18 январь куни Туркманистон пойтахти Ашхабоднинг Олимпия шаҳарчасида Ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда Туркманистоннинг Тошкентдаги элчихонаси хабар беради.
2017 йил 17-27 сентябрь кунлари Ашхабодда ўтадиган нуфузли спорт мусобақасига бағишланган матбуот анжумани Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат спорт қўмитаси, Миллий Олимпия қўмитаси ва V Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш қўмитаси томонидан уюштирилди.
Матбуот анжуманида зикр этилган расмий идоралари мутасаддилари, хорижий давлатлар дипломатлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Миллий Олимпия қўмитаси мутахассиси С.Дурдиев Туркманистонда Олимпия ҳаракатининг шаклланиши ва тараққиёти хусусида сўзлади. V Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш қўмитаси вакили нуфузли мусобақани муносиб ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга тўхталди. Давлат спорт қўмитаси вакили эса Туркманистон спортчиларининг халқаро беллашувдаги иштирокига оид маълумотлар билан ўртоқлашди.
Матбуот анжумани асносида “Полимекс”, “Trivandi Chanzo limited” компаниялари спорт иншоотларининг қурилиши аҳволи юзасидан ахборот берди.
Анжуман давомида мутасаддилар ОАВ вакилларининг мавзуга оид саволларига жавоб берди.
Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари Ашхободда 2017 йил 17 сентябрда бошланади. Нуфузли мусобақада Осиёнинг 45 давлати ҳамда Австралия ва Океаниядан 17 мамлакат вакиллари спортнинг 21 тури бўйича баҳс олиб боради. Ўзбекистон терма жамоаси ҳам Осиё ўйинларида иштирок этади.
2010 йил 19 декабрда Кувайтда V Осиё ўйинлари Туркманистонда ўтиши эълон қилинган ҳамда бу борада Осиё Олимпия кенгаши ва Туркманистон Миллий Олимпия қўмитаси ўртасида икки томонлама ҳужжат имзоланган эди.
Туркманистон Марказий Осиё давлатлари ичида биринчи бўлиб бундай миқёсдаги спорт анжуманини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Осиё ўйинларига турли мамлакатлардан 200 мингдан зиёд ишқибоз ташриф буюриши кутилмоқда.
Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари илк бор 2005 йили Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида ўтказилган. Дастлаб мусобақалар икки йилда бир маротаба ўтказилган бўлса, эндиликда оралиқ муддат тўрт йилга узайтирилди.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Туркманистон 2017 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. 25.11.2016