Ғарб давлатларида ахборот соҳаси катта даромад келтирувчи бизнес фаолиятига айланганига кўп вақт бўлди. Ривожланган жамиятларда бир қатор оммавий ахборот воситаларини ўз назоратига олган алоҳида давлатманд тоифа – медиамагнатлар гуруҳи шаклланди.
Асли австралиялик Руперт Мердок дунёга ном таратган медиамагнатлардан бири. Унинг фаолияти ҳозирга қадар кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда.
БИРИНЧИ БЎЛИШ МАШАҚҚАТИ
Руперт Мердок 1931 йилнинг 11 мартида журналист ва ношир оиласида дунёга келди. Унинг отаси Кейт Мердок маҳаллий газеталардан бирига муҳаррирлик қиларди. Оилада ягона ўғил бўлган йигит қимматли вақтларини отчопар майдонида ўтказарди. Фарзандлари келажагини ўйлаган ота-онаси беқўним феъл-атворини тузалсин деб, уни мактаб-интернатга юборишди. Оиласидан узоқда ўтган даврларда ҳали ҳаётнинг пасту баландини кўрмаган ўсмир кўп нарсани ўрганди. Мактаб-интернатни битираркан, «Агар биринчи бўлишни истасанг, ўзингдан бошқа ҳеч ким билан яқин муносабат ўрнатма» деган хулосага келди.
Олий таълимни Лондондаги машҳур Оксфорд университетида давом эттирган Руперт талабалик пайтидаёқ сўл қарашлари билан кўпчилик эътиборига тушди. Манбаларда айтилишича, унинг иш столида социализм ғояси асосчиси Лениннинг бюсти ва асарлари бўлган экан. Лекин қизиқ томони, «йўқсиллар отаси»га бўлган меҳр-муҳаббат ундаги капиталистик қараш ва мол-давлат, шон-шуҳратга бўлган интилишни сўндира олмади.
1952 йили отаси вафот этганидан сўнг Руперт Мердок Лондондан ватанига қайтишга мажбур бўлди. Отасидан унга фақат зарарга ишлайдиган чоғроққина газета («Тҳе Аделаиде Неwс») мерос бўлиб қолган эди.
Матбуот бозорини пухта ўрганган Мердок секин-аста маҳаллий газета ва журналларни сотиб ола бошлади. 1959 йили маҳаллий телевидение, кейинроқ Мелбурн ва Сиднейдаги нашриётларни ўз назоратига олди. 1964 йили у яшил қитъанинг умуммиллий нашри саналган «Тҳе Аустралиан» газетасини ҳам ўз «амлок»ига қўшди. Пултопар Мердок нима учун ташкил этилганидан бери зарарга ишлаган ушбу сиёсий нашрни сотиб олгани, уни оёққа турғазиш учун миллионларни сарфлаётганини дастлаб кўпчилик тушунмади. Орадан кўп ўтмай, бунинг сири аён бўлди. Молиявий зарар келтираётган газета Австралия бош вазирлиги учун ўтган сайловда асқотди: «Тҳе Аустралиан»нинг тарғиботи билан Мердок ёқлаган номзод ғалаба қозонди. Мамлакат ҳукумати раҳбарлигига ўз одамини қўйишга эришган ишбилармон учун жуда кўп ёпиқ эшиклар ҳам очилди.
«ЯШИЛ ҚИТЪА» ТОРЛИК ҚИЛИБ ҚОЛДИ
1960 йилдаёқ Австралия матбуот бозорининг 70 фоизи Руперт Мердокка қарашли эди. Эндиликда қулочни кенг ёйган ишбилармонга Австралия қитъаси ҳам торлик қилиб қолганди. Шу тариқа у «Туманли Албион» номи билан шуҳрат қозонган Англияга «юриш» бошлади. 1968 йили у «Неwс оф тҳе Wорлд», 1969 йили «Тҳе Сун» газеталарини сотиб олди ва уларни энг оммабоп «кўча» нашрларига айлантирди.
Ишига пишиқ-пухта тадбиркор сифатида у энг биринчи навбатда сиёсий арбоблар билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилди. Англияга келган илк пайтлариданоқ мамлакат бош вазири Маргарет Тетчер билан тил топишишга интилди. «Темир хоним»нинг хотира китобини чоп этиш баҳонаси билан унга жуда катта миқдорда гонорар таклиф этди. Ҳисоб-китобга уста Мердокнинг ҳотамтойлиги бесабаб эмас эди.
1981 йили Мердок Буюк Британиянинг энг кўҳна нашларидан бири «Тҳе Тимес»га харидор чиқди. Мамлакат матбуоти рамзи бўлиб қолган газетанинг хорижлик медиамагнатга сотилиши инглиз журналистларига маъқул келмади. Лекин норозилик чиқишларига ҳам қарамай, у газетани сотиб олди. Бу ишда эса уни манфаатли ҳамкор — Маргарет Тетчер хоним қўллаб юборди.
Очиғи, Буюк Британияда австралиялик медиамагнатни маҳаллий оммавий ахборот воситалари эгалари ёқтиришмайди. Нега деганда, оз муддат ичида Англия матбуотининг чорак қисмини назоратига олган медиамагнат инглизларни ҳам ўз «ноғорасига ўйнаш»га мажбур қилди. Қироллик фахри саналган ББC корпорациясини оғир аҳволга солиб қўйди. Балки шу боисдир, инглизлар Мердокни «ҳамма қўрқадиган, ёқтирмайдиган, лекин ўзи истамаган тарзда фахрланадиган шахс» деб баҳолашади.
1980 йилларга келиб, Мердок қўлини узатса, Америка томонларга ҳам етадиган инсонга айланган эди. Океанортида дастлаб «Тҳе Виллаге Воиcэ», «Тҳе Неw Ёрк Пост» каби газеталарни сотиб олишдан бошланган фаолият шиддат билан бошқа соҳаларни ҳам қамраб олди.
Истиқболда телевидение энг сердаромад воситага айланишини олдиндан билган медиамагнат аста-секин Америка телебозорига киришга уринди. Бироқ мамлакат қонунлари хориж фуқаросининг телеканалларга эгалик қилишини ман этарди. Шу боис ҳам, у АҚШ фуқаролигини қабул қилди. Руперт Мердок оғир аҳволда қолган телеканалларни арзон-гаровга сотиб олиб, ўз медиаимпериясини кенгайтиришга интилди. 1996 йили Фох Неwс янгиликлар каналини ташкил этди. Бир неча йил ичида АҚШдаги 23 та телеканал Мердок қўлига ўтди. 1990 йилларда австралиялик медиамагнатнинг қадами Голливудга қадар етиб борди: у «ХХ Cэнтурй Фох» кинокомпаниясига асос солди.
«ЛИБEРТАРИАН ФАЛСАФА». НИМА ДEГАНИ У?
Бадавлат инсонларнинг дўстидан кўра душмани кўпроқ бўлади. Шу маънода Руперт Мердокни ҳам танқид қилувчилар, айбловчилар кўплаб топилади. Медиамагнат фаолиятини танқидий баҳоловчилар у назорат қилаётган оммавий ахборот воситалари арзон ахборот билан жамоатчиликнинг интеллектуал савиясини пасайтираётгани, ахлоқий мезонларга ҳам риоя этмаётганини таъкидлашади.
Оммавий ахборот воситаларига берган интервьюларидан бирида у ўз ҳаёт йўлига шундай изоҳ берганди: «Мен либертариан фалсафага эътиқод қиламан. Хўш, бу нима дегани? Бу шахсий жавобгарликнинг устуворлиги, бизнес фаолиятига сиёсий идораларнинг аралашмаслиги ва хулқ-атвор борасидаги тартиб-қоидаларга камроқ эътибор қаратишни англатади».
МУҲИМИ — МАВЖУД ИМКОНИЯТДАН ЎРИНЛИ ФОЙДАЛАНИШ
Руперт Мердокнинг рақиблари ҳам ундаги таваккалчилик ва ҳар қандай ҳолатда ортга қайтмаслик хислатига қойил қолишади. Медиамагнат 1990 йилларда Неwс Cорпоратион иқтисодий инқирозга дучор бўлган пайтда ўз салоҳиятини яна бир карра намоён эта олди. Ўша пайтда унга қарашли бутун дунёга ўргимчак тўри каби ёйилган компанияларнинг умумий қарзи 7 млрд. доллардан ошиб кетган эди. Ана шундай оғир аҳволда ҳам Мердок ўз медиаимпериясини қайта оёққа турғазиб, инқироздан олиб чиқди.
Ёши етмиш еттига яқинлашиб қолган Руперт Мердок ҳали ҳам қўл остидаги мол-мулкни ўзи тасарруф этади. Форбес журнали маълумотига қараганда, айни пайтда унинг бойлиги 9 миллиард доллардан ошади. Одатда катта мол-мулк осойишталикдан кўра кўпроқ ташвиш келтиради. Ҳали тирик бўлишига қарамай, медиамагнатнинг бойлиги ҳам ҳозирдан фарзандлари ўртасида можароларга сабаб бўлмоқда…
Руперт Мердок ҳақида жуда кўп афсонавий гаплар юради, уни кимдир гений деб мақтаса, яна кимдир келажакни кўрадиган башоратгўй деб атайди. Медиамагнатнинг ўзи эса бизнес фаолиятини шундай баҳолайди: «Мен жаҳоншумул янгилик қилмадим, инқилоб ҳам амалга оширмадим. Бор-йўғи мавжуд имкониятлардан тўғри ва ўринли фойдаландим, холос».
Абдул Собир,
«Ҳуррият» газетасидан олинди.