2008 йили таваллудига 105 йил тўлган машҳур франсуз ёзувчиси Жорж Сименон асарлари жаҳондаги юздан ортиқ тилга таржима қилинган. Турли мамлакатлар ва турли авлод китобхонлари орасида Жорж Сименон номининг кенг довруқ қозонишига асосий сабаб – ёзувчи баракали ижод қилган детектив жанрининг кишини ўзига тортувчи жозибасигина эмас, балки “кичик одам”га бўлган эътибор, ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий туб илдизларини кўра билиш ва уларни фош эта олишида ҳамдир.
Адиб асарларидаги машҳур Мегре образи ижодкор маҳорати, хаёлотига намуна сифатида адабиёт мухлислари, жумладан, детектив жанри ихлосмандларини ҳамон ҳайратга солиб келмоқда.
Биз қуйида эътиборингизга ҳавола этаётган ёзувчи ҳақидаги мақола, тўғрироғи, Жорж Сименон билан қилинган суҳбат бундан ўттиз йил илгари эълон қилинган. Гарчанд орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, бу суҳбат ҳозиргача ўз қимматини йўқотмай келаётир. Фикримизча, ушбу фикрлар бизнинг ўқувчимиз учун ҳам аҳамиятли.
(Жан-Луи Эзин, “Нувел литерер” газетасидан олинди, Париж)
Лозанна – қоялар, пастликлар, баландликлар, қарасанг, эсхонангни чиқариб юборгудай қўрқинчли тик қияликлар шаҳри. Бу шаҳар кўчаларида шамол эмин-эркин сайр қилади. Шамол – дунёда энг зўр фаррош. Шаҳар топографиясида қандайдир сир яширин. Бу шаҳарда қад кўтармиш катта бутхонанинг совуққон шарпаси, зим-зиё чуқурликка ғарқ кўприк элас-элас кўзга ташланади. Айни вақтда шаҳар Женева кўлидан таралаётган осойишталик, ором қўйнида ястаниб ётибди. Олис-олисда, Уши лангаргоҳи томонда қалин туманни ёриб, қуёш чиқиб келмоқда. Кўлнинг уёқ соҳили бир он кўзга ташланади-ю, яна ғойиб бўлади.
18 асрга мансуб пуштиранг уй. Мебел жиҳозлари қўйилмаган кенг хона. Кўл яққол кўриниб турган бу ерда деярли 200 та роман муаллифи, рекордчи адиб Жорж Сименон яқинда ўзининг 75 ёшини нишонлади (1978 йил – М.А.).
– Икки юз ўн еттита, – деб гапимни тўғрилайди ёзувчи.
– Бу романлардан нечтаси комиссар Мегрега бағишланган?
– Саксон иккитаси.
– Демак, сиз детектив бўлмаган китобларни кўпроқ ёзибсиз-да?
– Агарда аниқ қилиб айтадиган бўлсак, бир юз тўртта чиқади. Буларга кундаликларимни ҳам қўшса бўлади. Бугунга келиб, мен ўн еттита китобни айтиб туриб, ёздирдим.
– Айтишларича, сизнинг ўн еттита тахаллусингиз бор экан.
– Ҳа, тўппа-тўғри.
– Сизга шунча тахаллус нима учун керак бўлди?
– Кунига еттиталаб ҳикоя ёзган кунларим бўлган. Ана шу ҳикоялар тезроқ чиқа қолсин, деб тахаллус устига тахаллус қўярдим. Баъзан “Фруфру”нинг (газета) баъзи сонлари фақат менинг ҳикояларимдангина иборат бўларди. Ойига саккизталаб “нарсаси чиқиб турадиган” Ферентси, сўнгра Таланде (у ойига беш ёки олтиталаб ҳикоя чиқариб турарди) шу тариқа дунёга келди. Яна Жан Дюпери, Жорж Мартен, Жорж Сим, Кристиан Брюж, Арамис, Пик ва Плок бор эди. Қайси ҳикоям Жорж Сименон номи остида чиққани ёдимда йўқ.
– Кундалигингизда ўз ижодингизни камтарона баҳолайсиз. “Келажакда, – деб ёзасиз унда, – менинг ижодим баъзилар башорат қилганидан кўра камроқ аҳамиятга эга бўлар”. Яна бунга шундай деб қўшимча қиласиз: “Мен бу гапни ўта жиддий айтяпман”.
– Чиндан ҳам келажакда ижодимни қандай баҳолашларини сира тасаввур қилолмайман. Қаранг-а, ёзувчилар ўлганидан сўнг аърофга тушадилар (католиклар ақидасига кўра, киши ўлгач, дастлаб покланиш учун аърофга тушади. Ёзувчи бу ерда сўз ўйини қиляпти – М.А.). Бу аъроф номи – шуҳрат. Аммо ким ва қачон ана шу аърофдан чиқиши номаълум. Масалан, Стендал бутун ярим аср мобайнида ана шу жойда бўлди. Бошқа бировлар бунда (шуҳратга кўмилиб демоқчи) абадий қолиб кетадилар. Фақат вақтгина ижодкор – ёзувчи, рассом, композитор ижодининг аҳамиятини баҳолашга қодир.
– “Мен ўз инсоний фаҳми идрокимча, яна узоқлаб кетишни истардим”. Кундалигингиздан олинган ана шу сўзлар замирида афсус, армон ётмаганмикан?
– Мен китобларимдан бирини “Бошқаларга ўхшаган одам” деб атадим. Ўзим ҳамиша ана шундай одам бўлишга ҳаракат қилиб келдим. Бироқ бундай одамнинг, айтганингиздай, бошқаларнинг ўзларига ўхшашликларини англаб етиши мумкин эмас. Мен ёзувчи сифатида Мегре ҳақидаги дастлабки романларимдаёқ ўз олдимга бир мақсадни қўйдим – муҳокама қилиш, ҳукм чиқариш эмас, тушуниб етишга ҳаракат қилдим. Бу мақсадни баҳолиқудрат бажариб келдим. Лекин мана, 70 ёшга чиққанимда энди ортиқ роман ёзмасликка аҳд қилдим. Мен бировнинг ҳаёти билан жуда узоқ яшадим.
– Наҳотки энди бирор-бир фикр, ғоя сизни ҳаяжонга солмаган, тасаввурингизни қўзғамаган, ёзишга ундамаган бўлса?
– Йўқ, асло! Мен ўзим ёзган китобларни ҳеч қачон қайта ўқимайман.
– Нима учун?
– Агар ўқисам борми, яна уларни бошқатдан ёзиб чиқишимга тўғри келарди. Шундай қилишимга аминман. Яна шунга иқрорманки, ўша ёзган китобларим ҳозир мени сира қониқтирмайди. Гарчанд 18 ёшимдан бошлаб оддийроқ услубда, яъни содда, лўнда, равон ёзишга интилиб келган бўлсам-да, ўтган ижодим мени қониқтиролмайди. Қачонлардир ва қайдадир жамиятнинг ҳар бир табақаси кундалик турмушида қанча сўз ишлатиши ҳақида статистик тадқиқотни ўқигандим. Бундан франсузларнинг ярмидан кўпроғи турмушда атиги 600 та сўз ишлатишини билиб, ҳайрон қолган эдим. Модомики, шундай экан, мавҳум ибораю таърифлар, тумтароқ сўзлар кетидан қувишнинг нима кераги бор? Бу сўзлар ҳеч қачон турли китобхонлар томонидан бир хилда қабул қилинмайди. Мана, менинг нима учун “муҳим” саналмиш стол, стул, шамол, ёмғир каби сўзлардан фойдаланганим аён бўлади. Китобларимда ҳеч қачон ёмғир томчилари марварид ёки шунга ўхшаш бирор нимага айланмаган.
– Ҳозир сиз фақат айтиб туриб ёздиряпсиз…
– Бу янаям соз. Илк романларимни қўлда ёзиб, машинкада тузатардим. Лекин аста-секин шуни англаб етдимки, қўлёзма кишини чиройли, тумтароқ сўзлар, ибораларни излаб топишга мажбур этаркан. Мен қўлёзмани қайта кўчирганимда, сўзларни соддалаштираверардим, соддалаштираверардим… Ахир, ҳар сафар ёзганларингга қайтаверсанг, қийин-да. Ҳа, бу анча мушкул иш. Кейинчалик ёзув машинкасида ёзишга ўтдим. Бироқ айтиб туриб, ёздириш янада қулай экан! Бунда орқага қайтишнинг иложи бўлмайди. Бу тарзда ишлаш сўзлашув нутқининг равонлиги, соддалигини сақлаб қолишга имкон беради.
– Ана шу монологлар орқали қандай мақсадни кўзлагансиз?
– Бутун ёзувчилик ҳаётим давомида ўзга кишиларни тушунишга интилиб яшадим. Ҳозир эса ўзимни-ўзим тушунишга ҳаракат қиляпман. Бир сўз билан айтганда, мен ва ниҳоят ўз ҳаётим билан яшамоқдаман.
– Демак, биз романларингизда айнан сиз билан учрашган эканмиз-да?
– Мутлақо бундай эмас. Эҳтимол, мен комиссар Мегре билан баъзи фикрларимни ўртоқлашгандирман, бироқ у – мен дегани эмас. У ёки бу образ менда ўзим билан ўзим курашаётган пайтим аста-секин дунёга келган. Шу ҳақиқатни англаб етдимки, мен бутунлай қаҳрамон руҳиятига сингиб кетишим, уни тушуниш ва нима уни ўзича, ўз ҳолича яшашга мажбур қилишини тасвирлашим мумкин экан. Ёзув столига ўтирганимда, бари воқеалар қандай тугашини билмасдан, уни ўз ҳаётим билан аралаштирмасдан ёза бошлардим.
– Илгари Белгия, Франсия, Африка, АҚШда яшагансиз. Мана, анча йилдан бери Швейтсариядасиз. Бироқ романларингизда декоратсия – манзара безаклари жуда камбағал, ночор. Сиз асарларингизда ўз кузатувларингиз, таассуротларингиздан ҳеч фойдаланмаганмисиз?
– Мен ҳамиша саёҳатлар чоғи бирор нарса ёзиб қўйиш ва аксарият ёзувчилар қилганларидай, таассуротларимни бойитиш учун сафар қилмаганман. Йўқ, йўқ…. Бир куни “Бисетр узуги”ни ёзиш учун худди шундай қилганман. Қаҳрамоним касалхонада ётар ва мен шу яқиндаги черков қўнғироғи қайси соатларда чалиниши ва касалхонадан қайси пайтлари ахлат олиб чиқишларини аниқ билишим керак эди. Ўшанда Парижга жўнадим ва катта тиббиёт ҳамширасини сўроққа тутдим. Мен Пруст (Марсел Пруст) эмасман. Айтишларича, у ярим тун, соат иккиларда ўрнидан сапчиб туриб, қандайдир гертсогиня қандай либос кийганини кўриш, билиш учун “Ритс” меҳмонхонаси томон югурган экан. Китобларимда айнан безаклар йўқлиги учун ҳам улар биз билан умумий ўхшашлиги бўлмаган мамлакатлар: Япония, Саудия Арабистони ва АҚШда жуда яхши ўқиляпти. Барча одамлар бир хил, улар бир хилда интилиш, туйғуларни ҳис этадилар, деб ўйлайман. Бироқ буни тушуниб етиш учун ташқи хусусиятлардан нари чекиниш керак бўлади. Мен жаҳонни икки маротаба кезиб чиқдим ва ҳеч қаэрда ўзимни бегона деб ҳис этмадим. Кишилар учун умумий бўлмиш ана шу жиҳатни тасвирлашга ҳаракат қилдим.
– Шу билан бирга, сиз ҳамиша “кичкина одам” ҳақида гапирардингиз, ҳатто романларингиздан бирини шундай деб атагансиз…
– Биласизми, мен даҳоларга ишонмайман. Инсон ўзини табиатга қиёслаганда, кичиккина. Худди шунинг учун ҳам у кучли. Аммо инсон кичкинами ёки буюкми, бу ўзи атрофидаги шароитларга боғлиқ.
– Комиссар Мегре-чи?
– У ҳам бошқаларга ўхшаган одам. Биласизми, бугунга келиб, жаҳонда Мегре ҳақида 58 та филм яратилди, улардан 20 таси телевизион филмлар. Ҳар бир мамлакат учун ўз Мегреси азиз. Бундай дейишимнинг сабаби, назаримда, бу – ҳар бир киши унинг қиёфасида ўз дўстини кўрмоқчи бўлган инсон типи бўлса керак. Бу образ содда ва очиқкўнгил, ўз моҳиятига кўра, у ўзидай соддадил одамлар қуршовида яшайди.
– Яна у ҳаддан ташқари содда тасвирланган. Сиз бундай услубга қандай эришгансиз?
– Мен 20-йилларда Парижга келганимда, жуда тортинчоқ эдим ва адабиёт оламида кўзга ташланмай, бир чеккада турардим, ҳаттоки, менга коктейл таклиф қилишса ҳам рад этардим. Ўша пайтлар ўз услубим устида қаттиқ ишламоқда эдим. Ўшанда менга адиба Колетт ёрдам берганди. У “Матен” газетасида адабий муҳаррир бўлиб ишларди. Таҳририятга ҳикояларимни олиб борганимда, у қўлёзмаларимни қўлимга қайтариб берган эди: “Жуда китобий, азизим Сименон! Жуда китобий!” Орадан саккиз кун ўтиб, унга яна иккита ҳикоя олиб бордим ва яна шу сўзларни эшитдим: “Яна жуда китобий! Ўтинаман сиздан, китобийликдан қочинг!” Колеттдан бундай сўзларни эшитишдан юрагим безилларди. У гапларни нишонга тегизиб гапирарди. Ниҳоят бир сафар Колетт меҳнатимдан мамнун бўлди. Шу тариқа ҳамкорлигимиз бир неча йил давом этди.
– Сизга яна журналистика ҳам ёрдам берган бўлса керак?
– Тўғри. Журналистика менга кўп томонлама ёрдам берди. Мен “Леж” газетасида 16 йил ишладим. Газета учун кундалик воқеаларни ёзардим. Эсимда, бирор ҳодиса юз берган жойга мотоцикл миниб жўнардим. Одатда бирор қолиб кетган мина қурбони бўлган мурда ёки шахтада рўй берган бахтсиз фалокатдан кўз ёш тўкаётган, бир ерга тўпланиб олган аёллар устидан чиқардим. Бундай воқеалар тез-тез рўй бериб турарди. У пайтлар мен болакай эдим. Сўнгроқ Черчилл ва Пуанкаредан интервю олдим. Ўшанда мен репортаж қилиш умидида оламни айланиб чиққанман. Бир куни мени ўша вақтлардаги “Пари суар” газетасининг бош муҳаррири Пруво ҳузурига таклиф этди. У мени ҳамиша очиқ чеҳра билан қарши оларди. Лекин у менинг қатор мамлакатларда ҳукм сураётган очлик ҳақидаги мақолаларимни чоп этишдан бош тортди. Бу 20-30-йилларда тақиқланган мавзу эди. Барибир, очлик сериясидаги мақолаларим дунё юзини кўрди – “Жур” газетасида босилди. Қизиқ туюлиши мумкин, аммо айнан журналистика менинг кутилмаган воқеаларни кўриш, услубда жонлиликка эришишга бўлган интилишларимни рўёбга чиқарди.
– Ўз хотираларингизни айтиб туриб ёздиришингиз билан ўзига хос сургунга чиқдингизми?
– Бундай эмас. Бир нарсани тан олиб айтай: мемуарлар менга илгари яратган асарларимдан ҳам азизроқдир. Ҳаттоки ноширим ҳам даставвал бу мемуарларга ишонқирамай қаради. У бу мемуарларни илгари китобларимни чиқариб юргани ҳурмати юзасидан нашр этди. Лекин ҳозир мен китобхонлардан романларимдан кўра, мемуарларимга оид кўплаб хатлар оляпман.
– Марсел Прустнинг машҳур ибораси билан айтсак, ҳозир “сизнинг руҳий ҳолатингиз” қандай?
– Хотиржамман. Шу тариқа саволга ҳамиша ҳам бундай жавоб қайтармаганман. Шуни унутмангки, мен ортиқ бундай демайман. 75 ёшли одам ўзининг “тўртинчи аталмиш ёши”га киради. Умуман, мен доимо оптимист бўлганман. Ҳозир “Леж”да ўтган ўсмирлик йилларимдаги қўшиқларни хиргойи қилиб юрибман. Бу қўшиқларни хиргойи қилганимда кутилмаганда хотирамда кўл бўйлаб қилган сайрларим жонланади (Дераза ортида кун бота бошлайди. Жорж Сименон хотиржам чой ҳўплайди. Хона деворлари қуёш ботаётган уфқнинг сарғиш акси каби оч-сариқ рангга бўялган). Ҳа, осойишталик… Инсон ана шу осойишталикка ўзи сезмаган ҳолда эга бўлади. Мен учун ана шу осойишталик бундан ўн икки йил илгари ҳукм сурганга ўхшайди. Бироқ, биласизми, мен ўзимни умуман кекса деб ҳис қилмайман. Ўзимни тажрибали ҳис қиламан, лекин қария деб эмас…
Маъсума Аҳмедова тайёрлади.
“Маърифат” газетасидан олинди.