Қиролликнинг янги бош вазири Гордон Браун ана шундай шиор билан жиддий ислоҳотларга киришди
Буюк Британия бош вазири Тони Блер муддатдан олдин истеъфога чиқиб, унинг вазифасини Гордон Браун бажара бошлагандан кейин ҳам лейбористлар ҳукмронлигидан чарчаган мухолифат мамлакатда бирор жиддий ўзгариш бўлишига умид қилмаётганди.
Шу пайтгача молия вазири лавозимида хизмат қилган Гордон Браун нима бўлсаям, Тони Блернинг сафдоши ва шогирди. Бунинг устига, у ҳам лейбористлардан: қиролликни Ироқ уруши домига тортган Блер қандай каромат кўрсатибдики, энди унинг шогирдидан бирор ёруғлик кутиб бўлса?…
Ўз норозилигини шу тариқа очиқ билдирган мухолиф консерваторлар янги бош вазир ўз йўлини топа олмай, сиёсий саҳнадан кетиши ва улар осонлик билан ҳукуматни эгаллашларига ишонишганди. Бироқ мухолифатнинг барча умидлари чиппакка чиқди. Гордон Браун улар тахмин қилганидек, Тони Блер олиб борган сиёсатни кўр-кўрона ёқлаб, эски йўлдан кетмади. Барча жабҳаларда туб ўзгаришлар амалга оширилишини эълон қилиб, ҳаммани – ҳаттоки партиядошларию собиқ бош вазир Тони Блерни ҳам ҳайрон қолдирди.
Гордон Браун бош вазир сифатида қиролича Елизавета ИИ билан суҳбатлашиб чиққанидан сўнг келгуси режалари хусусида қисқача маълумот бериб ўтди. Дастлабки чиқишидаёқ у Тони Блер давридагидан бошқачароқ сиёсат олиб боришини очиқ эътироф этди. Давлат бошқарувида мансабдорларнинг қайси партияга мансублигидан қатъи назар уларнинг қобилияти ва салоҳиятига қараб танланишини билдирган бош вазир қироллик сиёсатдонларини ҳокимият учун курашга эмас, мамлакат ривожи учун ҳаракатга чорлади.
Гордон Брауннинг бошқарув соҳасидаги ташаббуси кўпчилик учун янгилик бўлди. Хусусан, инглиз ҳукумати раҳбари бош вазирнинг айрим ваколатлари, мисол учун, уруш бошлаш тўғрисида буйруқ бериш ҳуқуқини парламентга ўтказиш, қонунчилик идораси қудратини ошириш таклифи билан чиққан. Хабарингиз бор, охирги пайтларда Тони Блер кўпчилик кузатувчилар томонидан парламент хоҳишини инобатга олмасдан тор доирада қарорлар қабул қилишда айбланаётганди.
Гордон Браун ҳукумат бошлиғи сифатида янгича бошқарув усулини қўллаши, халқ томонидан сайланган вакиллар – парламент аъзолари мавқеини мустаҳкамлаш ҳақида гапираркан, маълум маънода Тони Блер ўз етакчилигини ўйлаб атрофдагилар фикри билан ҳисоблашмай қўйгани тўғрисидаги фикрларни қўллагандай бўлди.
Лейбористлар етакчиси ички сиёсатда соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини устувор йўналиш сифатида эълон қилди. Мамлакат тараққиёти ёшларнинг интеллектуал салоҳиятига боғлиқлигини урғулаган Гордон Браун бюджет учун қанчалик оғирлик қилмасин, соҳа учун ажратилаётган маблағни кўпайтиришга ваъда берган. Маълумотларга қараганда, айни пайтда қироллик ғазнасидан ҳар бир болага таълим олиши учун йилига 5500 фунт стерлинг ажратилади. Янги бош вазир берилаётган маблағни 8000 фунтга етказмоқчи.
Бугунги инглиз жамиятида уй-жой сотиб олиш энг оғриқли муаммолардан бири саналади. Европанинг энг қиммат мамлакатларидан бири ҳисобланган Британияда ёш оилалар одми ва камтаргина уй харид қилиш учун бир неча йил ишлаши керак. Ана шу оғриқли масалага эътибор қаратган Гордон Браун ҳукумат томонидан қўшимча 200 минг турар-жой бунёд этилишини маълум қилди.
Гордон Браун амалга ошираётган дастлабки сиёсий тадбирлар, хусусан, янгидан тузилган ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар ислоҳотлар хусусидаги гап-сўзлар шунчаки нотиқлик юзасидан айтилмаганини кўрсатди. Эътибор тортадиган жиҳати, Гордон Браун энг муҳим ва нуфузли деб ҳисобланган вазирликларнинг барчасига ўз одамларини тайинлаган.
Тони Блер даврида ички ишлар вазири бўлган Жон Рейдга янги ҳукуматдан жой тегмади. Унинг ўрнига тайинланган Жеки Смит Буюк Британия тарихида хотин-қизлардан чиққан биринчи ички ишлар вазири бўлди.
Ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Маргарет Беккетт хонимнинг ишдан кетиб, унинг ўрнига Девид Милибенднинг келиши инглиз ташқи сиёсатида жиддий ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Нега деганда, ҳозирга қадар «Фақир киши панада» қабилида экология ва атроф-муҳит вазири бўлиб келган Девид Милибенд АҚШ ва Исроилга қарши қарашлари билан танилган. Шунингдек, у Ливан уруши пайтида ҳам Эхуд Олмерт ҳукумати хатти-ҳаракатларини танқид остига олган. Асли поляк яҳудийси бўлган ташқи ишлар вазири феъл-атворига хос яна бир муҳим жиҳат, у инглиз қўшинларини Ироқ тупроғидан тезроқ олиб чиқиб кетиш тарафдори ҳамдир.
Гордон Браун яна бир қатор вазирлар номини ўзгартирди. Пировардида, лейбористлар раҳбари томонидан тузилган ҳукумат таркибидан Тони Блер даврида ишлаган 11 нафар вазир чиқариб юборилди.
Афтидан, Гордон Брауннинг кескин ўзгаришлар йўлини тутгани инглиз электоратига ҳам маъқул келяпти. Шу билан бирга ўтган ҳафта Лондон ва Глазго шаҳрида терактларнинг фош этилгани ҳам халоскор рицарь сифатида янги бош вазирга халқ ихлосини оширган. Буни инглиз жамоатчилиги орасида ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровлар ҳам тасдиқламоқда. Гордон Браун бош вазир лавозимига ўтаётган пайтда уни инглиз жамоатчилигининг 14 фоизи қўллаб-қувватлаган. Унинг дастлабки чиқиши ва қўпорувчилик ҳаракатлари олди олинганидан кейин бош вазирнинг нуфузи 77 фоизга кўтарилди (Лейбористларга мухолифатда бўлган консерваторлар етакчиси Давид Камеронга эса 43 фоиз респондент ижобий баҳо берган).
Ҳозирча Гордон Брауннинг ишлари ёмон эмас. У илгари сураётган ташаббус ва таклифлар илиқлик билан қабул қилиняпти. Бироқ яқин кунларда инглиз ҳукумати ва Европа Иттифоқи раҳбарияти ўртасида ихтилоф чиқиши эҳтимолини ҳам айтиб ўтиш зарур. Чунки Гордон Браун Европа Иттифоқининг кенгайиши масаласида собиқ ҳукумат раҳбари Тони Блердан ҳам кескинроқ фикрда: у Буюк Британия ЕИсиз ҳам фаровон ҳаёт кечира олади деб ҳисоблайди. Иттифоқ доирасида интеграция тобора кучайиб ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб бораётган бир даврда бундай кескин муносабат кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас.
Собиржон ЁҚУБОВ