14 сентябрь куни Тошкентда Малайзия ҳамда Ўзбекистон ўртасида сайёҳлик йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга бағишланган “Truly Malaysia Roadshow” тадбири бўлиб ўтди. Москвада бошланган, Тошкентда ўтаётган ушбу тадбирлар туркуми Олмаота ва Истанбулда давом этади.
Тадбир доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида Малайзия туризм агентлиги бош директори ўринбосари Искандар Мирза Муҳаммад Юсуф, Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан, агентликнинг Олмаота идораси вакили Нор Шазли бин Азми ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси вакили қатнашди.
“Сўнгги икки йил биз учун мушкул кечган бўлса-да, чегараларимиз қайта очилгач, 2 миллион сайёҳни қабул қилиш бўйича дастлабки мақсадимизга эришдик. Бу эса 8,6 миллиард ринггит даромад келтирди. Шунга кўра биз хорижлик сайёҳларни қабул қилиш бўйича режамизни қайта кўриб чиқдик. Бу йил 9,2 млн сайёҳни қабул қилиш ва туризмдан 26,8 миллиард ринггит даромад қилиш кўзда тутилган. Биз бундан-да юқори натижаларга умид қиламиз”, – деди Искандар Мирза Муҳаммад Юсуф.
Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон ҳам Малайзия учун сайёҳлик бўйича муҳим ҳамкор эканини таъкидлади.
“Ўзбекистон Малайзия учун ривожланаётган муҳим бозорлардан бири эканини таъкидлашдан мамнунман. 2019 йилда биз Ўзбекистондан Малайзияга дам олиш учун келган 12031 сайёҳни қабул қилдик, бу ўтган йилга нисбатан 3,1 фоизга кўпдир. Айни пайтда Тошкентдан Малайзияга тўғридан-тўғри мунтазам қатновлар йўқ. Аввалроқ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси Куала Лумпурга ҳафтасига 2 маротаба қатновни амалга оширар эди. Бироқ пандемия туфайли парвозни тўхтатишга тўғри келди. Ўзбекистон сайёҳлик ҳамжамиятининг фаол қўллови ҳамда маҳаллий аҳолининг юқори талаби туфайли авиакомпания Малайзияга қатновда давом этишига аминмиз”, – деди у.
Малайзия туризм агентлиги бош директори ўринбосари ўзбекистонлик сайёҳларда қизиқиш уйғотадиган масканларга ҳам эътибор қаратди.
“Биз биринчи навбатда бетакрор орол ва соҳилларимиз, шунингдек, ўзига хос маданий масканларига алоҳида эътибор қаратамиз. Бу борада ўзбекистонлик сайёҳлар орасида қумли соҳиллари билан танилган Лангкави оролларини мисол келтириш мумкин. Шунингдек, шарқий соҳилларда Перхентиан ва Реданг, Пенанг ва Сабах каби оролларимиз ҳам бор. Малайзиянинг бебаҳо қадрияти бу – этник ва маданий хилма-хилликдир. Муштараклик ва уйғунлик асосида шаклланган мерос фестивалларимиз, меъморчилигимиз, кийимларимиз, тилимиз, миллий ошхонамиз ва бошқа соҳаларда намоён бўлади”, – деди нотиқ.
Матбуот анжуманида Малайзиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан ҳам сайёҳлик бўйича ҳамкорлик истиқболли эканини таъкидлади. Айни чоқда, дипломат сайёҳлик алмашувини оширишда тўғридан-тўғри авиақатнов муҳим ўрин тутишига эътибор қаратди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, жорий йил ноябрдан Тошкент – Куала Лумпур – Тошкент йўналишидаги мунтазам қатновлар қайта йўлга қўйилиши кутилмоқда.
“Truly Malaysia Roadshow” тадбири давомида икки мамлакат сайёҳлик операторлари, меҳмонхона эгаларининг ҳамкорлигини жонлантириш йўллари муҳокама қилинди. “B2B” форматидаги учрашувларда лойиҳа ва режалар юзасидан фикрлашилди.
Эслатиб ўтамиз, Малайзия туризм, санъат ва маданият вазири Ненси Шукри туризмни Ўзбекистон билан ҳамкорликдаги стратегик йўналишлари бири эканини таъкидлаган эди.
Жорий йил 19 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Малайзия ташқи ишлар вазирлари учрашувида ҳам турли масалалар қаторида туризмни ривожлантириш, мунтазам ва чартер рейсларини тиклаш масалалари муҳокама қилинган.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Tourism Malaysia” номи билан танилган туризм агентлиги Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги қошида фаолият юритади. Малайзияни сайёҳлик учун афзал ҳудуд сифатида тарғиб қилиш агентликнинг бош вазифасидир.
Эслатиб ўтамиз, Малайзия тўлиқ эмланган сайёҳларга мамлакатга кириш тартибини соддалаштирган, улар карантин ёки тест топшириш мажбуриятидан озод қилинган. Сайёҳлик суғуртаси ва MySejahtera иловаси орқали рўйхатдан ўтиш талаби ҳам бекор қилинган.
Мавзуга доир мақолалар:
Малайзия вазири: “Туризм ва маданият – Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари”. 07.07.2022