Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Бинали Йилдиримни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар беради.
Мулоқотда томонларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланган.
Шунингдек, музокараларда олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувлар ва қабул қилинган битимларни амалга ошириш, шунингдек, ҳамкорликка оид қўшма дастур ва лойиҳаларнинг парламентлар вакиллари томонидан фаол қўллаб-қувватланиши муҳимлиги қайд этилган.
Бинали Йилдирим суҳбат асносида Президент Шавкат Мирзиёевга Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг саломини етказган.
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Бинали Йилдирим 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида ҳам учрашувлар ўтказган.
Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев билан учрашувда парламентлараро мулоқотни чуқурлаштиришга ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири экани қайд этилган.
Мулоқотда томонлар Олий Мажлис Сенати ва Буюк Миллат Мажлиси шафелигида Ўзбекистон – Туркия ҳудудлари форумларини ташкил этиш тўғрисида фикр алмашган.
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан суҳбатда эса икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил октябрда Туркияга амалга оширган давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланган эди. Ушбу ҳужжат асосида парламентлараро алоқалар янги босқичда ривожланмоқда. Бу борада икки мамлакат парламент делегациялари ташрифлари амалга оширилаётгани, Олий Мажлиснинг Буюк Миллат Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи фаолият кўрсатаётгани, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Туркия Буюк Миллат Мажлиси Тадқиқот маркази ўртасида алоқалар ўрнатилганини қайд этиш жоиз.
Яқинда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) юртимиз аҳолисига сифатли тез тиббий ёрдам ва давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида 50 та тез тиббий ёрдам машинаси ва 20 та мобиль офис автобуси ажратди. Туркия парламенти делегациясининг ташрифи доирасида ушбу транспорт воситаларини Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва Адлия вазирликларига топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов ва Буюк Миллат Мажлиси раиси Бинали Йилдирим қатнашди.
Бинали Йилдирим Тошкентдаги музокараларда Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олгани ва мамлакатда дипломатик ваколатхона очганини қайд этган.
“Ўзбекистон ва Туркия халқлари муштарак тарих ва эътиқодга эга. Халқларимиз ўртасидаги қардошлик бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ, биродарликнинг илдизлари олис ўтмишга бориб тақалади”, – деган Бинали Йилдирим.
Музокараларда, шунингдек, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада юксалтириш даври келгани ҳам таъкидланган.
Туркия Буюк Миллат Мажлиси раисининг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ташрифи ҳам режалаштирилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Бунда эса икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабати ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
2018 йил май ойида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф якунида икки давлат раҳбари мамлакатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган Қўшма баёнотни имзоладилар.
2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркияга ташрифи доирасида Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди.
2017 йил май ойида Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро анжумани доирасида икки давлат раҳбарларининг мулоқоти бўлиб ўтди.
2016 йил ноябрь ойида 13 йиллик танаффусдан кейин Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистонга ташриф буюриб, Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб борди.
C.Cалим тайёрлади