Лола мавсуми Истанбулга баҳор келганидан дарак беради. Ҳар йили апрель ойида шаҳарнинг энг машҳур жойлари ранг-баранг лолаларга бурканади.
Султон Аҳмад майдонида аквакультура усулидан фойдаланган ҳолда кенг майдонга “лола гилами” тўқилади. Гўзал манзара маҳаллий аҳолини ҳам, чет эллик меҳмонларни ҳам ҳайратга солади. Худди шундай манзараларни Истанбулдаги Эмирган боғи, Гулҳане боғи, Юлдуз боғи, Сўғанли ботаника боғи, Бейкоз боғи, Буюк Чамлижа боғи, Кичик Чамлижа боғи, Фетҳипаша боғи ва Ҳидив Павильон боғида учратиш мумкин.
Манбаларга кўра, лола Онадўлига Ўрта Осиёнинг Помир тоғи турклари томонидан олиб келинган. Лола турк маданиятининг энг муҳим тимсолларидандир. У пиёзсимон ўсимлик бўлиб, XII асрдан бери ҳунармандчиликда безак нақшлари намунаси сифатида қўллана бошлаган. Бу гўзал, бетакрор ва ранг-баранг гуллар Усмонийлар даврида шеърлар, фармонлар, ҳикоялар ва миниатюра расмларининг асосий мотиви сифатида урфда бўлган.
Лола нақшлари масжидлар, қабр тошлари ва сарой безакларида, шунингдек, гилам ҳамда мато нақшларида, кафтан ва сеп сандиқлари, ҳатто тангалар, жанговар дубулғаларда кенг истифода этилган.
Лолалар асосан ХVI асрда Усмонийлар империясининг пойтахти Истанбулда етиштирилган ва бутун шаҳар бўйлаб манзарали гуллар сифатида экилган. Лолаларга бўлган иштиёқ султон Сулаймон ҳукмронлиги даврида янада кучайган бўлиб, бу ўсимликнинг турли навлари яратилишига олиб келди. Хусусан, шаҳар рамзи бўлган Истанбул лоласи ўша даврда пайдо бўлди. Султон Аҳмад III даврида лола икки мингга яқин нави билан шуҳрат қозонди. ХVIII асрга ҳатто “Лола даври” дея ном берилди.
Лола нави кўпайиб боргани сари гул ва ранглар турли маъноларга эга бўлиб борди. Қизил лолалар севгини, оқи эса поклик ва хокисорликни ифодалаган. Бинафшаранг гуллар олижаноблик ва романтикани, сариқ ранг эса қувончни билдиради. Ноёб қора лола пинҳон, қўл етмас деган маънони англатса, чизиқлиси бетакрор гўзалликка ишора қилади.
Турк маданиятида муҳим ўрин тутган бу ажойиб гул ХV асрнинг иккинчи ярмида Австриянинг Вена шаҳрига, сўнгра Нидерландияга олиб борилган ва шу тариқа Европага таништирилган. Ҳолландияда тезда шуҳрат қозонган лолалар Канада пойтахти Оттавага ҳам олиб борилди ва дунёга машҳур бўлди.
Бугун ҳам Онадўлида кўплаб лола навлари етиштирилмоқда. Энг ҳайратланарлилари орасида “Йиғлаётган келин” деб аталадиган “энгашган лола” ҳам бор. Дунё бўйлаб боши қуйига эгилган ушбу лолаларнинг 167 тури мавжуд. Улардан 20 таси эндемик бўлиб, 43 турини Туркияда учратиш мумкин.