Тошкент шаҳрининг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги” шиори остида “Болалар китоби” II республика фестивали ўтказилмоқда. Унда юртимизда фаолият юритаётган 60 дан зиёд нашриёт ва матбаа корхоналари ўз китоб маҳсулотлари билан иштирок этмоқдалар.
Фестивални Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кўмагида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ёзувчилар уюшмаси, “Соғлом авлод учун” ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия фонди ташкил этган.
Тадбирнинг мақсадиўсиб келаётган авлодни интеллектуал ривожланган ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кенгайтириш, ёшларнинг миллий адабиётга бўлган қизиқишини, китобга бўлган ҳурматини ошириш ҳамда китобхонлик ва мутолаа маданиятини янада шакллантириб боришга ҳисса қўшиш, болалар учун мўлжалланган ижтимоий-бадиий жиҳатдан етук адабиётлар салмоғини кўпайтириш ҳамда болалар адабиётига ихтисослашган нашриётлар фаолиятини қўллаб-қувватлашдир.
“Болалар китоби” II республика фестивали бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳам ўтказилмоқда. Фестивал 19 сентябргача давом этади.
Тадбирда иштирок этаётган “Hilol nashr” нашриёти ходими Ёрқинжон Ҳайдаровнинг айтишича, бу йилги фестивалда нашриёт томонидан болалар учун мўлжалланган 10 номдан ортиқ китоб тақдим этилган. Яқинда чоп этилган “Тўрт мучангиз соғ бўлсин” (муаллиф – Ирода Улуғбек қизи) китобида уй-рўзғор буюмларига шеърий тарзда, болалар учун қизиқарли усулда таъриф берилган, суратлари ҳам илова қилинган. “Одобингиз – обрўйингиз” китобида эса, ҳикматлар асосида болалар учун ахлоқ қоидалари баён қилинган. Шунингдек, Тоҳир Маликнинг “Меҳмон туйғулар”, “Сиз қандай яшамоқчисиз?” китоблари ҳам янги китоб сифатида тақдим этилди.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2015 йил 1 июль ҳолатига кўра, 111 та нашриёт, 1650 га яқин матбаа корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилган. Республика нашриётлари томонидан ҳар йили 3 минг номдан зиёд, умумий адади 45 млн. нусхадан ортиқ турли китоб маҳсулотлари нашр этилмоқда. Элликдан ортиқ нашриёт болаларга бағишланган ноширлик маҳсулотларини чоп этиб келмоқда. Бугун юртимизда нашр этилаётган адабиётларнинг ҳар учтадан биттаси бевосита болаларга бағишланган нашрлардир.