Жорий йил 9-10 март кунлари Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги (EMGS) раиси Абдул Раззоқ Аҳмад бошчилигидаги делегация юртимизда меҳмон бўлиб, бир қатор муассасаларда учрашувлар ўтказди.
Малайзия делегацияси Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов билан учрашди. Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, учрашувда икки давлат ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик муваффақиятли бўлиб келгани таъкидланиб, истиқболда янада кенгайишига ишонч билдирилди.
Доктор Абдул Раззоқ Аҳмад Марказий Осиё давлатлари билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этиши, Малайзия хорижий талабалар ҳамда иқтидорли ёшларни жалб қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Хусусан, аниқ фанлар, яъни математика ва физика соҳасида кадрлар тайёрлаш ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўлиши мумкинлиги айтилди.
Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
Малайзия вакиллари Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг магистратура ва докторантура босқичи талабаларини таҳсил ва қўшма тадқиқотлар учун юборишни ҳам таклиф қилди.
Музокараларда Малайзиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳенди Ассан ҳам қатнашди.
Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги делегацияси Ўзбекистон Табиат ресурслари вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков билан учрашиб, олий таълим соҳасида экологик таълимни ривожлантириш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлаш ҳамда сув ресурсларини бошқариш истиқболларини муҳокама қилди. Делегация, шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети вакиллари билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида ўзаро фикрлашди.
Маълумот ўрнида, Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги (EMGS) дунё бўйлаб мамлакат таълим тизимини тарғиб этиш билан шуғулланади.
Агентлик раиси Абдул Раззоқ Аҳмад “Ziyouz”га қисқа интервью берди.
“Ўзбекистонга таълим масъуллари билан ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилиш учун келдик. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон инсон салоҳияти борасида улкан истиқболга эга. Малайзия бу борада кўмак беришга тайёр. Албатта, бу ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши керак. Малайзия ислом молияси, ислом банки, муҳандислик, тиббиёт, туризм каби йўналишларда катта тажриба орттирган ва биз бу борадаги илғор тажрибаларимиз билан ўртоқлашишга тайёрмиз. Айни чоқда, ўзбекистонлик ёшлар математика, IT ва бошқа аниқ фанлар бўйича юқори билимга эга. Биз айнан уларни манфаатли лойиҳаларга жалб этмоқчимиз”, – дейди доктор Абдул Раззоқ Аҳмад.
Малайзия делегацияси раҳбари Ўзбекистоннинг илмий-интеллектуал салоҳияти катта эканини урғулади.
“Ўзбекистон кучли илмий анъаналарга эга ўлка, тамаддун бешикларидан бири. Мамлакатингиз илдизи минг йилларга бориб тақаладиган мустаҳкам пойдеворга эга. Ўзбекистонлик ёшлар бугун ҳам математика ва бошқа аниқ фанлар бўйича пешқадам экани тасодиф эмас. Ўзбекистон глобаллашув даврида ўз ўрнини мустаҳкам эгаллашда айнан илм-фан анъаналарига таяниши мақсадга мувофиқдир”, – дейди суҳбатдошимиз.
Малайзияда олий таълим тизими шиддат билан ривожланмоқда, бир қатор университетлар дунё рейтингларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Хўш, Ўзбекистонда Малайзия ОТМлари филиалларини очиш режаси борми?
“Ўзбекистонда Малайзиянинг илғор университетлари филиалларини очиш вақти келганига амин бўлдим. Бу ерда кўплаб хорижий ОТМларни кўрдик. Биз ҳам Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатлардан ортда қолмаслигимиз керак. Малайзия олий таълими ҳам Ўзбекистонда муносиб тамсил этилмоғи лозим. Мен Малайзияга қайтгач, Олий таълим вазирлигимизга бу борадаги таклифларимни албатта билдираман”, – дейди доктор Абдул Раззоқ Аҳмад.
Таълим мулозими икки давлатни боғлаб турувчи ришталарга ҳам эътибор қаратди.
“Малайзия ва Ўзбекистонни боғлаб турувчи ришталар талайгина. Аввало, икки давлатни исломий қадриятлар боғлайди. Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёнинг юраги, балки бутун мусулмон умматининг жавҳари ҳамдир. Малайзияликлар кўплаб алломаларни тарбиялаган бу заминни ўз кўзи билан кўришига тилакдошман”, – деб хулоса қилди EMGS раиси.
Мавзуга доир мақолалар:
Малайзия билан таълим соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда. 11.08.2022
Малайзия элчиси МTCP курслари битирувчиларига сертификат топширди. 27.06.2022
Малайзияда таҳсил олиш учун 8 сабаб айтилди. 17.03.2022