2019 йил 15 май куни «Hilol-nashr» матбаа нашриётининг мажлислар залида Ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Эй фарзанд!» ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотни «Hilol-nashr» матбаа нашриёти, Islom.uz портали раҳбари ва айни пайтда “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ очиб, тақдимотга йиғилган барча меҳмонларни муборак Рамазон ойи ва куни кеча янги очилган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги масжид билан муборакбод этди ва икки китобнинг аҳамияти, моҳияти ҳақида кириш сўз қилиб, унинг ишига муваффақият тилади.
Одинахон Муҳаммад Содиқ таржима қилган «Эй фарзанд!» асари ҳақида «Ҳазрати Али» жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Шарипов маъруза қилди. «Рисолада мусулмон оилада фарзанд тарбияси учун тавсия қилинган энг тўғри йўллардан бири баён қилинган. Шунингдек, ҳар бир толиби илм ўрганиши керак бўлган илм турлари белгилаб берилган. Шу билан бирга мударрис ўзида касб қилиши зарур бўлган сифатлар айтиб ўтилган, муаллим ва шогирд орасидаги алоқа қандай бўлиши кераклиги ҳам кенг изоҳлаб берилган».
Суриялик машҳур муҳаддис аллома шайх Муҳаммад Аввоманинг ўғли доктор Муҳйиддин Муҳаммад Аввома томонидан «Эй фарзанд!» асари ва унинг таржимонини қутлаб сўз юритилган видеоролиги ҳам намойиш қилинди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» асари ҳақида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов маъруза қилди.
«Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» асарининг ўзига хос жиҳати, ундан Қуръон ва Суннатнинг таърифи, Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар ҳақида мавзулар ўрин олган.