Мингйиллик вабоси ёхуд қашшоқликни тугатиш мумкинми?

Қашшоқлик – мураккаб муаммо. Айни пайтда у қадимийдир. Инсоният бунёд бўлганидан бери бой ва камбағал тушунчалари мавжуд. Кимдир йўқчиликдан бир бурда нон топишга қийналса, кимдир бойлигини қўйгани жой тополмайди. У турли макон ва замонда ўзгариб, хилма-хил шаклда намоён бўлади. Қашшоқлик ҳаёт учун зарур бўлган бирламчи эҳтиёжларни қондира олмаслик билан белгиланади.

Ҳаёт учун зарурий бирламчи талабларга озиқ-овқат, кийим, бошпана, тоза ичимлик суви каби эҳтиёжлар киради.

Статистик маълумотларда бугун дунё аҳолисининг қарийб тенг ярми қашшоқликдан азият чекаётгани айтилмоқда.

Қашшоқликни мутлақ ёки нисбий турларга бўлиш мумкин. Мутлақ қашшоқлик барча давлат ва шароитлар учун ўзгармас бўлган умумий ўлчовларни ўз ичига олади. Масалан, бир кунлик озиқ-овқат калориясини истеъмол қилиш имкониятидан бебаҳра одамлар мутлақ қашшоқлар қатламини ташкил этади. Нисбий қашшоқлик эса давлатлардаги иқтисодий ривожланганлик даражаси ва бошқа омиллар туфайли турли маконлар учун ҳар хил ўлчовларни қабул қилиш орқали аниқланади.

Жаҳон Банки бир кунда бир доллардан кам даромад қилувчи инсонларни ўта қашшоқлар тоифасига киритган. Кунига икки долларга яқин даромад қилувчилар эса ўртача қашшоқлар синфини ташкил этади. 2005 йилги маълумотга кўра, дунёда ўртача 1,4 млрд. киши ўта қашшоқдир. 2,7 млрд. инсон эса ўртача қашшоқлар ҳисобланади.

Қашшоқлар сонининг аксарияти ривожланаётган учинчи дунё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Улардаги қашшоқлар сони 1990 йилдаги 28 фоиздан 2001 йилда 21 фоизга камайган. Дунё бўйича умумий ҳисобда бир доллардан кам даромад қилувчилар сони ҳам 1981-2001 йиллар орасида тенг ярмига қисқарган. Тропик Африка мамлакатларида эса қашшоқлар сони 1981 йили 41 фоиздан 2001 йили 46 фоизга ўсган.

Камбағалликнинг барча мамлакатлар ҳамда минтақалар учун бир хил бўлган универсал таърифи мавжуд эмас. Қашшоқликни белгилайдиган миқдорий кўрсаткичлар эса нисбийдир. У, аввало, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиш даражасига боғлиқ. Камбағалликнинг асосий тавсифи унинг ижтимоий номақбуллиги, яъни камбағаллик кишилар дучор бўлишдан қочадиган воқелик эканидир.

БМТ қашшоқликка қарши курашади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) 2000 йилда қабул қилган Мингйиллик Декларациясида қашшоқлик ўтган ва келажак даврларнинг энг долзарб ва муҳим муаммоси эканини қайд этди. ХХИ асрда ҳам унинг инсоният азият чекаётган энг катта дард бўлиб қолиши таъкидланди. Натижада бу ёқимсиз иллатдан инсониятни қутқариш БМТнинг келгуси фаолиятида энг муҳим вазифа бўлиши эълон қилинди. Саккизта Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари (МРМ) орасида ўта қашшоқликни тугатиш масаласи биринчи ўринда эришилиши лозим бўлган вазифа сифатида ътироф этилиши боиси шундан.

БМТ ўта қашшоқликни йўқ қилиш вазифаси доирасида 2015 йилгача бир кунда бир доллардан кам даромад қилувчи қашшоқлар сонини икки баробар камайтиришни эришиш лозим бўлган биринчи мақсад қилиб белгилади. Бу борадаги иккинчи мақсад барча учун намунали шароитга эга бўлган иш ўринларини яратишдир.

БМТ ҳомийлигида махсус лойиҳалар амалга оширилиши натижасида субтропик Африка минтақасидаги фермерлар биринчи маротаба ўз оилаларини тўла таъминлай олиш даражасидаги гурунч ҳосили йиғишга эришдилар. Бунда Осиё ва Африка навлари чатишмасидан олинган гурунчнинг янги Нерика тури муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Непалда кичик бизнес вакилларига микрокредитларнинг берилиши қашшоқ ўрта қатлам аҳоли яшаш шароитларининг яхшиланишини таъминлади. Лекин 30 миллионли Непал аҳолисининг 8 миллиони ҳануз қашшоқлар гуруҳини ташкил этади.

МРМ доирасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида ўта қашшоқлар сони дунё миқёсида 1981 йилги 52 фоиздан 2005 йилда 26 фоизга камайди. Ўтган 25 йил давомида, айниқса, Шарқий Осиёда қашшоқлик 80 фоизлик даражадан 20 фоиздан кам бўлган кўрсаткичга тушди.

Лекин кейинги йилларда озиқ-овқат нархларининг ошиши одамларнинг тўйиб овқатланиш имкониятларини камайтирди. Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирда ўртача бир миллиард киши очликдан азият чекаётган бўлса, яна икки миллиард одам тўйиб овқатланиш имкониятидан бебаҳра.

Бугун иш эгаси бўлган миллионлаб инсонлар ҳам иш ҳақи паст бўлгани учун қашшоқлар қаторидан жой олган. Бундай инсонлар гуруҳи «ишлаётган қашшоқлар» деб аталади.

Дунё бўйича қашшоқликни камайтириш борасида энг кўп мувафақият келтирган лойиҳа микромолиялаштириш тизими бўлди. Айниқса, Бангладешда фаолият юритган Грамин банки кишиларнинг қашшоқликдан қутилиб, ўз ишларига эга бўлишида катта муваффақият қозонди. 1976 йили ўн аъзо билан иш бошлаган бу банк бугун 7,5 млн. мижозга эга. Уларнинг 65 фоизи қашшоқлик даражасидан чиқиб ўзларининг кичик бизнесини йўлга қўйишга эришган. Бугун дунёда микромолия институтлари 100 млн.дан ортиқ қашшоқларга хизмат кўрсатмоқда.

Аммо қашшоқлар ҳали кўп

Ўта қашшоқлар сонини буткул йўқотиш у ёқда турсин, улар сафини қисқартириш ҳам осон кечаётгани йўқ. Ўта қашшоқликни тугатиш фаолиятининг биринчи йили сифатида белгиланган 1990 йилдан қарийб 20 йил ўтган бўлсада бугун дунёда ўта қашшоқлар сони ҳануз бир миллиарддан ортиқ. Улар сони Осиёда, айниқса, Жанубий Осиёда кескин камайган бўлада, Африканинг саҳро минтақасида уларнинг янада кўпайиши кузатилган.

Шу боис ҳали олдинда қилиниши лозим бўлган ишлар кўп.

Шу йилнинг июнь ойида дунё озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Римда ўтказилган олий даражали халқаро конференцияда очлик домидаги инсонлар сони тобора ошиб бораётгани хавф билан тилга олинди. Бу муаммони ҳал қилиш учун миллий, ҳудудий ва халқаро ҳамкорлик асосида озиқ-овқат савдосидаги нотабиий нарх ўсишларининг олдини олиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, қашшоқлик масаласини ижобий ҳал қилишни ўрганувчи тадқиқотларни, лойиҳаларни моддий қўллаб қувватлаш; ишлаб чиқаришни кучайтириш мақсадида қишлоқ ва шаҳар ҳудудларида инфратузилмаларни мустаҳкамлаш; Савдо учун ёрдам лойиҳаси асосида ривожланаётган давлатлар иқтисодининг интеграциялашувига эришиш каби муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Фаровон кунлар, албатта, келажак…

Қашшоқликни буткул тугатиб бўлмайди. Ривожланган АҚШ, Европа мамлакатларида, ҳатто энг фаровон ҳисобланувчи Скандинавия ўлкаларида ҳам маълум миқдорда қашшоқлар синфи мавжуд. Лекин бу хунук воқеликни имкон қадар камайтириш, дунё халқларининг бирламчи эҳтиёжларни қондиришга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш азалдан ҳар бир мамлакат ҳукуматининг, бугун эса глобал миқёсда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг муҳим мақсадларидан бирига айланган. Мингйиллик Ривожланиш Мақсадлари сирасига ўта қашшоқликни камайтириш масаласининг киритилгани ҳам муаммонинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Шу йилнинг 25 сентябр куни БМТ бош қароргоҳида дунёнинг етакчи сиёсатдонлари, таъсирчан бизнес ва нодавлат ташкилотлар етакчилари йиғилишиб, Мингйиллик мақсадлари сирасидаги ўта қашшоқликни бартараф этиш, дунё аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш борасидаги ишлар қай тарзда кетаётгани ҳақида яна бир бор фикр юритишди. Йиғинда, «Бугун биз жиддий ишга қўл урдик, олиб борилаётган ишларда ўзгариш ясаш учун кенг иттифоқ яратдик», деган БМТ Бош Котиби Пан Ги Мун масаланинг нақадар долзарблигини таъкидлаб, дунё мамлакатлари етакчиларини, йирик иқтисодий ва молиявий гуруҳларни ночорлар ҳолидан огоҳ бўлиб, улар олдида масъулиятни ҳис этиб яшашга чақирди.

Октябрнинг 17-19 кунлари эса дунёнинг 131 мамлакатида 116 миллион киши тўпланиб, «Тур ва ҳиссангни қўш» шиори остида қашшоқликка қарши дунё миқёсидаги омавий ҳаракатда қатнашди. Ягона мақсад атрофида энг кўп одам қатнашган оммавий йиғин сифатида бу ҳаракат «Гиннеснинг рекордлар китоби»га кирди. Ҳукуматлар қашшоқликка қарши умумий ҳаракат режасини қабул қилиб, лекин уларни амалга ошириш борасида сусткашликка йўл қўяётган бир пайтда, биз оддий одамлар жим туролмаймиз, деди қатнашчилар.

Дунё сиёсатдонлари БМТ минбаридан туриб масалани ижобий ҳал қилиш устида бош қотиришмоқда. Фуқаролар халқаро бирдамлик ва ҳаракат акцияларини ўтказиб, ҳукуматларга вазифанинг долзарб аҳамиятга эга экани ва у тез ҳал қилиниши лозимлигини қайта-қайта эслатиб туришибди. Аммо бу камлик қиляпти. Ҳали фаровон кунларнинг келишига кўп қовун пишиғи борга ўхшайди. Лекин у кунлар, албатта, келишига ишончим комил…

Исо Масиҳ алайҳиссалом иккинчи бор ер юзига тушганида шундай фаровон кунлар келар экан. У шундай замон бўлар эканки, садақа, эҳсон оладиган бирор кимса топилмасмиш. У пайтда одамлар нафақат моддий фаровон бўларкан, балки инсон бино бўлганидан бери файласуфлар, донолар бош қотирган, қурмоқни истаган асл идеал, тўкис бир жамият ҳам барпо этиларкан. Ва яна доноларнинг айтишича, у кунлар яқин.

Шундай экан, албатта, фаровон кунлар келажак…

Беҳзод Мамадиев,
«Маърифат» газетасидан