АҚШ коронавирусга қарши кураш доирасида Ўзбекистонга 310050 доза “Pfizer” вакцинасини ҳадя қилди. Бу – Қўшма Штатлар ҳукуматининг коронавирус билан боғлиқ глобал COVAX ташаббуси орқали дунё бўйлаб беғараз тарқатаётган хавфсиз ва самарали 1,1 миллиард доза вакцинанинг бир қисмидир.
“Хавфсиз ва самарали вакциналар пандемияга барҳам бериш учун энг яхши воситадир. Айниқса, бугунги кунда дунёда коронавируснинг “Омикрон” варианти авж олаётган пайтда ўзимизни ва оиламизни ҳимоя қилиш учун тўлиқ эмланиш муҳим. Қўшма Штатлар COVID билан курашишда Ўзбекистон билан ҳамкорликда иш олиб боришга содиқ қолади”, – деди вакцина келтирилишини олқишлаган АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм.
Бугунги ҳадя билан Ўзбекистонга 2021 йилнинг июль ойидан бери етказиб берилган АҚШда ишлаб чиқарилган вакциналар сони 5,6 миллион дозадан ошди. Шунингдек, қисман АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилган COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга шу кунга қадар 2,4 миллион доза AstraZeneca вакцинаси етказиб берилди.
Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил октябрь ойида ҳам АҚШ Ўзбекистонга 800280 доза “Pfizer” вакцинасини туҳфа қилган эди.
Бундан ташқари, Америка қутқарув режаси қонунига (American Rescue Plan Act) мувофиқ, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга COVID-19 билан қурашиш учун 2,5 миллион доллар ажратди. Ушбу ёрдам билан Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга АҚШ ҳукуматининг тўғридан-тўғри қўшган умумий ҳиссаси 17 миллион доллардан ошди.
“Қўшма Штатлар COVID-19 пандемиясига барҳам бериш, унинг ҳалокатли ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини юмшатиш ва келажакдаги эпидемияларга яхшироқ тайёрланган дунёни барпо этишда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга содиқдир”, – дейилади АҚШ элчихонаси тарқатган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, пандемия бошланганидан буён USAID кенг кўламли тестлар учун миллий лаборатория тизимларини кучайтириш, лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекцияларни назорат қилиш, диагностика қобилиятини ошириш, COVID-19 кузатуви ва унга тезкор жавоб беришни яхшилаш, инфекция юқтирган одамларни даволашни кучайтириш, жамоатчиликнинг коронавирус ҳақидаги хабардорлигини ошириш ҳамда жамоа иштироки ва кўнгиллиларни сафарбар қилишда Ўзбекистон билан яқиндан иш олиб бормоқда.
АҚШ президенти Жо Байден 2021 йил июнь ойида кам даромадли мамлакатларга ковидга қарши эмдориларни хайрия қилиш режасини эълон қилган эди. Мамлакат бутун дунё бўйлаб 350 миллиондан ортиқ COVID-19 вакцинаси тарқатди ва келгусида яна миллионлаб вакцина етказиб беради. Қўшма Штатлар COVAX глобал вакцина ташаббуси доирасида энг йирик ягона донор ҳисобланади.