Тошкентда Озарбайжоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкентдаги “Wyndham” меҳмонхонасида Озарбайжоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ва “Prestige Travel” туроператори кўмагида ташкил этилди.

Тадбирда сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона ва санаторийлар вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Дастлаб иштирокчиларга “Оловлар ўлкасига саёҳат” фотокўргазмаси, шунингдек, Озарбайжон миллий маданиятига доир кўргазма намойиш этилди.

Озарбайжонда фаолият юритаётган “Prestige Travel” компанияси директори Сабина Маммадова мамлакатнинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида маъруза қилди. У ўз нутқида сўнгги йилларда ўзбек сайёҳларининг Озарбайжонга қизиқиши ортиб бораётгани, икки мамлакат ўртасида ҳаво қатновининг кўпайгани, жумладан, Бокудан Тошкентга парвозларнинг ортгани, Самарқанд шаҳрига парвозларнинг очилиши туризм ривожига таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. С.Маммадова Нафталан, Ленкоран, Шеки, Шаҳдаг, Гусар каби ҳудудлардаги туристик мажмуалар, уларда яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Озарбайжон маданият маркази кутубхона-ахборот маркази раҳбари Кифоят Пирмамедова “Озарбайжон – оловлар ўлкаси” мавзусида тақдимот ўтказиб, мамлакатнинг бетакрор табиати, маданияти, ошхонаси ва бой сайёҳлик имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир давомида иштирокчиларга мамлакатнинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида видеотақдимот намойиш этилди.

Шунингдек, Ўзбекистондаги “Prestige Travel” компанияси бўлим раҳбари Сайёра Инамова, “Flykhiva” тижорат директори Азиз Хожаевлар ҳам  икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар, Озарбайжон иқлими, табиати, ёдгорликлари ҳақида гапирди.

Тадбирнинг бадиий қисмида Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Кайкеб Алиева номидаги Озарбайжон қизлари рақс ансамбли иштирокчилари рақс ижро этди.