Владимир Филатов — офтальмологиянинг ғурури

Тирик организм, унинг узвлари, яхлитлиги, тўқималари, ҳужайралари, яшаш  фаолияти ва вазифаларини ўрганадиган физиология фани нуқтаи назаридан қараганда эса, барча умуртқали ва баъзи умуртқасиз маҳлуқотлар сингари одам ҳам ёруғ оламни кўзлари орқали кўради. Бу жараён ташқи муҳитдаги нарсалардан қайтадиган ёки сочиладиган ёруғлик нурларининг кўзга таъсир қилишига асосланади. Аниқроғи, нурлар кўзнинг энг устки тиниқ мугуз пардаси, сувсимон суюқлик, гавҳар, шишасимон ва турли масофадаги нарсаларни очиқ-равшан кўришга мослашишга хизмат қилувчи киприксимон таналар, рангдор парда ва қорачиқ орқали ўтиш асноси уларда синиб, тўр пардага тушади. Унинг ҳужайраларида ёруғликка сезгир моддалар парчаланади. Натижада ёруғлик энергияси асаб қўзғалишига айланиб, тўр пардадан бош мия пўстлоғининг энса қисмларидаги кўриш марказларига ўтади. Ёруғлик таъсирлари бу марказларда муайян шакллар сифатида идрок этилади. Шу тариқа биз борлиқни кўриб, унинг гўзалликларидан завқланамиз, ўзаро дийдорлашамиз, ўқиб-ўрганиб, ишимизни бажарамиз.

Бироқ, “Ҳар тўкисда бир айб!” деганларидек, одамзод яралибдики, унга мудом бахт билан кулфат, қувонч билан ғам, ютуқ билан омадсизлик, соғлиқ билан дард ҳамроҳ. Аксариятимизни жиддий ташвиш-изтиробга соладиган хасталиклардан бири эса, шубҳасиз, кўз касалликлардир. Улар туғма ва ҳаётда орттирилган, юқумли ва юқумсиз, ўткир ва сурункали бўлади. Гоҳида кўзлардан бирига, гоҳида ҳар иккаласига ҳам путур етказади. Энг ачинарлиси, бош миянинг айрим бўлаклари, кўриш нервлари, кўз тўр пардаси ривожланишининг бузилиши оқибатида вужудга келадиган туғма кўрлик ҳамда кўз ичи босимининг зўрайиши – кўксув (тиббий тилда – глаукома), кўз шиллиқ пардасининг сурункали яллиғланиши билан кечадиган юқумли касаллик (трахома), мугуз парда яллиғланиши (кератит), кўриш нервларининг зарарланиши, шунингдек, кўз косаси ва бош мия шикастланишидан пайдо бўладиган орттирилган сўқирликда кўриш қобилияти буткул йўқолиб, одам ёруғликни қоронғиликдан ажратолмайди. Кўриш нерви тўқималарининг озиқланиши бузилиши туфайли аъзоларнинг кичрайиб, ҳужайралар сифатининг ўзгариши (атрофия,) кўксув, трахома  касалликлари, кўзнинг оғир шикастланиши ва куйиши вақтида даволанмаган ҳолларда ҳам одам кўр бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.

Кўз хасталикларининг яқиндан кўриш, узоқдан кўриш, шабкўрлик, ғилайлик, киприклар асосининг, кўз шиллиқ пардасининг баъзан ёки сурункали касалланиши, шиллиқ ва мугуз пардаларнинг қуриб қолиши, кўзнинг нурларни бир нуқтада синдира олмаслиги, унинг айлана мускуллари беихтиёр қисқариши, оқ тушиши туфайли мугуз парданинг хира тортиши, гавҳар фаолиятининг бузилиши ва баъзан кўрмай қолиши, кўз соққаси ва косаси, қовоғи, кўз ёши аъзолари касалликлари билан боғлиқ бир неча тури бор. Улар тиббиётда миопия, гиперметропия, гемералопия, страбизм, блефарит (шилпиқлик), коньюнктивит, трахома, (ксерофтальмия), астигматизм, блефароспазм, лейкома, катаракта деб юритилади. Келиб чиқишига организм учун умумий бўлган сил, захм, бод, грипп, бўғма, терлама, безгак, қўтир, бруцеллёз, гижжалар, эндокрин, оққон, қон ва қон-томир, марказий асаб тизими хасталиклари, саратон, саркома каби хавфли ўсмалар, бурун бўшлиғидаги ҳужайра, тўқима ва аъзоларнинг тузилиши ҳамда фаолияти бузилиб бориши жараёнининг атрофга тарқалиши, организмга касаллик қўзғатувчи микроб ва вируслар кириши, механик, кимёвий кислота ва ишқорлар, иссиқлик, ёруғлик, радиоактив нурдан шикастланиш ҳам сабабчи бўлади.

Кўз касалликлари сабабларини аниқлаш, даволаш ва олдини олиш масалаларини клиник тиббиётнинг муҳим тармоқларидан бири бўлмиш офтальмология фани ўрганади. Бу соҳа ХVIII аср охири ва XIX аср бошига келиб, Европада бирмунча ривожланганди. Жумладан, 1805 йили Москва университети қошида Россиядаги дастлабки офтальмология шифохонаси очилди. Ҳаял  ўтмай, Петербургда Медиклар хайрия жамияти маблағи ҳисобига ихтисослаштирилган кўз касалликлари клиникаси (беморларни даволаш билан бирга, таълим  ва илмий-текшириш ишлари олиб бориладиган тиббий муассаса) қад ростлади. 1903 йил 25 сентябрда эса Одессадаги Новороссийск университетида Россиядаги ягона ва дунёда бармоқ билан санарли кафедралардан бири бўлган мустақил иш юритувчи офтальмология кафедраси ташкил этилди.

Жаҳон офтальмологларининг 1928 йили Парижда бўлиб ўтган анжуманида ўша кезлар Курраи заминда тахминан 6 миллион нафар икки кўзи ожиз, 15 миллион нафар сўқир ногиронлар борлиги, улардан салкам ўттиз фоизи кўзга оқ тушиши оқибатида азият чекаётгани афсус ила қайд этилди. Шунинг баробарида агар хаста кўзга бошқа мугуз парда кўчириб ўтқазилса, у қайта кўра бошлаши мумкинлиги алоҳида таъкидланди. Пировардида бу вазифани ҳозирча фақат бир киши – россиялик таниқли офтальмолог ва жарроҳ Владимир Петрович Филатов уддалай олади деган якдил хулоса чиқарилди.

Албатта, ҳамкасблар эътирофида жон бор эди. Қолаверса, 1875 йили Симбирск шаҳрида туғилган Владимир Филатов тиббиёт соҳасига тасодифан кириб келмаганди. У том маънода шифокорлар сулосасидан эди. Масалан, отаси Пётр Федорович ниҳоятда ўқимишли, касбига фидойи инсон бўлиб, бир вақтнинг ўзида ҳам земство шифокори, ҳам кўз доктори вазифасини бажарарди. Амакиси Нил Федорович эса Россияда болалар касалликлари ва уларни даволаш ҳақидаги педиатрия фани асосчиларидан бири сифатида иситма ва ангинанинг пайдо бўлишини, лимфа тугунлари катталашиши, қон таркиби ўзгариши билан ифодаланадиган ўткир юқумли мононуклеоз (Филатов касаллиги)ни аниқлаган, қизилча ҳамда қизамиқнинг дастлабки аломатларини тавсифлаб берган атоқли олим сифатида донг таратганди. Энг муҳими, у узоқ йиллар Москва университетида ишлаш асноси болаларда учрайдиган бўғмага қарши зардоб ишлатишни ва муолажа жараёнида бактериологик усулни қўллашни бошлаб берган, жаҳон тиббиёт фанини касалликларнинг диққатга молик янгича тавсифлари, чўнг аҳамиятга молик клиник кузатишлар, кенг кўламли илмий ишлар билан бойитганди.

Шунданми, Володя 17 ёшида Москва университетининг офтальмология бўлимига ўқишга кирди. Бу пайтда ҳали сўқирликнинг давоси топилмаган, лекин кўз мугуз пардасининг хиралашиши, соддароқ қилиб айтганда, кўзга оқ доғ тушиши кўрликнинг кенг тарқалган асосий омили ҳисобланиши, агар у тобора қуюқлашиб, иккала қорачиқни ҳам қоплаб олса, киши бутунлай кўр бўлиб қолиши мумкинлиги аниқланганди. Шу боис сўқирликка қарши курашишнинг ягона омили сифатида жарроҳликнинг иридэктомия – кўз рангдор пардасининг бир қисмини жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш усули кашф қилинганди. Унга кўра, аввал оқ тушган мугуз парданинг хиралашмаган қисми кесилар ва рангдор парданинг бир четидан туйнукча очиб, сунъий қорачиқ ҳосил қилинарди. Сўнгра рангдор парданинг қолган қисми жойига қайта киритиб қўйиланди. Нур янги туйнукча орқали кириб, эски қорачиққа, ундан кўз гавҳарига тушар ва мияда кўриш сезгиларини уйғотарди. Аммо оқ тушишидан кўр бўлиб қолганларнинг ҳаммасида ҳам иридэктомияни амалга ошириб бўлмасди. Чунки мугуз парда буткул хиралашиб қолган бўлса, рангдор парда сатҳида ёруғлик тушадиган заррача жой қолмас, шу боис операциянинг фойдаси тегмасди.

Талаба Филатовни эса оқ чандиқ тўлиқ қоплаб олган кўзни даволашнинг бошқача, яъни унга мугуз пардани кўчириб ўтқазиш усули қизиқтирарди. Аслида бу янгиликни таниқли  шифокорлар аллақачон амалда қўллай бошлашганди. Чунончи, даво мақсадида суякни пармалаб тешадиган, қиялама цилиндр шаклидаги, қирралари ўткир қилиб чархланган трепан асбобини яратган Гиппель, қозонлик машҳур професор Адамюк айни жабҳада бир неча бор амалий тажрибалар ўтказишди. Ҳар сафар хийла қўпол трепан ёрдамида кўз доғида туйнукча очиб, унга ҳайвонлардан, кўпинча қўйдан олинган мугуз парда парчасини улашди, илмий тилда айтганда, трансплантация қилишди. Бироқ тайинли натижага эришолмадилар. Негаки, кўчириб ўтқазилган мугуз парда бўлаги ҳеч қанча ўтмай хира тортиб қолаверди…

В.Филатов 1897 йили ўқишни битиргач, аввал Москва университети қошидаги, кейин шу шаҳардаги кўз касалликлари шифохонасида турли лавозимларда ишлади. 1903 йили эса Одессага бориб, профессор С.Головин бошқараётган клиникада ординатор ва ассистент вазифасини ўтади, кўплаб беморларни даволади, шунингдек, ҳарбий хизматда бўлди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам мугуз пардани қисман эмас, тўлиқ кўчириб ўтқазиш борасидаги илмий изланишларини изчил давом эттирди, кўз хасталикларининг турли кўринишларини чуқур ўрганиб, жарроҳлик асбобларини такомиллаштирди. Ўз навбатида,  “Офтальмологияда  заҳарли ҳужайралар ҳақидаги таълимот” мавзусида диссертация ёқлади. Ана шу жараёнда ҳайвонлардан кўчириб ўтқазилган мугуз парда ҳужайралари инсон организми тўқималарига ёт бўлгани учун йўқолиб кетишини, оқибатда операция қилинган кўз яна хира тортиб қолишини аниқлади. Янги “Офтальмология архиви” китобини ўқиб, мугуз пардани одамдан одамга  кўчириб ўтқазиш борасидаги илк уринишлар ва уларнинг натижаларидан огоҳ топди.

Ва ниҳоят, у 1912 йил 28 февралда ҳали ҳеч ким журъат этмаган ишга қўл урди. Сўқир кўзга одамдан олинган мугуз парда тўқималарининг маълум қисмини кўчириб ўтқазди. Афсус, барибир, фойдаси бўлмади, бемор шифохонадан дардига даво тополмай чиқиб кетди. Икки йил кейинги навбатдаги операция ҳам натижасиз тугади. Шунга қарамай, В.Филатов аҳдидан қайтмади. Алқисса, муаммони ҳал этишнинг ўзига хос усулини яратди. Узоқ ҳозирликдан сўнг 1931 йил  6 май куни уни амалга оширди. Янги асбоблар ва мурдадан олинган мугуз пардасидан фойдаланиш самараси ўлароқ, бу сафар операция муваффақиятли чиқди. Ҳар қанча вақт ўтса-да, трансплантат хира тортмайдиган бўлди. Шундай қилиб, сўқир кўзни даволашда ўзига хос инқилоб рўй берди. Бу кашфиёт мугуз пардани кўчириб ўтқазишда кескин ўзгаришлар ясаган янги усул сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди.

Владимир Филатов кўз касалликларини клиник тадқиқ этиш усулларига янгилик киритиш, шилпиқлик ва кўксувга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, организмда хасталикнинг  урчиши ва ривожланишига боғлиқ муаммоларни бартараф этиш борасида ҳам катта ишлар қилди. Жумладан, трансплантатнинг хиралашиши олдини олувчи воситани излаш жараёнида кўчириб ўтқазилган қўшимча бўлак мугуз парданинг юза қатламида трансплантат тиниқлашишга олиб келишини кузатди. Инсон териси остига ҳайвонлар ва ўсимликлар тўқималарини улаш, волчанка (тери силининг бир тури), тери яраси, гинекологик ва кўз касалликлари, бошқа қатор хасталиклар жараёнига терапевтик таъсир ўтказишини аниқлади. У таклиф қилган “Тери новдаси” номи билан машҳур пластик усули эса, жароҳат ва чандиқларни олиб ташлаш ёки тери нуқсонларини беркитишдан ташқари, бурунда, лабларда, ошқозонда, сийдик чиқариш каналлари ва бошқа аъзолардаги йўқотишлар ҳамда шакл ўзгаришларини ҳам тиклаш имкони берди. В.Филатовнинг тўқималар терапеяси негизида ётадиган биоген қўзғатувчилар ҳақидаги таълимоти ҳам инсоният корига яради. Бу моддалар касал организмга киритилса, ундаги физиологик реакцияларнинг фаоллашишига ва беморнинг соғайишига хизмат қилиши исботланди.

Владимир Филатов 1936 йилдан эътиборан Одессадаги Украина кўз касалликлари илмий-тадқиқот институтига директорлик қила бошлади. Кейинчалик республика Фанлар академиясининг академиги, собиқ Иттифоқ Тиббиёт фанлари академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. Офтальмология ва умумий жарроҳлик соҳасидаги буюк хизматлари учун Меҳнат Қаҳрамони унвони, И.Мечников медали билан тақдирланди. 1956 йил 28 февраль куни эса 81 ёшида дунёдан ўтди. Вафотидан кейин ўзи бошқарган институтга унинг номи берилди.

“100 великих врачей” китоби ва бошқа манбалар асосида Абдунаби  Ҳайдаров тайёрлади.