24 март куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро пресс-клуб ва фуқаролик жамияти вакиллари билан биргаликда Бутунжаҳон сил касаллиги кунини нишонлади. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.
“АҚШ ҳукумати силга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати билан доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу каби кўп йиллик шерикликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида биз сил касаллиги таъсирини юмшатишга ва ўзбекистонлик оилаларнинг фаровонлигини оширишга ўз ҳиссамизни қўшишга муваффақ бўлдик”, – деб таъкидлади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссияси бошлиғи ўринбосари Алан Мельцер Халқаро пресс-клуб жонли эфирида.
Сайёрамиз бўйича йилига 8,6 миллион киши “камбағаллар касаллиги” деб аталадиган силга чалинмоқда. 1 миллиондан ортиқ бемор эса унинг турли асоратлари туфайли вафот этади. Бу эса касалликнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш, даволашнинг замонавий усулларини яратиш ва амалга татбиқ этиш халқаро ҳамжамият олдидаги муҳим вазифалардан эканини кўрсатади.
Сил касаллигини тугатиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг глобал мақсади бўлиб, бу ҳукуматлар, халқаро донорлар, фуқаролик жамияти ва хусусий ташкилотларнинг биргаликдаги ва барқарор ҳаракатларини талаб қилади.
ЖССТ 2014 йилда силга қариш кураш бўйича махсус стратегия қабул қилган. Унга кўра, 2015-2035 йиллар оралиғида сил туфайли вафот этиш даражасини 95 фоиз, касалланишнинг янги ҳолатларини 90 фоизга қисқартириш кўзда тутилган.
БМТ Бош ассамблеяси 2018 йил сентябрда 2030 йилга қадар бутун дунёда сил эпидемиясига барҳам бериш бўйича баёнот қабул қилган.
24 март куни эса дунё бўйлаб Бутунжаҳон сил касаллигига қарши курашиш куни ўлароқ нишонланади. Бундан кўзланадиган мақсад дунё миқёсида кунига 4000 га яқин инсоннинг ҳаётига зомин бўладиган касалликнинг аҳоли саломатлигига бўлган салбий таъсири ва жиддий ижтимоий-иқтисодий оқибатлари тўғрисида хабардорликни оширишдан иборатдир.
Ўзбекистонда ЖССТ тавсия етган cилга барҳам бериш стратегияси асосида тизимли иш олиб борилмоқда. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ ҳукумати ва халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати туфайли юртимизда силга қарши курашда ижобий натижаларга эришилди. Жумладан, сил касаллигидан ўлим ҳолати 5 баробарга, силга чалиниш ҳоллари эса 2 баробарга камайди. 2019-2025 йиллар ичида эса сил билан касалланиш ҳолатларини 20 фоизга камайтириш кўзда тутилган. ЖССТ эътирофига кўра, Ўзбекистон силга қарши олиб борилаётган тадбирларнинг натижалари бўйича Европа ҳудудига кирувчи 53 мамлакат орасида 2-ўринда кўтарилди.
Ўзбекистон силга қарши курашда барқарор ютуқларга эришиб келаётган бир даврда ушбу касалликнинг дори-дармонларга чидамли тури мамлакат соғлиқни сақлаш тизими учун энг долзарб муаммолардан бири ва глобал соғлиқни сақлаш олдида турган жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда. Бунга жавобан, USAID томонидан яқинда умумий қиймати 15 миллион доллардан ошиқ бўлган тўртта янги кўп йиллик сил касаллигига қарши дастурлар амалга оширила бошлади. Уларга кўра, сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш бўйича энг илғор халқаро тавсиялар, янги дорилар ва диагностика технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
USAID ушбу соҳадаги мутахассисларнинг тайёргарлигини ошириш, дори воситалари, тиббий ва лаборатория ускуналари билан таъминлаш, сил касаллигининг олдини олиш, аниқлаш ва даволаш жараёнини тезлаштириш мақсадида соғлиқни сақлаш вазирлигининг сил касаллигига қарши кураш бўйича миллий дастури билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу йил USAID, сил касаллигига қарши кураш бўйича миллий дастури ва унинг шериклари аҳолининг сил касаллиги бўйича хабардорлигини ошириш ва сил билан боғлиқ янглиш қарашларни камайтиришга қаратилган минтақавий ва миллий даражада турли тадбирлар ва рақамли дастурларни амалга оширишни бошлади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 20 йилдан буён силга қарши кураш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Қўшма Штатлар агентлиги бу борадаги беш йиллик дастур доирасида 7,6 миллион доллар маблағ ажратган. USAID томонидан мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасига киритилган умумий маблағ миқдори эса 130 миллион доллардан зиёдни ташкил этади.
Шу мавзудаги мақола:
АҚШ ОИТСга қарши глобал кураш учун 80 миллиард доллар сарфлади. 30.11.2018