Журналистнинг ўлдирилиши Украинада эски сиёсий тизим инқирозини бошлаб берди
Хабарингиз бор, яқинда Украина бош прокурори Святослав Пискун мамлакатнинг таниқли журналисти, марҳум Георгий Гонгадзенинг қотиллари топилганини маълум қилди. “Қотиллар жиноий буюртмани бажаришган.
Мазкур буйруқ ким томонидан берилганини яхши биламиз”, дея баёнот берган мамлакатнинг биринчи рақамли прокурори, афсуски, жиноят ортида турган ташкилотчилар номини очиқ эътироф этмади. Бош прокурор айбланувчиларнинг икки нафари милиция ходими эканини маълум қилганда, кўпчилик ҳайрон ҳам бўлмади: анчадан буён қотиллик давлат амалдорлари, хусусан, милиция томонидан амалга оширилгани тахмин қилинаётганди. Мухолифат эса суиқасд бевосита Украина собиқ раҳбари Леонид Кучма топшириғи билан уюштирилганини таъкидлаётганди.
…Ҳаммаси 2000 йилнинг кузида рўй берди. 16 сентябр куни ишдан уйига қайтаётган Георгий Гонгадзе пойтахт Киевда номаълум кишилар томонидан ўғирлаб кетилди. Журналистнинг ўлик ёки тириклиги бир неча ҳафтагача маълум бўлмади. Ниҳоят, орадан бирор ойча ўтгач, Киев яқинидаги ўрмондан Гонгадзенинг боши кесиб ташланган танаси топилди (Жасад марҳум журналистга тегишли экани хорижлик мутахассислар томонидан ўтказилган бир неча экспертизалардан кейингина аниқланди). Қотиллар шафқатсизлик билан ўлдирилган жасадни ёқиб юборган эдилар, марҳумнинг боши эса йўқ эди.
Очиқ ва аччиқ сўзли журналистнинг бу тариқа даҳшатли ўлим топиши Украина жамоатчилигини карахт аҳволга солиб қўйди. Мухолифат Гонгадзенинг ўлимида президент Кучманинг қўли борлигини даъво қилди. Мамлакат бўйлаб Кучма ҳукуматига қарши норозилик чиқишлари авж олди. Мухолифат даъвосида ҳам асос бордай эди. Чунки «Украинская правда» (Украина ҳақиқати) деб аталган Интернет-нашр бош муҳаррири бўлган Георгий Гонгадзе чиқишларида президент Леонид Кучмани коррупцияга йўл қўйишда айблар, ўз электрон газетасида ҳукумат мансабдорлари кирдикорларини фош қилувчи материалларга катта ўрин берарди. Боз устига, у телевидие ва радио орқали чиқишларида ҳам коррупция ботқоғига ботган раҳбарият тўғрисида жиддий айбловлар илгари сурардики, бу ҳолат танқид эгаларига ёқмаслиги табиий эди. Қисқаси, ёзганлари кўпроқ қора бўёқларда бўлган журналист ҳукуматга ноқулай рақобатчига айланганди.
Георгий Гонгадзе ўлими билан боғлиқ тергов жараёни дастлаб сунъий равишда секинлаштирилди. Яъни, қорлар ёғиб, излар босилиб кетиши учун фурсат кутилди. Ҳатто, орадан беш йил ўтиб ташкил этилган янги ҳукумат аъзоларининг эътирофича, қотилликка дахлдор айрим муҳим ҳужжатлар йўқ қилиб юборилди. Ҳукумат вакиллари «Украинская правда» муҳаррири тасодифий қотиллик қурбони бўлгани, унинг ортида ҳеч қандай сиёсий кучлар мавжуд эмаслигини эълон қилишди. Шу билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолгандай эди. Лекин халқаро ташкилотлар, журналистнинг яқинлари ва кўп минг сонли тарафдорлари норозилик намойишида давом этдилар. Иш шу даражага етдики, Европа Иттифоқи каби нуфузли ташкилот раҳбарияти Украина президенти Кучма олдига Гонгадзенинг қотилларини топиш талабини қўйди. Шу билан «туя гўшти еб ётган» жиноий иш яна қайта ўрганила бошланди.
Баъзида юрт фидойиларининг ўлими ҳам халқ учун улкан ижобий ўзгариш келтириши мумкин. Украиналик журналист Георгий Гонгадзенинг ўлими ҳам 48 миллионлик украин халқи учун ўзига хос сиёсий ўзгаришлар, эркинлик даврини бошлаб келди.
Хабарингиз бўлса, АҚШнинг ўтган асрдаги президентларидан бири Ричард Никсон «Уотергейт» деб номланган жиноий иш бўйича муддатдан олдин истеъфо беришга мажбур бўлганди. Айрим зукко таҳлилчилар ўша тарихий воқеага ишора қилиб Гонгадзе қатли билан боғлиқ жиноятни «Кучмагейт» деб атай бошлашди. Очиғи, Гонгадзенинг ўлими Украина шундоқ ҳам танг бўлиб турган вазиятни янада мураккаблаштирди. Шу тариқа орадан бир неча йил ўтиб умуммиллий намойишлар ва ҳокимият ўзгаришига олиб келган сиёсий инқироз илдиз отди.
Табиийки, қотилликка алоқадорликда айбланаётган Леонид Кучма қонунчилик бўйича «жиноят» сифатида малакаланадиган даъволарни рад этди. Лекин кутилмаганда, мухолифат томонидан президентга қўйилган айбловни тасдиқлаши мумкин бўлган далилий ашё чиқиб қолди: президент қароргоҳида хавфсизлик ходими сифатида бир неча йиллар ишлаган маёр Николай Мелниченко Кучма мамлакатнинг ўша пайтдаги ички ишлар вазири Юрий Кравченкога Гонгадзени ўлдириш тўғрисида буйруқ бераётгани ёзилган аудиокассетага эга эканини эълон қилди. Одамларни президент тузини еган хавфсизлик ходимининг бу тариқа ўз валинеъматига қарши гувоҳлик бериши бир ҳайратда қолдирган бўлса, давлат раҳбарининг қуш учиб киролмайдиган қароргоҳида суҳбатларни ёзиб олиш мумкинлиги иккинчи бор ажаблантирди.
Лекин дастлаб катта шов-шувларга сабаб бўлган кассета муаммоси ҳам кейинроқ тинчиб кетди. Тергов идоралари негадир аудиоёзувлар текширувини пайсалга солишди. Георгий Гонгадзе ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят жиддий тартибда ўрганилиши учун Украинада бор-йўғи… ҳукумат алмашуви зарур бўлди.
Мухолифат етакчиси сифатида кўп кунлик намойиш ва чиқишлардан кейингина президентлик курсисини эгаллаган Виктор Юшченко ўз фаолиятининг дастлабки давриданоқ Георгий Гонгадзе қотилларини топиш унинг ор-номус бурчи эканини эълон қилди. Бу иш билан президентнинг шахсан ўзи шуғуллана бошлади. Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари янги президент топшириғи бўйича Гонгадзе ишини жиддий ўрганишга киришди. Тергов идоралари томонидан марҳум журналист қотилини топган ходимга 1 миллион долларлик мукофот ҳам ваъда қилинди. Ҳатто ички ишлар вазири агар жиноятга алоқадор бўлган, лекин терговга ёрдам бериб, ихтиёрий равишда айбини тан олган милиция ходимлари жазоланмаслигига ҳам ваъда берди. Жиддий хоҳиш-истак билан киришилган иш дастлабки натижасини берди: мамлакат бош прокурори ва ички ишлар вазири жиноятда гумон қилинаётганлар қўлга олингани маълум қилди.
Бироқ гўёки катта бир кашфиёт қилингандай бўлсада, бор-йўғи жиноят ижрочиларининг топилгани Гонгадзенинг яқинлари ва адвокатларини қаноатлантирмаяпти. Улар асосий айбдор ва қотиллик ташкилотчиси аниқланиши лозимлигини талаб қилмоқдалар. Президент Юшченко ҳам айни фикрда. «Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда муҳим саволларга жавоб топишим керак, — дейди Украинанинг янги раҳбари. — Қотилликни ким уюштирди, унинг ортида кимлар турибди, жиноятга ким буюртма берди? Яқин кунларда ана шу саволларга жавоб топилади. Тергов жараёни муҳим босқичга кирди».
Хўш, Гонгадзега қарши суиқасдни ким ташкил қилган? Қотиллик ортида ким турибди? Бу борада сўнгги хулосасини эълон қилмаган бўлсада, Виктор Юшченко собиқ ҳукумат Гонгадзе ўлимини текширишда атайин сусткашликка йўл қўйганини очиқ эътироф этади. Украина Олий радаси (парламенти) таркибидаги Гонгадзенинг ўғирланиши ва ўлдирилишини тадқиқ қилиш комиссияси раиси Григорий Омелченко фикри ҳам шунга яқин.
Унинг айтишича, Леонид Кучма Гондадзени ўлдириш тўғрисидаги буйруқни мамлакатнинг ўша пайтдаги хавфсизлик хизмати раҳбари Леонид Деркачга берган. Хуллас, Гонгадзе ўлими ташкилотчилигида Украинанинг собиқ раҳбарлари — президент Леонид Кучма, ички ишлар вазири Юрий Кравченко ва хавфсизлик хизмати раҳбари Леонид Деркач гумон қилинаётганди. Бироқ кутилмаганда ўтган ҳафта яна бир ўлим ҳодисаси рўй берди. 4 март куни Юрий Кравченко, яъни Гонгадзени ўлдириш тўғрисидаги буйруқни бевосита эшитган бўлиши мумкин бўлган шахс ўз уйидан ўлик ҳолда топилди. Бу ҳодиса шундоқ ҳам чигал вазиятни баттар оғирлаштирди. Лекин шубҳа-гумонлар рост-ёлғон бўлишидан қатъи назар, собиқ вазир кўп сирларни ўзи билан олиб кетгани аниқ. Чунки у яна бир неча кундан кейин терговчилар олдида сўров бериши керак эди…
Собиржон ЁҚУБОВ