Жаҳон адабиётининг етук намояндаси, буюк озарбойжон шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавий (1141–1209) таваллудининг 880 йиллиги дунё бўйлаб кенг тантана қилинмоқда.
Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказида ҳам “Низомий Ганжавий – Шарқнинг буюк шоири” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Мамлакатимиз фан, маданият ва санъат арбоблари, олий ўқув юртлари педагоглари иштирок этган маърифий тадбирда Озарбайжон Миллий Мажлисининг маданият бўйича қўмита раиси Ганира Пашаева фахрий меҳмон сифатида қатнашди.
Озарбайжон маданият маркази лойиҳаси асосида буюк мутафаккирнинг “Хамса” асари билан ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилган. Тадбирда мазкур йирик адабий нашр тақдимоти ҳам ўтказилди.
Маданият маркази директори Самир Аббосов марказ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлар экан, ҳозирга қадар 90 дан ортиқ китоб ўзбек тилида чоп этилганини таъкидлади.
“Буюк ўзбек шоири Алишер Навоий Озарбайжоннинг даҳо шоири Низомий Ганжавий “Хамса”сидан илҳомланиб, “Хамса” яратган ва жаҳон адабиёти тарихига туркий тилда “Хамса” ёзган шоир сифатида кирган. Ўзбекистонда Алишер Навоий қанчалик севилса, Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий, Имодиддин Насимий ҳам шунчалик севилади”, – деди Самир Аббосов.
Маърифий тадбирда Озарбайжон парламенти депутати Ганира Пашаева ҳамда Озарбайжон маданият маркази раҳбари Самир Аббосов қатнашди.
Аввалроқ буюк шоир юбилейи муносабати билан ЮНЕСКОнинг Париждаги қароргоҳида ҳам тадбир ташкил этилганди. Ушбу тадбирда қайд этилишича, Низомий Ганжавий ўз асарларида тараннум этган тенглик, адолат, тинчлик, аёллар ҳуқуқлари, инсонпарварлик каби масалалар бугун ҳам аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бу ғоялар ЮНЕСКО илгари сураётган тамойилларга ҳам ҳамоҳангдир.
Ҳаага, Москва, Пекин, Қоҳира каби йирик маданий марказларда ҳам улуғ мутафаккир таваллудининг 880 йиллиги муносабати билан тадбирлар ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, Озарбойжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2021 йил 5 январдаги қарори билан жорий йил Низомий Ганжавий йили деб эълон қилинган.
“Жаҳон адабиётининг етук намояндаси, Озарбойжоннинг даҳо шоири ва мутафаккири Низомий Ганжавий инсоният бадиий тафаккури солномасида янги саҳифа очган бетакрор шахслардан бири саналади. Улуғ сўз санъаткорининг халқимиз маънавиятининг ажралмас таркибий қисмига айланган ёрқин мероси асрлар мобайнида бетакрор маданий қадриятлар хазинасидан муносиб ўрин эгаллаб келмоқда”, – дейилади Озарбойжон Президентининг қарорида.
Ўзбекистонда Алишер Навоийнинг таваллудининг 580 йиллиги, Туркияда Юнус Эмро вафотининг 700 йиллиги нишонланаётган 2021 йилда Низомий Ганжавий таваллудининг 880 йиллиги тантана қилинаётган чуқур рамзий маънога эга. Бу туркий халқларнинг азалий дўстона робиталари ва қардошлигининг яна бир тимсоли бўлса ажаб эмас.
Низомий Ганжавий (тахаллуси; асл исм-шарифи Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайяд) – озарбойжон шоири, мутафаккири ва маърифатпарвари. Манбаларга кўра, у Қуръонни ёд олган, фиқҳ, тарих, география, фалсафа ва мантиқ бўйича устод даражасига етишган. Табиий фанлар, хусусан, табобат, илми нужум ва математикани ҳам яхши билган.
Улуғ мутафаккирнинг Ганжа шаҳридаги мақбараси
Низомий Ганжавийдан 20 минг байтдан иборат шеърий девон мерос қолган. У Шарқ мумтоз адабиётининг турли жанрларида баракали ижод қилган. “Маҳзан ул-асрор”, “Хусрав ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Ҳафт пайкар”, “Искандарнома” каби беш достондан иборат “Хамса” асари шоир ижодининг чўққиси саналади. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да Низомий Ганжавийни шайхлар қаторида зикр этган. XIV аср ўрталарида Қутб Хоразмий “Хусрав ва Ширин” достонини туркий тилга ўгирган. XIX асрда эса Огаҳий “Ҳафт пайкар”ни насрий таржима қилган. Низомий Ганжавий муҳташам адабий мероси билан туркий дунёнинг бир неча авлод қаламкашлари ижодига кучли таъсир кўрсатган.
С.Салим