Туркия 2053, 2071 йилларга мўлжалланган мақсадларни амалга оширишда асло оғишмайди. Бу ҳақда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия миллий байрами – Республика эълон қилинганининг 99 йиллиги муносабати билан йўллаган табрикда гапирган.
Мамлакатнинг 81 музофоти аҳолисини миллий байрам билан қутлаган Эрдўғон Республика тамалини қўйган Мустафо Камол Отатурк ҳамда музаффар турк қўшини қаҳрамонларини ҳурмат билан ёдга олди.
Сиёсатчи мамлакат сўнгги йилларда халқаро майдонда ва ички ҳаётда эришган ютуқларни санаб ўтган.
“Туркия ҳукумати томонидан сўнгги 20 йил давомида демократия, тараққиёт йўналишларида амалга оширилган инқилобий ўзгаришлар туфайли биз нафақат миллий иродамиз йўлидаги тўсиқларни, айни чоқда, жамият ва давлат ўртасида тикланган деворларни ҳам йиқитишга муваффақ бўлдик. Турли ғовларга қарамай, биз Туркияни миллий бирлиги ва биродарлигини муносиб муҳофаза этувчи, демократия борасида намуна кўрсатувчи, иқтисодиёти жозибадор, дипломатияси эса эътирофга лойиқ давлатга айлантира олдик”, – деди Туркия раҳбари.
Таъкидланишича, расмий Анқара Суриядаги гуманитар фожиадан Россия–Украина инқирозига қадар кўплаб зиддиятларни ҳал этишда жонбозлик кўрсатишда давом этади.
Р.Т.Эрдўғон энергетика, мудофаа, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш каби йўналишлардаги ютуқларни қайд этар экан, Республика байрамининг 100 йиллиги муносиб зафарлар билан қаршиланишига ишонч билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 1923 йил 29 октябрда Туркия Буюк Миллат Мажлиси томонидан Туркия республика деб эълон қилинган. Ўшандан буён мазкур сана миллий байрами сифатида тантана қилинади.