Мирзо Улуғбекни 15 асрдан бери Европа ва Америкада ҳам, Осиёда ҳам яхши билишади. 16 аср охири ва 17 асрнинг бошларида Европада астрономия фанининг жадал суръатлар билан ривожланиши европаликларнинг Самарқанд академиясига бўлган қизиқишини оширди. Шогирди Али Қушчининг Улуғбек асарларини Туркияда тарғиб этганлиги натижасида европаликлар унинг фан тараққиётига қўшган кашфиётларидан баҳраманд бўлдилар.
Ҳозирги кунда «Зижи жадиди Кўрагоний» асарининг 150 дан ортиқ нусхаси маълум. Бошқа маълумотларга кўра, асарнинг 120 га яқин форсий нусхаси ва 15 дан ортиқ арабий нусхаси ҳам мавжуд.
Мирзо Улуғбекни давлат ишлари билан машғул бўлишдан кўра кўпроқ илму фан билан шуғулланиш қизиқтирган. Унинг «Бир даражанинг синусини аниқлаш ҳақида рисола», «Рисолаи Улуғбек», «Тўрт улус тарихи», «Зижи жадиди Кўрагоний», «Кўрагонийнинг янги жадваллари» каби асарлари дунё олимлари томонидан ҳали ҳануз ўрганилади. Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» асари «Улуғбек зижи», «Зижи Кўрагоний» каби номлар билан ҳам аталади. «Зиж» сўзи форс тилидаги «зик» сўзидан олинган бўлиб, «жадвал» маъносини билдиради. Мазкур асар Улуғбекнинг қарийб 30 йиллик изланиши самараси бўлиб, у 1444 йилда ёзиб тугатилган. Асар форс тилида битилган, кейинчалик Ғиёсиддин Ал-Коший томонидан араб тилига таржима қилинган. «Зижи жадиди Кўрагоний» муқаддима ва тўрт мақоладан иборат.