2017 йил диний-маърифий соҳада ҳам ислоҳотларга, яхши хабарларга бой йил бўлди. Ўтаётган йилда диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар акс этган энг асосий янгиликларни эслаб ўтамиз.
2017 йил 17 январь. 2017 йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланди (илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди).
2017 йил 14 февраль. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори имзоланди.
2017 йил 31 май. 2017 йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун умра квотаси 10000 нафар қилиб белгиланди (илгари бу кўрсаткич 6000 нафар эди).
2017 йил 27 июль. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан тафсир, ақида, фиқҳ, ҳадис шарҳи, тажвид ва араб тили фанларидан онлайн дарслар ташкил этилди.
2017 йил 2 август. «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
2017 йил 6 сентябрь. Бухородаги Баҳовуддин Нақшбанд мажмуасида янги ташкил этилган Бухоро Олий мадрасанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
2017 йил 13 сентябрь. «O‘zbekiston» телерадиоканалининг «Ҳидоят сари» студияси ва Тошкент Ислом университети «Зиё медиа маркази» фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
2017 йил 14 сентябрь. Тошкент ислом институтида олий диний ўқув юртидан кейинги таълим – ислом фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ҳамда ислом фанлари бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими ташкил этилди.
2017 йил 30 сентябрь. Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлим ташкил этилди.
2017 йил 30 сентябрь. Диний-экстремизм фаолиятига адашиб жалб қилинган шахслардан 16 мингдан зиёди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари «қора рўйхати»дан чиқарилди.
2017 йил 5 октябрь. Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квоталари ўтган йилга нисбатан икки баробарга оширилди.
2017 йил 18 октябрь. Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
2017 йил 2 ноябрь. Ўзбекистондаги масжидларда овоз кучайтиргичлар орқали азон айтила бошланди.
2017 йил 6 ноябрь. Ўзбекистонда “Ҳалол” стандарти жорий қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Мева сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорнинг олтинчи бандида Ўзстандарт агентлигига: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда йигирма кун муддатда республикада халқаро стандартларни, шу жумладан «ISO 22000», «Ҳалол» стандартларини жорий этиш ва кейинчалик қўллаш бўйича чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, деб қайд этилди.
2017 йил 8 ноябрь. Самарқандда Калом ва Ҳадис мактабларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
2017 йил, 10 ноябрь. Бухоро вилоятида жойлашган Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби очилди.
2017 йил 10 ноябрь. Қашқадарё вилоятида “Абу Муъин ан-Насафий” номидаги ақида илми мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
2017 йил 11 ноябрь. Тошкент халқаро аэропортида мусулмонлар учун намозхона очилди.
2017 йил 13 ноябрь. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қошида пуллик ўқув курслари ташкил этилиши ҳақида буйруқ қабул қилинди. Буйруқда ЎМИ тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тили фанларини ўргатувчи пуллик ўқув курслари ташкил этилиши, ушбу курсларнинг муддати 1 декабрдан бошлаб 6 ой давомида амалга оширилиши белгиланди.
2017 йил 13 ноябрь. Фарғонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ислом ҳуқуқи мактаби ташкил этилди.
2017 йил 25 ноябрь. Янги давлат стандартига кўра, 2018 йил 1 январь эътиборидан расман кучга кирадиган қоидаларда ҳар бир меҳмонхонада Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз (меҳмонхона номерларининг энг камида 10 фоизида) ва қибла кўрсаткичи (меҳмонхона номерларининг энг камида 30 фоизида) бўлиши шарт этиб белгиланди.
2017 йил 29 ноябрь. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси буйруғига кўра, Қорилар мусобақаси ҳар бир туманда ўтказиладиган, унда ЎМИ тасарруфидаги ўқув юртларидан бўлмаганлар ҳам иштирок эта оладиган бўлди.
2017 йил 6 декабрь. Ўзбекистонда илк бор исломий “AzonFM” онлайн радиоси фаолият бошлади.
2017 йил 15 декабрь. Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор эълон қилинди. Ўзбекистон Ислом академияси ҳузурида магистратура (2 йил), таянч докторантура (3 йил) ва докторантура (3 йил) фаолият юритади.
2017 йил 28 декабрь. Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, миллий-маънавий қадриятларимизни юксалтириш ва сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига кўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланди.