Муҳаммад Раҳимхон II — Феруз (1845-1910)

Феруз XIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бошларидаги ўзбек адабиётида ўзига муносиб ўринга эга бўлган адиблардан биридир. У шоир, мусиқашунос, давлат арбоби ва феодал ҳукмдор эди. Феруз, яъни Муҳаммад Раҳим 1845 йилда Хивада Саид Муҳаммад оиласида таваллуд топди. У бошланғич маълумотини хусусий муаллимдан олади, бироз муддат мадрасада таҳсил кўради, давлат, ҳуқуқ илмини эса унга замонасининг буюк ҳуқуқшунос олимлари ўргатадилар.

Огаҳий Муҳаммад Раҳимга устодлик қилди, унга шеърият сирларини ўргатди, тариҳдан, таржима илмидан сабоқ берди. У Ал-Хоразмий, Беруний, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд каби буюк алломалар ҳақида дастлаб Огаҳийдан дарс эшитди. Кейинчалик эса уларнинг ижодий меросларини тўплашга киришади ва Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан бир китоб тартиб этади.

Муҳаммад Раҳим 1863 йилда отаси Саид Муҳаммадхон вафот этгандан кейин унинг ўрнига Хива хонлиги тахтига ўтиради. Бу воқеага бағишлаб шуаро ва фузалолар тарих ва қасидалар битдилар, маснавийлар яратдилар. Огаҳий томонидан битилган тарих ва ёзилган қасида алоҳида аҳамият касб этади.

Огаҳийнинг Ферузга бағишлаган қасидасида унга отанинг ўз ўғлига, устоднинг шогирдига берган насиҳатлари, тилак ва истаклари, адолатпарварлик ва халқпарварлик ниятлари ифодаланган. Огаҳийнинг ушбу қасидаси йирик панд-насиҳат ҳақидаги асар бўлиб, мамлакатни бошқаришда Феруз фаолиятида унга берилган йўл-йўриқ ҳам эди. Феруз бу вақтда эндигина ўн тўққиз баҳорни кўрган йигит бўлиб, ўн йилча мустақил равишда хонлик қилди. Аммо Русия империясининг Хива хонлигини босиб олиши натижасида, қолган даврда унинг вассали сифатида давлатни бошқарди.

Муҳаммад Раҳим ёшлигидан адабиётга ҳавас қўяди. Алишер Навоий, Мунис, Огаҳий, Комил сингари шоирларнинг асарларини қунт билан ўрганиб, уларга эргашиб шеърлар ёзди, ёзган шеърларига «Феруз» (ғолиб, бахтли, саодатли) деб тахаллус қўяди. Айниқса, ўзига қадар ўтган Шарқ адабиёти вакилларини устод деб билди.

Огаҳий билан Феруз ўртасида шогирд ва устодлик муносабатлари мустаҳкам эди. Ҳатто Огаҳий ўз шогирди Ферузга ота-ўғилдек муносабатда бўладики, бу албатта Феруз фаолиятига таъсир этмай қолмади. Феруз билан бир даврда яшаб ижод қилган олиму шоирлар, унинг фуқаропарвар, адолатли ва рахмдил шоҳлардан бири сифатида талқин этадилар.

Феруз саройига шоир, тарихнавис, олиму фузало, таржимону хаттот, табибу созанда ва шунга ўхшаш замонасининг маданият арбобларини атрофига тўплади. Феруз фан-маданият ривожига катта аҳамият берди. У ўз атрофига шоиру созандаларни тўплаб ҳар ҳафтада ғазалхонлик, шеърхонлик кечалари ташкил қилган. Бу ҳақда Баёний бундай ёзган: «Хон ҳазратлари ҳафтада икки кун: жума ва душанба оқшомларида уламо била суҳбат тузиб, китобхонлик этдурур эрдилар». Ферузнинг ўзи ҳам шеър ёзган, ашула айтган ва мусиқа басталаган. Буни унинг ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик, Ҳ. Сулаймонов номидаги Кўлёзмалар институтлари, Масков, Санкт-Петербург шаҳарлари ҳамда Британия, Франция, Туркия каби мамлакатларнинг кутубхоналарида сақланаёттан «Ғазалиёти Феруз», «Баёзи Феруз», «Девони Феруз» асарлари ҳам тасдиқлайди.

Феруз шеърияти қўлёзма девон ва тошбосма баёзларда бизга тўлиқ етиб келган дейиш мумкин. Беруний номли Шарқшунослик институтида шоирнинг ўнга яқин ғазал мажмуалари мавжуд. Бундан ташқари унинг шеърлари ўша вақтда Хоразмда тузилган турли хил баёз, мажмуалардан ҳам ўрин олган.

Феруз ижодига назар ташлар эканмиз, унда шоир ғазалиётининг жуда кўп қисми ишқ-муҳаббат мавзуига бағишланганлигининг гувоҳи бўламиз.

Ишқ элин шоҳиман, вале ошиқининг қаторида,
Ушбу хазининг ул пари кўзига илмади нетай.

Шоир инсоннинг инсонга бўлган муҳаббатини улуғлади ва унга ҳар бир инсоннинг энг муҳим фазилатларидан бири деб қаради. Инсон ва ҳаётни, севги ва садоқатни ўз ижодининг асоси қилиб олган Феруз севгини садоқатсиз, меҳрни оқибатсиз тасаввур қила олмайди. Булар шоир лирикасининг етакчи ғоявий асосини ташкил қилади. Унинг кўпчилик ғазаллари ўз замонасида созандалар ва гўяндалар томонидан куйга солиб куйланиб келинди. Улар бугунги кунда ҳам мусиқашуносларимизнинг диққатини ўзига тортмоқда.

Феруз ижод аҳлига ғамхўрлик қилди, уларга маош тайинлади. Уларнинг китобларини босиб чиқариш учун қўлидан келган барча ишларни амалга оширди. Феруз шоирларнинг асарларидан иборат ҳар хил тазкиралар, баёзлар туздирди. «Ҳафт шуаро», «Баёзи ғазалиёт», «Баёзи мухаммасат», «Баёзи мусаддасат» каби тўпламлар шулар жумласидандир. Ферузнинг ташаббуси билан истеъдодли шоир Аҳмаджон Табибий «Мажмуат уш-шуаройи Ферузшоҳий», «Мухаммасат уш-шуаройи Ферузшоҳий» тазкираларини тузди. Бу мажмуалар Феруз хонлик қилган даврда яратилган бўлиб, ўша давр адабий ҳаракатини ўрганишда қимматли манба бўлиб хизмат қилади.

Феруз хонлик қилган даврда Хива давлатининг бироз марказлашуви натижасида илм-фан, маданият ва адабиёт ривожланди. Феруз ташаббуси билан Хива шаҳрида тошбосма ташкил этилди. Унда Феруз фармони билан Алишер Навоийнинг «Чор девон», «Хамса» сингари асарлари илк бор чоп этилди. Мунис, Огаҳий, Комил, Баёний, Мирзо, Аваз Ўтар, Девоний, Ниёзий, Чокар сингари шоирларнинг асарлари кўплаб нусхада босилиб чиқди. Хоразм шоирларининг асарларидан ташкил топган баёз, тазкира ва бошқа халқлар адабиётидан қилинган таржима асарлар ҳам шу матбаада нашр қилинди. Феруз таржима қилиниши керак бўлган асарларнинг рўйхатини туздириб, турли таржимонларни бу ишга жалб этган. Натижада Феруз даврида «Хоразм таржима» мактаби вужудга келди. Бу давр таржимонлари томонидан ўзбек тилига ўгирилган қатор тарихий, бадиий, илмий-фалсафий асарлар маданиятимизнинг нодир дурдоналари бўлиб қолди.

Феруз таржимонлик, хаттотлик, китобот ишлари, тазкира, мажмуа ва баёзлар яратиш бўйича ҳам бир мунча ишларни амалга оширди. Тарих, тиббиёт, бадиий адабиёт ва музикага доир кўплаб қўлёзма манбалар қайта тикланди ҳамда янгидан-янги асарлар вужудга келди.

Бу улкан меросни халққа етказиш ва уни китобот қилишда Хоразм каллиграфларининг хизматлари ниҳоятда каттадир. Улар ўзларига хос услубда содда ва аниқ қилиб, насх, сулх, райҳоний сингари араб хати шаклидан фойдаланиб юзлаб қўлёзма асарларга сайқал бердилар. Хоразмда бу даврда кўчирилган қўлёзмаларнинг кўпчилик қисми адабиётга оид бўлиб, улар ўтмиш ва замондош шоирларнинг девон, баёзлари ҳамда турли хил мажмуа, тазкираларидан иборат эди. Буларнинг барчаси Феруз фармони асосида амалга оширилди. Муҳаммад Раҳим соний — Феруз хонлик қилган даврда шу тариқа меъморчилик, мусиқа, хаттотлик, наққошлик каби бир қатор санъат турлари ривожланди. Бу даврда фотография ва кино санъати вужудга кедди. Турмушга гармон, граммафон, электр сингари янгиликлар кириб келди.

Феруз мусиқашунос сифатида шоир ва бастакор Паҳлавон Ниёз Мирзобоши Комилни Хоразм шашмақомини танбурга мослаб нота ёзишга ундади. Комил «Хоразм танбур нотаси» деб юритиладиган «Танбур чизиғи»ни яратди. Комилдан кейин эса бу ишни унинг ўғли Мирзо Феруз талаби асосида Хоразм шашмақомини етти мақомда танбурга мослаб нота ёзди. Ферузнинг ўзи ҳам бир қанча шеърларга мусиқа басталаган. Шоир Комилнинг ташвиқи билан бутун шашмақом куйларини мукаммал ўрганган, «Наво», Сегоҳ» ва «Дугоҳ» мақомларига боғлаб куйлар яратган эди. Бу куйлар Хоразм мусиқачилари орасида машҳурдир.

Муҳаммад Раҳим соний даврида хонлиқда жуда кўп қурилишлар амалга оширилди, мадраса, масжид, боғлар барпо этилди.

У 1871 йилда Кўҳна Арк қаршисида ўз номига мадраса қурдириб битказади. Бу мадраса XIX аср меъморчилигидаги энг нодир ёдгорликлардан бири бўлиб, икки қаватли қилиб қурилгандир. Унда муллаваччаларнинг ўқиши учун ёзги ва қишки масжид, дарсхона ва кутубхоналар ҳамда уларнинг яшашлари учун 76 ҳужра қурилган. Ферузнинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббуси билан йигирмадан ортиқ мадраса, масжид, минора, хонақолар қурилади.

Феруз ерларни сув билан таъминлаш, боғ-роғлар барпо қилиш ишига ҳам алоҳида аҳамият берди. Унинг буйруғига мувофиқ Қўнғирот тумани сарҳадида катта ариқ бунёд этилди. Халқ ушбу ариқнинг қурилишига Муҳаммад Раҳим соний раҳбарлик қилганлиги учун ариқни унинг номи билан Хон ариғи деб атади. Калта минор, Амиробод, Сарибий каби ариқларнинг қазилиши ва қайта тикланиши ҳам Феруз номи билан боғлиқдир. Феруз Ангарик, Тозабоғ, Боғишамол ва бошқа канал ҳамда боғларнинг қурилишига ҳам раҳбарлик қилди.

Шу билан бирга 47 йилу саккиз ой-ю, 20 кун Хоразмда ҳукмронлик қилганлигининг ўзи ҳам унинг адолатпарвар ҳукмдор, халқпарвар шоир, маърифатпарвар буюк шахс бўлганлигидан далолат беради.

Давлат арбоби, истеъдодли шоир, зукко мусиқашунос ва созанда, илм-фан ҳомийси бўлган Муҳаммад Раҳим соний — Феруз умрининг охирида чап томони бутунлай шол бўлиб, фалаж касалига учрайди.

Баёний Муҳаммад Раҳим соний жанозасида қатнашади ва ўз кўзи билан кўрганларини, Ферузнинг тобути ўзи қурдирган мадрасага қўйилиб, ўша ерда жаноза ўқилганлигини, Исфандиёр бошлиқ барча уламо, фузало ва аркони давлатнинг ҳозир бўлганлигини ҳикоя қилади.

Умуман, Феруз халқимиз тилида, дилида ўзининг қилган яхши ва эзгу ишлари, ёзган шеърлари ва басталаган куйлари, қурдирган иморатлари билан абадий қолди.

проф. Н. Қобулов

Мақолалар

Муҳаммад Раҳимхон Феруз шеърларидан
Улуғбек Долимов. Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1845-1910)
Ўзбек зиёлилари: Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1845-1910)
Анбара Отамуродова. Отаниёзовнинг отаси — шоир, хаттот ва мударрис (2009)
Мухаммад Рахим-хан Феруз (на русском языке)
Feruz (Muhammad Rahimhon II) (in English)

Феруз ҳақида китоблар

Давлатёр Раҳим, Шихназар Матрасул, Нусратулла Жумахўжа. Феруз

Феруз китоблари

Муҳаммад Раҳимхон Феруз. Элга шоҳу ишққа қул
Муҳаммад Раҳимхон Феруз. Не бўлди ёрим келмади