«Тирик Шоҳ». Шимолий Кореянинг янги президенти ким бўлади?

Яқинда КХДР етакчиси Ким Чен Ирнинг футбол мусобақасига борганлиги ҳақида хабарлар тарқатилди. Бунгача эса унинг вафоти ҳақидаги гап-сўзлар жаҳон оммавий ахборот воситаларида янграганди. Бундай икки хабар фонида бир хавотир юзага келади. Хўш, ядро зарядлари кимнинг қўлига тушар экан?.. Бундай тушунмовчилик тўсатдан бошланди. Ҳаммаси Шимолий Кореянинг «севимли раҳбари» Ким Чен Ирнинг навбатдаги ўлимидан бошланди.

Ким Чен Ир: фикрлар учун маълумот

Пуллари. Расмий маълумотларга кўра, Шимолий Корея президенти маоши ойига 25 евро. (худди бошқа фуқаролар каби унинг даромади ҳам солиққа тортилмайди, аммо Марказий разветка бошқармаси экспертларининг фикрича, Ким Чен Ирнинг Ганконг банкидаги ҳисобида 20 миллиард еврога яқин маблағи бор).

Болалари. Расман тан олингани 3 нафар (уларнинг бирортаси қонуний хотинидан туғилмаган). Жанубий Корея матбуоти шунингдек, президентнинг яна 13 нафар ноқонуний болалари борлигини аниқлаган.

Аёллар. Президент санъат соҳасидаги аёлларга бефарқ қаролмайди. Балерина, актриса, рассом хонимлар унинг жону дили.

Япониянинг «Сукан Гендай» кундалик нашрининг ёзишича, 5 йил аввал «миллат қуёши» диабет туфайли қабрга ётганди. Ўшандан буён мамлакат дарғасини унга ўхшаш шахс алмаштириб келмоқда. Аммо шуниси аниқки, Ким Чен Ир апрелдан буён омма орасига кўринмай қолган. Кимдир уни фалаж, яна бошқалар эса юрак хуружига чалинган деб ҳисоблайди. Айрим ОАВ 67 ёшли диктаторнинг бош мия операцияси арафасида эканлигини ёзади.

Шимолий Кореяда ҳукумат сўнгги марта авлоддан авлодга ўтиш йўли билан топширилганди. Шу сабабли мазкур воқеа машҳур эртаклардагидек давом этади – «Шоҳнинг учта ўғли бор эди…». Ким Чен Ирнинг ҳам икки севгилисидан уч нафар ўғли бор. Узоқ вақтлардан буён тахт вориси сифатида отасининг эркатойи 37 ёшли Ким Чен Нам асосий даъвогар бўлиб келмоқда.

У 1983-1985 йилллар давомида Москвада яшаб, франтсуз тилини ўрганиш бўйича махсус мактабда таҳсил олган. Аммо йигитча оқсоқланган баҳоларига қарамай, пойтахт дискотекаларига кўнгил қўйган. Аммо етти йил олдин Токио аэропортида сохта паспорт билан икки фотомодел оғушида қўлга тушган тўнғич ўғил дарғазаб ота томонидан меросхўрликдан маҳрум этилганди.

Тахтга иккинчи даъвогар – 27 ёшли Ким Чен Чер. Унинг онаси машҳур балерина Ко Ён Хи. Айрим фикрларга кўра, одатда тахт меросхўри сифатида подшоҳнинг энг севимли хотинидан кўрилган фарзанд эътироф этилиши керак. Ким Чен Ир балерина рафиқасини жуда севган, у вафот этганда эса руҳий тушкунликка тушиб қолганди. Аммо бошқа бир манбалар ушбу шаҳзоданинг тахтга чиқишига қарши фикрлар илгари сурилмоқда. Масалан, Шимолий Корея етакчисининг собиқ ошпази Кендзи Фудзимото ўз хотираларида йигитчанинг табиатида кўпроқ қизларга хос хусусиятлар кўзга ташланишини айтади — у тез аразлаб қолади, асабийлашиб, шайтонлаб йиғлай бошлайди. Бироқ айтиш лозимки, ёш шаҳзоданинг асосий тарафдорларини армия генераллари ташкил этади ва бу Ким Чен Черга амалдорлар орасида етарлича обрў қозонишни таъминлайди.

Кенжа ўғил — 24 ёшли Ким Чен Ур (у ҳам балерина хонимнинг ўғли) ҳозирча ўзини сиёсат оламида намоён этмаган. Лекин юқорида фикрлари келтирилган ошпазнинг фикрича, қаттиққўл ота айнан уни етакчи тимсолида кўрган. Отага ўртанча ўғилнинг қизларга хос табиати анчадан бери ёқмай келаётганди. Айтишларича, кичик ўғил ҳатто энг кичик ҳаракатлари билан ҳам отасига ўхшашга астойдил ҳаракат қилади. Масалан, у баскетбол ўйнайди, тирик балиқдан тайёрланган суши ейди, отасининг севимли актёри — Мел Гипсоннинг сурати туширилган футболка кийиб юради.

Аммо тахтга даъвогарлар рўйхати шу билан тугаб қолмайди. Бошқа бир неча шахслар ҳам Шимолий Корея президенти бўлиши мумкин. Булар Ким Чен Ирнинг поччаси – Армия генерали О Кук Рёл ҳам асосий даъвогарлардан саналади. Шунингдек, 42 ёшли Ким Чен Ирнинг шахсий котибаси Ким Ок. Президент бу аёлни ҳатто энг муҳим учрашувларга ҳам бирга олиб боришга одатланганди.

Сеулдаги Шимолий Кореялик қочоқлар иттифоқи раҳбари Ли Ер Хоннинг айтишича, вазият аллақачон чигаллашиб бўлган. Биринчи ўғилни Шимолий Кореянинг жамоат хавфсизлиги вазирлиги қўллаб-қувватлайди. Иккинчиси армия, учинчисини партия аппарати. Шунингдек, «мустақил» тармоқ ҳам мавжуд – кўплаб генерал ва амалдорлар Кимлар сулоласига мансуб бўлган етакчиларга бўйсунишдан чарчаган. Шу сабабли улар тахтга умуман кутилмаган одамни чиқаришлари ҳам мумкин. Ҳар қалай ҳукумат учун курашлар бошланиш эҳтимолдан холи эмас. Бироқ гап мамлакатни ким бошқаришида эмас, балки кўплаб мамлакатларни бу вазиятда ядро қуроли назорати киминг қўлига ўтиши қизиқтиради.

Умуман олганда, ҳаммаси жуда оддий бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Ким Чен Ир ичимдагини топлардан. У суюқасдлардан, самолётда учишдан қўрқади, ким билан қўл бериб кўришмасин, албатта бармоқларини махсус қоғоз сочиқ билан дизенфекция қилади. Бутун умри давомида ҳеч қачон шахсий интервью бермаган. Эҳтимол, ҳозир тирик шоҳ оммавий ахборот воситаларидаги тўполондан баҳра олаётгандир. Бир вақтнинг ўзида халқаро ҳамжамиятни ҳам қуён каби синовдан ўтказаётган бўлиши ҳам мумкин. Яъни, у менсиз атом бомбаси назорати барбод бўлиши мумкин, деб кўрсатиб қўймоқчи. Кейинроқ миш-мишлар тингач, у навбатдаги марта тирилади, худди қақнус каби.

Беҳбуд Ботиров