Кичкинтойларнинг севимли шоири, машҳур публицист ва таржимон Турсунбой Адашбоев 2017 йил 12 май куни Тошкент шаҳрида вафот этди.
Турсунбой Адашбоев 1939 йил 1 январда Ўш вилояти, Олабуқа туманидаги Сафед Булон қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетини ҳамда Москвадаги Жаҳон адабиёти институтини битирган.
«Камолнинг олмаси» деб номланган биринчи китоби 1967 йилда, талабалик чоғидаёқ нашр этилган. Кейинчалик Тошкентда ва Бишкекда «Биз саёҳатчилар» (1969), «Ала Толук боломун» (1971), «Арслонбобо шаршараси» (1973), «Сурнай» (1975), «Нур дарё» (1977), «Гулдаста» (1979), «Олатоғ — лолатоғ» (1982), «Оқбура тўлқинлари» (1985), «Совға» (1987), “Орзуларим қўш қанотим” (2003), “Осмондаги дарвоза” ), «Олтин ёлли тулпор қиссаси» (2003) каби тўпламлари босилиб чиққан. У 1967 йилдан буён Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси эди.
Турсунбой Адашбоевнинг ҳазил-мутойиба билан йўғрилган қатор асарлари рус, латиш, қозоқ, тожик тилларида чоп этилган. Энг сара шеърлари эса қирғиз ва ўзбек болалар шеърияти анталогияларидан ўрин олган.
Турсунбой Адашбоев жаҳон ҳамда қардош халқлар болалар шеърияти вакилларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш борасида ҳам фаол иш олиб борган. Уолтер Дэ Ламер, Ян Бжехва, Корней Чуковский, Самуил Маршак, Муса Жонғозиев, Қодир Мирзалиев, Оғагелди Алланазаров, Леонс Бриедис каби шоирларнинг шеърларини ёш китобхонлар Турсунбой Адашбоев таржимасида севиб ўқимоқдалар.
Ziyouz портали шоирнинг яқинларига таъзия изҳор қилади.