2018 йили йўқотганларимиз

Тугаб бораётган 2018 йилда Ўзбекистон илм, фани ва маданияти бир нечта арбобларидан айрилди. Ziyouz.uz портали ушбу йилда вафот этган ўзбекистонлик давлат ва жамоат арбоблари, зиёлиларни хотирлайди.

Академик Азизхон Қаюмов (1926-2018) 

Азизхон Қаюмов 1926 йили Қўқон шаҳрида туғилган. Пўлатхон Қайюмовнинг ўғли.  Филология фанлари доктори, профессор Лазиз Қаюмовнинг акаси. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1995), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1983), филология фанлари доктори (1961).

Азизхон Қаюмов Ўрта Осиё давлат университетининг шарқ факультетини тугатган (1949). Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида илмий ходим (1949—57), ЎзССР Министрлар Советида фан ва олий ўқув юртлари бўйича катта референт (1957— 58), Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти директори (1958—61), Ўзбекистон КП МК фан, олий ўқув юртлари ва мактаблар бўлими, сўнг фан ва маданият бўлими мудири (1961—63), Ўзбекистон Маданият вазири, вазирнинг биринчи ўринбосари (1963—64), ЎзССР Министрлар Совети ҳузуридаги Кинематография давлат комитети раиси (1964—74), Тошкент маданият институти ректори (1974—79), Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар институти директори (1979—98), Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейида етакчи илмий ходим (1998 йилдан) бўлиб ишлаган.

Асосий илмий ишлари Қўқон адабий муҳити мавзуида. «Махмур» (1956), «Ҳозиқ» (1957), «Ғозий» (1959), «Садди Искандарий» (1975), «Алишер Навоий» (1976, 1991), «Ҳайрат ул-аброр» (1977), «Фарҳод ва Ширин» сирлари» (1979), «Нодир саҳифалар» (1991), «Бу оҳанг ила бўлғайсен Нақшбанд» (1993) каби асарлари Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини ўрганишда муҳим ҳисса бўлган.

Азизхон Қаюмов машншунослик соҳасида ҳам самарали иш олиб бориб, бир қанча ўзбек мумтоз шоирларининг асарларини нашрга тайёрлаган.

Атоқли ёзувчи ва муҳаррир Носир Фозилов (1929-2018)

Носир Фозилов 1929 йил 10 июнда Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон туманининг Қориз қишлоғида таваллуд топган. Ўрта Осиё Давлат университетининг тугатган (1954). У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, Давлат мукофоти (икки карра), «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофоти (Қозоғистон) совриндори.

Биринчи тўплами — «Ирмоқ» (1959), «Оқим» (1962), «Робинзонлар» (1964), «Қуш каноти билан» (1965), «Қорхат» (1968), «Кўклам қиссалари» (1970), «Дийдор» (1979), «Танланган асарлар», 2 жилдли (1983— 84), «Болалигим — пошшолигим» (1989), «Бир отар тўппонча» (1995), «Шум боланинг набиралари» (1995), «Тошкентнинг носи» (1996), «Мунаввар лаҳзалар» (1997), «Эсласанг, кўнглинг ёришур» (2004) ва бошқа асарлар муаллифи.

Носир Фозилов таржимон сифатида ҳам самарали ижод қилган. У Абай, Мухтор Авезов, Собир Муқонов, Ғабит Мусрепов, Ғабиден Мустафин, Абдулла Тожибоев, Абдижалил Нурпеисов каби кўплаб қозоқ адиблари асарларини ўзбекчага ағдариб, нашр эттирди.

Академик Руфат Маҳкамов (1930-2018)

Руфат Ғуломович Маҳкамов 1930 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1954 йили Н. Бауман номидаги Москва олий техника билим юртини тугатиб, 1957-1960 йилларда мазкур билим юрти аспирантурасида таҳсил олган. 1961 йилда номзодлик, 1978 йилда докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан Академик арбоби” унвони билан мукофотланган.

Р. Маҳкамов ўз меҳнат фаолиятини 1954 йили собиқ иттифоқ Машина қурилиш технологияси илмий-тадқиқот институтида кичик илмий ходим сифатида бошлаган. Истеъдодли олим қарийб 64 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академияси Президиуми Техника фанлари бўлими илмий котиби, Геология институти катта илмий ходими, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доценти, кафедра мудири, профессори каби лавозимларда халқимиз ва Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимизда илм-фан ва таълим соҳаларини ривожлантириш, машинасозлик соҳасида юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшган.

Р.Маҳкамовнинг техника соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 200 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум. Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида бир қатор фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланган.

Ўзбекистон халқ артисти Шуҳрат Аббосов (1931-2018)

Шуҳрат Солиҳович Аббосов 1931 йил 16 январда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. 1949 йили Тошкент тиббиёт техникуми, 1954 йили Тошкент театр санъати давлат институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)нинг режиссёрлик факультетини тамомлаган. У “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони, Давлат мукофоти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва бошқа қатор орден ва медаллар билан мукофотланган.

Меҳнат фаолиятини Янгийўл шаҳридаги Тошкент вилояти мусиқий драма театрида режиссёр сифатида бошлаган. 1958 йили “Мосфильм” студияси қошидаги Олий режиссёрлик курсини тамомлаган. 1982-1986 йилларда “Ўзбекфильм” киностудиясида режиссёр, кейинчалик директор, Ўзбекистон кинематографлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилган.

Ўзининг 60 йилдан зиёд ижодий фаолияти давомида миллий театр ва кино санъати ривожига катта ҳисса қўшган Ш.Аббосов томонидан яратилган “Майсаранинг иши”, “Оғриқ тишлар” каби спектакллар, “Сен етим эмассан”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Тошкент – нон шаҳри”, “Абу Райҳон Беруний” сингари бадиий фильмлар санъатимизнинг “олтин фонди”дан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева (1932-2018)

Суйима Ғаниева 1932 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1952 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини тамомлаган. 1953-1956 йилларда Ленинград давлат университети аспирантурасида таълим олган. У Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун» орденлари ва Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони билан мукофотланган.

Меҳнат фаолиятини 1956 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти кичик илмий ходими сифатида бошлаган. Шу йили буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижодига бағишланган номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти илмий котиби, Тошкент давлат консерваториясида кафедра мудири, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори лавозимларида фаолият кўрсатган.

С.Ғаниева ўз илмий фаолияти давомида яратган 14 та монография, 350 дан зиёд илмий-назарий мақолалар мамлакатимиз ва халқаро илмий нашрларда чоп қилинган, 20 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари республика олий таълим муассасалари ўқув жараёнига татбиқ этилган. Унинг «Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди», «Алишер Навоий ижодида миллий мафкура», «Навоий ғазалларида жўмардлик мотивлари», «Навоий васияти», «Навоий дастхати» каби сермазмун асарлари  юртимиз ва чет эл адабиётшунослари томонидан илмий кашфиётлар сифатида эътироф этилган.

С.Ғаниева Алишер Навоийнинг узоқ йиллар давомида илм-фанга номаълум бўлиб келган “Муножот” асарини топиб, нашр эттирган. Олима 2011 йилда Алишер Навоийнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган.

Академик Малика Абдуллахўжаева (1932-2018)


Малика Абдуллахўжаева 1932 йил 28 ноябрда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида туғилган. 1956 йили Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)ни тугатиб, Россия Фанлар академияси Мия институти аспирантурасида таҳсил олган. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган. У Ўзбекистон Қаҳрамони унвони ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

М.Абдуллахўжаева ўз меҳнат фаолиятини 1960 йили Тошкент давлат тиббиёт институти ассистенти сифатида бошлаган. Олима қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Рентгенология, радиология ва онкология илмий-тадқиқот институти (ҳозирги Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази) лабораторияси мудири, Тошкент давлат тиббиёт институтида кафедра мудири, Ўзбекистон Республикаси патологоанатомик маркази директори каби лавозимларда самарали меҳнат қилиб, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, тиббиёт фанининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшган.

Олиманинг тиббиёт соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 300 дан зиёд илмий мақолалари, 20 га яқин китоб ва монографиялари ҳамда 10 га яқин муаллифлик ишлари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум.

Академик Маҳмуд Салоҳиддинов (1933-2018)

Салоҳиддинов Маҳмуд Салоҳиддинович 1933 йил 23 ноябрда Наманган шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1974), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1984), физика-математика фанлари доктори (1967), профессор (1969). Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1974).

Ўрта Осиё университетининг физика-математика факултетини тугатган (1955), шу университетда аспирант (1955— 58) ва математик анализ кафедрасида ўқитувчи (1958—59), дифференциал тенгламалар кафедраси мудири (1980—86, 1993—96). Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институтида илмий ходим, бўлим мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари (1959—67), директори (1959—85), Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти (1984—85), Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазири (1985 — 88), Ўзбекистон Фанлар академияси президенти (1988—94). Ўзбекистон Фанлар академияси физика-математика фанлари бўлими раиси (1994—97). Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институтида бўлим мудири (1974 йилдан), ЎзМУ профессор (2000 йилдан).

Илмий ишлари чизиқли бўлмаган хусусий ҳосилали дифференциал тенгламалар тизими учун Коши масаласини ҳал қилишга, чегарада бузиладиган дифференциал тенгламалар учун қўйилган чегаравий масалалар назариясига, назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлган аралаш ҳамда аралаш-қўшма типли тенгламалар назариясига оид. Маҳмуд Салоҳиддинов аралаш-қўшма типли дифференциал тенгламалар назариясини ривожлантириб, уларнинг тўла тадрижи ва каноник кўринишларини топган, ҳар бир ҳол учун бир қанча янги масалалар қўйиб текширган.

Ўзбекистон халқ артисти Ҳусан Шарипов (1937-2018)

Ҳусан Шарипов 1937 йил 27 июль куни Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ артисти (1991). Тошкент театр ва рассомлик санъати интини тугатган (1963). 1959 —91 йиллар Мукимий театрида актёр (1986—87 йиллар директор), 1990—95 йиллар Ўзбекистон телерадиокомпаниясида бадиий сўз устаси, 1995—97 йиллар Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси котиби бўлиб ишлаган. «Меҳнат шуҳрати» ордени б-н мукофотланган (1999).

Ҳусан Шариповнинг ўзбек анъанавий театри ва аския санъати воситаларидан унумли фойдаланиши саҳнада, кинода, миниатюра театри, «Ханда» эшиттиришлари (радио)да яратган образлари, ролларидаги соддалик, самимийлик кўзга ташланади. Театрда Тошболта («Тошболта ошиқ»), Пўлат («Хотинимнинг эри»), Тожибой («Ўжарлар»), Ҳасан («Жон қизлар»), Акоп («Хонума хоним»), Абдулла («Ака-ука совчилар»), Абдулла («Ватан ишқи»), Собиржон («Ошиқ Ғариб»), Чойхоначи («Жоним фидо») каби роллари билан театр ривожига муносиб ҳисса қўшган.

Кинода Шермат («Суюнчи»), Ҳусан Шарипов («Водиллик келин»), Автобаза директори («Марҳумнинг ҳурмати»), Ҳусан («Шўрпешоналар», «Келинлар қўзғолони», «Ким жинни»), Ҳожи Аълам («Майсаранинг иши»), Зокир хотинбоз («Амирнинг бевақт ташрифи»), Ҳожи («Бомба»), Бўёқчи («Маккора»), ота («Чинор тагидаги дуэль» ва б.) ва телефильмлар [Ҳожи Деҳдор («Алишер Навоий»), 12 қисмли, Савдогар («Увайсий»), Ҳусан («Учрашув») ва б.]да ҳам самарали ижод қилган.

Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева (1947-2018)

Ҳалима Худойбердиева 1947 йил Сирдарё вилояти Боёвут туманида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факултетини тугатган (1972). «Саодат» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1972-75), бош муҳаррир ўринбосари ва бош муҳаррир (1982-94), Ёшлар нашриётида бўлим мудири (1978-82), Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси (1990-94), «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир (1996-98), «Санам» журналида бош муҳаррир ўринбосари (1998-2003), 2004 йилдан «XXI аср» газетасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлаган. Ўзбекистон халқ шоираси (1992), 1-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати, Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1990).

Ҳалима Худойбердиеванинг илк шеърлари ўқувчилик йилларида Янгиер туман газетасида босилган (1964). Шундан кейин унинг «Илк муҳаббат» (1968), «Оқ олмалар» (1973), «Чаман» (1974), «Суянч тоғларим» (1976), «Бобо қуёш» (1977), «Иссиққор» (1979), «Садоқат» (1983), «Муқаддас аёл» (1987), «Бу кунларга етганлар бор», «Ҳурлик ўти» (1993), «Тўмариснинг айтгани» (1996) «Йўлдадирман» (2005) ва бошқа шеърий китоблари нашр этилган.

Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатлар — севги ва садоқат, мехр ва мурувватни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърий тўпламларидан бошлаб ўз ижодида аёл ва она образларининг сеҳрли қирраларини очишга, уларнинг нафақат жамиятнинг тўлақонли ва фаол аъзолари, балки шу жамиятнинг курки ва безаги эканлигини уқтиришга интилди. Унинг тасвиридаги аёл ҳар қандай халқ ва мамлакатнинг келажаги — соғлом ва баркамол ёшларни етказиб берувчи мўъжизавий кучдир. Ҳалима Худойбердиева айни шу нуқтаи назардан ўзбек аёлларининг ўй-хаёлларини, ички кечинмаларини ёрқин тасвирлайди, замондошларида аёлларга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат туйғуларини ўстиришга интилади.

Ҳалима Худойбердиеванинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Тўфон Миннуллиннинг «Алла» пьесаси Ҳалима Худойбердиеванинг авторлаштирилган таржимасида ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида қўйилган. У Фазу Алиева, Силва Капутикян, Иброҳим Юсупов ижодидан таржималар қилган.

Шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзо (1949-2018)

Мирпўлат Мирзо 1949 йил 20 августда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1971).

1971 йилдан “Ёш гвардия” нашриётининг муҳаррири, 1982-86 йилларда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида масъул котиб, “Ёш гвардия” нашриётида бош муҳаррир ўринбосари, “Ёзувчи” нашриётида бош муҳаррир, 1997 йилдан “Жаҳон адабиёти” нашриётида бош муҳаррир ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Мирпўлат Мирзонинг дастлабки шеърий туркуми 1971 йилда «Гулистон» журналида нашр этилди. Илк шеърий тўплами 1975 йилда нашр этилган бўлиб, сўнг «Тонг жилваси» (1976), «Ишқ фасли» (1978), «Яхши кунлар» (1981), «Сунбула» (1985), «Мовий дарё» (1988), «Атиргул ва юлдузлар» (1990), «Онажон», (1995), «Сайланма» (2005) каби 10 дан ортиқ шеърий тўпламлари чоп этилган. Унинг жаҳон шоирлари ижодидан қилган таржималари “Сомон йўли чечаклари” (2004), “Сайра, дўмбирам!” (Қозоқ шеърияти антологияси, 2005), “Ложувард осмон”, “ХХ аср рус шеърияти” номлари билан нашр қилиниб, шеърият ихлосмандларининг меҳрини қозонган.

Мирпўлат Мирзонинг “Сурур”, “Райҳон иси” номли эсселар, публицистик мақолалар ва адабий суҳбатларни ўз ичига олган китоблари ҳам адабий жамоатчилик томонидан алоҳида эътибор билан қабул қилинди. Мирпўлат Мирзо таржимасидаги Г. Лессингнинг “Донишманд Натан”, В. Шекспирнинг “Ёз туни ғаройиботлари” пьесалари Миллий театримиз саҳнасида муваффақият билан қўйилди. У Борис Пастернак номидаги (1999) ва “Алаш” (2001) номли халқаро мукофотлар билан тақдирланган.

Таниқли уламо Анвар қори Турсунов (1958-2018)

Анвар қори Турсунов 1958 йил 21 ноябрда Тошкент шаҳри Ҳамза туманида туғилган. 1981 йил Тошкент Давлат университетининг филология факультетини, 2001 йил Тошкент ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов меҳнат фаолиятларини 1981-1984 йилларда – “Ёшлик” журналида муҳаррир вазифасидан бошлаган. 1984-1987 йилларда – Ўзбекистон Фанлар Академиясида, 1987-1989 йилларда эса Тошкент шаҳар, Абдулла Қаҳҳор уй музейи илмий ходим бўлиб фаолият юритган.  1989-1994 йилларда — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги таржима ва адабий алоқалар маркази Шарқ адабиёти бўйича катта муҳаррир. 1994-1999 йилларда – Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, “Янгиобод” жоме масжиди имом-хатиби бўлган. 1999–йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритган.

Анвар қори Турсунов 1989-1992 йилларда Қуръони каримнинг биринчи таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов (1963-2018)

Обид Асомов 1963 йил 22 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида таваллуд топган. Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтида ўқиган. 1993 йилда «Обид-А» театрини ташкил қилган. Ўзбекистон ва хорижда машҳур қизиқчи, истеъдодли актёр сифатида танилган.

2006 йилдан Россия телевидениеси «Россия-1» телеканалининг «Эгри ойна» («Кривое зеркало») ҳажвий кўрсатувида қатнашиб келган. 2018 йил 24 май куни Обид Асомов Ўзбекфильм қошидаги «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК директори этиб тайинланганди.

Обид Асомов “Бу нима бу” (1990), “Кулол ва хурмача” (1990), “Темир эркак” (1991), “Алиф Лайло” (1992), “Алпомиш” (2000), “Тоҳир ва Зуҳра” (замонавий талқин, 2000), “Дев ва пакана” (2003), “Пўшт, арава” (2006) каби филмларда суратга тушган.

Яна кўринг:

2017 йили йўқотганларимиз

2016 йили йўқотганларимиз

2015 йилда йўқотганларимиз