АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм халқимизни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан самимий қутлади. Эътиборга молик жиҳати, дипломат мезбон мамлакатга эҳтиром рамзи сифатида ўзбек тилида табрик йўллади.
“Мен ўзбек тилини озгина бўлса-да ўрганганимдан хурсандман. Умид қиламанки, ўзбек тилининг аҳамияти ўсиб боради. Мен барчани ўзбеклар билан дўстлашмоқ учун ўзбек тилини ўрганишга, шунингдек, ўзбек маданияти ва урф-одатларини яхшироқ англамоқ учун ўзбек тилидаги китобларни ўқишга чақираман”, – деди элчи Дэниел Розенблюм ўз қутловида.
Дипломат табригини ҳассос шоир Ҳамид Олимжоннинг “Ўзбекистон” шеъридан қуйидаги парча билан якунлаган:
“Ўхшаши йўқ бу гўзал бўстон,
Достонларда битган гулистон –
Ўзбекистон дея аталур,
Уни севиб эл тилга олур”.
Эслатиб ўтамиз, Дэниел Розенблюм АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида 2019 йил 9 май куни қасамёдга келтирилган. У юртимиздаги дипломатик фаолиятининг илк паллалариданоқ она тилимизга ҳурмат кўрсатиб, байрамларда ўзбек тилида қутлов йўлламоқда, айрим тадбирларда ўзбек тилида нутқ сўзламоқда.
Нуфузли Йель ҳамда Жон Ҳопкинс университетларини тамомлаган Д.Розенблюм Жанубий ва Марказий Осиё минтақалари бўйича билимдон дипломат сифатида тилга тушган.