Никола Буало. Франция академияси аъзоси жаноб Перрога мактуб

Жаноб!

Бирмунча вақт олдин иккимизнинг орамизда низо чиққанидан кўпчиликнинг хабари бор, демак, энди уларни ўзаро сулҳга келганимиздан ҳам хабардор қилиб қўймоғимиз лозим. Шунда улар бизнинг Парнасдаги бу можаромиз Қирол ҳазрати олийлари ғоят донолик билан тақиқлаб қўйган дуэлга ўхшаб кетганини тушуниб етишади. Одатда, рақиблар дуэлда бир-бири билан беомон жанг қилади, гоҳо бир-бирига оғир жароҳат ҳам етказади, бироқ охири бир-бирини бағрига босиб, самимий дўстларга айланади. Бизнинг даҳанаки дуэлимиз эса бундан ҳам олийжаноброқ якун топди. Агар Ҳомердан иқтибос келтириш жоиз бўлса, биз ўзимизни худди “Илиада” қаҳрамонлари – Аякс ва Ҳектордек тутдик. Улар беомон олишувдан сўнг юнонлар ва трояликлар кўз олдида бир-бирини мақтаб, кўкка кўтарган ва ўзаро ҳадялар алмашган эди. Дарҳақиқат, жаноб, сиз каминага ўз асарингизни юбориб марҳамат кўрсатган, камина ҳам бунга жавобан сизга ўз асаримни жўнатган пайтда ҳали баҳсимиз якун топмаган эди. Икковимиз сиз унчалик мароқли эмас деб ҳисоблагувчи “Илиада” қаҳрамонларига шу жиҳатдан янада кўпроқ ўхшаймизки, биз бир-биримизга илтифот кўрсатгандан кейин ҳам ўз эътиқод ва дидимизда собит қолдик. Яъники, сиз ҳамон Ҳомер ва Вергилийга менсимайроқ муносабатда бўлмоқдасиз, мен эса ҳануз уларнинг эҳтиросли муҳиби бўлиб қолмоқдаман. Кўпчиликни худди шундан воқиф этиб қўймоқ лозим – шу ниятда мен, ўртамизда яраш битими тузилгач ҳам, бир эпиграмма ёздим. У одамлар орасида жуда тез ёйилиб кетди, балки сизнинг қулоғингизга ҳам етиб боргандир. Мана ўша эпиграмма:

Tout le trouble poétique
A Paris s’en va cesser;
Perrault l’anti-Pindarique
Et Despréaux l’Homérique
Consentent de s’embrasser.
Quelque aigreur qui les anime,
Quand, malgré l’emportement,
Comme eux l’un l’autre on s’estime,
L’accord se fait aisément.
Mon embarras est comment
On pourra finir la guerre
De Pradon et du parterre.[1]

Жаноб, бу мисраларда каминанинг ҳис-туйғулари самимий ифода топган бўлиб, шуларнинг ўзиёқ мен сизни эпиграмма якунини янада кучайтириш учун номи зик этиб ўтилган трагедиянависдан қанчалик фарқлашимни  билиб фаҳмлаб олсангиз бўлади. У билан сизнинг ўртангизда, менингча, ер билан осмонча фарқ бор.

Орамизда яна аҳил-иноқлик қайта ўрнатилган, душманлик ва адоват эса ортга чекинган шу паллада сизга дўст сифатида бир савол беришимга ижозат этсангиз: қандай сабаб сизни шунча узоқ вақт қадимги замоннинг энг машҳур шоирларидан дарғазаб бўлиш ва уларга ҳамла қилишга мажбур этди экан?  Сизга ҳозирги замоннинг дурустгина қаламкашларига ниҳоятда кам эътибор қаратилаётгандек бўлиб туюлгани учун балки шундай қилгандирсиз? Агар шундай бўлса,  сизнинг хаёлингизга, уларга бепарволик билан қараляпти, деган фикр қаердан келиб қолди? Ахир, янги ва яхши асарлар шу қадар чин дилдан олқишланган бошқа асрни топиш маҳол-ку! Кейинги беш-ўн йилнинг ичида Франциядан кўплаб етишиб чиққан ва китоблари рўйхатиёқ юпқа бир жилд бўладиган Декарт, Арно, Николя ва бошқа талай ажойиб файласуфу илоҳиётшуносларга қанчалик мақтов ёғдирилганини эслаб кўринг-а! Иккимизга ҳам яқин бўлган тур, яъни шеърият ҳақида сўз юритадиган бўлсак, Малерб, Ракан, Менар нақадар шон-шуҳратга бурканганини ёдингизга олинг-а! Вуатюр, Сорразен, Лафонтен асарлари ҳам зўр ҳис-ҳаяжон билан қарши олинмадими, ахир?! Корнель ва Рассин, агар таъбир жоиз кўрилса, мақтовларга кўмиб ташланмадими?! Мольер комедияларига барча қойил қолгани-чи?! Сизнинг ўзингиз ҳам, жаноб, “Севги ва Дўстлик мунозараси”, “Рангтасвир ҳақида достон”, “Жаноб де Лакентинга мактуб” ва бошқа баркамол асарларим муносиб баҳоланмади, деб шикоят қила олмассиз?! Тўғри, сиз ва менинг қаҳрамонлик достонларимиз, афсуски, қизғин қарши олинмади. Аммо буни адолатсизликка йўйсак тўғри бўлмас?! “Муқоясалар” асарингиздаги энг яхши достон ҳам ғализлик ва зўракиликка тўлиб-тошиб ётганини ўзингиз ҳам тан оларсиз, ахир?!

Сизни қадимги замон шоирларига қарши жанг очишга нима даъват этяпти ўзи? Уларга тақлид қилиш ҳозирги замон шоирларини “айнитишими?” Аммо бугунги улуғ шоирларимиз худди шу тақлид боис шон-шуҳрат топганини инкор этмассиз?! Корнель энг гўзал асарлари сюжетини Тит Ливий, Дион Кассий, Плутарх, Лукан ва Сенекадан олгани, Аристотель таърифидан фарқли янги трагедия турини яратишига асос бўлган юксак ғояларни ҳам яна ўша салафлардан ўзлаштирганига иқрор бўларсиз?! Зотан, фикри ожизимча, Корнелнинг театрбоп энг етук асарларига айнан шу нуқтаи назардан қарамоқ лозим. Ушбу асарларда у Арис­тотель ўрнатган қонун-қоидалардан четга чиқиб, томошабинда қўрқув ва ҳамдардлик туғдириш йўлидан бормайди, балки унда фикрнинг улуғворлиги ва туйғунинг гўзаллиги орқали ҳайрат уйғотишга интилади. Аксарият кишилар, айниқса, ёшларимизга асл фожеий эҳтиросдан кўра айни шу руҳий кайфият яқинроқдир.

Ниҳоят, анча чўзилиб кетган шу тахлит фикрларни якунлаб ва мавзудан чалғимасликка ҳаракат қилиб, сиздан, жаноб, Расинни ҳам Софокл ва Еврипид тарбияламадими, деб сўрамоқчиман. Айни чоғда сиз Мольер комедия жанрида бор маҳоратни Плавт ва Теренцийдан ўрганганини ҳам тан оларсиз?

Мабодо шундай бўлса, сиздек жанобнинг қадимгиларга кескин ҳамла қилишингизни қандай тушунмоқ керак? Сизни бунга мажбур этаётган сабабларни, чамаси, секин-аста англаб етаётгандекман. Менингча, сиз ҳаёт йўлингизда ўзингиз “Диалоглар” асарингизда тасвирлаган Раисга ўхшаш бирор илмбозга тўқнаш келгансиз. Бу тоифа кишилар қадимгиларни фақат ўз хотирасини бойитиш учунгина ўрганади ва на ақл-фаросат, на фикр-мулоҳаза, на таъб-дидга эга бўлмаганидан, уларни бор-йўғи қадимгилар бўлгани учунгина қадрлайди. Ўша илмбозлар чин ақл-заковат тили фақат юнонча ёки лотинчадир, деб мутаассибларча ишонади. Агар юнонча ва лотинчадан мавқеи пастроқ  бошқа тилда бирор асар яратилса, бундайларга уни чиқитга чиқариш учун шунинг ўзи кифоя қилади. Қадимиятнинг бу бетайин мухлислари сизни ўша замоннинг барча ҳайратомуз кашфиётларига ёв қилиб қўйган: қадимиятнинг ҳайратомуз кашфиётлари олдида ҳаяжондан энтикиш гарчи мутлақ оқилона бўлса-да, аммо сиз ўша нодон кимсалар эҳтиросига шерик бўлишни ўзингизга эп кўрмагансиз. Сизга “Қиёслар”ни ёзиш учун туртки берган сабаб, ҳар қалай, ана шу бўлса керак. Сиз, буларда йўқ ақл менда бор, шунинг учун  бир неча жўяли далил биланоқ ношуд ва ожиз рақибларимни осон тор-мор келтираман, деб фикр қилдингиз. Ва сиз бу вазифани шу қадар қойил уддаладингизки, агар бу олишувга мен аралашмасам, сиз ўша жанг майдонига – уни шундай аташ мумкин бўлса –  ғалаба байроғини ҳам тикиб қўяр эдингиз. Чунки сохта олимлар бундай жангга мутлақо яроқсиз бўлиб чиқди, асил олимлар эса андак кибрга бориб, сизга жавоб қайтаришни лозим топмади. Шу ўринда, ижозатингиз билан, бир ҳақиқатни эслатиб қўйсам: қадимги замоннинг буюк ёзувчилари асил ёки сохта олимлар ёқлаб овоз бергани учун шон-шуҳрат қозонмаган, улар бундай шарафга турли  асрлар ва халқларнинг энг доно, энг дидли кишилари ҳар гал бирдек  қойил қолгани, ҳайратга тушгани учун муяссар бўлган. Шундай кишилар орасида Александр Македонский ёхуд Юлий Цезарга ўхшаш забардаст зотлар бор эди. Шуни ҳам айтишга ижозат этингки, бугун Ҳомер, Ҳораций, Цицерон ёхуд Вергилий асарларидан, сиз тилга олганингиздек, Схревелиус, Пераредус, Менагиус ва, Мольер ибораси билан айтилса, исм-шарифи – ус билан туговчи яна бир сиқим олимларгина завқ туяётгани йўқ. Ўз кузатишларимга таяниб айтсам, бу улуғ ёзувчилар асарларидан, аввало, энг юксак ақл ва энг олий мартаба соҳиблари теран завқ олаётир. Уларнинг исми-шарифлари бирма-бир саналгудек бўлса, барчаси нақадар таниқли зотлар эканидан лол қоласиз. Чунки бу рўйхатда наинки Ламуаньон, д’ Агессо ва Тревилнинг, балки, шунингдек, Конде, Конти ва Тюренннинг исми-шарифи ҳам бор.

Наҳотки, жаноб, сиздек нозиктаъб бир киши бу ажойиб дидли инсонлар фикрини баҳам кўрмаса? Сиз уларнинг фикрини албатта баҳам кўрасиз, бунга заррача ҳам шубҳа қилмайман. Демак, иккимизнинг қарашларимиз ўртасида ҳам, чамаси, сиз ўйлаганчалик катта фарқ йўқ. Ваҳоланки, сиз бир талай достон, диалог ва ўй-фикрларингиз билан оммага қадимги ва ҳозирги шоирларга нисбатан қандай қарашларни сингдирмоқчисиз? Сизнинг муддаонгизни тўғри англадимми ёки йўқми, буни билмадим-у, аммо, менингча, уни мухтасар тарзда бундай ифодалаш мумкин. Сиз бизнинг асримиз, аниқроғи, Буюк Льюдовик асри барча санъат турлари, айниқса, сўз санъати борасида қадимги замоннинг барча ёрқин даврлари, ҳатто Август асрига ҳам наинки тенглаша олади, балки уни ортда ҳам қолдириб кетади, деган фикрни  исботламоқчисиз. Эҳтимол сизга ғалати туюлар-у, аммо чин кўнгилдан айтсам, мен бу фикрингизга буткул қўшиламан. Агар хасталикка чалиниб ва юмушларга кўмилиб қолмаганимда, бу қарашни исботлаш учун қўлимга албатта қалам ҳам олган бўлардим. Тўғри, бунинг учун мен сизникидан бошқачароқ далилларни қўллардим, зеро, ҳар бир одамнинг ўзига хос исботлаш усули бўлади. Бундан ташқари, сизнинг изоҳларингиз ёнига ўзимнинг шарҳларимни ҳам қўшиб қўярдим.

Мен, сиздан фарқли ўлароқ, ўз миллатимиз ва асримизни бошқа барча миллат ва асрларга бус-бутун қарши қўймасдим. Чунки бундай ёндашув, менингча, ҳеч қандай самара бермайди. Мен бошқа миллат ва асрларни ҳам бирма-бир тадқиқ этиб, улар нимада биздан юксаг-у, биз нимада улардан юксакмиз, шуни батафсил аниқлаб чиқар ва ўзимизнинг улардан устунлигимизни ҳеч ким рад этолмас қилиб исботлаб берган бўлар эдим. Август асри ҳақида сўз кетганда эса, бизда Вергилий ва Цицеронга тенг­лаша олувчи бирорта ҳам  шоир ёки нотиқ йўқлигини ўша заҳотиёқ  холис тан олардим. Энг сара тарихчиларимиз асарлари Тит Ливий ва Солл­юстий китоблари олдида хира тортиб қолади, деган фикрга ҳам қўшилган бўлардим. Шунингдек, Реньенинг ажойиб сатиралари, Вуатюр, Сарразен ва граф де Сюзнинг нафис элегиялари борлигига қарамай, бугунги сатира ва элегиямиз ҳимоясига ҳам шайланмасдим. Аммо биз трагедия бобида римликлардан бирмунча ўзиб кетганимизни албатта исботлаб берар эдим. Зеро, римликлар кўплаб ажойиб француз трагедияларига, дейлик, Сенеканинг чуқур мазмундан кўра ялтироқ шаклга эга бир неча дабдабали асарини, шунингдек, ўша замонда шуҳрат топган Варийнинг “Тиеста” ва Овидийнинг “Медея”  трагедияларини қарши қўя олади, холос. Шунингдек, мен ўша даврда нафақат бугунги шоирларимизни ортда қолдириб кетадиган, балки ҳозир шунчаки номини эслашга ҳам арзийдиган бирорта комик шоир чиқмаганини кўрсатиб берардим. Чунки Плавт, Цецилий ва Теренцийлар бундан аввалги асрдаёқ ҳаётдан кўз юмиб бўлган эди. Тағин мен Францияда Римнинг ягона лирик шоири – Горацийдек беназир қасиданавис топилмаса-да, аммо сўзни нафис ва аниқ қўллашда ундан қолишмайдиган анча-мунча ижодкорлар борлигини қайд этардим. Уларнинг лирик асарлари бадиий қиммати, агар бари биргаликда олингудек бўлса, Гораций мерос қилиб қолдирган беш қасида китобиникидан сира кам эмас. Яна баъзи жанрлар, масалан, биз роман деб атовчи насрий дос­тон борасида, бу жанр ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасликдек оддий сабаб оқибатида, римликлар биздан ўтиб кетолмаганини қайд этган бўлардим. Ҳозир Францияда ушбу жанрнинг, улар кўп ҳолларда ёшларни йўлдан оздирувчи хавфли ғояларни ташиши истисно этилса, жуда ажойиб намуналари бор. Шуни ҳам дадил айтган бўлар эдимки, ҳатто Август асри тўлиқ, яъни Цицерондан Тацитгача олиб қаралса ҳам, римликлар орасидан физикага доир  билимлар борасида Декарт ёхуд Гассенди билан ёнма-ён қўйишга арзирли бирорта ҳам файласуфни топиш қийин. Римлик­ларнинг етакчи олимлари бўлмиш Варрон ва Плиний эса билимининг кенглиги ва чуқурлиги жиҳатидан бизнинг Биньон, Скалигер, Сомез, ҳазрат Сирмон ва ҳазрат Петолар қаршисида жуда ожиз кўриниб қолади. Мен сиз билан елкама-елка туриб, уларнинг астрономия, география ва навигацияга доир билимлари нақадар чекланганини бажонидил қайд этардим. Каминага ҳеч бўлмаса битта етук Рим меъмори  (Ветрувий бундан мустасно, у моҳир қурувчидан ҳам кўпроқ аллома архитектор эди), ҳайкалтароши ва мусаввири номини айтинг-чи, деган бўлардим. Зеро, бу соҳаларда кимки шуҳрат қозонган бўлса, барчаси овруполик ёхуд осиёлик юнонлар эди. Улар Римга ўз санъатини намойиш этиш учун келганди, чунки римликлар ушбу санъат турлари ҳақида озгина ҳам тасаввурга эга эмас эди. Ваҳоланки, бутун дунё аҳли бугун Пуссен, Лебрен, Жирардон, Мансар асарларини завқ-шавқ билан томоша қилмоқда, уларнинг истеъдодига тасанно айтмоқда. Мен, албатта, бу фикрларга яна кўпгина қўшимчалар ҳам қилишим мумки, бироқ шуларнинг ўзиёқ камина Август асрига қандай муносабатдалигини билиб олиш учун сизга кифоя қилар?! Агар ёзувчи ва санъаткорлардан қаҳрамон ва ҳукмдорларга ўтсак, мен бу вазифани ҳам хамирдан қилни суғургандек осон адо этишимга шубҳа қилмайман. Ҳар қалай, менга римлик Августнинг франциялик Августдан ҳеч бир устунлик жиҳати йўқлигини исботлаш асло қийин кечмайди. Юқорида баён этилганлардан маълум бўлаётирки, жаноб, сиз ва мен ўз давлатимиз ва асримизга эҳтиром кўрсатишда бир хил қарашга эгамиз, аммо бу хусусда ҳар хил фикр юритамиз, холос.  Бинобарин, мен “Муқоясалар” асарига ҳужум қилар эканман, танқид тиғини унинг ҳаққоний ғоясига эмас, балки мутакаббир ва нафратомуз ифодасига қарши қаратганман. Сизнинг асарингиздаги аббат ва шевалье, таассуфки, энг юксак эҳтиром ва ҳайратга муносиб адибларимиз ҳақида айнан шундай оҳангда менсимай сўз юритади. Хуллас, дўст-иноқлигимизни янада мустаҳкамлаш ва келгусида янги низолар чиқишининг олдини олиш учун иккимиз ҳам батамом “соғаймоғимиз”: сиз қадимги даврнинг машҳур ёзувчиларини тор-мор этишга ҳаддан ортиқ ружу қўйишдан, мен эса ҳозирги замоннинг савиясиз ва ўртамиёна ёзувчиларини лаънатлашга ҳаддан ташқари мукка кетишдан қутулмоғимиз лозим. Бу борада биз бор куч-ғайратимизни аямай сарф этмоғимиз зарур. Ҳатто бу мақсадга эришолмаган тақдиримизда ҳам,  сизга шундай ваъда бераманки, мен сиз ва ўзимнинг ўртамдаги  битимни бирон бир тарзда бузмайман, фақат сиз мени “Хлодвиг” ёхуд “Бокира”ни ўқишга мажбур этмасангиз бўлди, ўзим эса бунга жавобан сизга  “Илиада” ва “Энеида”ни ҳар қанча танқид қилишингизга йўл қўйиб бераман. Айни чоқда ўзим сиздан ҳам Ҳомер ва Вергилийни илоҳ даражасига кўтариб, оташин муҳаббат билан севишни талаб этмаган ҳолда, бу шоирлардан бемисл завқ туявераман. Дарвоқе, бир достонингиздаги ҳасбиҳолингизга қараганда, сизни гўё “Илиада” ва “Энеида”га шундай муносабатда бўлишга мажбур қилишаётган эмиш. Ўз-ўзига:

…Nec tu divinam Aeneida tenta:
Sed longye sequere, et vestigial semper adora,[2]

– дея мурожаат этган Стаций “Энеида”га худди шундай муҳаббат қўйган эди.

Жаноб, мен кўпчиликни мана шу гаплардан хабардор этмоқчи эдим. Улар ўртамиздаги низо ҳақида бор ҳақиқатни билишсин дея, ушбу мактубни ёзишга жазм этдим. Мактубни асарлар тўпламимнинг ҳам катта, ҳам кичик нашрларида чоп эттириш ниятим бор. “Лонгин ҳақида мулоҳазалар” асаримда оғзимдан бехос чиқиб кетган кесатиқларни эса ҳар қанча юмшатишни хоҳласам-да, барибир, энди бундан ҳеч қандай наф бўлмаса керак, деган хулосага келдим. Чунки улар асарлар тўпламимнинг аввалги икки нашрида аллақачон чоп этилиб бўлди. Ахир,  бирор кимса шу икки нашрга мурожаат этишни хоҳлаб қолиши эҳтимолдан ҳоли эмас-да! Шунингдек, каминанинг рухсатисиз бошқа мамлакатларда чоп этилган нашрларда ҳам ўша кесатиқлар ўз ҳолича қолдирилган бўлиши турган гап. Шу боис ҳам камтарин қулингиз сизнинг қалбингизга етказган кичик озорни аритишнинг энг мақбул йўли – ушбу хат орқали сизга бўлган асил муносабатимни тўкиб солмоқдир. Умидим шулки, сиз менинг бу қароримни маъқуллайсиз ва муҳтарам жаноб Арно ўнинчи сатирам муносабати билан сизга ёзган хатни сўнгги нашрга киритганим учун каминадан ранжимайсиз.

Жаноб Арнонинг асарлар тўпламида икки бора чоп этилган ўша хат сизнинг “Хотин-қизлар апологияси” номли асаримга  ёзган сўзбошингиздан мени ҳимоя қилган эди. Мазкур сўзбошида сиз мени нафақат янглиш фикрларни ўртага ташлаш ва грамматик хатоларга йўл қўйишда, балки, шунингдек, қўпол сўзлар, беадаб иборалар ва ҳатто фисқ-фужурда ҳам айблайсиз. Шуни эътиборга олишингизни ўтиниб сўрайманки, бундай танбеҳлар ҳар қандай кишининг ҳам нафсониятига қаттиқ ботади, уларга қарши лом-мим демаслик эса бу танбеҳларни тўғри деб тан олиш ҳисобланади. Шу сабабдан мен янги нашрда ё ўзимни ўзим ҳимоя қилиб чиқишим, ё мени ғоят муносиб ҳимоя этган ана шу хатни чоп қилишим лозим эди. Бундан ташқари, жаноб Арно мактуби ўз муҳолифига шу қадар назокат ва эҳтиром билан битилганки, наздимда, ҳеч бир софдил киши ундан хафа бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун, такрор бўлса ҳам айтай, асарлар тўпламимнинг янги нашрида ўша хатни кўриш сиз учун кўнгилсизлик бўлмас, дея ўз-ўзимга тасалли бераётирман. “Диалоглар” асарингиздаги танқиддан жаҳлим чиқиши каминани сизнинг шаънингизга баъзи номақбул гапларни айтиб юборишга мажбур этганини очиқ тан оламан. Балки бу қилмишим, ўнинчи сатирамдаги ҳужумимдан сиз ҳам жаҳлга миниб, йўқ жойдан қўпол сўз, беадаб ибора ва фисқ-фужурлар топганингизни англаб етишингизга туртки бўлар. Менга ишонинг, сизга ҳар доим зўр эҳтиром билан боққанман  ва сизни Франциянинг энг ёрқин истеъдод соҳибларидангина эмас, балки энг олийжаноб ва номусли инсонларидан ҳам бири, деб билганман.

Сизга, жаноб, ҳар қачон содиқ қоламан!

Рус тилидан Муҳиддин Раҳим таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 12-сон

________________

[1] Мазмуни: Парижда бу шоирона мубоҳаса қачон тўхтар экан? Бир томонда Перро Пидарга хужум қилса, бошқа томонда Депрео Ҳомерни ҳимоя этади. Ҳар икки тараф ҳам алланечук важоҳатли ва ғазабнок! Ажабки, улар, гарчи бири бошқасини тан олмаса ҳам, осон муросага келишди. Мени эса ҳамон бир муаммо ташвишга солади: ҳар хил тақлидчилару Прадону кўҳна дафналар  – ғалаба чамбаракларидан қачон қутилар эканмиз?

[2] Мазмуни:  Илоҳий “Энеида” юксаклигига кўтарилмасанг ҳам майли, аммо бу достонга кўп йиллар эргаш ва унинг изларини кўзларингга сурт.