2004 йилнинг 1 сентябри Шимолий Осетиянинг кичик шаҳарчаси аҳолиси — бесланликлар учун ғам-қайғу ва кулфат куни сифатида узоқ хотирланса, ажаб эмас. Чунки шу куни қувонч ва ҳаяжон билан янги ўқув йилининг илк кунини байрам қилишга келган шаҳардаги 1-мактабнинг ўқувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари бир гуруҳ террорчилар томонидан гаровга олинганди.
Натижада қон тўкилди, ҳали бу дунёга тўймаган, яп-янги кийим кийиб, не-не орзу-умидлар билан уйидан чиққан болакайлару фарзанди камолини илм олишда деб уларни қўлидан етаклаб келган кўплаб ота-оналар мана шу фожеа қурбонига айланди.
Куни кеча мана шу воқеа содир бўлганига бир йил тўлди. Бир йил давомида бесланлик оналар ҳамма айбдорлар топилишини ва жазоланишини талаб қилиб, бир неча бор Шимолий Осетия Олий суди биноси ёнида тонг оттиришди. Мана шу воқеани ўрганиб, етарли хулоса чиқариш, нобуд бўлган фарзандлари руҳини шод этиш учун курашиш мақсадида ташкил этилган «Беслан оналари» қўмитаси айбдорлар жазоланишини истайди. Айтиш жоизки, ушбу қўмита ўтган йилнинг 1 сентябридаги фожеада фарзандларини, яқинларини йўқотган оналардан ташкил топган.
«Биз ҳеч нарсадан шикоят қилмаймиз ва бу бизнинг ҳақиқатни излаш йўлидаги биринчи ва сўнгги қадамимиз эмас, бундан кейин ҳам ҳақиқат рўёбга чиқиши учун курашамиз», — дейди Интерфакс ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида «Беслан оналари» қўмитаси раиси Сусанна Дадиева.
Оналар нимадан норози? Беслан фожеаси сабаблари ўрганилди ва тирик ҳолда қўлга олинган ягона айбдор Нурпаши Кулаев устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда. Нурпаши ўз жазосини ўтаяпти. Аммо оналарнинг фикрича, Беслан фожеасини уюштирганлар ҳали ҳам тирик ва улар ҳали-ҳамон яна бир ёвузликка тайёрланмоқда. Гаровга олишни уюштирганларнинг раҳбарлари топилиши ва улар ҳам жазога тортилиши керак. «Биринчи навбатда Кулаевни эмас, айнан оператив штаб раҳбарини топиш керак», дейилади оналарнинг Шимолий Осетия Ички ишлар вазирлигига суд ҳукмидан норози бўлиб ёзган хатида. Интерфакс маълумотларига асосланиб, Би-би-сининг ёзишича, худди шундай хат оналар томонидан Россия бош прокурори номига ҳам йўлланган. «Гаровга олиш чоғида оператив гуруҳ аъзоси бўлганлар устидан жиноий иш қўзғаш керак», дейишмоқда улар. Қўмита фаоллари Нурпаши Кулаев устидан олиб борилаётган суд жараёни давомида тун бўйи ҳам суд биноси ёнидан кетмаган. «Беслан оналари» гаровга олинганларни қутқариш чоғида фақатгина буйруқни бажарувчилар ҳалок бўлганлигига ишонишади.
Бу оналар ҳар ҳафтада икки кун Нурпаши Кулаев устидан ўтаётган суд жараёнида қатнашдилар. “Нурпаши суд жараёнида кўзларини ердан уза олмай, оёқ кийимини диққат билан «ўрганиб» ўтирди”, деб ёзади судда қатнашган Би-би-си мухбири.
Судда юзлаб гувоҳлар ва Беслан фожеасидан азият чекканлар сўроқ қилинди. 14 ёшли Малик Калчакаев жуда секин ва тўхтаб-тўхтаб бошидан ўтказганларини айтиб берди. Унга бу фожеани эслаш оғир эди. Малик «Гаровга олинганимизнинг иккинчи куни ҳаммамиз жуда-жуда чанқадик ва аёллар бизга ўз пешобимизни ичишимизни айтишди. Кичкина болалар ҳам пешоб ичишга мажбур эди», дедию ортиқ гапира олмай, йиғлаб юборди. Шу лаҳзаларда Нурпаши Кулаевга судья Тамерлан Агузаров «Эшит, Кулаев, эшит!» деганда ҳам ҳатто бошини кўтармади. Суд залида ўтирган бир онахон «У террорчини менга беринглар, мен уни бурдалаб ташлайман» деб бақирди. Бундай хитоблар суд давомида одатий ҳолга айланди.
«Биз асл ҳақиқатни билишимиз керак, — деди Бесланда 9 ёшли ўғлидан айрилган Залима Губурова. — Агар ҳақиқат юзага чиқмас экан, бундай фожеалар такрорланаверади. Оналар боласиз, болалар онасиз қолаверади».
2 сентябр куни «Беслан оналари» Россия президенти В.Путин билан учрашади. Улар бу санани 11 ой кутишди.
Эслатиб ўтамиз, 2004 йилнинг 1 сентябрида террорчилар Беслан шаҳарчасидаги 1-мактабни гаровга олган ва уч кун давомида 1000 дан ортиқ киши гаровда ушлаб турилганди. Фожеа ниҳоясидаги хулосаларга кўра, 300 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган ва уларнинг кўп қисмини болалар ташкил қилганди.
Шарифа Мадраҳимова