Фото: AFP
Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Халқаро парламент стипендияси (IPS, Internationales Parlaments-Stipendium des Deutschen Bundestages) дастури учун ариза қабул қилиш бошланганини эълон қилди. Германия Бундестаги президенти ҳомийлигида ташкил қилинган дастур ёш иқтидор эгаларига олмон парламенти тизими билан назарий ва амалий жиҳатдан танишиш имкониятини беради.
5 ойлик дастур малакаси, шахсий фазилатлари ва қарашларига кўра ўз мамлакатида бошқарув ёки мультипликатив функцияга эга бўлган олий ўқув юртларининг ёш битирувчиларига мўлжалланган.
Келгуси йил учун режалаштирилган дастур 2024 йил 1 мартдан 31 июлга қадар давом этади.
Танловда иштирок этиш талаблари қуйидагилардан иборат: Ўзбекистон фуқаролиги; тамомланган олий таълим; олмон тилини юқори даражада билиш (минимал B2); сиёсат ва жамият соҳасида, шунингдек, Германия тарихида алоқаларни ўрнатишга юқори қизиқиш; фуқаровий фаоллик; ёш чегараси: грант олиш вақтида 30 ёшгача (иштирокчи 1994 йил 1 мартдан кейин туғилган бўлиши керак).
Аризалар 2023 йил 31 июлгача Тошкентдаги Германия элчихонасига топширилиши шарт. Барча ҳужжатлар электрон форматда [email protected] манзилига юборилади. Элчихона эслатмасига кўра, ҳужжатнинг сарлавҳасида аризачининг исми ва фамилияси кўрсатилган бўлиши керак. Агар иштирокчи ҳужжатларни махсус дастур ёрдамида кичрайтирилган ҳажмда жўнатмоқчи бўлса, фақат “.zip” кенгайтмали архив файлини яратувчи дастурдан фойдаланиши зарур.
1986 йилдан буён ташкил этилаётган дастур ўтган йиллар давомида иштирокчи давлатлар рўйхатини кенгайтириб бормоқда. Германия парламенти фаолияти ва қонун ижодкорлиги тизими билан яқиндан танишиш, демократик қадриятлар ва маданий хилма-хилликни англашни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилаётган дастур илмий-амалий семинарлар, Бундестагда амалиёт ва бошқа махсус тадбирларни ўз ичига олади.
Халқаро парламент стипендияси Германия ва иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли сиёсий сармоя саналади. Дастурга доир қўшимча маълумотларни Бундестагнинг расмий сайтидан олиш мумкин.