Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати
Сўнгги беш йил ичида Эрон ва Ўзбекистон ўртасида барча соҳалардаги алоқалар изчил ривожланмоқда. Бу ҳақда Эроннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, сиёсий фанлар доктори Ҳамид Наййирободийнинг “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсида сўз боради. Дипломат билан суҳбат 11 февраль – Эрон миллий байрами арафасида ташкил этилган.
“Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий-маданий муштаракликлар узоқ тарихга эга. Давлатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдирувчи бўла олади. Икки мамлакат халқларининг дини бир, маданиятларимиз ҳам ўхшаш. Бундан ташқари, Эрон ва Ўзбекистон етакчиларида икки давлат муносабатлари даражасини кўтаришга бўлган кучли ирода ва интилиш мавжуд. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамловчи ва янада ривожлантирувчи муҳим омиллар ҳисобланади”, – дейди элчи Ҳамид Наййирободий.
Қайд этилишича, икки давлат ўртасида турли даражалардаги учрашувлар ва мулоқотлар давом этмоқда. Хусусан, мамлакатлар раҳбарлари ва вазирлар даражасидаги учрашувлар ҳамда мулоқотлар ҳатто коронавирус пандемияси даврида ҳам тўхтаб қолмади.
Таҳлилларга кўра, 2021 йил Эрон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 75 фоизга ўсиб, 430 миллион долларни ташкил этди.
“Албатта, бу кўрсаткич икки томонни ҳам қониқтирмайди. Ушбу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш орқали савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилган. Энг асосийси, Эрон ва Ўзбекистон ишбилармонларида ўзаро ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишга катта қизиқиш мавжуд”, – дейди элчи.
Эрон–Ўзбекистон иқтисодий муносабатларини ривожлантириш бўйича бир неча “йўл харитаси” тайёрланди. Жорий йил февраль ойида эса Теҳронда савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг ўн тўртинчи мажлиси бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унинг доирасида икки мамлакатнинг турли соҳалардаги алоқаларини ривожлантириш бўйича муҳим ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
“Транспорт ва транзит алоқаларни ривожлантириш – олдимиздаги муҳим вазифалардан биридир. Очиқ денгиз ва океанларга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон Эрон портлари стратегик аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Бу мақсадга эришиш учун Эрон йўналиши энг яхши, энг хавфсиз, энг қисқа ва энг арзон йўналишдир. Ўзбекистон тез орада тегишли темир йўл инфратузилмасини такомиллаштириш орқали Эрон йўналиши орқали Форс кўрфази ва очиқ денгизга осонлик билан чиқиш имкониятини қўлга киритади, деб умид қиламан”, – дейди Эрон элчиси.
Таъкидланишича, Ашхобод битими, Термиз – Мозори шариф – Ҳирот – Чобаҳор темирйўл тармоғини қуриш лойиҳаси ва “Шимол–Жануб” коридори томонлар ўртасидаги ҳамкорлик учун транзит соҳасидаги муҳим форматлардан ва минтақавий механизмлардан биридир.
Дипломатнинг маълум қилишича, ҳозирда фуқаролар учун виза расмийлаштириш тартибини енгиллаштирилиши борасида ҳам музокара кечмоқда.
“Бу, ўз навбатида, мамлакатларимиз ўртасидаги транспорт қатновларининг миқдорини ошириш, зиёрат туризми йўналиши бўйича келадиган сайёҳлар оқимини фаоллаштириш, энг муҳими халқларимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, Эрон ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқалари икки томон эҳтиёжлари ва ўзаро тақдим қилинадиган имтиёзлар тамойили асосида “сакраш”га эришиб, йилига икки миллиард евро миқдорига етиши мумкин”, – деб таъкидлайди элчи Ҳамид Наййирободий.
Дипломат, шунингдек, Эрон Ислом Республикаси тамал тоши қўйилган 1979 йилги инқилобнинг тарихий аҳамиятига ҳам тўхталган.
“Эрон халқи 1979 йил 11 февраль куни инқилоб сабабли мустақиллик, озодлик ва ҳурриятга эришди. Кўпчилик таҳлилчилар ва тадқиқотчиларнинг фикрича, ушбу инқилоб мамлакатнинг қарамликдан халос бўлишига ҳамда ташқи сиёсатда мустақилликка эришишига олиб келди”, – дейди у.
Қайд этилишича, ўша тарихий воқеадан кейинги ўтган қирқ уч йил давомида мамлакат сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий соҳаларга катта натижа ва ютуқларга эришди.
Эслатиб ўтамиз, Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Наййирободий 2021 йил 15 январь куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашувда ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоя ва туризм, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро робиталарни янги босқичга кўтариш имкониятларини муҳокама қилган эди.
Шу мавзудаги мақолалар:
Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо ҳажми 10 фоизга ошди. 09.02.2018
Эрон элчиси: “Муштарак маънавий мерос ҳамкорлигимизни янада кенгайтиришга хизмат қилади”. 13.02.2017