Европа Иттифоқи Россия билан муносабатларда эҳтиёткорликни афзал билиб келган. Зиддиятларга асос кўп бўлсада, Брюсселнинг Кремлга нисбатан бағрикенглик сиёсатини юритиб келгани бежиз эмас: Европа ижтимоий-иқтисодий соҳа учун сув ва ҳаводай зарур бўлган газнинг катта қисмини айнан Россиядан сотиб олади. Бироқ шу кунларда вазият кутилмаган томонга ўзгариб, Европа Иттифоқи эҳтиёткорлик сиёсатидан кескин ҳаракат йўналишига ўтаётгани ошкора намоён бўлмоқда.
Ўтган ҳафта Европа Комиссияси (ЕИнинг ижроия идораси) газ ва электр энергия бозорини тартибга солувчи бешта қонун лойиҳасини Европарламентга тақдим этди. Янги ҳужжатлар Иттифоқнинг электр энергия бозорини тартибга солиш, хусусан, ушбу йўналишда ишлаб келаётган гигант компаниялар фаолиятини алоҳида қисмларга ажратишни кўзда тутади. Еврокомиссия бу билан монопол мавқедаги компаниялар фаолиятини қайта кўриб чиқиш ҳамда рақобат муҳитини юзага келтиришни кўзламоқда.
Мазкур шартлар Европа Иттифоқига жуда катта миқдорда газ етказиб берадиган Россия давлатига, хусусан, «Газпром» компаниясига қаратилганини қонун ижодкори — Еврокомиссия раҳбарияти ҳам яширмаяпти. Мазкур ташкилот раиси Жозе Мануэл Баррозу ЕИ ҳамкорлар учун очиқ экани, лекин очиқ бозорни ҳам ҳимоя қилишга тўғри келаётганини таъкидлаган.
Агар эътибор берилса, охирги йилларда «Газпром» томонидан ЕИга экспорт қилинаётган энергия манбаси миқдори барқарор ўсиб бораётганини кўриш мумкин. Европа иқтисоди Россия энергиясига боғлиқ бўлиб қолган бир вазиятда, табиийки, Кремлнинг таъсири ҳам ошиб боряпти. Аслида Брюссел расмийларини хавотирга солган ва ҳаракатга ундаган сабаб ҳам шу — ЕИнинг энергия масаласи Москва учун сиёсий таъсир кўрсатиш воситаси бўлиб қолишидан ташвишланаяпти.
Ҳозирча тасдиқланмаган янги тартибга кўра, «Газпром» ҳам газ ишлаб чиқариш ва етказиш тизимини ажратиши керак. Айни пайтда рус компанияси 155 минг км. га чўзилган улкан газ қувурлари тизимига эгалик қилади. Дунёнинг катта қисмини қамраб олган ушбу яхлит тизимни бўлиб ташлаш эса компания манфаатларига тўғри келавермайди.
Мавжуд тартибга кўра, ижроия идораси таклиф қилган қонунлар кучга кириши учун улар Европарламент ва Европа Кенгаши томонидан тасдиқланиши керак. Ҳужжатлар ҳали юридик кучга эга бўлмасада, Европанинг энергияга муҳтож бўлиб турган пайтда таваккалга қўл ургани, энг асосий ҳамкорига ошкора чақириқ билан мурожаат этгани ҳайратланарли бўлди.
Футболда «энг яхши ҳимоя ҳужум» тамойили олтин қоида саналади. Спортдаги беозор бу қоида айрим пайтларда катта сиёсатда ҳам қўлланилади. Жозе Мануэл Баррозу бошчилигидаги Еврокомиссиянинг ҳаракатларини ҳам ана шу тамойил билан изоҳлаш мумкин. Энергия бозори тўғрисидаги лойиҳалар билан ЕИ рус газисиз ҳам яшай олиши мумкин деган даъвони исботламоқчи.
Собиржон Ёқубов