Эрон ҳамда Саудия Арабистони етти йиллик танаффусдан кейин дипломатик алоқаларни тикламоқда. Бу борадаги битим 10 март куни Хитой пойтахти Пекинда Эрон миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Али Шамхоний ва Саудия давлат вазири Мусаид бин Муҳаммад Ал-Айбан томонидан имзоланди.
Теҳрон ва Риёз ўзаро ихтилофларни мулоқот орқали ҳал этиш ва икки ой ичида элчихоналар очишга келишган. Сулҳ йўлидаги дастлабки қадам ўлароқ икки давлат ташқи ишлар вазирлари учрашувини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Яқин Шарқ минтақасида муҳим ўрин тутувчи икки давлат 2016 йилда ўзаро дипломатик муносабатларни узган. Бунга Саудияда шиалар воизи Нимр ал-Нимрнинг қатл этилиши, Теҳронда эса подшоҳлик элчихонасига ўт қўйилиши сабаб бўлган.
Сўнгги вақтларга қадар Теҳрон ва Риёз муносабатлари ўта таранг бўлиб келган. 2022 йил ноябрь ойида ҳатто Эрон Саудия Арабистонига ҳужум қилишга тайёрланаётгани ҳақида хабар тарқалган.
7 йиллик танаффусдан кейин ярашув битимини имзолашда Хитой раиси Си Цзиньпин воситачилик қилган. Сулҳ келишувига Ўмон ва Ироқ ҳам воситачи сифатида ҳисса қўшган.
АҚШ Теҳрон–Риёз муносабатлари изга тушаётганини олқишлаган.
Фото: Reuters