Яқин Шарқда «Қуйма қўрғошин» ҳарбий операцияси давом этмоқда, вазият эса ўнгланганича йўқ
Нима бўлди?
Фаластинда 2006 йилги парламент сайловларида ғалаба қозонган ХАМАС ташкилоти билан Исроил ҳукумати ўртасида бундан ярим йил олдин тинчлик битими имзоланган эди. 19 декабрь куни мазкур аҳднома якунига етди. Расмий Тел-Авив муддатни яна узайтиришни таклиф этди, аммо ХАМАС бунга жавобан Исроилнинг жанубий туманларини ўққа тутди. Натижада 27 декабрь куни Исроил ҳарбийлари томонидан Ғазо секторини жангарилардан тозалаш мақсадида «Қуйма қўрғошин» операциясини бошлади.
Исроил томони ўз ҳаво зарбалари олти ойлик сулҳ тугаганидан бери Ғазодан яҳудий давлати ҳудудига мунтазам равишда уюштирилаётган ракета ҳужумларига жавобан амалга оширилаётганини айтган. Исроил ҳарбийлари ҳозир минтақадаги террорчиларнинг бошқарув тизимлари, казармалар, илмий лабораториялар базалари, полиция маҳкамалари, қурол-яроғ омборхоналарини ўққа тутмоқда. Исроил томони ҳарбий операцияни борган сари кучайтираётган бир пайтда ХАМАС ҳам бунга жавобан ер ости туннельларидан қурол-яроғлар олиб кириб, Исроилга ракета зарбаларини бермоқда. Исроил томони чегараларни қўшимча ҳарбийлар ҳисобига кучайтирган.
Биринчи кун
Исроил ҳарбийлари 27 декабрь маҳаллий вақт билан соат 11 дан 30 дақиқа ўтганда «Қуйма қўрғошин» операциясини бошлади ҳамда Ғазо секторига 50 самолёт ва вертолётлар ёрдамида биринчи зарбаларни берди, шу куни қарийб 170 та объект нишонга олинган. Оқибатда 225 нафар одам ҳалок бўлган, қарийб 700 нафар фуқаро жароҳатланган. Мутахассислар ҳисоб-китобича, бу Исроилнинг Ғазо секторида 1967 йилдаги 6 кунлик операциясидан кейинги энг йирик амалиётдир.
6 январь
Исроил ҳарбийлари Ғазога, Ғазодан эса ХАМАС жангарилари Исроилнинг жанубий ҳудудларига ракета зарбалари беришди. Шу кунга қадар 400 нафардан зиёд одам ҳалок бўлган, жароҳатланганлар сони мингдан ортиқ. Исроил мудофаа вазири Эхуд Барак Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар «қанча вақтни тақозо этса, шунча муддат қолиши»ни айтган.
Мамлакат Президенти Э.Олмерт ҳарбий операция муваффақиятли якунлангунга қадар давом этишини билдирган. ХАМАС етакчиларидан бири Холид Машал эса, Ғазодаги блокада олиб ташлансагина Исроил билан битим тузишини билдирган. Яна бир маълумотга кўра, Ғазо минтақасининг 20 километрлик ҳудудида олиб борилаётган амалиётлар 2009 йилнинг 31 мартига қадар давом этиши мумкин. Фаластин расмийлари уларнинг маъмуриятлари «молиявий вайронагарчилик»ка юз тутаётгани ҳақида огоҳлантирганлар.
Янги баёнот
Фаластин маъмурияти бошлиғи ва ФАТҲ ҳаракати раҳбари Маҳмуд Аббос Исроилнинг Ғазодаги ҳужумини қоралади ва ХАМАС йўлбошчиларини янги хунрезликнинг олдини олиш борасида ҳеч қандай чора-тадбир кўрмаганликда айблади. ФАТҲ раҳбари, агар Исроилнинг ҳарбий ҳаракатлари ХАМАС режимининг тугаши билан якунланса, Ғазо секторидаги ҳокимиятни ўз қўлига олишини маълум қилган.
Учинчи интифада
ХАМАС етакчиси Исмоил Хония ҳужумларни «Фаластин тарихидаги энг аянчли хунрезлик» сифатида таърифлади. Дамашқда чиқиш қилган ХАМАСнинг яна бир етакчиси – Холид Машал учинчи интифадани бошлашга чақирди. (Интифада – арабча қутулиш дегани, бу ўринда халқ қўзғолони, деган маънода. Исроилга қарши Фаластиннинг биринчи интифадаси 1986 йилда бошланган ва 1993 йилда Фаластин мухторияти ташкил этилиши билан якунланган эди, иккинчиси 2000-2004 йилларда давом этиб, Ёсир Арофатнинг вафотидан сўнг якунланган.)
– Бу тарихий дамлардир. Биринчи, иккинчи интифада даврида елкама-элка турганимиздек, сиёсий келишмовчиликларимиздан қатъий назар, иккинчи интифада учун ҳам елкадош бўламиз. Навбатдаги ҳаракатни бошлар эканмиз, нафақат Ғазо, балки Ғарбий Соҳилда ҳам бугун бирлашмоғимиз лозим, – деди ХАМАС етакчиларидан бири Холид Машал.
Дунё аҳли қандай фикрда?
Россиянинг таклифига биноан БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил ва фаластинликларни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиб, минтақа аҳолисига гуманитар ёрдамлар кўрсатишга қаратилган баённома қабул қилган. Европа Иттифоқи, Франция ва Россия Исроилнинг ҳужумларни зудлик билан тўхтатиши тарафдори. Араб давлатлари, Покистон, Туркия ва Хитой эса Исроил ҳаракатини кескин қоралашган.
Миср ҳам расмий Тел-Авив ҳаракатига қарши, аммо расмий Қоҳира минтақадаги вазиятда ХАМАСнинг ҳам айби борлигини айтган. Хусусан, Исроил ярадор фаластинликлар учун Рафах шаҳрини очиб қўйган, ХАМАС эса бунга тўсқинлик қилмоқда.
Кучлар фарқи
Исроил ва ХАМАС ташкилоти ҳарбийларининг кучлари аниқ эмас. Айрим маълумотларда ХАМАС 20 мингдан ортиқ жангариларга эгалиги айтилган. Иқтисодиётида ҳарбий саноат асосий ўринни эгаллайдиган Исроилда эса бу кўрсаткич янаям кўпроқ экани айтилмоқда.
Можаронинг илдизи қаэрда?
деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз: бу, аввало, Исроил билан араб давлатлари ўртасида ўн йилликлар мобайнида ўз ечимини топмай келаётган можаро (1948, 1956, 1967, 1973, 1982 йиллардаги араб–Исроил урушлари шулар жумласидан)нинг бевосита давомидир. Иккинчидан, халқаро терроризм, хусусан Яқин Шарқ минтақасида қатор жангари гуруҳларнинг пайдо бўлиши, уларнинг Исроилга қарши ўта реакцион кайфиятдаги жангарилик уринишлари бугунги можароларга олиб келди.
Президент Жорж Буш, унинг раҳбарияти Исроил ва Фаластин ўртасида тинчликни тарғиб қилишга етарлича эътибор қаратмаяпти, деган танқидга «ундай эмас» деб жавоб қилади.
Ички низолар
Фаластиндаги икки етакчи сиёсий ҳаракат – ФАТҲ ва ХАМАС ўртасидаги биродарлик алоқалари ғанимларча муносабатга айланганига анча бўлди. Шу боис Фаластинда қўшҳокимият юзага келган. Маҳмуд Аббос бошчилигидаги ФАТҲ аллақачон Исроил давлатини тан олган. Аввал-бошдан яҳудий давлатига қарши бўлган ХАМАС эса бу масалада мухторият раиси билан ҳамфикр эмас (2004 йилнинг ўзида Ислом қаршилик ҳаракатининг икки йирик етакчиси – Аҳмад Ёсин ва Абдулазиз Рантисий Исроил хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган эди. Шундан кейин ХАМАС яҳудий давлатига қарши аёвсиз кураш эълон қилган).
Маҳмуд Аббос – 1967 йилги чегара бўйича Ғазо ҳудуди, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусни ўз ичига олган Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдори. ХАМАС ҳаракати эса тарихий чегаралар тикланишини ва Фаластин ўзига қарашли бўлган барча ҳудудларга эгалик қилишини истайди.
Хўш, эндичи?
Минтақадаги вазиятни барқарорлаштириш учун Россия, АҚШ ва БМТ каби давлатларнинг таъсирини яна ҳам кучайтириш эътиборга молик. Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишнинг жуда кўплаб воситалари бор. Аммо бу воситаларга томонлар қандай муносабатда бўлишади – кўп нарса шунга боғлиқ.
Беҳбуд Ботиров