан сўнг Грузия кучлари Жанубий Осетия ва Абхазия ҳудудидан бутунлай суриб чиқарилди. Грузия ғарбидаги бир неча шаҳар рус аскарлари назоратига ўтди. Европа Иттифоқи воситачилигида эришилган тинчлик битимидан сўнг Россия қўшинлари Грузия ҳудудини тарк этган бўлсада, чегарадаги тинчликпарвар кучлар ўз ўринларида қолдирилди.
26 август куни Жанубий Осетия ва Абхазия республикаларининг Россия томонидан тан олиниши мазкур сиёсий инқирознинг кулминацион нуқтаси бўлди, дейиш мумкин. АҚШ ва Европа Иттифоқи вакиллари воқеанинг бу тарзда ривож топишини кескин қоралаб, мазкур ҳаракат Грузия давлати яхлитлигига раҳна солиши билан мамлакат ички ҳудудий ишларига ноқонуний аралашиш сифатида баҳоланди.
Грузия ва Россия муносабатлари ҳануз беқарорлигича қолмоқда. Жанубий Осетия ва Абхазия билан Грузия ўртасидаги чегара ҳудудларидаги ҳарбий низолар тўла бартараф этилгани йўқ.

Жаҳон назарига тушган сайлов

Шу йил дунё сиёсий саҳнасида барча халқлар, давлатлар эътиборини ўзига жалб этган муҳим воқеалардан яна бири бу АҚШда ўтказилган президентлик сайлови экани шубҳасиз.
АҚШ давлатчилик тизимида ҳар тўрт йилда бир бор ўтказиладиган президентлик сайлови бу гал бир неча жиҳатлари билан олдингиларидан ажралиб турди ҳамда мамлакат сайлови тарихида, шунингдек, дунё сиёсий сайловлари солномасида ўзига хос ҳодиса сифатида муҳрланиб қолди.
2008 йилнинг 4 ноябрьида ўтказилган сайловда Демократлар партияси вакили Барак Обама рақиби Республикачилар вакили Жон Маккейнни йирик ҳисобда мағлуб этиб, АҚШнинг 44-президенти этиб сайланди.
Обама АҚШ президентлигига сайланган биринчи қора танли фуқародир. Шунингдек, у тарихда мамлакатнинг асосий ҳудудидан ташқарида туғилган биринчи АҚШ президенти бўлиб қолади. Обаманинг онаси АҚШ фуқароси бўлган оқ танли аёл, отаси эса кениялик қора танли киши бўлиб, Гавайи оролида туғилган.
Мазкур сайлов кўп маблағ сарфланиши бўйича ҳам одинги сайлов кампанияларини ортда қолдирди. Сайлов жараёни учун барча номзодлар томонидан йиғилган умумий маблағ 1 млрд. 644 млн. 712 минг доллардан ошиб кетди. Шахсан Барак Обаманинг ўзи сайлов тарғиботи учун 513 млн. 557 минг доллар сарфлади. Бу борада унинг асосий рақиби Жон Маккейн ишлатган пул 346 млн. 666 минг долларни ташкил этди.
Мазкур сайлов дунё жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш ва иштиёқ билан кузатилди. ББС хизмати сўров ўтказган 22 мамлакатнинг барчасида иштирокчиларнинг аксарияти Барак Обамани қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Обама сайловда ғалаба қозонган кун нафақат АҚШнинг ўзида, балки дунёнинг кўплаб бошқа мамлакатларида ҳам янги президентнинг мухлислари томонидан хурсандчилик намойишлари ўтказилди. Обаманинг ота юрти Кенияда ғалаба кенг байрам сифатида нишонланиб, президент Кибаки томонидан 6 ноябрь ғалаба шарафига расман дам олиш куни деб эълон қилинди.
Обаманинг катта фарқ билан ғалаба қозонишида АҚШнинг ички ва ташқи сиёсатида юзага келган муаммолар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Республикачилар вакили, амалдаги Президент Жорж Бушнинг мамлакатда обрўси тушиб кетгани, халқаро ҳаётда Буш маъмурияти олиб борган Ироқ ва Афғонистон урушлари оқибатида АҚШ обрўсига путур етгани, мамлакат иқтисодининг пасайиши каби омиллар мазкур президентлик сайловида Демократлар вакили Обаманинг мутлақ ғалабасини таъминлади.
Эндиликда жаҳон жамоатчилиги, хусусан, Америка халқи аввалги президентлардан кўп жиҳатлари билан фарқ қилувчи ёш, серғайрат Барак Обамадан катта ижобий ўзгаришлар олиб келувчи ишларни кутишмоқда.

Дунё тиз чўкди…

2008 йилнинг охирги чорагига келиб дунё молиявий инқироз домига тушди. АҚШда Леҳман Бротҳерс молия фирмасининг банкротликни эълон қилиши билан бошланган жаҳон молиявий бўҳрони тез фурсатда дунёнинг бошқа ривожланган мамлакатлари молия ва банк тизимларини ҳам қамраб олди. Оз вақт ичида дунёнинг бир неча йирик банк ва фирмалари инқирозга учраганларини эълон қилди. Инқирознинг келиб чиқишига уй-жой қурилиши лойиҳалари учун чиқарилган катта миқдордаги кредит маблағларининг қайтарилмагани асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Шунингдек, дунё иқтисодини тиззасига чўктирган мазкур бўҳрон эркин бозор иқтисодиёти ўз-ўзини назорат қилиб туриши ҳақидаги афсонавий қоиданинг ҳақиқатга ҳар доим ҳам тўғри келавермаслигини кўрсатди. АҚШ бошлиқ йирик капиталист ўлкаларнинг мамлакат иқтисодини қутқариб қолиш учун давлат ҳимояси ва аралашуви зарурлигини тушуниб етганлари улар ажратаётган улкан миқдордаги ёрдам лойиҳаларидан ҳам англашилмоқда.
Мутахассислар жаҳон иқтисодиётидаги мазкур глобал депсинишни 1929-33 йилларда дунё иқтисодини вайрон этган Буюк Тушкунлик инқирозидан сўнг рўй берган энг катта бўҳрон эканини таъкидлашмоқда. Ҳануз давом этаётган инқироз ҳозиргача 3 триллион доллардан ортиқ моддий зарар келтирди. Уни бартараф этиш учун шу кунгача сарфланган маблағ эса 8 триллион доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Нобел мукофоти совриндори, Жаҳон банкининг собиқ бош иқтисодчиси Жозеф Стиглитзнинг айтишича, инқирознинг асосий сабаби бугун дунёда ҳукм сураётган банк-молия тизимининг мунофиқона қонун-қоидаларидир. Унинг ишонишича, шу пайтгача АҚШ бошлиқ капиталист дунёси эътиқод қилиб келаётган тўла эркин бозор иқтисодиёти қонун-қоидалари ва уларнинг ривожланаётган мамлакатлар иқтисодига шарт-шароитлар ҳисобга олинмаган ҳолда «экспорт» қилиниши ўзини бугун амалда мутлақо оқламаслиги аён бўлди. Шу боисдан ҳам мутахассислар дунё молия-иқтисодиёт тизимини ўз монополиясида тутиб турган Жаҳон банки, Халқаро Валюта Фонди каби глобал ташкилотларни ислоҳ қилиш, уларда ривожланаётган мамлакатлар кўпроқ овоз ва таъсирга эга бўлишларига йўл қўйиш лозимлигини айтишмоқда. Жаҳон иқтисодиётининг муттасил ва бир маромда ривожланиб бориши ривожланган етакчи давлатларга бу каби ислоҳотлар ҳақида ўйлаб кўришга имкон бермаётган эди. Уларни чулғаб олган ҳозирги молиявий инқироз эса айни масалани қайта кўтариш учун вақт пишиб етилганини кўрсатмоқда.

Қисқа сатрларда…

Энди қисқа сатрларда йилнинг бошқа муҳим воқеаларини ёдга оламиз.
2008 йилнинг 22 апрел куни Лондондаги Мурфилдс шифохонасида икки нафар кўзи ожиз инсонга кўз кўчириб ўтказиш бўйича дунёдаги биринчи жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
28 апрел куни Ҳиндистон фазога бир уринишда 10 та сунъий йўлдош чиқариб, бу борада жаҳон рекордини ўрнатди.
23 май куни Гаагадаги Халқаро трибунал ҳудуд талашиш бўйича Малайзия ва Цингапур ўртасида 29 йил давом этган можарога якун ясаб, Мидл Рокни Малайзияга, Педра Бранкани эса Цингапурга бериш тўғрисида ҳукм чиқарди.
28 май куни Непалнинг 240 йил давом этган монархия тизими бекор қилиниб, ўрнига Непал федерал демократик республикаси ташкил топгани эълон қилинди.
10 июнь куни атоқли адиб Чингиз Айтматов 80 ёшида вафот этди.
17 октябр куни БМТ Бош Ассамблеяси Туркия, Австрия, Япония, Уганда ва Мексикани БМТ Хавфсизлик Кенгашининг икки йиллик муваққат аъзолигига сайлади.
21 октябр куни дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларининг 10 000 дан зиёд олимлари ҳамкорлигида протон энергияси бўйича тажрибалар ўтказиш мақсадида яратилган Катта Адрон Коллайдери (КАК) нинг расман очилиш маросими ўтказилди.
22 ноябрь куни Марс сайёрасидан музлаган сув парчаси топилди.

ЎЗБEКИСТОН ЙИЛНОМАСИ

Ўтган 2008 йил юртимиз учун кўп янгилик ва ўзгаришлар йили бўлди. Аввало, ватанимиз 1 сентябр куни 17 йиллик навқирон ёшини катта тантана билан нишонлади. Жорий йилнинг «Ёшлар йили» деб эълон қилиниши ҳам истиқлол фарзандлари учун кенг имкониятлар эшигини очди. «Ёшлар йили» Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун Республикамизда шу кунга қадар барча манбалар ҳисобидан 1 триллион 248 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Айни режа доирасида 184 замонавий лицей ва коллеж барпо этилди. 1 минг 875 мактабда янги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Ўтган ойлар мамлакатимиз иқтисодий кўрсаткичлари учун ҳам ёмон кечмади. Йил охиригача 1,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Уларнинг 70 фоизини тўғридан-тўғри жалб этилган маблағ ташкил этган. Кейинги йилда ҳам 1,8 млрд. АҚШ долларидан зиёд хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Инфляция даражаси 2008 йилнинг ўтган 11 ойи давомида 6,6 фоизни ташкил этди.
Қуйида йилнинг шу каби Ватанимизга оид бошқа муҳим воқеаларини умумлаштириб, яна бир бор ёдингизга солмоқчимиз. Қилинган ишлар келгусидаги иш-режаларимиз учун унумли сабоқлар чиқаришимизда бизга катта ёрдамчи бўлади деб умид қиламиз. Зеро, тарихни бежиз устозга ўхшатишмайди.

2008 йил 1 январь. Шу кундан бошлаб Ўзбекисон Республикасида ўлим жазоси бекор қилинди.
2 апрел. «Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори чиқди. Унда 2009 йил мартда Тошкент шаҳрида «Тошкентнинг жаҳон тсивилизацияси тараққиётида тутган ўрни» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш кўзда тутилди. Йил давомида юбилейга тайёргарлик ишлари давом этди.
28 апрел–4 май. Ўзбекистонда биринчи марта Кимё фанидан 42-Халқаро фанлар олимпидаси ўтказилди. Унда 15 давлатдан 104 ўқувчи иштирок этиб, жамоа ҳисобида биринчи ўрин Ўзбекисон Республикаси вакилларига насиб этди.
1 май. «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди. Шу асосда юртимиз ўқув масканларида йил давомида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, ундаги ҳақ-ҳуқуқлар кафолатлари ва аҳамияти ҳақида турли тадбирлар ўтказилди. 10 декабрь куни Республикамиз мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига бағишланган умуммиллий дарс ўтказилди.
Сентябр ойида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг 90 йиллиги нишонланди.
4–18 октябр кунлари. Тошкент шаҳрида футбол бўйича ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилди.
14 ноябрь. Ўзбекстон ёшлари Саудия Арабистонида ўтказилган футбол бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати финалида иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллашди.
2 декабрь. «Навоий вилоятида эркин индустриал-иқтисодий зона ташкил этиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинди. Унга кўра, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб этиш мақсадида Навоий вилояти халқаро аэропорти ҳудуди атрофида 30 йил муддатга «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонаси ташкил этилди. Бу муддат кейинчалик яна узайтирилиши мумкин. Мазкур ҳудудда экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 3 миллион евродан 10 миллион еврогача тўғридан-тўғри инвестиция киритган хўжалик юритувчи субъектлар 7 йилгача ер солиғи, мулк солиғи, даромад солиғи, ободончилик ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови (кичик корхоналар учун), Республика йўл жамғармаси ва Республика мактаб таълимини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан озод этилади. 10 миллион евродан 30 миллион еврогача маблағ киритганлар эса 10 йилгача юқоридаги солиқлардан озод қилиниб, кейинги 5 йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ҳажми амалдаги ставкадан 50 фоиз миқдорида белгиланади. Юқоридаги шарт билан 30 миллион евродан ортиқ маблағ киритилганда эса, инвесторлар15 йилгача солиқлардан озод этилади ҳамда кейинги 10 йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ҳажми амалдаги ставкадан 50 фоиз миқдорида белгиланади. Ҳозирда «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасини ташкил этишнинг иқтисодий-ҳуқуқий асосларини яратиш ишлари давом этмоқда.

Эртага 2009 йил

Бир кундан сўнг янги йилга қадам қўямиз. Шовуллаб оқаётган вақт эса раъйимизга қарамасдан шитоб билан олдинга интилишда давом этяпти. Бир дониш зот кун келиб вақт аталмиш яратилиқнинг ўз мезонидан кўра тезроқ айланишини башорат қилган экан. Шундай пайтлар келар эмишки, йиллар ой каби, ойлар кун каби, кунлар эса соат каби қисқа ва тез ўтар экан. Кўз юмиб очгунча ўтиб кетаётган кунларни кўриб, дарҳақиқат, кунлар соатга айланиб қолдимикин, дея ўша машҳур башорат ёдга тушади. Балки вақтимиздан барака қочгандир? Ҳа, вақтнинг нисбий аҳамиятга эга экани, у инсоннинг кайфияти, нима иш қилаётганига қараб турлича тасаввурдаги тезлик билан ўлчаниши ҳам бор гап. Ишончим комил, насиб қилса, «кўз юмиб очгунча» яна сиз билан 2009 йил сарҳисобини қилиб, шу саҳифа орқали дийдор кўришамиз. Умид қиламизки, у кунлар бугунгисидан кўра нурафшонроқ, вақтимиз эса баракалироқ бўлади.

Беҳзод Мамадиев
«Маърифат» мухбири