Европа ҳамжамият: Конституциясиз иттифоқ

Европа ҳамжамияти нисбатан тушунарли ва шаффофроқ бўлган ҳужжатни 2009 йилда қабул қилишни мўлжалламоқда

Европа Иттифоқи 2009 йилги бошқарувни ягона расмий ҳужжат асосида бошлашга умид қилганди. Аммо ҳаракатлар ҳар доим ҳам хоҳишга тўғри келмас экан. 2007 йилда имзоланиб, Иттифоққа аъзо давлатлар муҳокамасига қўйилган Лиссабон шартномаси айрим мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий позициясига тўғри келмаётгани туфайли ратификация қилинмай турибди.

Бу эса Иттифоқнинг интеграциялашуви, яхлит минтақа сифатида фаолият олиб боришга тўсқинлик қилмоқда.

• «Лиссабон шартномаси» иккита муҳим янги лавозимларни таъсис этишни назарда тутади. Булар 2,5 йилга сайланувчи ЕИ президенти ва ташқи сиёсат бўйича раҳбар.
• 2008 йил 27 декабрь ҳолатига кўра, шартномани ЕИ 27 давлатидан 24 таси ратификация қилган. 2007 йилда Венгрия, 2008 йилда 24 давлат ратификация қилган.
• Иттифоққа 12 янги мамлакат қўшилгандан сўнг янги шартнома ишлари сезиларли равишда қийинлашган. Хусусан, тилчилар ЕИ доирасида деярли ҳар куни ўтказиладиган йиғилишларни қарийб 20 тилда таржима қилишларига тўғри келмоқда. Бу эса анчагина маблағни талаб этади, қолаверса, ҳисоботлар, хулосалар ва бошқа муҳим ҳужжатлар тегишли мутахассисларга ўз вақтида етиб бормаётгани ҳам кузатилмоқда.

Бундан аввал ЕИ давлатлари ягона Конституцияни қабул қилишга астойидил киришганди. Бироқ 2007 йилда Франция ва Нидерландиядаги референдум натижалари, яъни аҳолининг Конституция қабул қилинишига рад жавоби бериши Европани боши берк кўчага киритиб қўйди. ¥аракатни давом эттириш учун ишдаги тартиб ва принтсипларни соддалаштириш, фаолиятни нисбатан тушунарли ва шаффофроқ қилишни тақозо этди. Шунда ўша йил 13 декабрьида 27 аъзо мамлакат етакчилари Конституция ўрнига ЕИнинг асосий қонунчилик меъёрларини белгиловчи янги Лиссабон шартномасини имзолашди ва бу ҳужжатни ратификация қилишга йўл очди. Шунга қарамай, ҳозирги кунда 250-бетлик шартномани қўллаб-қувватлаш хамирдан қил суғургандай осон кечаётгани йўқ. Унга 2008 йилда 24 давлат қониқарли жавоб берган бўлсада, жараён Ирландия, Полша ва Чехияга келганда «тўхтаб» қолди.

¥ар бир мамлакат мустақил давлат сифатида шаклланиши учун белгиланган расмий ҳужжатга эга бўлиши лозим. Дунёдаги ривожланган демократик давлатларда ҳеч бир фуқаро ўз ижтимоий-шахсий ҳаёти, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни Конституциясиз тасаввур этолмайди. Улар кундалик ҳаётида Конституция белгилаб берган қоида ва ҳуқуқларга тез-тез мурожаат қилади, унга ўзининг суянчи сифатида қарайди. Лиссабон шартномаси ҳам барбод бўлган Конституция лойиҳаси (2004 йил июньда имзоланган)нинг соддалаштирилган варианти, икки йиллик тажрибадан келиб чиқиб янгиланган шартномада томонлар «конституция» сўзини ишлатмасликка қарор қилишган. Бунинг ўрнига ҳужжатнинг ишчи номи «ислоҳотлар ҳақида шартнома» деб аталиб, ундаги ЕИ байро²и ва мадҳияси ҳақидаги барча жойлар олиб ташланди.

Лиссабон шартномаси деб ном олган янги шартнома 1992 йил Маастрихтда имзоланган ЕИ ҳақидаги келишув ҳамда 1957 йилда Римда имзоланган Европа ҳамдўстлигини ташкил этиш ҳақидаги келишувга ўзгартириш киритади. Европа мутахассисларининг фикрича, «Лиссабон»ни қабул қилишдан мақсад ЕИга аъзо давлатларнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини янада мустаҳкамлашдан иборат. Бошқача айтганда, бу ҳужжат Иттифоқнинг ривожлантиришга таянч вазифасини бажариши даркор.

Лиссабон шартномасини рад этганлардан бири бу — ирландияликлардир. 2008 йилнинг июнь ойида мамлакатда бўлиб ўтган референдум натижаларига кўра, аҳолининг 65 фоизи мазкур шартномани ратификация қилишга қарши овоз берганди. Орадан ярим йил ўтиб, ЕИнинг Брюсселда ўтказилган саммитида «Лиссабон»нинг кейинги тақдирини белгиловчи келишувга эришилди. Унга кўра, 2008 йил июнь ойида шартномани ратификация қилишдан бош тортган Ирланияда 2009 йилнинг сентябр ёки октябр ойларида такрорий референдум ўтказиладиган бўлди. Бунинг эвазига Ирланияга Европа комиссияда ўз «ирландиялик» еврокомиссарига эга бўлиш ҳуқуқи берилган.

Кузатувчилар фикрича, бу келишув бир томондан Лиссабон шартномаси қоидаларини бузади. Негаки, унда ЕИ ижрочи ҳукумати бош органида комиссарлар сонини чорак қисмга қисқартириш назарда тутилади. Бундан ташқари Ирландия бундан аввал махсус декларация қабул қилишни талаб қилиб, унда мамлакатнинг давлат дахлсизлиги ва абортларни таъқиқлаш каби қонунларнинг сақланиб қолишини кафолатлашни сўраган. Европалик дипломатлар сўзларига кўра, келишувнинг юридик жиҳатлари яқин орада расмийлаштирилади. Германия ички ишлар вазири В.Шойбленинг айтишича, «Европа бирлашувининг давом этиши қўллаб-қувватланади. «Албатта, Ирланиядаги натижаларга жиддий қарашимиз лозим. Лекин бир неча миллионлик Ирландия фуқаролари 495 миллионлик европалик номидан қарор қабул қила олмайди».

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, айни пайтда ЕИнинг Ирландия билан якуний музокаралари анча муваффақиятли кечмоқда. Бунга қайсидир маънода молиявий инқироз ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Америка ипотека бозоридан бошланган иқтисодий тур²унлик ҳозир Ирландияни ҳам чеклаб ўтаётгани йўқ. Бугунга келиб расмий Дублин жаҳон ҳамжамиятининг молиявий кўмакларига муҳтож бўлиб турибди. Бундан эса Европа Иттифоқи унумли фойдаланиши мумкин.

«Лиссабон» атрофида иккиланиб турган давлатлардан яна бири бу — Чехия. Бу ерда ратификация билан бо²лиқ вазият анча жиддий. Мамлакат парламенти ҳозирча Лиссабон шартномасини кўриб чиқишга киришгани йўқ. Мамлакатнинг Конституцион суди Лиссабон шартномаси давлат Конституциясига тў²ри келмаслигини айтган. Аммо мамлакат президенти Ватслав Клауснинг фикрича, парламент ва суднинг қароридан қатъий назар шартномага Ирландиядан кейин қўл қўйишини таъкидлаган. Чехия парламенига навбатдаги овоз бериш жараёнида 2009 йил 3 февральда бўлиб ўтади. Мазкур шартномани имзоламаган учинчи давлат Полша саналади. ¥ужжат президентнинг имзосини кутиб турибди. Буюк Британия айни пайтда ЕИнинг виза иммиграция сиёсатига қўшилмаяпти. Янги келишувга кўра, ушбу мамлакатлар мазкур масалалар бўйича мустақил қарор қабул қилишаяпти. Бу масалада Полша ҳам Британияга эргашмоқда. Дания эса ички сиёсатнинг айрим соҳаларида ўз қоидалари бўйича ҳаракат қилишни давом эттирмоқда.

Умуман, юзага келган вазиятдан чиқиш йўли шартноманинг ўзида ҳам кўрсатилган. Яъни, унда бир вақтнинг ўзида 27 мамлакатнинг бир овоз билан маъқуллашини талаб қилувчи консенсус асосида эмас, «икки баробар кўп» овоз билан қарор қабул қилишнинг янги тизими назарда тутилган. Яъни, агар шартноманинг қабул қилинишини ЕИ мамлакатларининг камида 55 фоизи қўллаб-қувватласа, у қабул қилинган ҳисобланади. Айнан шу ҳолат Полшага маъқул келмаяпти. Негаки, Полша қарор қабул қилишнинг мазкур тизими Германияга ўхшаш йирик мамлакатлар таъсир доирасини кучайтириб, Полша каби кам аҳолили мамлакатларнинг кучсизлантиришидан хавотирда. Шунингдек, қоидага кўра, исталган мамлакат ЕИ қарорига вето қўйиш ҳуқуқига эга эди. Янги тизим эса қарор қабул қилишга тўсқинлик қилувчи мамлакатлар сони тўртадан кўп бўлишини талаб этади.

Энг кўп талаблари қондирилган мамлакат бу Буюк Британия бўлди. Бу ерда амал қилувчи англосаксон ҳуқуқи шунга замин яратди. Шундай қилиб, у инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Хартиясига қўшилмаслик (Полшадан ташқари ЕИга аъзо бошқа давлатлар уни имзолашган), мустақил равишда ташқи сиёсатни амалга ошириш ва солиқ ва меҳнат сиёсати соҳасида ўз меъёрларига амал қилиш ҳуқуқини олди. Шунингдек, Британия унга ёндош Ирландия иммиграция, виза сиёсати ва бошпана бериш масалаларида бошқарувни ўз қулида қолдирди.

Жаҳон тажрибалари шуни кўрсатадики, мустақил демократик ҳуқуқий давлатнинг ташкил топиши ва ривожланишининг асосий шарти давлат ва жамиятнинг сиёсий қурилиш тизимини белгилайдиган, фуқароларнинг эркинликлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Бош Қомуснинг мавжудлигидир. Аҳоли сони қарийб ярим миллиардга етган Европа Иттифоқи ҳам айнан шу мақсадда жиддий ҳаракат қилмоқда ва бу ишни 2009 йилдаёқ ниҳоясига етказиш ҳаракатида. Кузатувчиларнинг фикрича, сайёрамизда ривожланаётган минтақаларнинг кўпайгани яхши. Аммо Европа йирик иттифоқ сифатида қоладими ёки барча Европа ҳудудлари йўлидан кетадими? Дунё сиёсий харитасида пайдо бўлаётган янги йирик иттифоқ қайси шартлар асосида тузилади? Европа Иттифоқи фаолияти доирасида аъзо давлатларнинг ўзига хос рольи қандай бўлади? Кўп ҳолларда ана шу саволлар очиқ қолмоқда.

Беҳбуд Ботиров