Озарбойжонда 1918 йил 31 март куни рўй берган фожиаларга 100 йил тўлди. Мазкур сана муносабати билан эълон қилинган мамлакат парламенти – Миллий Мажлис баёнотида бу Озарбойжон тарихидаги энг қайғули кунлардан бири экани таъкидланади.
Хўш, бундан роппа-роса бир аср аввал қандай фожиа рўй берган эди?
1918 йилнинг 31 март куни (эски йил ҳисоби бўйича 21 март) Озарбойжон пойтахти Бокуда халқ Наврўз байрамини нишонлаётган пайтда арман дашноқларидан иборат гуруҳлар аҳолини қирғин қилди. Оммавий қирғин Боку шаҳри ва Боку губернияси қишлоқларида амалга оширилди.
Степан Шаумян бошчилигидаги большевик гуруҳлар халқ бошига кулфатлар ёғдирди. Мазкур шахс Боку халқ комиссарлари кенгаши раҳбари сифатида катта ваколатга эга эди.
Тўрт кун давомида озарбойжон миллатига мансуб 20 мингдан ошиқ аёллар, қариялар, болалар ўлдирилди. Жангари тўдалар даҳшатли усулларни ишга солди – одамлар тириклай кўмилди, ёқиб юборилди.
Мамлакат парламенти баёнотига кўра, Боку губерниясида бошланган қирғинбарот Қорабоғ, Шемаха, Губа, Нахичевон, Ленкоран каби ҳудудларда давом эттирилди. 1918 йилнинг март-июль ойларида Боку, Шамаха, Губа, Мугани каби ҳудудларда 50 минг озарбойжонлик ўлдирилди. Юзлаб қишлоқлар, тарихий обидалар вайрон қилинди, уйлар, масжидлар ёқилди.
1918 йил фожиалари пайти турк-мусулмон аҳолиси билан бирга 3000 га яқин яҳудий миллатига мансуб аҳоли ҳам қатл қилинган.
Ўша йили таъсис этилган Озарбойжон Демократик Республикаси март фожиаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада махсус комиссия тузилди. Янги давлат март фожиалари муносабати билан миллий мотам эълон қилди. 1919 йили парламент 31 март санасини Озарбойжон халқи геноцид қилинган кун деб белгилади. Бу мудҳиш жиноятларга муносиб сиёсий баҳо бериш йўлидаги илк уринишлар эди. Аммо тез орада Озарбойжон Демократик Республикаси тугатилди.
Совет Иттифоқи даврида миллатчи тўдалар амалга оширган жиноятлар яшириб келинди. Иттифоқ парчаланганидан кейингина тарихий ҳақиқатлар ҳақида сўзлаш имкони туғилди.
1989-1993 йилларда эса Арманистон қуролли кучлари томонидан Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) эгалланди. Расмий Боку қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади. Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
Озарбойжон парламентига кўра, XX аср давомида 2 миллиондан ошиқ озарбойжонлик геноцид қурбони бўлган ва бугун мамлакатда миллатчилик жабрини кўрмаган бирорта оила қолмаган.
Озарбойжон Миллий Мажлиси мазкур жиноятлар жазосиз қолаётганини инобатга олиб, БМТ, ЕХҲТ, МДҲ ва бошқа халқаро ташкилотларга озарбойжон халқи бошига ёғилган кулфатларни геноцид деб тан олиш ва айбдорларни очиқ эътироф этишга чақирган. Қўшни мамлакат билан зиддиятларни халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ҳал этишда амалий саъй-ҳаракатга ундаган.
2007 йили Губа туманида стадион қурилиши жараёнида оммавий қабр топилди. Ўрганишлар асносида бу ерга 1918 йилги фожиалар пайти ўлдирилган 400 дан ошиқ инсон кўмилгани аниқланди. Мамлакат раҳбари Илҳом Алиев фармони билан 2009 йили бу ерда Губа хотира мажмуаси қурилиши бошланди. Мажмуа 2013 йил 18 сентябрда очилди. Мазкур маскан 18 март фожиаларида ҳалок бўлган инсонлар хотирасига эҳтиром рамзи сифатида бунёд этилган.
C.Cалим