Исроил Ғазо секторида «Қуйма қўрғошин» номли йирик ҳарбий операцияни олиб бормоқда

Ғазо минтақаси осмони қора тутун билан қопланган. ХАМАС ташкилотининг Исроил билан тинчлик аҳдини узайтиришдан бош тортгани ҳудуддаги шундоқ ҳам таранг вазиятни янада чуқурлаштирди. Аслида бу минтақа 60 йилдан буён асосан оловли нуқта бўлиб қолмоқда. 1948, 1956, 1967, 1973, 1982 йиллардаги араб – Исроил урушлари миллионлаб одамларнинг ёсти²ини қуритди. Тўғри, бундан ташқари узоқ вақт мобайнида ҳарбий-сиёсий тўқнашувлар ҳам содир бўлиб турган. Аммо 2008 йилнинг сўнгги ойининг охирги кунларида Исроил ҳарбийлари томонидан Ғазода бошлаган ҳарбий ҳаракатлари ўз кўлами жиҳатидан йирик урушларни эслатади.

• Фаластин – Ғарбий Осиёдаги тарихий вилоят. Ўрта денгизнинг шарқий соҳилида жойлашган, майдони 26 минг кв.км. Фаластиннинг асосий қисми Исроил билан Иорданияга тегишли.
• Исроил майдони 14,1 минг км.2, аҳолиси 6 миллиондан ортиқ. Асосий иқтисодий ва маданий маркази – Тел-Авив шаҳри. Исроил ҳукумати БМТнинг 1947 йилдаги қарорига зид равишда 1950 йилда Қуддус шаҳриннинг ²арбий қисмини давлат пойтахти деб эълон қилди. 1980 йил 30 июльда Қуддус Исроилнинг «абадий ва бўлинмас» пойтахти деб эълон қилинди. Мамлакатда ягона конститустия йўқ. Аҳолиннинг 82 фоизи яҳудийлар, 16 фоизи араблар. Исроил иқтисодиётида ҳарбий саноат асосий ўринни эгаллайди, у ташқи молиявий манбаларга, айниқса, АҚШ ва Европа Иттифоқи ёрдамига жуда қарам.
• Яқин кунларда Қоҳирада араб давлатлари иштирокида ўтказиладиган фавқулотдаги йиғилишда Исроил томонидан ўрнатилган қамал туфайли азият чекаётган фаластинликларга ёрдам бериш масаласини кўриб чиқилади. Аммо аксарият учрашувларда мустақил Фаластин давлатининг чегараси, қочоқлар тақдири, Қуддус шаҳрининг мақоми каби муҳим масалаларга тўла аниқлик киритилмай қолади.

Ҳозирги воқеаларга аниқлик киритсак: 2008 йилнинг 19 декабрьида Исроил ва ХАМАС ташкилоти ўртасида ярим йиллик ярашув сулҳи якунига етди. Шунда расмий Тел-Авив ўт очишни тўхтатиш таклифини илгари сурди, аммо ХАМАС ярашув ўрнига қўлидаги қурол билан яҳудийлар истиқомат қиладиган бир нечта жойларни бомбардимон қилди. Бунга жавобан Исроил томони 27 декабрь маҳаллий вақт билан соат 11дан 30 дақиқа ўтганда йирик масштабдаги «Қуйма қўр²ошин» операциясини бошлади ва Ғазо секторига 50 самолёт ва вертолётлар ёрдамида биринчи зарбаларни берди, шу куни қарийб 170 та объект нишонга олинган. Оқибатда 225 нафар одам ҳалок бўлган, қарийб 700 нафар фуқаро жароҳатланган. Мутахассислар ҳисоб-китобича, бу Исроилнинг Ғазо секторида 1967 йилдаги 16 кунлик операциясидан кейинги энг йирик амалиётдир. Исроил расмийлари бу ҳолатни террорчиларнинг ҳарбий инфраструктурасига талофат етказиш, мамлакатга ракета зарбаларини тўхтатиш, Ғазога кириб келаётган қурол-аслаҳаларни тўхтатиш мақсадида амалга оширилганини таъкидлаган.

Исроил ҳарбийлари ҳозир минтақадаги террорчиларнинг бошқарув штаблари, илмий лаборатория базалари, полиция идоралари, казармалар, ўқув-амалиёт марказлари, ракеталар тайёрловчи устахоналар, қуроллар ва ўқ-дорилар омборхоналари, туннельлар ва телестанцияларни ўққа тутмоқда. Ўз навбатида ХАМАС ташкилоти ҳам турли яширин йўллар орқали кириб келаётган қурол-яро²лар ёрдамида Исроилнинг жанубий ҳудудларига ракета зарбалари бермоқда.

Исроил-Фаластин можароси жаҳон ҳамжамиятининг қаттиқ норозилигини келтириб чиқарди. Хусусан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Россия ҳар икки томонни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиб, минтақа аҳолисига гуманитар ёрдамлар кўрсатишга чақирган. Европа Иттифоқи, Франция, Буюк Британия ҳам шу фикрда. Араб давлатлари, Покистон, Туркия ва Хитой эса Исроил ҳаракатини кескин қоралаган. Иордания қироли Абдулла ИИнинг фикрича, Ғазодаги зўравонликлар тинчликни таъминлай олмайди, аксинча, фақат ва фақат инқирозни чуқурлаштиради. Миср ҳам Исроил ҳаракатига қарши, аммо расмий Қоҳира минтақадаги вазиятга ХАМАСнинг ҳам айби бор, деб ҳисоблайди. Хусусан, ҳозир Исроил ҳарбийлари жароҳатланган, уй-жойсиз қолган фаластинликлар учун Рафаҳ шаҳрини очиб қўйган, ХАМАС эса бунга тўсқинлик қилмоқда.

Халқаро донор давлатлардан Фаластинга берилаётган молиявий кўмакнинг камайиб кетгани ва сиёсий-иқтисодий инқироз сабабли, мухторият аҳолисининг турмуш даражаси кескин тушиб кетган. Фаластиннинг Ғазо минтақасидаги банкларига пул ўтказмалари йўлининг Исроил томонидан тўсиб қўйилиши бу мамлакат ҳудудида иш олиб бораётган халқаро ёрдам гуруҳлари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Тинч ҳаёт кечираётган давлатлар ҳам катта иқтисодий қи¬йинчиликларга дуч келаётган ҳозирги даврда уруш ҳолатидаги юртларда аҳвол нечоғли оғирлигини тасаввур қилиш мумкин. Бугунги кунда Фаластин халқининг қарийб 60 фоизи қашшоқликда ҳаёт кечирмоқда. Агар мухториятда ҳозирги оғир вазият ўзгаришсиз қоладиган бўлса, орадан икки йил ўтиб, қашшоқлар «армия»си 75 фоизга етади.

Ўта эҳтиёткор, етти ўлчаб бир кесадиган ФАТҲ ташкилоти бошлиғи Маҳмуд Аббос ХАМАС йўлбошчиларини мазкур хунрезликларни олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрмаганликда айблаган. ФАТҲ раҳбари агар Исроил ҳарбий ҳаракатлари ХАМАС режимининг тугаши билан якунланса, Ғазо секторидаги ҳокимиятни ўз қўлига олишини маълум қилган.

Иқтисодиётида ҳарбий саноат асосий ўринни эгаллайдиган Исроилда ҳарбийлар айни пайтда жуда яхши тайёргарликка эга. Бироқ «Қуйма қўр²ошин»нинг энг катта муаммоларидан бири бу – террорчилар базаларининг аҳоли истиқомат қилаётган жойларда жойлашганидадир. Бу эса қурбонлар сонининг кўпайишига олиб келмоқда. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мазкур режа муваффақиятли якунланган тақдирда ҳам минтақа расмийлари олдида яна бир масала кўндаланг бўлади: ниҳояси йўқ зўравонликларни кўриб келаётган Ғазодаги 1,5 миллиондан зиёд аҳоли билан муроса йўлини топиш, уларни озиқ-овқатлар, ёнилғи билан таъминлаш, ҳокимият органлари, полиция, коммунал хизматларга вакилларни тайинлаш осон кечишига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Бугунги можаронинг илдизи нимада деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз: бу аввало Исроил билан Араб давлатлари ўртасида ўн йилликлар мобайнида ўз ечимини топмай келаётган можаронинг бевосита давоми, иккинчидан халқаро терроризм, хусусан Яқин Шарқ минтақасида қатор жангари гуруҳларнинг пайдо бўлиши, уларнинг Исроилга қарши ўта реакцион кайфиятдаги жангарилик урунишлари бугунги можароларга олиб келди.

Жангарилар Ливан, Сурия, Иордания ва бошқа Араб давлатларида ҳам макон топганлар. Бошқа жиҳатдан эса айрим давлатларнинг жангари гуруҳларни молиявий ва ғоявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётганлиги ҳам Исроил – Фаластин можаросига олиб келди. Бугунги тўқнашувларнинг яна бир сабаби Фаластин маъмурияти тепасида ХАМАС каби ўта радикал кайфиятдаги оқимнинг турганлигидир. Бундан ташқари Араб дунёсидаги ғоявий-сиёсий бирликнинг йўқлиги, Исроилга нисбатан ташқи сиёсат масаласида «аравани турли томонга тортиш» бугунги кун қонли тўқнашувларига сабаб бўлмоқда.

Фаластиндаги икки етакчи сиёсий ҳаракат – ФАТҲ ва ХАМАС ўртасидаги биродарлик алоқалари ғанимларча муносабатга айланганига анча бўлди. Фаластинда қўшҳокимият юзага келди. Айни пайтда Рамаллоҳ, Наблус каби йирик шаҳарлар жойлашган Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида мухторият раиси Маҳмуд Аббос ҳукмронлик қиляпти. Ғазо ҳудудида эса 2006 йилги парламент сайловларида ²алаба қозонган бош вазир Исмоил Хония етакчилигидаги ХАМАС ҳаракати назорати ўрнатилган. Маҳмуд Аббос – 1967 йилги чегара бўйича Ғазо ҳудуди, ғарбий қирғоқ ва Шарқий Қуддусни ўз ичига олган Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдори. ХАМАС ҳаракати эса тарихий чегаралар тикланиши ва Фаластин ўзига қарашли бўлган барча ҳудудларга эгалик қилишини истайди.

ХАМАС Исроил томонидан қўпорувчи ташкилот деб эълон қилинган ва расмий Тел-Авив ҳаракатга қарши аёвсиз қуролли кураш олиб бормоқда. Сабаби аён: ХАМАС ҳаракати ташкил этилган илк даврларданоқ Исроилни тан олишдан бош тортган, яҳудий давлати жаҳон харитасида мавжуд бўлишига тиш-тирноғи билан қарши. Маҳмуд Аббос бошчилигидаги ФАТХ эса аллақачон Исроил давлатини тан олган.

Бироқ қизиқ жиҳати, ХАМАС етакчиси Исмоил Хония бирор марта ҳам Исроилга қарши очиқ-ошкора баёнот бермаган. Ўта эҳтиёткор бўлган сиёсатдон доимо «Фаластин давлатини ташкил этиш», «оккупацияни тўхтатиш» каби қўшнилар жаҳлини чиқармайдиган умумий талаблар билан чекланган. Балки шу боисдир, «Фақир киши панада» қабилида узоқни кўзлаб иш тутган Хония ҳар доим зийрак ва синчков Исроил жосуслари назаридан, ракета зарбаларидан четда қолаверади.

Исмоил Хония бугунги ҳужумларни «Фаластин тарихидаги энг аянчли хунрезлик» сифатида таърифлади. Дамашқда чиқиш қилган ХАМАСнинг яна бир етакчиси Холил Машаал учинчи интифада (арабча қутилиш дегани, бу ўринда халқ қўзғолони, деган маънода. Исроилга қарши Фаластин биринчи интифадаси 1986 йилда бошланган ва 1993 йилда Фаластин мухторияти ташкил этилиши билан якунланган эди, иккинчиси 2000-2004 йилларда давом этиб, Ёсир Арофатнинг вафот этишидан сўнг якунланган)ни бошлашга чақирди. Бироқ Исроил «ХАМАС» гуруҳи ракета ҳужумларига чек қўймагунча Ғазога қаратилган амалиётларини кенгайтириш ва кучайтиришини айтмоқда. Исроил Вазирлар маҳкамаси заҳирадаги аскарлардан 6,5 минг нафарини сафарбар қилишни маъқуллаган.

МОКИМОНАНД ДИПЛОМАТИЯ

1973 йил Миср ва Исроил ўрдасидаги урушни тўхтатиш ва Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш юзасидан АҚШ давлат котиби Генри Киссинжер (1923 йил туғилган) жуда катта саъй-ҳаракатлар кўрсатади. У Яқин Шарқдаги кўпгина давлатларга қисқа муддат ичида ўндан зиёд дипломатик сафар қилади. Г. Киссинжернинг Яқин Шарқ мамлакатларига бўзчининг мокисидек тез-тез қатнашини Ғарб матбуоти «Мокимонад дипломатия» деб атайди. Албатта, унинг «Мокимонанд дипломатияси» бесамар кетмайди. Исроил ва Миср ўртасида ўт очиш тўхтатилади ва 1979 йил араб давлатлари орасида биринчи бўлиб икки давлат ўртасида тинчлик шартнома ўрнатилади.

Исроил мудофаа вазири Эхуд Барак Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар «қанча вақтни тақозо этса, шунча муддат қолиши»ни айтган. Бошқача айтганда, операция муваффақиятли якунлангунга қадар давом этаверади. Айрим маълумотларга кўра, Ғазо секторининг 20 километрлик ҳудудида олиб борилаётган амалиётлар 2009 йилнинг 31 мартига қадар чўзилиш эҳтимоли бор. Бироқ бошқа тарафдан Ғазодаги истилонинг чўзилиши Исроилнинг жанубий туманлари хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин. Боз устига ХАМАС ўтган йиллар давомида партизанлик ҳаракатини фаол олиб бориши билан танилган. Бундан ташқари операциянинг узоқ давом этиши Исроил-Фаластин ва Исроил-Сурия музокараларнинг узилиб, оқибатда халқаро ҳамжамиятнинг босими кучайишига олиб келиш эҳтимоли кўпроқ. Ёки Ғазода Исроил ўз ҳарбийлари ўрнига Европа Иттифоқи ёки Араб давлатларининг тинчликпарвар кучлари билан алмаштиришга рози бўлмайди. Ярим асрдан буён бир-бирига занжир сифатида давом этаётган бундай бош оғриқли муаммога «бегона»нинг аралашиши вазиятни янада чигаллаштиради. Шу жиҳатдан террорчи гуруҳларга қарши олиб борилаётган кенг қамровли операциядан кўра қисқа муддатлиси минтақа хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин. Қолаверса, Исроилнинг ҳозирги «юриши» ҳукумат учун муҳим имтиҳон. Мамлакатда 2009 йилнинг 10 февраль куни Кнессетда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилади. Ҳозирги ташланган ҳар қандай эртага аҳоли томонидан икки ҳисса бўлиб қайтади.

Ҳозир халқаро ҳамжамиятни Ғазо секторининг келажак ҳаёти кўпроқ ташвишга солмоқда. Хўш, минтақада террорчилар ҳаракатини тўхтатиш учун нима қилмоқ керак? Бу ерда Исроил ҳарбийлари яна қанча вақт қолади? Минтақа тақдири кимнинг қўлига ўтади? Афсуски, бу саволларга бир вақтда жавоб бериш мушкул. Боз устига бугунги кунда сиёсий кучлар парчаланиб кетган Фаластинда ҳам ўзаро жипслик йўқолган. Бундан эса асосан фуқаролар азият чекмоқда. Эндиликда Фаластиннинг жафокаш халқи қўшни мамлакатдан келадиган кутилмаган бомба билан бирга тўқнашувлардаги дайди ўқлардан ҳам эҳтиёт бўлиши зарур.

Айни пайтда дунё давлатлари Яқин Шарқ танглигини бартараф этишга жиддий эътибор бермоқда. Мутахассислар фикрича, улар бу мақсад йўлида қанчалик тер тўкмасин, бир нарсани чуқур англамоқ лозим, Исроил ва Фаластин масъулиятни ўз бўйнига олиши ва ўзаро тил топишиши лозим. Муроса улар қўлида.

Беҳбуд Ботиров

П/С. Сўнгги маълумотларга кўра, «ХАМАС»нинг ўнг қаноти раҳбари Абу Абдулла Ғазодаги блокадани олиб ташлаш эвазига Исроил билан битим тузишга тайёрлигини маълум қилган. Бу келишув амалга ошадиган бўлса, Ғазодаги йирик операция ўз якунига етиши мумкин.