Ҳарбий зобитликдан бош вазирликка

Исроил бош вазири Эхуд Олмерт 2006 йилда кўплаб шов-шувли ҳодисалар марказида бўлди. Исроил ҳукумати бошлиғи буйруғи билан жорий йилнинг 12 июлида Ливанга қарши катта ҳарбий амалиёт бошланди. Табиийки, урушга ижозат берган арбоб сифатида у кескин танқидларга дучор бўлди. Орадан кўп ўтмасдан қаттиққўл ва кескин феъл-атвори билан танилган Олмерт коррупция ва порахўр­ликда айбланди… Эхуд Олмерт 1945 йилнинг 30 сентябрида Исроилнинг Бинямин шаҳрида туғилди. Эхуднинг асли россиялик яҳудийлардан бўлган отаси ўз даврининг машҳур сиёсатдонларидан эди ва мамлакат парламенти депутатлигига ҳам сайланганди. Айтиш жоизки, оиладаги муҳит Олмертнинг давлат бошқаруви ва сиёсат оламига кириб келишига сезиларли туртки бўлди.

Бўлажак етакчи Исроилдаги нуфузли олийгоҳлардан бўлган Яҳудий университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди. Университетдаги таҳсил давриданоқ Олмерт жамоат ишларида фаол иштирок этди ва «Херут» ҳаракатининг ёшлар қанотига раҳбарлик қилди.

Бинямин шаҳрилик талаба йигитлик даврида ўзини турли соҳаларда синаб кўрди. Мамлакатда нашр этиладиган «Бе Махене» газетасининг мухбири бўлиб ишлади. Исроил армиясида ҳарбий зобит лавозимида хизмат қилди.

Кейинроқ олий маълумотли ҳуқуқшунос сифатида «Эхуд Олмерт» адвокатлик фирмасини ташкил қилди. Бироқ бу ишларнинг бирортаси ҳам бўлажак ҳукумат раҳбарини қониқтирмади. Ўз ўрни катта сиёсатда эканини англаб етган Олмерт жиддий тартибда мамлакатдаги турли партиялар, гуруҳлар фаолиятини ўрганиб чиқди.
«Ликуд» партияси ҳукмрон сиёсий гуруҳ сифатида Исроилда узоқ вақт катта таъсирга эга бўлиб келган. Сиёсий саҳнага қадам қўйган Олмерт ҳам ана шу партияни танлади.
Эхуд Олмерт Исроил парламенти — кнессет депутати этиб сайланган 1973 йили эндигина 28 ёшни қаршилаган эди. Ҳали 30 га ҳам тўлмаган йигитнинг катта довондан ошиши ва депутат сифатида сайланишида унинг нотиқлик иқтидори қўл келганди.

Оташин нуқтлари билан кнессетни забт этган Олмерт мамлакат парламентининг доимий аъзосига айланди. Сайлаб қўйиладиган бошқарув идорасида Олмерт каби 30 йилдан ошиқ муддат ишлаган сиёсатдон кам топилади.

1988 йилдан кнессетнинг садоқатли депутати ҳукумат ишида ҳам фаол иштирок эта бошлади. Кўп ўтмай Олмерт миллий озчилик масалалари бўйича вазир этиб тайинланди. Ке­йинроқ унга мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ишониб топширилди. Соғлиқни сақлаш вазири сифатида Олмерт соҳада катта ислоҳотлар ўтказди, жумладан, тиббий суғурта хизматини ривожлантирди.

1993 йили вазир вазифасини муваффақиятли бажарган арбобга ўта масъ­улиятли лавозим — Қуддус шаҳри ҳокимлиги топширилди. Эхуд Олмерт Қуддусни роппа-роса ўн йил идора қилди.

2001 йили Исроил ҳукумати тепасига Ариел Шарон келди. Янги бош вазир сифатида ўз маҳкамасини шакллантиришга киришган Шарон энг аввал пойтахт ҳокимига эътибор қаратди. Чунки кўп йилдан буён битта партия сафида бўлган Олмерт ва Шарон кўп масалаларда, жумладан, Ғазо сектори ҳамда Ғарбий қирғоқдан яҳудийларни олиб чиқиш ва мудофаа деворини қуриш борасида ҳаммаслак ва ҳамфикр эдилар.

Айнан Ғазони тарк этиш масаласида Шарон раҳбарлигидаги «Ликуд» партияси парчаланиб кетди. Ғазодан яҳудийларни олиб чиқиш кетиш режасини фаластинликларга ён босиш деб баҳолаган кўплаб «ликуд»чилар бош вазирни тан­қид остига олишди. Бунга жавобан Ариел Шарон партияни намойишкорона тарк этди ва янги «Кадима» сиёсий ҳаракатига асос солди. Шарон билан сиёсий иттифоққа келишган Олмерт ҳам унинг изидан бориб «Ликуд»дан чиқди ва «Кадима» сафига қўшилди.

Жорий йил бошида 78 ёшли Ариел Шарон қаттиқ бетоб бўлиб, ҳукуматга раҳбарлик қилолмай қолди. Бу пайтга келиб, аллақачон ҳукуматда иккинчи шахс бўлиб улгурган Олмерт дастлаб вақтинча бош вазир вазифасини бажариб турди. Апрел ойидан эса Исроил парламенти Эхуд Олмертни ҳукумат раҳбари сифатида тан олди. Шу тариқа Бинямин шаҳрилик адвокат азалий орзусига эришди.

Сўзимиз аввалида Эхуд Олмерт қаттиққўл ва кескин сиёсатли арбоб эканини таъкидлаб ўтгандик. Бу яқинда Ливан ва Исроил ўртасида бўлиб ўтган уруш вақтида яна бир карра исботланди.

Абдул Собир
www.hurriyat.uz