ТУРКИЙЛАР
Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил худони.
Қиличлар занглади…
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.
Илвасин йигитлар,
бобир йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.
Туркда бош қолмади… қолмади довлар.
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
«бизга тик қарама» буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.
Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зебу забари,
терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
туғингиз деди ёв тескари қараб,
ёвларга терс қараб туғилди бари.
Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирилган — имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бир-бирига душман,
бир-биридан кож.
Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.
Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда…
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.
Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар
саждага бош қўйиб жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.
Борми эр йигитлар, борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.
Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Шавкат Раҳмон