Германиянинг йирик нашриёт уйи Ўзбекистонда олмон тили дарсликларини яратиш ва чоп этишга кўмаклашади

Германиянинг “Klett-Verlag” нашриёти ҳамда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, икки нашриёт Ўзбекистон умумтаълим мактаблари учун 2022-2023 ўқув йилига олмон тили дарсликларини яратиш ва уларни чоп этиш борасида яқиндан ҳамкорлик қилади.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи директори Тўлқин Муҳаммадиев бошчилигидаги делегация Германияга амалий сафар доирасида Штуттарт шаҳридаги йирик нашриёт корхоналаридан бири – “Ernst Klett Sprachen” компанияси директори Маттиас Рупп  билан учрашди, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.

Мулоқот давомида Германия компанияси раҳбари олмон тилидаги ўқув адабиётларини  ишлаб чиқиш ва етказиб бериш бўйича ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқа ўрнатишга қизиқиш билдирган.

Музокара натижасида Ўзбекистон умумтаълим мактаблари учун 2022-2023 ўқув йилига олмон тили дарсликларини яратиш ва уларни чоп этиш бўйича “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ва “Klett-Verlag” нашриёти ўртасида меморандум имзоланган.

Эндиликда Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги ҳамда икки нашриёт ўртасида  уч томонлама шартнома тузилиши кутилмоқда.

Германиянинг “Klett-Verlag” нашриёти ўқув дастурлари, дарсликлар тайёрлаш ҳамда чоп этиш борасида халқаро тажрибага эга. Ноширлик уйи бу борада етакчи таълим масканлари билан ҳамкорлик қилиб келади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 4 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган анъанавий олмон тили ўқитувчиларининг 14-анжуманида Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер Ўзбекистон олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этган эди.

Маълумотларга қараганда, ҳозирда Ўзбекистондаги 1600 мактабнинг 300 мингдан зиёд ўқувчиси олмон тилини ўрганмоқда. 10 та мактабда олмон тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. 6 та ўрта таълим мактаби эса олмон тили бўйича диплом (DSD) бериш ҳуқуқига эга. Олий ўқув муассасаларида мазкур тилни ўрганаётганлар сони 19 мингни ташкил этади. Ҳозирда олмон тилини боғча, мактаб ва университет босқичларида, узлуксиз равишда ўқитишга эътибор қаратилмоқда.

Шу мавзудаги мақола:

Тошкентда олмон тилининг ёш билимдонлари беллашди. 16.11.2021