Озарбойжон оккупацияга чек қўяди ва босиб олинган ҳудудларини қайтариб олади. Trend агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев 12 ноябрь куни Фузулий туманида ҳарбий ўқув юртлари курсантлари билан учрашувда сўзлаган.
“Ушбу ҳудуд босиб олинган эди. 1994 йилда Озарбойжон армиясининг муваффақиятли ҳарбий операциясидан кейин ушбу ҳудуд ва Фузулий туманига қарашли бошқа ерлар озод этилди. Айни вақтда мазкур ҳудудда янги бинолар қурилмоқда, тураржойлар қад ростламоқда, жадал тараққиёт эса мамлакатимиз қудратига шоҳидлик беради”, – деган Илҳом Алиев.
Озарбойжон етакчиси жорий йил апрелда босиб олинган минтақадаги 2000 гектардан зиёд ернинг озод этилганини миллий армиянинг тарихий ғалабаси деб атаган.
“Фузулий туманидаги Лелетепа тепалигини босқинчилардан тозалаш амалиёти тарихимизнинг ёрқин саҳифаси саналади. Биз армиямиз билан фахрланамиз. Шаҳидларимиз ватан учун жонини фидо қилди. Биз оккупацияга чек қўйишимиз керак ва ана шундай қиламиз ҳам”, – деган Озарбойжон Президенти.
Қайд этилишича, апрель жанглари ҳарбий дарсликларга киритилиши лозим.
“Арманистон узоқ йиллар ўз армияси ҳақида асотир ва ёлғонлар тўқиб келди. Гўёки уларнинг армияси енгилмас эмиш. Апрель жанглари қайси армия музаффар эканини кўрсатди. Озарбойжон армияси асло енгилмайди. Озарбойжон армияси ҳар қандай вазифани адо эта олади. Тоғли Қорабоғнинг босиб олинган ерларидаги барча ҳарбий нишонларни йўқ қилишга қурбимиз етади”, – деган Илҳом Алиев.
Таъкидланишича, мамлакат ҳарбий қудрати кун сайин ошмоқда ва Озарбойжон армияси дунёнинг кучли армиялари сафида туради. Ҳарбийлардаги ватанпарварлик руҳи эса армия қудратига қудрат қўшмоқда.
“Озарбойжоннинг ҳар бир фуқароси, ҳар бир ёш ватанпарвар бўлиши, киндик қони тўкилган заминни севиши ва она юрт дея қаҳрамонлик кўрсатиши лозим. Бизнинг армия, бизнинг ҳарбий хизматчиларимиз айнан шундай сифатга эга”, – деган Озарбойжон етакчиси.
Илҳом Алиевга кўра, Озарбойжон ўз ҳудудий яхлитлигини тиклаши ва тарихий ерларини қайтариб олиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
Собир Салим