Қалам аҳлининг жон озиғи – тил (таниқли адиб, таржимон Аҳмад Аъзам билан мулоқот) (2013)

— Аҳмад ака, она тилимизнинг жозибадорлиги, унинг софлигини сақлаш, шунинг билан бир қаторда тил қонуниятларининг бузилиши ҳақда матбуотда қилган туркум чиқишларингиз барчага масъулият юклайди. Сиз тилни улкан бир дарахтга ўхшатасиз. Уни тарбиялаш, озиқлантириш, керак бўлса, бачки навдалардан тозалаб туриш зарурати ҳақида омади гаплар айтилган. Ҳақиқатан ҳам тилимизнинг ҳозирги ҳолати бир дарахт мисолида жуда содда ва яққол ифодасини топган.

Бугунги суҳбатимиз мавзуси – тил қонуниятларининг бузилишига сабаб бўлаётган омиллар, албатта, жуда кўп. Бу ҳақда ўз фиркларингизни қисман баён қилгансиз. Мақсадга ўтадиган бўлсак, ўзингиз таъкидлаган “авом”да ҳам айб йўқ. У кўрганига, эшитганига амал қилади. Бизнингча асосий муаммо она тилини ҳурматлаш, тўғри қўллаш, ундан фойдаланиш жараёнида савия, малака, балки, масъулиятнинг етишмаётганидандир. Бошқа миллатнинг тилида гапираётиб, иборани хато қўлласангиз, дарҳол тўхтатади. Сўзни тўғри ифодалаб, йўлга солади. Бу шахс­нинг кўникмасига боғлиқ бўлса керак. Ўзингизга маълум. Одам гапирмасдан туролмайди. Ёки ундай гапир, бундай гапирма ҳам деб бўлмайди. Шундай экан, инсонда тилга муносабатни, уни ҳурмат қилиш кўникмасини қандай шакллантириш керак? Одам гапираётганида қандай таомилларга риоя этгани маъқул, нима деб ўйлайсиз?

— Ундай гапир, бундай гапирма деган тарбия оиладан берилиб, тил муҳитида – жамиятда камол топиб боради. Бу камол топиш – ўсиш бесўнақай бўлиб кетавериши ҳам мумкинки, бу ҳам шу тил муҳитига боғлиқ. Ҳозир чет истилоҳлар аралашмаган, матбуот тили ифодаларини ўзгартирмаган биронта мутлақ соф шева қолмаган, энг овлоқ тоғларимизда яшаётган эл-елатларимиз борки, радио, ТВ, газета-журнал етиб бораётган бўлса, бу ердагиларнинг лаҳжалари замон равишидан таъсирида, яъни ўзгаряпти: ҳам бойимоқда, ҳам қашшоқланмоқда.

Мен Тошкентнинг қадим мавзеларидан бири қадим маҳаллада тураман. Маҳалламиз кўчаси ёқалаб четлари семон қилинган бир ариқча жилдирайди, унда сув бўлиб сув эмас, мағзава бўлиб мағзава эмас, ишқилиб ирганч бир суюқлик, одамларнинг уйидан чиққан ювинди, оқинди ва ҳатто… майли, бу ёғини айтмай, лекин оқади. Узоқдан росмана ариқчага ҳам ўхшайди. Бир куни ариқчамиз тўхтаб қолди – сув қувурларини таъмир қилаётган эдилар. Бир ёши ўтган қўшним билан гаплашиб турган эдим, шу киши: “E-е, буни қаранг-а! Болалигимизда шу ариқда чўмилар эдик, нон оқизоқ қилиб ер эдик!”, деб ҳасратини айтиб қолди. Темир-бетон семон ўзанчасида алламбалоларни юмалатиб ўтадиган ариқча жониворга қараб, ҳайфим келди: наҳотки шундан бир вақтлар тоза сув оққан бўлса! “Eллик йилнинг нари берисида-я! – деб амаки яна ҳасратланди. – Ота-боболаримиз сув ичган ариқ! Яна эллик йилдан кейин нима бўлар экан!”.

Бу мисолни нимага айтаётганимни тушуниб турибсиз, буни ҳаммамиз тушунамиз: табиат ўзгаряпти, табиатни башарият бузяпти – буни табиатнинг ичида кўриб-билиб ўтирибмиз. Э-е, тавба, ҳатто ер курраси атрофи коинотни ҳам миллионлаб чиқитга тўлдириб ташлабмиз, ракета, сунъий йўлдошга ўхшаган ҳар хил ускуна қолдиқлари сайёрамиз теграсида ғиж-биж ғужғон айланиб ётибди экан. Мошдайи тўқиниб кетса, ўша минг тоннали ракетани гранатадек портлатиб юборади. Астағфируллоҳ!

Нима қиляпмиз?

Мен туғилган қишлоқдан Булунғур ариғи ўтади. Тийрамоҳдан кўкламгача суви, тагидаги чашмалардан йиғилиб оққани боис, тиниқ, топ-тоза бўлар, ҳовучлаб ичиб, обкашларда уйга таширдик: рўзғор шу зилол сув билан эди.

Ҳозир унинг сувини ичиб бўлмайди.

Уйимизнинг олдгинасидан Қипчоқариқ ўтади, унинг суви оқова аралашгани учун сал бўтана, бўз тусда, лекин куз-қишларда уни ҳам ичса бўларди. Ҳозир… буни сиз ҳам ўз қишлоғингизда кўриб турибсиз.

Бунга ҳам ўрганиб қолдик, энг ёмони ҳам шу ўрганиб қолаётганимизда. Яна шу ўрганиб қолаётганимизни эслатиб, бу яхши эмас, деган гапга ғашимиз келишида. Бунинг ҳам сабабини биламиз: табиатнинг бузилишини тўхтатишга кўп уриняптилар, машварат-келишувлар бўляпти, халқаро қонунлар қабул қилиняпти, давлатларга мажбуриятлар юкланяпти, аммо барибир бузиляпти, уни барибир бузяпмиз, тиклашга энди унинг ўзидек куч қерак, ҳар хил техник харажатлардан орттириб техноген жараёнга маблағ ажратишга кучимиз етмайди.

Биз эса тилимизни гапиряпмиз.

Она тилимизнинг ҳозири ва тақдирида кўп кўргулик синовлар бор, лекин бузилиши бу қадар муқаррар эмас деб, бандаи ожиз, умид қиламан. Негаки, у яралган – яратилган, ҳаётий, ўзини ўзи тузатади, жилла қурса. Ўзи учун ўзи курашади, унинг табиати шундай. Уни халқнинг минг-минг йиллик тафаккур тажрибаси вужудга келтирган, вужуднинг тириклиги эса одамларнинг ўзига боғлиқ. Бевосита – қалам аҳлига, билвосита афкор оммага, кенг маънода бутун халққа. Бинобарин, маданий савиямиз тилимизнинг бугун қандай аҳволда эканини белгилайди. Бу муаммони ҳар биримиз ўйлашимиз керак десак, унинг фақат юза қисминигина кўраётган бўламиз. Масала тубдан кўтарилиши лозим.

— Мақолаларингизда таъкидлаган сўзлардан таш­қари турмуш тарзимизга компютер баробарида унинг билан боғлиқ талайгина сўзлар ҳам истеъмолга кириб келди. “Ахборот-коммуникатсия технологиялари”, “статистика”, “Интернет глобал тармоғи”, “мобил алоқа”, “интерактив хизматлар” “електрон тўловлар”, “онлайн алоқа”, “електрон тижорат”,“СМС-банкинг”, “Мобил-банкинг”, “плас­тик карта” ва ҳоказолар. Бундай бўлиши табиий. Чунки, турмушимиз шиддат билан ўзгаряпти. Бу каби сўзларнинг муқобилини топишга зукко тилчилар ҳам улгуролмайди. Инсоният эса кутиб туролмайди. Кундалик ҳаётимизда маълум бир фикр­ни ифодалаш учун ўзлаштирма сўзларга эҳтиёж шу тариқа ортиб боряпти. Тараққиёт шиддатига назар солсангиз бу ҳол ҳали узоқ давом этишига амин бўласиз. Қайсидир маънода уларни аслича қўллашга мажбур бўлаётган матбуот ходимларини ҳам айблаб бўлмайди. Сабаби ҳар ким билганича муқобил изласа, ҳар хиллик вужудга келиши тайин. Биласиз, кечувдан ўтаётганда отни алмаштириб бўлмайди, деган нақл бор. Шундай кезда қандай йўл тутган маъқул?

— Шундай қўйиб қўйсак, тилимиз ҳам айни глобал гирдобга чўқиб кетади. Сиз мисол келтирган ва келтирмаган истилоҳ, иборалар ҳаводан тушмаган, ё лотиндан қолган, ё инглиз, ё немис, ё рус тилидан ўтган, ўша тилларда бу сўзларнинг маъноси, луғавий илдизлари бор. Ўша жаҳоний тиллар ҳозир бизга янгидан кириб келаётган тушунчаларни ифода эта оладиган даражада тараққий топган, шу тушунчадаги сўзларни яратган. Шундоқ экан, биз нимага яратмаслигимиз керак? Албатта, бу эшикни батамом тамбалаб, биронта ҳам чет истилоҳни киритмаслик дегани эмас. Аммо… нимага ўзбек туркийсидан муқобилини изламаслик ёки ёндош маънодаги сўзлардан янгисини ясамаслик керак? Биз шуни қилмаймиз. Қилсак ҳам, она тилимиздан шу қадар узоқлашяпмизки, бир чет тилдаги истилоҳни ўзимизга яқин туюлган бош­қа бир чет тилдаги истилоҳ билан алмаштириб оламиз: “сивилизатсия” – “тамаддун”, “астроном” – “мунажжим”. Бу чет атамалар азалдан истеъмолда бўлгани боис тилимизга сингиб кетган, Лекин янгиларини ҳам киритяпмиз. Чиқиб кетганларини яна қайтариб олиб киряпмиз: “бухгалтерия” – “муҳосиба”… Мустақилликнинг илк йилларида истилоҳларни ўйламай шунақа “миллийлаштириш” оқибатида луғатимизни форсий “гоҳ-гоҳ” босиб кетди: “илмгоҳ”, “олийгоҳ”, “ўйингоҳ”, яна бир нима “гоҳ”лар бор эди. “Институт”, “университет”, “стадион” тураверсин эди, бутун дунё шундай ишлатади. Эсланг, ўзимизда тайёр “қўнал­ға” атамаси тайёр турган ҳолда “тайёрагоҳ” деб қолдик: ярми арабий, ярми форсий бу “ижод”дан “аеропорт”нинг ўзи яхши эмасмиди? Байналмилал “раён”ни форсий “ноҳия”га алмаштирдик. Яхшики кимдир барака топгур, ҳай, нима қиляпсизлар, деб қолди шекилли, бу оламшумул “миллий тажриба” вақтидан сал ўтиб тўхтатилди. Лекин форсий “-нома”лар қолди: “далолатнома”, “баённома”, “ишончнома”. “Мажлис баённомаси” деймиз, ўзи шу мажлиснинг баёни ёзилса, яна нимага нома қиламиз? Ахир, номанинг ўзи ҳам баён-ку. “Бухгалтерия”, майли арабий бўлсин, ўрганганимиз “ҳисоб” десак бўлади, шундай ишлата бошласак, сўз айни бухгалтериянинг маъносини қамраб олади. Аввал “ҳисоб бўлими” дейлик, кейин жараёнда ихчамлашиб, “ҳисоб” сўзи “бухгалтерия” тушунчасини ифодалайдиган бўлади. Мана, яна бир мисол, “танқидчи”. “мунаққид” истилоҳини биз арабчадан олганмиз, шу маънони берадиган туркий атамани ишлатмаймиз, Ҳолбуки, ўз тилимизда бор – “синчи”. Қўллаб бошлайлик шуни, дастлаб ғалати туюлади, кейин ўрганишга айланиб, айни шу танқидчи маъносини тўла ифодалайдиган бўлиб кетади.

Дейлик, мисол учун уйғур тилида “телевизор” – “синолғу”, “радио” – “унолғу”. Бу билан уйғурлар замондан орқада қолгани йўқ, бу атамалар ўз маъносини тўла оқлайди (“син” – ҳам кўриниш, ҳам сифат, ҳам қиёфани билдирадиган кенг маъноли умумтуркий сўз, “синолғу”ни мен қиёфа, манзарани олиб кўрсатувчи, “унолғу”ни, табиий, ун – овоз, товуш, оҳангни олиб берувчи деб тушунаман). Энди биз шундай ўзгартирайлик демаяпман, мисол қиляпман. Мана, ўзим ҳам гапларим тил ҳақида бўлгани учун “тилшунос” истилоҳини қўллаяпман, ўрганиб қолганман, нимага “тилчи” демайман? Кўпчилик қилган ишни қилиш керак. Кўпчилик фанний соҳаларни форси-тожикийдан олиб “…шунослик”, олимларни “-шунос”, туркий “-чилик” билан “-чи” қўшимчалари билан ясаладиган сўзлар қашшоқлик қиладигандек. Ўз тилимизни ўзимиз қадрламаймиз.

Тилимиз тарихига қарайлик, айни қандай йўл тутиш кўрсатилган, тажрибадан ўтган: атамалар муқобили билан баравар қўлланган, натижада кераги керак ўринда сақланиб қолган. Масалан, “Банотунна”ш – “Етти қароқчи” (китобларда русчадан ўгириб олинган “Катта айиқ” истилоҳи-да бор); “Каҳқашон” – “Сомон йўли”; “Дубби акбар” – “Темир қозиқ” , баъзан “Олтин қозиқ” (халқ тилида), китобларда “Қутб юлдузи”.

Бизда бу тушунчаларни берадиган истилоҳлар йўқ, бу жараённи тўхтатиб бўлмайди энди деб ўтиравермаслик керак. Тилни қандай секин-секин бузган бўлсак, энди шундай секин-секин, аммо муқаррар тиклашимиз зарур. Аввал, мисол учун, байналмилал терминни муқобили ё таржимаси билан берайлик, “байналмилал”, “я”ни миллатлараро” тарзида, аралаш ишлатайлик, вақти билан саралангани тасарруфда ўзи қолади, униси секин чиқиб кетади. Биз эса бунақа ишларга ҳали қўл урганимизча ҳам йўқ. Бошлайлик, йўлнинг ўзи кўриниш беради.

— Ўзингизга яхши маълум, халқ оғзаки ижодидан ҳам, мумтоз адабиётдан ҳам замона зайли билан эндиликда талаффузимизга кириб келаётган халқаро миқёсда қўлланаётган сўзларнинг муқобилини излаб топиб бўлмайди. Шундай деймизу аммо Владимир Далнинг луғатшунослик фаолиятидаги фидойилиги, она тилини бойитиш борасидаги жонбозлиги кишида ҳавас уйғотади. Сизнинг туркум мақолаларингиз туфайли тилга ҳурмат, эътибор масаласи яна юзага қалқиб чиқди. Бунинг учун раҳмат, албатта. Айтинг-чи, луғатшунослигимизнинг юзини ёруғ қила оладиган тажрибали қалам соҳиблари топилади, бор бўлса, кимдир масъулиятни ўз зиммасига олади, деб ўйлайсизми?

— Бу улкан юмушга бир ёки икки одам ақл бўлолмайди. Айтяпман-ку, масаланинг туби жуда чуқур, мен юза қисмини ўзим билганча айтяпман.

Тил жараёни ўзича осойишта оқаётган дарёга ўхшайди, аммо унинг гумларида нима бўлаётганидан бехабар қоляпмиз.

Тажрибали қалам соҳибларимиздан бир неча мард балки ўз зиммасига олар, аммо иш айни шу луғатчиларимизсиз унмайди. Тилшунослик – тилчилик фанида неки соҳа бўлса, ҳаммасининг билимдонлари нафақат бош қўшиши, бошларни қовуштиришлари керак. Чунки қилинадиган ишнинг кўлами ниҳоятда кенг, эътиборсизлигимиз эса баттар ялпайтириб юборган.

Солиҳ Муталлибов нашрга тайёрлаб берган “Девони луғотит турк”нинг босилганига қанча бўлди? 1960 йили экан, эллик уч йил бўлибди. Буюк тил обидаси “Қутадғу билиг” заҳматкаш олим Қаюм Каримов тенгсиз меҳнати билан табдил қилиниб, 1971 йили босилган (айтишларича, шу киши “Қутадғу билиг” луғатини ҳам тузган, афсус, бу луғат дунё юзини кўрмаган, қўлёзмасининг тақдири ҳам номаълум). Кейин Боқижон Тўхлиев, Саъдулла Аҳмад табдиллари босилди, яхши, лекин Қаюм Каримов табдилни асл матн билан ёнма-ён берган. Нимага бу асарни мустақил бўлганимизга шунча йил бўлиб, ҳалигача қайта нашр қилмаймиз? “Санглоҳ”, “Абушқа”, “Ғиёсул луғот”, “Луғати чиғатой” каби тилимиз хазинаю сафиналари нимага нашр этилмайди? ФА Шарқшунослик институти, Алишер Навоий номидаги музей фондларида яна нима хазиналар очилмай ётган бўлса. Ҳали-ҳануз халқ оғзаки ижоди, достонларимиз луғати йўқ. Шева, шевалараро луғатлар яратилмаяпти, яратилаётган бўлса-да, дунё юзини кўрганича йўқ. Туркий тилларнинг қиёсий, солиштирма, аралаш луғатлари йўқ. Буларсиз она тилимизга қандай яқинлашамиз? Айни бугунги кунда чет истилоҳларнинг ўрнини босиши мумкин бўлган, бугунги замон тафаккуридаги тамо­йил-тушунчаларни ифода эта оладиган қанчадан-қанча дуру гавҳар тарих қатларида кўмилиб қоляпти. Албатта, чет атамаларни олибу ўрнига шундоқ қўйса бўладиган истилоҳларимиз тайёр тургани олма пиш – оғзимга туш эмас, уларни излаш керак, устида ишлаш керак.

Сиз Владимир Дални айтяпсиз. Русларда бундай олимлар кўп бўлган, Дал – кўзга кўринганларидан бири. Уларда тилчилик бўйича бугун қилинаётган ишлар ҳам ибратли биз учун. Лекин бизда ҳам тил заҳматкашлари анча бўлган, ҳозир ҳам борлар, аммо уларга эътибор кам, ички рағбат ҳам етмайди. Фитрат, Аюб Ғуломов, Олим Усмонов, Худойберди Дониёров. Болта Жўраев, Эргаш Рустамов, Раҳматилла Қўнғуров, Қаюм Каримов, Қозоқбой Маҳмудов (ўтганларини Оллоҳ раҳмат қилсин!) қилган ишлар ҳазилакам бўлмаган. Бугунги кунда Алибек Рустамий, Бозорбой Ўринбоев, Тўра Нафасов, Босим Тўйчибоев, Қозоқбой Йўлдошев каби тилчи домлаларимиз ўзларининг тажрибаю тадқиқотлари билан, қани шогирд, қани нашриётлар, деб турибдилар. Бу устозлар менинг билганларим. Лекин, гап шундаки, энди тилчиликни кимлар давом эттиради, кимлар яратилган ёки янги йўлдан олға кетади? Умид қиламиз, шу кимлар ҳам етишиб чиқар. Агар бир жойда депсиниб қолмасак, ўзимиз олдинга юрсак. Университетда ўқиганда “Ҳозирги замон ўзбек тили” курсларидан ташқари “Eски ўзбек тили”, “Диалектология” дарсларини тинглаб, синовлар топширганмиз. Ҳатто эски ўзбек тили – Ўрхун-енасой Ёзуви, яъни ўша тилимизда баён ҳам ёзганмиз. Ўша “будун”, “қоон”. “очун” каби қадимий туркий сўзлар ҳалигача ёдимда. Эсласам, айтсам, томирдаги қон экан-да, ширин титроқ беради. Демак, илдизларимиздан узилиб кетганимиз йўқ, аксинча, ўша илдизлардан янги ниҳоллар, тилни дарахт десак, янги новдалар ундиришимиз керак, бу новдалар барг берсин.

— Табиийки, “тил дарахти” ўсишдан тўхтамайди. Аммо унинг бачкилаб кетиши ҳам яхши эмас. Маълумки, талаффузимизга “инфаркт” деган сўз кириб келганига анча бўлган. Авом орасида аёллар кўпроқ қўллайдиган бир қарғиш бор. Ёмон кўрган одамига нисбатан “Ҳу, юраккинанг ситилсин” деган ибора ишлатилади. Юракнинг ситилишини тасаввур қилинг. Яъни қайғу аламга ботган одамнинг юраги зардобга тўлади ва у бир кунмас бир кун ситилади. Инфаркт ҳолати ҳам деярли шундай. Демак, изланса сўзларнинг муқобили ё бўлмаса халқона бирор бир тушунарли ибора топилади. Шундай эмасми? Сўзга чечан адиб, публитсист, таржимон сифатида қолаверса, фуқаролик бурчи нуқтаи назаридан бунга ҳақлисиз. Сиз тил қўрғонида қалам кўтариб юрган ёш ижодкорларга яна қандай талаблар қўйган бўлардингиз?

— Мисол учун – Босим Тўйчибоев билан Қозоқбой Қашқирлининг “Зоминнинг тил қомуси” китобини бир варақланг, шу биргина ҳудуд шевасидан ҳозир сиз айтганга ўхшаган маъно кўлами кенг ва айни замонга мос ўнлаб истилоҳ, сўз, иборалар топасиз. Тўра Нафасовнинг “Қашқадарё халқ сўзлари” китобида шунақа теша тегмаган, адабий тилимизга кирмай қолган гуруҳ-гуруҳ сўзлардан ҳайратга тушиб, “E-е. ўзимизда ҳам бор экан-ку!”, деб юборасиз. Ўзбек адабий тилига қарлуқ-чигил уйғур шевалари асос қилиб олингани билан ҳали бу шеваларнинг ўз сўз бойликлари ҳам батафсил ўрганилмаган. Ўғуз шеваси борасида ҳам бирон каттароқ тадқиқот қилинганини эшитмаганман. Муҳим маданий, маърифий ва, табиийки, сиёсий марказ Тошкент шевасининг, хусусан, луғавий хазинаси махсус ўрганилганми йўқми, масалан, мен бехабарман. Ўзига хослигини фақат “вотти-вотти”да деб ўйлаймиз. Унда адабий тилга кириши керак бўлган, лекин кирмаган нимагиналар бор экан? Қипчоқ шевасида эса тоғлар кўмилиб ётибди. Тўғри айтяпсиз: саволингиз жавобини адабий тил тарихи билан бир қаторда шевалардан излаш керак. Изланса, чет истилоҳларга муқобил ё муқобилликка номзод кўп “зирава” чиқади.

Талабга келсак, уларни ёшларга биз қўйишимиз эмас, ёшлар биздан сўраши керак – қани бизга нима қилиб бердингиз, деб. Улар биз қилган ишларни, агар қилолсак, ўрганиши лозим. Бизнинг қилолмаётган ишларимизни баъзиларини айтдим. Ўзбек адабий тилининг олис ва яқин тарихида яратилган шоҳ асарларимиз, шоҳона обида – тил ёдгорликларимиз бор: “Девону луғотит турк”, юқорида тилга олинган яна луғатлар, “Қутадғу билик”, “Ҳибатул ҳақойиқ”, “Қисасул анбиё”, “Бобурнома”. Лутфий, Атойи, Саккокий ғазалиёти, халқ достонлари. Қиссалари… Уларни қўлга олинг, ўқийсиз, тушунишга бирпасда кўникасиз, сўз, маъно товланишлари оҳангларидан олам жаҳон завқ оласиз, ҳам… тилимизни бирмунча асл ҳолида ўрганасиз. Яссавий ғазалларини қаранг, бугун худди табдил қилинганга ўхшайди – асил матни шу қадар равшан, кўнгилга қадр­дон. “Бобурнома”ни (табдилини эмас!) мен бир достон қадар кенгайган ғазални куйга солиб ўқигандек бўламан. Одамнинг руҳиятида муаззам бир куй туради. Мен ёшларга талаб қўймаган, балки улардан ўтиниб сўраган бўлур эдим: буюк тил обидаларимизни сўзима-сўзи ўқинг, ҳар бир ифодаси устида тўхтанг, ўйлаб олинг – шу сизни Ёзувчи қилади. Шу пайтгача биз қилган хатолар ҳаммамизга кўп йиллар етиб ортади. Сиз ўз тилингизни пухта-пишиқ эгаллаб жаҳон тил муҳитига чиқинг, у тиллардан ҳам жилла қурса, икки-учтасини эгалланг: бундан кейин замоннинг равиши шундай кетади. Она тилини пухта билишингиз эса хамиша ўзлигингизга замин. Унутмангки, қалам аҳлининг жон озиғи – тил!

— Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат, ижодингизга барака, умрингиз зиёда бўлсин.

Ўктам Мирзаёр суҳбатлашди

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2013).