Болалар мeҳнати: дунёни ўйлантирадиган муаммо

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар Жамғармаси – UNICEF маълумотларига қараганда, болалар меҳнатидан фойдаланиш дунё миқёсидаги муаммодир. Аниқроқ айтадиган бўлсак, дунё виждонидаги чандиқ. Жамғарма, тараққий этган давлатлар бу йўлда кўпроқ ишларни бажариши лозим, дея фикр билдирмоқда.

UNICEFнинг сўнгги ҳисоботига кўра, дунёдаги ҳар ўн иккинчи бола қул, аскар ёки фоҳиша сифатида ишлашга мажбурланади. Турли оғир ва жирканч ишларга зўрланаётган болалар сони бугун 200 миллиондан ҳам ошиб кетган. Бола меҳнатидан фойдаланиш одам яшамайдиган Антарктидадан ташқари, барча қитъаларни қамраб олган. Аммо сон жиҳатидан Африка ва Осиё мамлакатлари қора рўйхатнинг олдида. Болаларни оғир меҳнатга мажбурлаш дунёнинг аксари мамлакатларида учрайди, аммо ҳар бир ҳудудда ўзига хос меҳнат турлари кенг тарқалган.

Дейлик, Осиёнинг қашшоқ мамлакатларида болалар чидаб бўлмас шароитларда, иссиқ ё совуқ, оғир ё енгил демай, дуч келган ишни қилиб бир бурда нон топишга мажбурлар. Африкада эса нон топиб ейиш ташвишидан ташқари, уруш кечаётган ҳудудларда болаларни аскарлик қилишга ҳам мажбурлашади. Европада эса дунёнинг камбағал мамлакатларидан келтирилган болалар фоҳишалик билан пул топишга ундалиши ҳақида айтилади.

Болалик — подшолик, дейдилар. Аммо ўша подшолик кушандаси, айни кунларда қашшоқлик бўлиб турибди. Ҳисоботга кўра, жаҳондаги қашшоқлик ҳамон болалар бахтига чанг солаётган асосий омиллардан бўлиб қолмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ривожланган давлатлар кўмагида 2015 йилгача жаҳондаги қашшоқликни тенг ярмига қисқартириш ва болалар ўлимини камайтаришга бел боғлаган. Хусусан, қашшоқ мамлакатларнинг қарзларидан кечиш ёки уларни камайтириш, дунёдаги савдо-сотиқ ишларига барча давлатларнинг иштирок этишларини таъминлаш борасида сўз кетмоқда.

Аммо бу каби режаларни амалга ошириш йўлида ҳали бирон узил-кесил келишувларга келинмаган. Бунинг устига, айтилаётган таклифлар амалга ошган тақдирда ҳам, асосан, Африка, Осиё ва Жанубий Америкада оғир меҳнат остида қолаётган миллионлаб болаларнинг ҳаёти тез фурсатда ўнгланиши даргумон.

UNICEF ҳисоботи бой давлатлар бераётган ёрдамлари миқдорини йилига 50 миллиард долларга кўпайтириши керак, деган чақириқ билан чиққан. Лекин қатор кузатувчиларнинг айтишларича, қашшоқ мамлакатлардаги болалар ҳаётини ўнглаш учун пул ажратишнинг ўзи етарли эмас. Сабаби, коррупция ва порахўрлик кўп жойларда авж олган. Шу боис ажратилган маблағ эҳтиёжманд норасидалар ҳаётини яхшилашга имкон бермаслиги эҳтимоли каттадир.

Бола меҳнатидан фойдаланиш ҳоллари қанчалик кўп сабабларга бориб тақалмасин, ҳеч бири норасидаларнинг саломатлиги ва таълим олиш ҳуқуқига дахл этмаслиги лозим. Аммо камбағал давлатларда боланинг кучи ва ақлидан оилада ёки жамиятда фойдаланиш одатий ҳолдир. Дейлик, Афғонистонда отасини йўқотган оилаларда тўнғич ўғил дуч келган ишни бажариб бўлса ҳам рўзғор ташвишини тортишга мажбур. Акс ҳолда, оиладаги хотин-қизлар фақат тиланчилик билан шуғулланиб, рўзғор тебратишлари мумкин.

Кўплаб давлатларда бола ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонунлар мавжуд бўлсада, улар деярли ишламайди.Камбағаллашиб қолган минтақадаги кўплаб оилалар бугун фарзандлари топган пулга бутун бир оилани тебратмоқда. Болалар асосан ҳаммоллик, мардикорлик қилиб пул топадилар. Омади чопганлари эса енгилроқ савдо-сотиқ билан шуғулланишлари мумкин. Аммо савдо-сотиқ билан шуғулланиш ёки бирон корхонада ишлаб пул топиш имкони бўлмаган қишлоқ ҳудудларида муаммо ўткирдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун дунёдаги қашшоқликни тугатишда бой давлатлар кўпроқ масъулият ҳис этишлари керак, демоқда. Аммо кўплаб кузатувчиларнинг фикрига кўра, болалар меҳнатидан фойдаланадиган мамлакатлардаги ҳукуматлар бу ишга жиддий ёндашмасалар, айни йўналишда сезиларли ўзгаришларни кутиб бўлмайди.

Ҳозирча эса оғир ва таҳқирли ишларга жалб этилаётган болалар бутун дунё болаларининг 200 миллионидан ортиғини ташкил этиши ҳақиқат.

UNPFA БАЁННОМАСИ

Шунингдек, БМТнинг аҳолишунослик масалалари билан шуғулланувчи UNPFA жамғармаси ҳам ўз баённомасини тақдим этди. Ташкилотнинг тадқиқотларига кўра, дунёнинг энг қашшоқ элликта давлатининг аҳолиси 2050 йилга келиб икки марта кўпайиши мумкин. Бадавлат мамлакатларнинг аҳолиси деярли ўзгармас экан.

«Жаҳон аҳолиси истиқболлари» деб номланган бу баённомада шунингдек, 2050 йилга келиб, ер юзидаги одамзот тўққиз миллиарддан ошиши мумкинлиги айтилган.

Бадавлат ва қашшоқ давлатлардаги аҳоли ўсиши ўртасида, том маънода ер билан осмонча фарқ борлиги кўзга ташланади. Қашшоқ мамлакатлар аҳолиси икки карра, айрим бир мамлакатларда, масалан, Афғонистон, Чад, Конгода эса уч марта кўпайиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳолишунослик масалалари бўйича вакили Хаина Злотник фикрларига кўра, бу мамлакатларда туғилиш ҳам, ўлиш даражаси ҳам жуда юқоридир. Аммо сон жиҳатдан йириклашаётган бу мамлакатлар ўз халқини меъёрий даражадаги яшаш шароитлари билан таъминлашга қурбсиздир.

Африкада ўртача умр кўриш қисқариб бораётир, бунинг асосий сабаблари қаторида ОИТС тарқалиши, қуролли зиддиятлар, иқтисодий муаммолар, турфа юқумли касалликлар айтилмоқда.

Бу тушкун тахминларга қарама-қарши ўлароқ, бадавлат мамлакатларда вазият деярли ўзгармайди. Ўртача туғилиш Япония, Германия, Россия ва МДҲнинг айрим давлатларида анча паст даражада қолмоқда.

Тараққий топган давлатларда аҳоли ўзгаришлари эса, мазкур баённомага кўра, айнан миграция билан боғлиқ бўлиши кутилар экан. Бугунги кунда Америка, Германия ва Канада миграция оқимининг марказида бўлган давлатлардир.

Шарифа МАДРАҲИМОВА
(BBC ахборот агентлиги материаллари асосида тайёрланди).