ХУЛОСА:
Иброҳим Ғафуров жавоблари:
Ўзбекистон ва унинг халқи кўз очиб юмгунча Истиқлолнинг чорак асрига яқинлашиб қолди. Адабиётчилар учун бу энди адабий жараёнлар борасида масофадан туриб фикрлаш ва айрим хулосалар чиқаришга имкон беради.
Бугун ҳамда эртага қандай йўллар, йўналишларда ёзиш маъқул, уларнинг қайси бири бугун замон ижодкорлигининг табиати, мақсади, равиши, феъл-атворига тўғри келади, кўпроқ самара беради, ижодкорликнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилади деганга ўхшаш саволлар адабий-бадиий ижодкорликнинг олдида кўндаланг турибди.
“Эски” адабиётдан нималарни йўлимизга оламиз, ундан нималарни ўрганамиз-у, “янги” адабиётни қандай яратамиз, бу яратувчиликка нималарни асос қиламиз, нималарга таянамиз? – сингари саволлар ҳам ижод аҳли хаёлида мустаҳкам ўрнашган. “Шарқ юлдузи” журналининг ўртага муҳокама учун ташлаган саволлари ҳам жараённинг қон томирларига диққат-эътиборни жалб қилади. Булар балки бироз кечикиброқ, балки айни ўз вақтида қўйилган саволлар. Улар жамоатчиликни фикр алмашиш, баъзи мулоҳазалар билан ўртоқлашишга чақиради.
ХХ аср мобайни ҳеч қачон тинмаган яширин ҳамда ошкора оғир курашлардан сўнг тарихнинг адолати тилга кириб, Ўзбекистон неоколониализмдан миллий истиқлол даврига ўтди. Озодликка эришди. Неча ўн йилликлар ҳукмрон бўлган тузум шиддатли тарзда ўзгарди. Бу осонми, ахир, не-не драмалар, не-не башоратлар, не-не инқилоблар юзага чиқди бу тузум ўзгариши замирида. Купондан миллий пул бирлигига ўтиш, давлат тилининг қарор топиши, инсоннинг эркин ва онгли мавжудот каби тан олиниши, Ўзбекистон ва унинг халқининг жаҳон ҳамжамияти орбитасига чиқиши, ҳуқуқ эгаси бўлиши, йигирма иккига чиққан янги навқирон авлоднинг етилиши ва майдонга кира бошлаши, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида гоҳ сокин, гоҳ шиддатли ислоҳотлар бораётгани – инқилобий руҳ ва мазмунга оид барча ҳодисалар инсон психологияси, қарашлари, руҳонияти, маънавияти, яшаш ҳамда турмуш маромларига кескин, жуда кучли таъсир кўрсатди. Халқнинг маиший ҳаёти, онги, қарашларида ўзгариш катта. Яшариш ичида қариш, қариш ичида яшариш турфа қарама-қаршиликлар ичида тўхтамай давом этмоқда. Ижодкор тарих йўлида шундай улкан асос ўзгаришларга рўпара келди. ХХ асрнинг иккинчи ўн йиллиги бошланганда Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий, Авлоний, Ҳамза шунақа миқёсдаги тузум ўзгаришларига рўпара келган, “Янги дунё” бошланганига суюнган, миллий истиқлол дастур-йўриқлари билан чиққан, аммо кўп ўтмай неоколониализм томонидан ижодиётлари ҳам, ўзлари ҳам оғиз-бурнилари қора қонга ботирилган эдилар. Неоколониализм миллатни ва унинг ойдин зиёлиларини қонга ботирмай туроладими? Туролмайди! Зеро, унинг табиатида, Қодирий айтмоқчи, бўғмагарлик ва ашаддий қонга ботирувчилик туганмас куч – зўравонликка эга.
Тарих давлат ва унинг мафкурасининг тўла таъсиридаги адабиёт неча ўнлаб талантли вакилларнинг асарларига қарамай, қандай темир исканжада бўлишини кўрди.
Адабиёт эндиликда янги замон тарихи ичига кирди. Унинг эскича бўлиб қололмаслиги кундай равшан. Лекин янгича адабиёт қандай бўлади? Адабиётнинг янги модели борми? Асрнинг сўнгги чорагида янграган “Отамдан қолган далалар”нинг жўшқин, мардона миллий ҳайқириғидан сўнг янги модел шу ҳайқириқларни сурон солиб давом эттирадими, янгича регистрлар касб этадими? Ё бу – истиқлол даврининг бутунлай ўзгача садолари бўладими? Усмон Азим: “Адабиётни ҳалол одамлар яратади”, деб чиқяпти. Бу ҳам бир концепция, модел ғилдирагининг битта таянчи. Эскича – янгича борасида чинакам инсоний драмалар ҳам йўқ эмас. Шундай драмалардан бирини М.М.Дўст рўй-рост ифодалаб берди: “Бугун, ёш бир жойга бориб қолганда кўнглимда эски ақидалар устунроқ эканини англадим. Албатта, янги замонга муносиб эмаслигимдан уяламан, лекин начора… эски қарашлардан буткул халос бўлишнинг иложи йўқ. Қолаверса, янги замонни буюк ҳаяжон билан куйлаётган тенгқурлар ва ёш дўстларимизга етиб олишим жуда қийин. Шу сабаб, очиқ тан олишим керак, янгича қаҳрамонларни, янгича қарашларни қаламга олмасликка ҳаракат қиламан…” (“Ёшлик”, 2012 йил, 4-сон). Бу ўзига, ўз ижодига, унинг йўналишига соф индивидуал, шахсий қараш. Мардона тан олиш. Нима десак экан, ёзувчининг кредоси. Шу кредо ифодаланган суҳбатнинг тепасига у: “Маҳдудликка берилмайлик” – деган сўзни чиқарган. Ёзувчилар ва ўқувчиларни “маҳдудликка”, яъни чекланиб, тор доирада қотиб қолмасликка чақириш ва ўзи, аввало, шунга амал қилиш учун интилиш – бу ҳам ҳозирги замон янги адабиётини яратадиганлар моделига яна битта таянч қозиқ. Кекса ҳурматли адибимиз Носир Фозилов эса: “Адабиёт ясалмайди, яратилади”, деб чиқди. Адабиётга ўйин деб қарайдиганлар, албатта, яратишдан кўра кўпроқ ясашга иштиёқманд бўлдилар. Ясаш майлларидан паст фаросатларга мўлжалланган сўзбозликлар, ўйинбозликлар, турли ясамагарчиликлар урчиб чиқади. Яратиш, яъни ихтиро руҳи, кашфиётчилик руҳи янги адабиёт моделини мустаҳкам тутиб турувчи эгилмас, букилмас, синмас таянчдир.
Ёзувчи санъаткорнинг бош тасвир предмети – инсон. Инсон универсал ҳодиса. Санъаткор ушбу универсал мавжудотни тасвирлаганда, эски гапларни янгиламоқчи бўлганда, универсал қонун-қоидаларга риоя қилади. Оқимлар, йўналишлар, услублар шу универсалликка оригинал ўзига хос ёндашувларни илгари суришга кўмаклашади.
Адабиёт ва санъатни “ўйин”, “томоша” деб қараш қадимдан келаётган чўпчак. Албатта, санъат чўпчаксиз бўлмайди. Модерн чўпчак, ривоятларга кутилмаган маънодор қирралар бағишлайди. Асқад Мухтор айтмоқчи, чўпчакда “нимадир” бор. Асқад Мухтор ёзувчиларнинг асарларини тинимсиз ўқиб, баҳо беришга, ижобий ёки салбий жиҳатларини рўй-рост айтишга андиша қилса, бу асарда “нимадир” бор, дерди. Агар ҳозирги аксар асар-чўпчакларга “ўйин” ё “томоша” деб қаралса, албатта, уларда “нимадир” бор, “нимадир” бўлмаслиги сира мумкин эмас. Аммо бу ўйин фақат ўйин учун-да. Жойснинг “Улисс”ида ўйин руҳи беҳад кучли. Аммо бу ўйинлар тагида инсон, халқ, тақдирларнинг улкан драмалари, фожиалари қалашиб ётади. Моҳирона тасвирланган ўйинлар (бу коллизиялар-да) инсон руҳий оламларининг симфонияси каби янграйди. Раскольников ё княз Мишкиннинг ўйинларини айтмайсизми? Аммо ўйиндан ўйиннинг фарқи бор. Бунинг шакли ўйинга қурилгани билан асли ўйин эмас. Асли инсон руҳонияти кашфиётлари.
Даврларнинг қиёфаси ва мазмуни авлодларнинг фаолиятларига қараб белгиланади. Авлодлар бўлмаса, даврлар ҳам бўлмайди. Нега Навоий авлоди бўлмасин: Лутфий, Жомий, Саккокий, Атоий… булар Навоий авлоди! Бобур авлоди, Машраб авлоди, Муқимий, Фурқат, Завқийлар авлоди! Қодирий, Беҳбудий, Авлоний, Мунаввар қори, Тавалло, Ҳамза авлоди! Ойбек, Ғафур Ғулом, Уйғун, Ғайратий, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Миртемир, Зулфия авлоди! Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Хайриддин Салоҳ, Юсуф Шомансур, Ҳусниддин Шарипов авлоди! То ХХ асрнинг 70-йилларига етиб келгунча яна қанча авлодлар бор! Зафар Диёру Ҳасан Пўлат, Ҳамид Ғулому Рамз Бобожон, Иброҳим Раҳим, Асқад Мухтору Шукрулло! Адабий-маданий авлодларнинг кети узилмайди. Авлод ҳеч қачон якранглик дегани эмас. Ҳатто, қолаверса, бир адабий оқим намояндалари ичида ҳам якранглик бўлмайди. Ойбек бир бошқа олам, Ғафур Ғулом бир бошқа олам! Шолохов бошқа олам, Твардовский, Евтушенко, Уйғун бошқа олам! Қолаверса, Айтматовнинг ўзи неча турфа ранглар билан товланади. Адабиётни рамкага солиш, чегарага киритишнинг иложи йўқ. Эҳтимол, неоколониализм мафкураси социалистик реализм асосида барча ижодкорларни бир қолипга солиб, беш қоида доирасида якранглик ҳосил қилмоқчи бўлгандир, маълум даражада бунга эришгандир. Аммо ҳеч қачон ранг-баранг овозларни ўчиролган, батамом қийратиб улгуролган эмас. Талантларнинг қудрати ва табиати ўз ишини қилган. Адабий авлод сифатида шаклланиш, авлод бўлиб танилиш, тарихга кириб – тарихнинг яратувчисига айланиш учун ўттиз, эллик йил вақт керак бўлади. Қирқ йилда давр ўзгаради. Ҳазрат Сулаймонга мансуб деб қараладиган (эр. авв. 960-935 йиллар) “Масойиллар китоби”да (“Экклезиаст китоби” деб ҳам юритилади) айтилганки:
“Одамга унинг меҳнатларидан нима фойда?Авлод келади ва авлод кетади ва ер мангу қолади.
Нима бўлган эса, яна ўша бўлади,
неки яралган, яна яралгай
ва Қуёш остида ҳеч янгилик йўқ.
Бирон нарсани, қара, янгилик дейдилар,
асрлар қаърида эса у бўлган эди, бизгача бўлиб ўтганди.
Кўп орифликдан кўп ғам туғилгай
ва маърифатни кўпайтирувчи ғам-қайғуни орттиргай …”
Ўша кўз илғамас замонларда ҳам авлодлар ҳақида фикр ўтган. Авлодларнинг келиб-кетиши фақат табиатнинг ҳукмида, инсон измида эмас. Бу келиб-кетишлар худди Жаъдий ё Савр юлдуз туркумларининг чиқиши ва ботиши ва булар билан чамбарчас боғлиқ табиат ҳамда коинот ҳодисаларига ўхшайди. Зеро, коинотда ҳам юлдузотлар бежиз туркум-туркум қилиб яратилмаган. Коинот туркумларни жамлади ва Қуёш, Ой, Ерга уларни макон қилиб ва бизга кўриниб турган бепоён оламни тартиботга солди. Одамзоднинг ишлари коинотдан қочиб қайга боргай? Авлодга жамланиш кучга куч, ижодга ижод қўшади. Умуман, мабодо, оғизга татти туюлган якранглик ҳақида жиндак сўзлаб ўтадиган бўлсак, ҳар қандай якранглик ичида ранг-баранглик ётади. Одам одамга ўхшайди ва ўхшамайди, бир овоз ичида кўп овозлар зуҳурда: манави эвара: унинг юрагингизнинг энг теран қаърларига кириб борадиган овози минглаб наслларнинг овозларини ўзида жамлаган, аммо биз уларни тасниф қилиб регистрларга ажратиб беролмаймиз. Абдулланинг овозида Навоий ва Лутфий ва улардан ҳам илгарироқ ўтганларнинг овозлари йўқ деб ким ишонч билан айтолади. Муҳит, шароит ва айниқса, коинотнинг айланиши авлодга тарз, қиёфа ва меҳнат маромларини беради. Неоколониализм Иккинчи жаҳон урушигача ва ундан кейинги қирқ йил орасида бир неча адабиёт авлодларини етиштирди. Шартли тарзда “70-йиллар авлоди” дейилган адиблар сираси асрнинг охирги авлоди бўлди. Истиқлол арафасида янги бошқача ёшлар майдонга кириб кела бошлади. Уларни бир-ярим ясарларидан биров таниди ё танимади: лекин бундан қатъи назар, “70-йиллар авлоди”дан анча-мунча хусусиятлари билан фарқ қилиб турган бу янги авлод мавжуд ва у ўзини эртами-кечми, албатта, бадиий-фалсафий намоён қилади. Авлодларга шартли бир тарзда чегара белгилаш қандайдир қулайлик яратаркан, ХХ асрни иккига ажратиб ташлаган Иккинчи жаҳон уруши ва у билан боғлиқ катаклизмларни чегара қилиш ўринлироқ туюлади. Иккинчи жаҳон урушигача ва ундан кейинги авлодлар. Жаҳон урушидан анча аввал майдонга чиққан, неоколониализм шароитида курашлар ва мислсиз таҳликалар ичида яшаган авлоднинг ҳаёт йўли, серқирра фаолиятлари урушдан кейин ҳам давом этди ва ёш авлоднинг кўз очишида сезиларли таъсир кўрсатди. Адабиёт тарихи – авлодлар тарихи. Бу аксиомадан ҳеч ёққа қочиб бўлмайди. Бир замонлар: маданият арбоблари сизлар ким билан? – дейилганидай, эндиликда адабиёт кимнинг ёнида, дейиляпти. Савол хаёлнинг ўйини учун берилгандай таассурот қолдиради. Адабиётни халқнинг ёнида, мамлакатнинг ёнида ё бизнесменнинг ёнида деб бўлмайди. Адабиёт доим халқ, жамиятнинг ичида. Халқнинг ичидан чиқади ва халқнинг ичига киради. У ташқарида ёки ёнбошда қолиб кетса, ўзини таназзулга маҳкум этади. Ёзувчи ким учун ёзади? Халқ учунми ёки борингки, ўнлаган ё юзлаган аллаким айтмоқчи, “аристократ ўқувчи” учун ёзадими? Истиқлол даврининг горькийлари, ойбеклари, қодирийлари бўлса қани эди? Лекин ХХ асрнинг лимити бундай оламшумул истеъдодлардан сўнг тугаган, таги кўринган чоғи. Сўнгги ёнар юлдуз Тоғай Мурод ва “Отамдан қолган далалар” бўлди. ХХ асрнинг ҳайқирган, айқирган, бонг урган услуби шу асар билан якунланди. Энди Исажону Назару Беҳзоду Хуршидларнинг майин овозлари, майин кузатишлари урфга кирди. Кўринг, бу авлод энди кўпроқ адабий, фалсафий, тарихий, психологик манбаларга мурожаат этяпти. Тезроқ ном қозониш, шов-шувга интиляпти. Адабиётнинг, янги давр адабиётининг бадиий фалсафаси, руҳоний хаёлини яратишга интиляпти, ўз мифологияси – асотирларини шаклга соляпти; ранг-баранг иқтибосларга, қиёсларга қизиқяпти, узоқ замон ҳукм сурган инфатилизмдан халос бўлишга, болача ва боладай маъсум фикрлашдан азамат тафаккурга ўтмоқчи; лекин инфатилизмдан қутилиш бу авлод намояндаларига ҳам қийин бўлаётгани, аммо, барибир, қутилиш йўлидан қатъият билан боравериши аниқ бўлмоқда.
Суҳбатлар асносида ҳозирги замоннинг қатор асарлари саналди, тилга олинди, лекин кўп адабий ҳодисалар суҳбат доирасидан бутунлай четда қолиб кетди. Қамровнинг торлиги жуда сезиларли. Буни суҳбат иштирокчилари ё қатор асарларни ўқиб улгурмагани ё ўқиган бўлсалар-да, фақат ўзларигагина маъқул кўрганлари устида фикр юритаётганликлари билан изоҳлаш мумкин. Суҳбат эса ранг-барангликни ўртага қўйган ва ранг-барангликни тақозо қиларди. Начора, субъективизм тобора кучайиб жанговар ва ҳатто жангари тус олаётган замонда яшаяпмиз. Айрим адибларимиз маҳдудликдан қанчалик огоҳлантирмасинлар, маҳдудлик, торлик енгилмас истукан мисоли мустаҳкам қад ростлаяпти. Адибларимиз эзгулик ва унинг акси – ёмонликнинг ҳам қиёфаси замонамизда ўзгарганлигини қайд этишяпти. Эзгулик ва ёмонликнинг янги шаклу шамойилини теран тушуниш учун янги шароитда халқ ичида устувор кайфиятлару одамларнинг ўй-хаёллари, дарду дармонларини теран билиш зарур, албатта. Ҳозир яхшилик ва ёмонликни ким қандай тушунади, ўзининг ҳаёти, турмуши мисолида уларни қандай англайди, тасаввур қилади? Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ўта ҳаракатчан. Улар жуда конкрет намоён бўлади. Ер юзида табиат офатлари кучайиб боряпти. Ироқда, Шомда, Африкада, яқин қўшни мамлакатларда одамлар қириляпти, биродаркушлик авжга чиқяпти. Бу қирғинлар заҳарли ва бениҳоя зарарли таъсир кўрсатади. Шафқатсизлик бундай миқёсда барча одамларнинг дийдаларини қотириб қўймаслигига ким кафолат беролади? Ер юзида агар етти миллиард одам кун кўраётган бўлса, уларнинг ҳаммасини дарди бор ва дарди бир-бирига ўхшайди. Аммо тушуниш, тушунтириш турли-туман. Адабиёт ва санъат яхшилик ҳамда ёмонликни ўткир сезиши, ўткир ҳис қилиши, унга ўткир муносабат билдириши билан тирик ва ўз инсон олдидаги миссиясини бажаради. “Маҳабхарата”, “Алпомиш”, “Гилгамеш”лардан қолган ўгит – шу.
ХХ аср инсоният тарихида энг ёвуз аср бўлди. Ўтмишдаги барча саркардаларнинг қирғинлари ХХ аср қирғинлари олдида урвоқ ҳам бўлмай қолди. Одамлар одамийликка ишончсиз ва умидсиз бўлдилар. Пикассо, Сальвадор Дали, Жойс, Нитше, Маркес, Айтматов бу даҳшатларнинг ифодасини топдилар, антигуманизмнинг мудҳиш товланишлардаги қиёфасини кўрсатдилар. Бу воқеликнинг фавқулоддалиги реализмдан кўра ҳам динамикроқ услубларни, поэтик воситаларни талаб қилди. Модернизм ва ундан кейинги оқимларни шу воқеликнинг ўзи, объектив шароити яратди. Суҳбат асносида бу фикр ўтди ва уни бошқа суҳбатлардан илгарироқ позицияга олиб чиқди. Барибир, биз бу ҳодисаларни жуда кеч англаб етяпмиз. Назар Эшонқул эзгулик ва ёвузлик мураккаблашди, чунки инсоннинг ўзи мураккаблашди, деганда ҳақ. Мураккаблашиш эса кураш авжда эканлигини кўрсатади. Лекин жараёнда шу курашнинг сезгиси ҳам кучли эмас.
Суҳбатларда модернизм ва унинг давомати тўғрисида кўп қизиқарли мулоҳазалар билдирилди. Ўн йил илгари шундай эмасди. Чамаси, у чоғлар ўқишлар доираси ҳам ғоятда тор, саёз эди. Тасаввурлар Кафка, Маркес, Камюнинг айрим таржима қилинган асарларидан нарига ўтолмасди. Реализм ва унинг санъатдаги тажрибалари бепоён бўлгани каби модернизм ва унга ёндош оқимларнинг услублари, тажрибалари бепоён. Санъатнинг барча соҳаларида булар жуда кенг ва ранг-баранг намоён бўлиб келмоқда. Қоришиқ, конгломерат (аралаш-қуралаш) тариқасидаги узуқ-юлуқ фикрлашлар бир қадар тартибга тушиб, изчиллик ва мантиқийлик куртак отмоқда. Ҳозирги фикрларнинг бари амалиётдан эмас, ўқишлардан, ўқиш бўлганда ҳам кўпроқ кечаги тенденциоз адабиётларни ўқишдан иборат бўлмоқда. Нитшени, коммунистик мафкура йўсинидаги китобларда ёзилганидек, ҳамон фашизм маддоҳи ва шайтанат файласуфи дегувчилар ҳали ҳам топилади. Адабиётларни, йўналишларни саралай олмаслик ва уларга мустақил, тўғри баҳо беролмаслик ҳам иллат-да. Аммо, барибир, модерн ҳақида адабиётлар ўқилаётгани, фикрлашилаётгани, тасаввур ҳосил қилинаётгани ижобий ҳол. Бунинг интенсивроқ тус олганига Назар, Улуғбек, Исажон асарларининг муваффақияти сабаб бўлса керак. Миллий характеримизда чиллакининг чиллакига қараб чумак уриши урф бўлган. Ҳамма нарсани анча кечикиб бошлаймиз.
Уч-тўрт китоб ўқиган университетдошимиз бор эди. У ақлли, илмий гапиришга ҳайрон қоладиган даражада ишқивоз эди. Ўзини дунёнинг барча билимларини эгаллаб бўлгандек қилиб кўрсатар, домлалар билан тоза бўғилиб, бўғриқиб баҳслашарди. Ўша ўқиган саноқли китоблардаги (масалан, “Сароб”даги) муносабатлар, ёндашувларни мутлақ қонуният деб тушунар ва тушунганича ҳаммамизни уриб енгарди. Энг қизиғи, у Стендални таржима қилган курсдошимиз билан Стендални мутлақо ўқимай туриб баҳслашарди. “Қизил”-“қора” муносабатларию нисбатларни хамирдан қил суғургандек ҳал қилиб берарди. Баъзи баҳсларни ўқисам, ўша жанговар дўстимиз бот-бот эсимга тушади.
ХХ асрда Пикассо, Дали, Жойс, Беккет, Сартр, Уэлбек, Бегбедер, Пинчон, Тибор Фишер, Итало Калвино, Касарес, Эко, Шимолий ва Жанубий Америка адабиётларининг Сомон йўлидек сочилиб ётган буюк намуналарини ва лоақал шуларни ўқимай туриб, кундалик мулоҳазаларимиз доирасига тортмай туриб (буларнинг айрим асарлари рус тилига таржима қилинган), дунё адабиёти оқимлари ҳақидаги назарий билимларимиз ҳавода осилиб қолаверади. Дўстимиз бизга Ойбекни эслатади. Ойбек рус шоири Блокни севиб қолиб, ундан “оний лаҳза”ни тасвирлаш манерасини ўрганганлигини ёдимизга солади. “Лекин бу билан Ойбек символист ҳам эмас, импрессионист ҳам бўлиб қолмади – миллий шоиримизлигича қолди”, деб хулоса чиқаради. Бир қарашда илмий беозор гапдек туюлади. Лекин савол туғилади: нима, символист ёки импрессионист бўлиш, бу йўлда асар ёзиш миллий шоир бўлишликни инкор этадими? Миллий шоир импрессионист бўлолмайдими? Унда миллийлик ўзи нима ижодда? Фақат миллийлик билан кифояланиб яшаш мумкинми? Р.Қўчқорнинг жиғибийрон бўлиб савод, М.М.Дўстнинг мийиғида кулиб маҳдудлик тўғрисида сўзлаётганлари бекор гап эмас, шекилли. Адабиётнинг табиати, мақсади, вазифалари борасида, афсуски, чалкаш гаплар кўпайиб боряпти.
Ёзувчи, санъаткорнинг тасвир предмети: инсон ва ҳаёт. Инсон универсал мавжудот. Ёзувчи шу универсалликларни тасвирлаганда универсал қонун-қоидаларга риоя қилади. Лоақал назарда тутади. Оқимлар эса янги замон воқелигига оригинал ёндашувларни шакллантиришга кўмаклашади.
Модерн адабиётларида очиқ айтилган гаплардан очиқ айтилмаган, аммо назарда тутилган гапларнинг нисбати ва таъсири жуда кучли. Руслар буни “подтекст” дейишади. Бизда “тагмаъно” деб олиш одат тусига кирди. Ундан кейин “симулякр” деган сирли ҳодиса, яъни бир нарсадай бўлиб кўриниш, алланарсалардай бўлиб кўриниш – ғоятда мислсиз таъсирчанлик, ўйчанлик яратади. Жойс ва Беккетда бу икки ҳол бадиий ифоданинг юксак чўққиларини дунёга келтиради. Исажон шуларнинг нозик торларини топаётганга ўхшайди. Исажон “Шамолли кеча” ҳикоясида (“Ёшлик”, 2012 йил 4-сон) ўсмир йигитча ва унинг ўн яшар синглиси Данғара даштида шамол қутурган кечада бувилари яшайдиган узоқ қишлоққа йўл олганларини тасвирлайди. Шамол ва даштлар Исажон асарларининг характерли маконлари. Болаларнинг юраги қоронғи шамол увиллаган дашт қўрқинчлари билан тўла. Йигитча олдинда мункайиб ва бурканиб, қизча ортда қўрққанидан акасини дам-бадам чақириб елиб боришади. Йигитча қаттиқ қўрқаётганини сингилчасига билдиргиси келмайди. Сингилчасининг чорловларига қулоқ солмай, қизчанинг ҳолига қарашга юраги дов бермай чопқиллаганча боради. Бир пайт сингилчанинг жон ҳолатда акалаган, ёлворган: “Ака, акажон!” – деган товуши чиқади. Лекин йигитча эътибор бермайди. Кетиб боради. Бувисининг қўналғасига шу қўрқув ваҳимада етиб боради. Буви: синглинг қани? – деб сўрайди. Шундагина йигитча синглисининг дашт ярмида қолиб кетганини эслайди. Қўрқув қанча кучли бўлмасин, уни қидириб яна ваҳимали тун ва шамол ҳоким даштга чиқиб кетади. Ҳикоя шу ерда тугайди. Қизчанинг тақдири номаълум. Ёзувчи буни ўқувчига очмоқчи эмас. Мана шу айтилмаган нарса – номаълумлик юракни ларзага солади. Биз адабиёт ортидан шундай қичқириб борамиз. Лекин адабиёт бизга қарамайди. Унинг ташвиши, ҳадиги, қисиниши ва келажак олдидаги қўрқувлари ўзига етади. Шуҳратжон Ризаев: 60-йилларда адабиёт майдонига кирган Эркин Воҳидовлар авлодида “ягона ижтимоий дард бор эди”, дейди-ю, лекин бу “дард”нинг ўзи нима бўлганлигини қисқача бўлса ҳам аниқлаб, тилга олиб ўтмайди. Ҳолбуки, дард тушунчаси жуда кенг, бепоён. У, чамаси, миллий истиқлолга эришиш орзусини айтмоқчи. Албатта, миллий истиқлолга муяссар бўлиш – энг улуғ дард эди ва Ғафур Ғуломдан тортиб, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Ҳалима Худойбердиевагача ҳар турли пардаланган ифодаларда, шивирланган оҳангларда шамага тутиларди. Дарднинг ифодаси шама-ишоралар эди.
Адабиёт бедард яшолмайди. Буни каттаю кичик яхши тушунади. Шу билан бирга, эзгулик ҳақида сўз кетганда, буни бошқа ҳеч нарса эмас, ҳамдардлик деб тушунамиз. Адабиёт азал-абад ҳамдардлик учун дунёга келган. Шу ҳамдардликсиз адабиёт ҳеч нарса бўлолмайди. Тоғай Муроднинг энг чуқур дардларида ҳамдардлик оҳанги кучли. Унинг асарлари ҳамдардлик, шафқат, матонат билан йўғрилганди. Наҳот энди эзгулик, ҳамдардлик эскиради? Унда адабиёт ҳам эскирадими?
Маълумки, 80-йилларнинг ўрталарига келибгина ижодкорлар, жамиятшунослар: “ижтимоий онг ўзгараётгани”, “янгича фикрлаш бошланаётгани” тўғрисида андак дадил сўз юритиш имконига эга бўлдилар. Бунгача фақат ҳайиқиш, қўрқув, “дардни ўз ичига қамаш” ҳукмрон эди. Шоирлар сиёсий ҳуқуқлари бўлмагани устига эгалик ҳуқуқлари ҳам бўлмаган халқнинг дардини англашга интилар ва нимтатир рангларда чизишга уринардилар. Шартли тарзда “70-йиллар авлоди” дейилган адабиёт вакиллари кўпроқ “ўзлик” ва уни бир қадар идрок этиш, ўз-ўзини ифодалаш, англаш устида бош қотирди. Лекин бу англамлар, тушунчаларнинг ўзини бот-бот такрорлайверишдан нарига ўтмади. Фақат тарих саҳифаларига мурожаат қилиш бирмунча интенсивлашди. “Ўзлик” деганда кўпроқ руҳий олам назарда тутилди ва шу руҳий оламни сиртдан бўлса-да, тасаввур қилишга ғайрат кучайди. Адолатга эҳтиёж, бонг уриш кайфиятлари, “ширин ёлғонларга алданиб” яшаган халқни ёлғонлар исканжасидан халос этиш каби романтик интилишлар бот-бот кузатилади.
Эркин инсон бўлиш жуда катта фан. Ҳозирги авлод 60 яшардан 21 яшаргача шу эркин бўлишлик фанини ўқиётган, ўзлаштираётган ва шунинг замирида эски тутимлардан қутулишга, уни улоқтириб ташлашга куч сарфлаётгани кузатилади. Мана энди маълум бўлдики, чинакам эркин бўлиш (Ғафур Ғулом замонасидаги каби ҳаммаси қоғозда эмас) жуда катта замонавий маданият ва жуда катта инсоний масъулиятни талаб қилади. Шундай маданият ва масъулиятга эга инсонгина, ижодкоргина одамга, одамийликка, эзгуликка янгича фаол қарай олади. Ўз асарларида “биз киммиз?” – деган замон ўртага қўйган саволга ҳаққоний тўғри, бадиий жавоб топа олади. Одам илдизини қидирар экан-да. Бу савол ХХ асрнинг тўнғич авлоди қаршисида “ким эдигу ким бўлдик?” тарзида кўндаланг бўлганди. Ва унга ўз-ўзини камситувчи, мозохистларча ҳўрликни бўйнига олиб жавоб айтилганди. 80-йилларда “биз киммиз?” саволи янгича, озод бўлаётган инсон бўғзидан чиқароқ жаранглади. Саволга эркинликка чиққанларгина ҳаққоний жавоб бера олишлари мумкин эди. Ҳозирги авлоднинг барча асарлари замирида шу савол турибди. Авлоднинг ижодий, инсоний кредоси шу тўла жавоб бериб бўлмайдиган, маъносини аниқлаш қийин бўлган саволга пешонаси бориб тақалади. Русларнинг икки юз йилдан бери пешонаси “Нима қилмоқ керак?” саволига тиралган ва ҳамон жавоб йўқ. Шунинг учун ҳам, то ҳалигача миллий ғоя нималигини ифодалаб беролмайдилар. Тарихан шаклланган шовинизм ғоясини эса тан олгилари келмайди. Ким тарихга босқинчи номи билан киришни истайди? 60-70-йилларда биронта ижодкор ХХ асрнинг иккинчи ярмига мос ва муносиб ижодий манифест – қарашлар тизими билан чиққани йўқ.
Тўғри, Эркин Воҳидов 1974 йилда “Масъулият туйғуси” деган манифест руҳидаги бир мақола билан кўринди. Бу таъсирчан, ёрқин адабиёт аҳлига мурожаатда, жумладан, шундай сўзлар битилган: “Бизнинг ёшлигимиз нисбийдир. Зеро, санъатда умуман ёшлик нисбий тушучадир. Санъатнинг, адабиётнинг, шеъриятнинг катта-кичикка талаби битта: қалбларни забт этиш! (Таъкид бизники – И.Ғ.) Забт этилган қалбларга эса эзгулик уруғини сочиш!” Шоир шу уруғлар унганини кўриш қаламкаш учун энг олий мукофот эканлигини таъкидлайди (“Изтироб”, 1992). Шоир ўз авлодини “ижодкор юракли ёшлар” деб атайди ва эл-юрт, замон, келажак олдидаги ижодкорлик масъулиятини биринчи ўринга қўяди ва уни тарбиялашга асосий урғу беради. Масъулият туйғуси ушбу авлод фаолиятида тўла намоён бўлди. Кейингилар эса ижодий манифестларни белгилашни ортиқча иш деб билдилар, кўп ўтмай шоирлар башорати юзага чиқди: Ўзбекистон эркин мамлакатга айланди. “Биз киммиз?”, “Мен кимман?” – деган саволларга ким қандай жавоб берган бўлмасин, саволлар ҳеч қачон саҳнадан тушмайди, ҳар бир ижодкор ва онгли инсон унга ўз тақдири, юраги, ижодидан жавоб ахтаради. Саволларнинг замирида билиш иштиёқи бор. Билишга қизиқиш адабиётга интеллектуализм руҳини олиб кирди. Ижодкор индивид сифатида намоён бўлишни мақсад қилиб қўйди. Интеллектуаллик ва индивидуаллашишда янги замонга муносиб бўлиш, унга мувофиқлашиш тенденциялари кўзга ташланди. Буларнинг ёрқин кўриниши адабиётни ақл, ахборот, ҳуқуқ замони учун ғоятда қизиқарли қилади. Интеллектуаллик, айниқса, темаларнинг ниҳоятда ранг-баранглигида, ёндашув ва бадиий ечимларнинг ўзига хослигида, жаҳоний воқелик қамровида янгича тасвир ва ифода ўлчовларида кўзга ташланди (Ғафур Ғулом, Шайхзода, Асқад Мухтор, Омон Матжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Хуршид, Назар, Олим Отахон, Аҳмад Аъзам, Исажон, Нодир, Эркин, Улуғбек…) Интеллектуаллик ортидан жаҳон бадиий оқимларига нигоҳ ташлашди. Ҳозирда темалар ранг-баранглиги ўрнида фақат “мен” ўзаги атрофида қудуқ қазишни кўрамиз. Кўп маҳал оби ҳаёт чиқмайди, тешик челак эса ҳеч тўлмайди… Албатта, ҳозирги адабиётга “мен” ўзак бўлолади. Бир шарти: такрор, қайта-қайта такрор бўлмаса… Кўп шеър ёзиш муқаррар суратда ўз-ўзини такрорлашга келади. Баъзи ёзувчилар бунга тоқат қилолмаганлар: Хемингуэй, Кафка, Фицжеральд кабилар ёзишдек неъматга чек қўйганлар. Такрорлар сўзбозликка олиб бораётганини кузатяпмиз. Сўзбозлик тема қолмаганини, саёзликни билдиради. Баъзан киши: бундай ёзгандан ўқиган яхши-ку! – деб юборади. Сон-саноқсиз буюк кашфиёт асарлар бор. Уларни ўқиш ва ибратли хулосалар чиқариш ҳам ижодкорликка киради. Бадиий адабиёт нуқсонларини нега танқидчилар тузатмайдилар деб мудом ёзғиришади. Айбни шўрлик танқидчиликнинг бўйнига ағдаришади. Нега танқидчилар саёзликка, сўзбозликка, очиқдан-очиқ халтурага қарши курашмайдилар? – деган саволлар бот-бот такрорланади. Ўз айбини бошқалардан кўриш ва ағдариш азалдан давом этиб келади. Бу маънавий ожизлик. Келинг, тан олайлик. Ҳозирги даврга келиб танқиднинг моҳияти ўзгарди. Эски танқид тугайди. Янгиси бошлангани йўқ. Адабий танқид – адабий ижоднинг бир тури. Адабиётга хизмат кўрсатувчи соҳа эмас, лекин уни “хизмат кўрсатиш” соҳасига айлантиришга уринишлар бор. Ҳозир “танқидчи” деган касб-ихтисос йўқ. Ҳеч қайси олий ўқув даргоҳи танқидчи тайёрламайди. Лекин “танқидчилик” инерцияси давом этиб келади. Танқидчиликнинг таназзули инсон ҳуқуқларининг устувор бўлиши, адабиёт чин эркинликка чиқиши билан ҳам боғлиқ бўлса, эҳтимол. Танқидчи мутахассис бўлмагач, ундан нимани талаб қилиш мумкин ва бу қайси мантиққа сиғади? Ҳозир танқидчи сифатида чиқиб турганларга эътибор беринг: уларнинг ҳаммаси олий ўқув даргоҳларининг ўқитувчилари, яъни адабиёт, филология мутахассислари. Уларнинг дипломлари бор. Кейинги пайтларда танқидчиликнинг ўрнини аста-секин тадқиқотчилик эгаллаб келяпти. Университетлар, илм даргоҳлари адабиёт мутахассислари, тадқиқотчиларни етиштирадилар. Янги замонда танқид ўрнини тадқиқотчи эгаллайди. Эволюция шуни тақозо қилади. Ихтисослар кенг тармоқ отаётган замонда бу табиий ҳам. Дипломсиз танқидчининг фикридан дипломли тадқиқотчининг фикри эътиборлироқ, фикрлари, таҳлиллари, талқинлари анча юксакроқ савияда ва анча ишонарлироқ ва адабиёт ривожи, жараёнлари жонлилиги учун фойдалироқдир. Тақризлар ҳам, тадқиқотлар ҳам тадқиқотчи томонидан ёзилгани маъқулроқдир. Танқид эса тадқиқотнинг ичида ва замирида бўлади. Тадқиқотчи – мунаққид. Менимча, мутахассис тадқиқотчилар замони бошланиши олдида тургандекмиз. Интеллектуал салоҳиятлар қувватга кирадиган даврда мутахассис тадқиқотчининг ўрни катта. Бу мулоҳазалар давом этаркан, баъзи укаларим: “Интеллектуаллик деганингиз ўзи нима? Унинг шеърга, ҳикояга нима алоқаси бор?” – деб ер тепинишлари ҳам мумкин. Миллий энциклопедиямизда “интеллектуаллик” чунончи, шундай изоҳланган: “Интеллектуаллик таркибига идрок қилиш, хотирлаш, фикр юритиш, сўзлаш ва ҳоказо психик жараёнлар киради. Интеллектуалликнинг ривожланиши туғма истеъдод, мия имкониятлари, жўшқин фаолият, ҳаётий тажриба каби ижтимоий омилларга боғлиқ”. Бу тушунчаларнинг бари ҳайрон қоладиган даражада ижодкорга, ижодий фаолиятга ҳам тўла боғлиқ. Булардан лоақал биронтаси етишмаса ё фаолиятдан тушиб қолган бўлса, ижодкорликда етишмовчиликлар, нуқсонлар урчийди. Булар ҳаммаси илмий асосланган, исботини топган нарсалар. Шунинг учун эски “бурунги” танқид ўрнини тадқиқотчиликка бўшатиб беради. “Бурунги” мақомидаги танқидчилик энди адабиёт тарихидагина қолади. Интеллектуаллик билан тадқиқотчилик, янги оқимларнинг кириб келиши эса чамбарчасдир. У энди эстетика – бадиянависликдай жозибали соҳани кенг истифода этади ва шу билан бирга, фан соҳаси – адабиётшуносликни тараққий эттиради. Адабиёт ўз мангу оғриқларини энди билимдон ижодкор олим тадқиқотчиларга ишониб топширади ва улардан бадиий, илмий, назарий тафаккурда юксак профессионализмни талаб қилишга ҳақли бўлади.
Танқид асло “саралаш” (классификация)гина эмас. “Саралаш” унинг фақат бир қирраси. Бошқа жуда муҳим қирраси – эстетик билимларга таянган ҳолда тушунтириш, муҳокамалар юритиш (лекин асло ҳукм чиқариш эмас), қизиқарли мулоҳазаларни ўртага қўйиш, холисона баҳо бериш ва теран хулосалар чиқариш, ўқувчиларда бадиий дидни тарбиялаш. Ўқиш, китобхонликка қизиқиш, иштиёқ уйғотиш. Буларни фақат чуқур билимлар, комил дид-фаросатга эга мутахассисларгина бажара оладилар. “Бурунги” танқидни доим икки нарса емириб, обрўсизлантириб келади: бири саводнинг етишмаслиги, иккинчиси, холисликнинг йўқлиги. Танқиддан кўнгил тўлмаслиги шундан. Танқиднинг заифлиги бадиий тафаккурда танқидий йўналишнинг сўнишига, талантларни пайқаш, намоён бўлишида хафсаласизликларга сабаб бўлади. Нима деманг, танқид ижтимоий фикрнинг таъсирчан тури-да! Суҳбатлардаги қаламкашларнинг чиқишларида уларнинг жаҳон адабиётидан баҳоли қудрат хабардор эканликлари, ўқиётганлари, ўрганишдан ор қилмаётганлари кўриниб турибди. Улар янги жаҳон оқимларининг туб моҳиятини англаб етиш учун айтайлик, Ортега-и Гассетни, Камюнинг “Калигула”сини, Кафкани, Булгаковни ўқиётганларини ёзишди. Бу одамни хурсанд қилади. Тўқсон тўққиз фоиз ўқиш, бир фоиз ёзиш. Бу жуда самарали меъёр. Модернизмни уқиш, англаш нечоғлик яхши. У асло олабўжи эмас. Услублар, ёндашувлар жамулжами, холос. У тушга ўхшайди. Туш – реалликнинг тескари ва тугал башоратлари, тугал масала-масойиллари. Ривоятлар. Афсона ва асотирлар ва бутунлай янгича талқин. Беҳбудийнинг “Падаркуш”, Қодирийнинг “Жинлар базми” ўз вақтининг модернизми эди. Умид қиламиз: бизда ҳам кун келиб Беккетнинг “Моллой”и, Умберто Эконинг “Атиргул номи”, Тоғай Муроднинг “Ойдинда юрган одамлар” сингари асарлар яратилади. Бунинг учун керакли асарларни кўп ўқиш керак-да. Бир пайтлар Ортегани ўқимай туриб ҳам модернизмнинг устидан тупроқ тортиб юборишган эди. Шояд, у “танқидлар” замони ўтиб кетди. Ва янги адабий бағри кенг ижодий маърифат замони бошланди. Бунга одам яна ишонгиси келади.
Қозоқбой Йўлдошев жавоблари:
1. Саволингизнинг ўзида бериладиган жавобнинг учқунлари ҳам бордай. Негаки, сиз тўрт авлодни (аслида, уларнинг сонини яна кўпайтириш мумкин эди) санар экансиз, ҳар сафар “ижтимоий кайфият” бирикмасини ҳам қўшиб ишлатасиз. Шунинг ўзиёқ адабий авлод деган тушунча ижодий кечимда ижтимоий асос устувор бўлган шароитда вужудга келишини англатади. Одам жамиятга қарши қўйилмайдиган, ҳар бир индивиднинг ўзига хос яратиқ ва қадрият экани тан олинадиган даврда бир-биридан кескин фарқланадиган адабий авлод юзага келмаса керак. Чунки истеъдод ҳам, кайфият ҳам ўта индивидуал ҳодисалар, ҳатто, бу тушунчаларга татбиқан “ижтимоий” аниқловчисини қўллашда ҳам қандайдир нотабиийлик бордай. Индивиднинг ўз ҳаёти билан яшаши айб саналмаган, алоҳида бир одам дардининг аҳамияти жамиятникидан кам эмаслиги англаб етилган пайтда, сиз кўзда тутган шаклдаги адабий авлодлар пайдо бўлмайди, деб ўйлайман.
Эндиликда ижод кечими қайсидир тамойилга кўра муайян тўдага айланган авлод эмас, балки бир-бирига ўхшамайдиган адабий истеъдодлар томонидан мустақил йўсинда юзага келтирилишига кўникиш вақти келди. Проф. Д.Қуронов айтганидек: “…бугун санъаткорнинг ижтимоий дардни шахсийлаштира олиши кифоя эмас, аксинча, шахсий дардни ижтимоий аҳамиятга молик даражада бадиий талқин қила олиш …зарур”. Бугун бир одамнинг ташвишига бутун жамиятнинг ташвишидан кам, деб қаралмайди. Шахснинг қадри жамиятникидан кам деб қаралган жойда, албатта, мустабидликка йўл очилади. Негаки, алоҳида одамларни топтаган ҳолда, кимлиги мавҳум кўпчиликка яхшилик қилиш ҳақида гапиравериш мумкин. Аслида, ҳазрат Навоийнинг: “Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон бўлса обод айлагай” тарзидаги қаноати ҳам шунчаки айтилмаган, у киши ҳаммага бирваракайига яхшилик қилишни орзулагандан кўра, аниқ бир шахсни авайлаш афзаллигини кўзда тутганлар.
Маълумки, советнинг даврида тузум одамни яратади, деб қаралар ва шунга кўра одамни ўзгартириш тузумни ўзгартиришдан бошланиши кутиларди. Энди ҳар қандай ижтимоий тузум ҳам одамлар томонидан вужудга келтирилиши маълум бўлди, шу боис олдин одамни ўзгартириш кераклигига кўникилаётир. Демакки, индивиднинг қадри ҳам, дарди ҳам жамиятнинг қадрию дардидан кам эмаслиги англанилаётир. Лекин бу ҳолга кўникиш қийинроқ кечмоқда. Шу боис биз ҳали одамни чинакамига қадрлаш, ҳурмат қилишга ўрганолганимиз йўқ. Улуғ ижтимоий мақсадлар, қадриятлар, одамнинг азизлиги тўғрисида оғизда кўп гапирилади, аммо аниқ бир одамни, шунчаки одам бўлгани учунгина аяш, ҳурматлаш ахлоқий-маънавий миқёсда ҳам, ижтимоий-ташкилий даражада ҳам ҳал этилмаган. Ишхоналарда ходимларга, аэропортларда йўловчиларга, божхоналарда ўтувчиларга муносабатдаги ҳурматсизликлар, аслида, алоҳида шахсга эътиборсизлик натижасидир. Корчалон бюрократ, зўравон раҳбар, сансолар хизматчи ўта юксак ижтимоий тутумлар ҳақида бемалол гапира олгани ҳолда, бир одамнинг оддийгина муаммосини ҳал қилиш сари қадам босмайди.
Бугун барча жамият аъзолари сингари ижодкор ҳам индивидуаллашиб боряпти, замондошимиз ўз дардининг шахсийлигидан хижолат чекмай қўйди. Аслида, дард қанча шахсий бўлса, шунча юқумли ҳам таъсирли ва шу боис унинг бадиий ифодаси ҳам индивидуал бўлади. Бундай даврдаги адабиёт, асосан, алоҳидалашган ижодкор шахснинг кўнгил ҳолатларини акс эттиради. Энди ёзувчилар олдингидай ижтимоий вазифа бажармайдилар, балки боридай яшаб ижод қиладилар. Совет даврида ижодкорлар давлатнинг қарамоғига олинган алоҳида ижтимоий қатлам эдилар. Бугун улар ҳамма қатори бўлмаган ҳамма қатори одамлардир. Ҳар бир истеъдодли шахсни бадиий ижодга ундаётган омил ҳар хиллиги сабаб, ижодкорларнинг авлодларга бўлиниши унча сезилмайди, деб ўйлайман.
2. Бадиий адабиёт айнан ҳар хилликка интилиш самарасидир. Шу боис чинакам адабиётнинг ҳамиша ва фақат ҳар хил йўсинда битилган асарлардан иборат бўлиши табиийдир. Муайян адабий авлодга мансуб бўлган кўпчилик ижодкорларни ёзганларидан таниш мумкин эди, бугун ёзганига қараб, адабий авлод у ёқда турсин, бир ёзувчининг ўзини таниб олиш ҳам қийин кечяпти. Чинакам адабиёт ривожи манфаатидан келиб чиқилса, бу ҳолдан қувонмоқ керак. Негаки, ёзувчилар нафақат ўзгалар, балки ўзларини-да такрорламасликка уринишмоқда. Олдинлари ўз услубига эга бўлиш ижодий марра ҳисобланган бўлса, ҳозирда кўпчилик ёзувчи-шоирлар атай услуби шаклланиб қолмаслигига интилишмоқда. Улар ўқувчига ҳар сафар тамомила янги ижодкор сифатида номаълум қирралари билан кўринишни исташади.
Адабиётимизда хилма-хил услубий йўналишда қалам тебратаётган ижодкорларнинг кўпайиб бораётгани қувонарли ҳол. Ҳар қандай бир хиллик адабиёт учун ўлим экани аниқ! Бизда бир ёмон одат бор: чинакам муаммолар бир ёқда қолиб, йўқ жойдан муаммо ўйлаб топиб, ўша билан ортиқча андармон бўламиз. Менимча, ўзбек адабиётидаги “изм”лар борасидаги баҳслар – шунга ўхшаш муҳим бўлмаган зўраки муаммолардан бири. Аввало, адабиётимизда “изм”лар жудаям кўп эмас. Бор-йўғи, айрим ижодкорлар одатдагидан ўзгачароқ йўсинда қалам тебратишга, оламни ўзгачароқ кўриш ва ноклассик тарзда ифодалашга уринишяпти, холос. Гарчи, бу уринишлар натижасида бир қатор бақувват асарлар юзага келган бўлса-да, бу йўналиш бирор жиҳати билан бадиий ижоднинг азалий анъаналарини инкор этишни хаёлига ҳам келтиргани йўқ. Негаки, янгича ёзаётган ўзбек санъаткорлари мумтоз тажрибаларга таянган ҳолда модернизмнинг фалсафасига эмас, балки кўпроқ ифода йўсинига амал қилишяпти. Шунинг учун ҳам модерн адабий йўналишни анъанавий адабиётга қарши қўйиш, унда бадиий адабиёт ривожига зарар етказадиган қандайдир жиҳатлар борлигидан хавотирланиш мутлақо ўринсиз.
Миллий тафаккур туб ўзгаришларга учраган, бадиий дид янгиланаётган ҳозиргидай шароитда модернистик йўналишнинг юзага келиши табиийдир. Чунки йиллар давомида руҳсат берилганидай ёзишдан зада бўлиб, нафаси қайтган адабиётга “тоза ҳаво” киритилиши керак эди. Мен модернизмнинг миллий адабиёт равнақига хавф солиб, истеъдодсизлик ниқобига айланаётгани борасидаги ваҳималарга ҳеч тушунмайман. Нега модернистик йўналишдаги асарлар адабиёт тараққиётига хатар ёки истеъдодсизликни яширадиган восита бўлар экан? Истеъдодсизликни беркитиб бўладими ўзи? У – ҳар қандай шаклга солинганда ҳам моҳияти ўзгармайдиган хусусият. Бунинг устига, истеъдодсизлик билан ёзилган қайсидир бир битикнинг модерн деб аталгани учун қизиқиб ўқилиши мумкинлиги ҳам ҳеч ақлимга сиғмайди.
Бу хилдаги ўринсиз ваҳималар кишида гўё модерн йўналишида сон-саноқсиз асар битилиб ҳамма ёқни босиб кетаётгандай тасаввур уйғотади. Ҳолбуки, бизда модерн йўналишда ёзадиганлар жуда кам. Шу аҳволда модерн ёзарларни анъанавий адабиётга қарши қўйиш мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Аслида, айнан модернизм бадиий адабиётни истеъдодсизлик ва қолипдан халос этиш мақсадида юзага келган. Айнан модернизм бадиий яратиқ мавзу долзарблиги, фикр янгилиги, ифоданинг тушунарлилиги сингари ташқи белгилар сабабли эмас, балки чиндан ҳам бетакрор ва оригинал битилгани учун ўқилишини исташ оқибатида пайдо бўлган. Модерн йўналиш адабиётни булғаш эмас, балки уни тозалаш, юксалтириш ва нозиклаштириш воситаси эканини тан олиш керак.
3. Шаккокликдай кўринса-да, менинг назаримда, адабиёт Яратганнинг ўзидан бўлак ҳеч кимнинг олдида бурчли эмас. У фақат ўзига, яъни гўзаллик ва ҳақиқатгагина хизмат қилиши керак. Кунботиш элларида ҳамиша адабиётнинг елкасига ижтимоий юк ортмоқчи бўлиб келинади. Адабиёт қанчалик ижтимоийлашса, шунчалик эзгулашади, деган янглиш ўй ҳамон кўпчиликни ўз оғушида тутиб турибди. Ҳолбуки, турли-туман жамиятлар ва уларда ҳукмрон бўлган мафкураю ғояларнинг тарихи туганмас адашишлар тарихидан иборат экани бот-бот намоён бўляпти. Бадиий адабиётдан жамиятга хизмат қилишни талаб қилиш, уни янглиш йўлга буришнинг бошланиши экани ҳисобга олинмаётир.
Адабиёт ҳақиқат ва гўзалликдан бўлак ҳеч ким ва ҳеч нима олдида бурчли бўлмаганда ўз-ўзидан эзгуликка, демакки, кўпчиликка хизмат қилган бўлиб чиқади. Одамзод ҳамма нарсани қандайдир йўл билан бўлса-да, ўзига хизмат қилдиришга мойил. У оламдаги бирор нарсанинг шунчаки, ўз ҳолича бор бўлишига кўниколмайди. Ҳолбуки, Яратган барча яратиқларини фақат одамларга хизмат қилдириш учун эмас, балки, аввало, ўз қудрати ва жамолини кўрсатиш учун яратиб қўйибди. Ахир, шафтоли одам кўзини қувонтириш учун гулламайди, булбул инсоннинг кайфиятини кўтариш учун сайрамайди, сув ҳам фақат чанқоғимизни қондириш учунгина оқмайди, товусга фақат эт деб қараб бўлмайди. Уларнинг Яратувчи белгилаб қўйган ўз миссиялари бор. Менимча, адабиёт одам тийнатидан айнан шу “Ҳамма нарса мен учун яратилган!” – деган истеъмолчилик кайфиятини қувиб чиқаришга, унда “Яратган томонидан менга шунча неъмат берилган экан, мен ўзим қандай эзгулик қилдим?” – деган фикр уйғотишга хизмат қилиши керакдай. Қарангки, барибир, “хизмат қилиши керак” бўлар экан-да?!
Бадиий адабиёт одам назарини атрофи оламдан ўзининг ички дунёси сари кўчиришга, ўзини текшириш томон йўллашга қаратилган санъат туридир. Чунки барча етук кўркам асарларда ўзга одамнинг туйғулари акс этади. Эстетик яратиқлардаги ана шу туйғуларни туйиш, улардан таъсирланиш асносида одамда ўхшаш сезимлар таркиб топа боради. Унда ўзида мавжуд эзгу туйғуларни ўстириш, йўқларини эса яратиш эҳтиёжи пайдо бўлади.
4. Менимча, адабиёт ҳеч кимнинг ёнида эмас. Бадиий адабиёт уни севган, уни қўмсаган, унга интилган, ундан лаззат оладиган шахслар кўнглидадир! Бошқалар эса… Адабиётни уларнинг олдига олиб бориб ёки уларни бунинг ёнига келтириб боғлаб қўйганингиз билан ҳам унга қизиқмаса, ўқимаса, бундан не наф?! Одамлар тана истакларига бўлган эҳтиёжларини бир даражада қондирганларидан сўнг нафис туйғулар ифодаси бўлмиш адабиётга юзланадилар. Лекин ташналик даражасидаги бу эҳтиёж тушмагурни қондириб бўлармикин? Қизиғи шундаки, бадиий адабиётгина кишининг кўнглини тозалаш орқали унинг кўзини тўйдиради. Маълумки, кўз тўймагунча, нафсга ором йўқ. Демак, бугунги адабиёт одамнинг одамийлиги билан елкама-елка бўлиб, унинг нафсонийлигига қарши курашадиганлар ичидадир.
5. Менимча, “изм”ларнинг бирортаси ҳам адабиёт учун шоҳкўча бўлолмайди. Агар адабиёт моҳиятан бирор “изм”нинг измида юриши шарт бўлганда, ҳазрат Навоий бу ҳақда айтган бўларди. Тўғри, оламда Навоий қайд этмаган нарсалар ҳам жуда кўп, аммо бадиий ижод борасида ҳазрат тўхталмаган нарсаларнинг кўпчилиги шунчаки ўйлаб топилган ўткинчи гаплар. Энди постмодернизм борасида… Кўплардан фарқли тарзда, унга эрта кундан ёвларча қарамаганингиз жуда яхши. Бизда “постмодерн кайфият пайдо бўлгани” тўғрисидаги тўхтамингиз менга анча эрта айтилаётган баҳсли фикрдай туюлса-да, умуман, масаланинг шу тахлит қўйилиши жуда гўзал. Чиндан ҳам, ҳамонки, бир адабий ҳодиса тўғрисида турли қарашлар туғила бошлаган экан, у ҳақда фикрлашиб олган маъқул.
Менимча, айримларнинг ўзбек постмодерни ҳақидаги қарашлари масала моҳиятини билмасдан шошқалоқлик қилиш намуналаридир. Чунки постмодернизм – санъат ва адабиётдаги шунчаки модерндан кейинги навбатдаги босқич эмас, балки тамомила ўзгача фалсафий асосга таяниладиган ва модернизмга тубдан қарши бўлган янги оқим. Йўқ, у бизга тақдим этишаётганидай, атай санъат ва адабиётни бузишга қаратилган йўналиш эмас. Постмодернизмнинг бош белгиси, унда ҳеч қандай турғун белгининг йўқлигида, адабий категорияларнинг атай қориштириб юборилиши натижасида бадиият борасидаги тушунчалар, унинг норма ва ўлчамларининг онгли равишда инкор этилишида намоён бўлади.
Олдинги ижодий методларда ижодкорлардан қоидада белгилаб қўйилганидай ёзиш талаб қилинарди, модернизм кўнгил буюрганидай ёзишни ақидага айлантирди, постмодернда эса, қўпол қилиб айтганда, хаёлга келганидай ёзиш бош талабга айланди. Бу йўналиш адабиётнинг обрўсини тўкиш мақсадида эмас, балки ёзишни истаган ҳар қандай одам бадиий асар ёзиш имконига эга бўлсин, деган креатив демократия истаги натижаси ўлароқ юзага келди.
Постмодернизм бутун бошли фалсафий-эстетик оқим бўлиб, унда муғомбирлик ва товламачилик маъносидаги “симулякр”, сохта ва арзон маъносидаги “кич”, нусхакашлик ва кўчирмачилик маъносидаги “пародиявийлик”, “киноявийлик”, бузғунчи маъносидаги “деконструкция”, “нутқнинг шизофренлашуви”, “шизотаҳлил”, йўқ жойдан бино бўлган нарса маъносидаги “артефакт”, талабчанлик йўқлиги маъносидаги “адабий конформизм”, қоришиқлик маъносидаги “маданий диффузия”, нусха олинадиган манба маъносидаги “метаадабиёт”, бадиий асарни биргаликда яратиш маъносидаги “интерактивлик”, оммабоплик маъносидаги “универсализм” ва бошқа бир қатор хос атамалар тизими мавжуд ва уларга қай даражададир амал қилингандагина постмодерн асар юзага келади. Шукурки, бизда ҳали бундай талаблар тизимига тўла жавоб берадиган бирорта ҳам асар ёзилгани йўқ. Эҳтимол, яқин йилларда яратилмас ҳам.
Негаки, бизнинг кутилмаган экспериментларга ўч ижодкорларимиз ҳам, анъаналарни бутунлай инкор қилиш, муқаддас қадриятларни тубан тушунчалар билан қориштириб юбориш каби хамоқотга бормайдилар. Постмодерн битик, асосан, юксак санъат асарларига пародия сифатида, ундаги фикру ғоялар, санъату ифодалар устидан кулиб, бунча донолик қилиб ўтирмай, мана бундай жўнгина қилиб ёзиб қўяверса ҳам бўларди-ку, йўсинидаги ёндашув оқибатида юзага келади. Балки Муҳаммад Юсуфнинг “От қадрини қайдан билсин, От минмаган эркаклар”дай жиддий ва дардли сатрларининг айрим “ижодкор”лар томонидан: “Булбул қадрин қайдан билсин, Булбули йўқ эркаклар” шаклига солиб айтилаётгани қулоғингизга чалингандир. Асл постмодерн адабиёт тахминан шу йўналишда бўлади. Тўғри, постмодерн йўналишда ҳам баъзан У.Эконинг “Атиргул номи” асарига ўхшаш жуда юксак бадиий битиклар яратилиб қолади. Лекин асос эътибори билан у бадиий ижодни истеъдодли шахснинг эмас, омманинг юмушига айлантиришга қаратилган йўналишдир. Бу ҳақда гапни чўзаверсам, жуда узалиб кетади. Яхшиси, бирор кун бу тўғрида алоҳида ёзилар.
6. Ўйин, кўпчилик ўйлаганганидек, фақат болаликка тегишли ножиддий эрмак эмас. Эътибор қилсангиз, аслида, ўйнаб дам олинмайди, ўйнаб чарчалади. Лекин у одамни тирикчиликнинг туганмас бир хиллигидан чалғитиб, турмушига завқ ва жозиба бахш этади. Ҳатто болалар ҳам ўйнаб дам олмайдилар, балки ўйнаб яшайдилар. Кўпчиликнинг бир дунё маблағу вақт сарфлаб, спорт ўйинлари билан шуғулланиши ёки томоша қилиши бежизга эмас. Адабиёт ҳам, аслида, худди бадиий гимнастика, фигурали учиш ёки синхрон сузиш каби бир ўйин. Фақат адабиётнинг ўйини дарддан келиб чиқади. Бошқачароқ айтсак, адабиётда ўйнаб дард чекилади, йиғлаб завқланилади. Ҳазрат Навоий бекорга: “Сўз аро ялғон киби йўқ нописанд, Айлар анинг назмини доно писанд”, демаганлар. Ўйин – кўркам адабиётнинг ўз хусусияти.
Шахснинг ҳаёти қадрсиз бўлган ва жамият таҳликада қолган шароитда адабиёт жиддийлашиб, қовоғини солади. Кўнгилга ўйин сиғмайдиган бундай таҳдидли вазиятларда дард ўйнаб эмас, йиғлаб айтилади. Ҳақиқатни сўзлашнинг иложи бўлмаган шароитда адабиёт гап айтиш воситасига айланади. Бунга ҳам адабиётнинг моясидаги ўйин унсури йўл очади. Очиқчасига айтиб бўлмайдиган фикр ўйин йўли билан билдирилади. Адабиётга ижтимоий салмоқ берадиган бундай сифатнинг бўлиши ҳам жамиятнинг таназзулидан, ҳам кўркам адабиётнинг ўзига бегона иш билан шуғулланаётганидан далолатдир.
Салкам бир ярим асрлик мустамлака даврида адабиёт шунчалар жиддийлашдики, эндиликда унинг ўз аслига қайтаётгани бизга эриш туюладиган бўлиб қолди. Кишилик тарихида бундай ҳолат тез-тез учраб туради. Совет даврида адабиёт ижтимоий ҳаётнинг юраги саналарди. Сиёсат ҳам, фалсафа ҳам, тарих ҳам, публицистика ҳам ўз юкини адабиётнинг елкасига ортганди. Ижтимоий тафаккурнинг барча соҳалари бадиий адабиётдан имдод кутарди. Адабиёт ижтимоий борлиқнинг марказига айланган бундай ҳолга литературоцентризм, дейилади. Сиёсатда ёлғон, фалсафа ва тарихда мафкура ҳукмрон бўлиб, илмий йўсинда айтиш мумкин бўлмайдиган ҳақиқатлар бадиий шаклда билдириларди. Бундай вақтда бутун умид адабиётдан бўлади ва унга ҳамма камоли жиддият билан кўз тикиб туради.
Аслида, ўйин – адабиётнинг ўз хоссаси. Адабиётда ўйиннинг кўпайиб бораётгани жамиятнинг соғломлашаётганидан далолатдир. Сизнинг: “кейинги вақтларда ўйиннинг ҳиссаси кучайиб кетди. Бу дегани шуки, нимани айтишдан кўра, қандай айтиш, дард айтишдан кўра, “ниманидир” бўлсаям гўзал шакллар ёрдамида ўқувчига етказиш биринчи ўринга чиқиб бораётир”, тарзидаги хавотирингиз мени қувонтирди. Билимдон олим Раҳимжон Раҳмат: “…бизда адабиётнинг ўйинга айланишига ҳали анча вақт бор”, деганида ҳақ эди. Кўринадики, ўйин адабиётнинг ўз хусусияти, жиддийлик эса унинг қўшимча белгиси. Ортега 1953 йилдаги мақоласида эндиликда адабиётнинг кўпроқ ўйин хусусиятига эга бўлиб бориши табиий эканини таъкидлаган эди.
Айни вақтда, яна бир жиҳатни таъкидлашни ҳам истардим: инсон табиатан шундай яралганки, ДАРД уни ҳеч қачон бутунлай тарк этмайди, бинобарин, адабиёт қанчалик ўйинга юз бурмасин, кўнгил ҳолатининг ифодаси ўлароқ, дардчиллигича қолаверади.
7. Бу савол ҳамда унга шу вақтгача олинган жавоблар замирида адабий танқиддан норозилик, унинг фаолиятидан қониқмаслик, танқидчиликнинг ҳаққоний ва холислигига ишонмаслик силқиб турибдики, мен бунга қўшилмайман. Сиз бош ҳарфларда ёзган адабий танқидчиликдаги холислик тушунчаси адабиётга татбиқан унчалик мўтабар тушунча бўлолмаслигини таъкидлаш керак, деб ўйлайман. Чунки ким бўлишидан қатъи назар, банданинг холислиги унинг ўзи даражасида бўлади. Мен адабиётга доир чиқишлар билан имкон қадар танишиб борадиган бир ўқувчи сифатида кейинги вақтда деярли бирорта тўла холис ёхуд бутунлай нохолис ёзилган танқидий мақолани учратмадим. Бадиий асар ҳақидаги конкрет бир мақоланинг савияси, илмий қиммати, ишонтириш даражасидан қониқмаслик мумкин ва бу табиий ҳол. Аммо қандайдир таъма илинжида битилган бирорта мақолани ўқиганим йўқ. Фақат ҳозирги адабий танқидда жиддий бир сифат ўзгариши содир бўлди: у энди кўпроқ текширилаётган бадиий яратиқнинг фазилати нимадан иборатлигини кўрсатиб беришга юз бурган. Чунки ижод эркинлиги шароитида танқидчи эстетик қози ҳам, адабий санитар ҳам бўлолмаслигини ва бўлмаслиги ҳам кераклиги англаб етилди. Сизнинг саволингиз қўйилиши ҳамда аксарият жавоблардаги иддаолардан жуда кўпчилик ҳамон Норбой Худойберганов домланинг зарбаларига ўхшаш ҳамлаларни қўмсаб юргани сезилади. Менимча, энди бундай бўлмайди. Энди танқидчилик томонидан савияси ўта паст битикни дўппослашга сарфланадиган илмий куч бошқа бир тузук асарнинг шарҳига сарфлангани маъқуллиги англаб етилди. Чунки ҳали инсоният тарихида талантсиз одамнинг талантсизлигига ишонтира олган бирорта олим бўлмаган.
Яна бир жиҳат, кўп касбдошларимиз Беҳбудий домланинг: “Танқид сараламоқдир”, деган гапини ушлаб олиб, танқиддан бадиий асарларни саралаб беришни талаб қилишади. Ҳолбуки, отажадид ўз фикрини адабий танқид тўғрисида эмас, балки танқид ёрдамида яхши ва ҳақ фикр саралаб олинади, деган маънода нотўғри ҳолатни танқид қилиш ҳолатига нисбатан билдирган эди. Биз асл маънони бир ёққа суриб қўйиб, гапнинг ўзини ушлаб олганмизки, кўп янглишишларимиз айни шу ердан бошланади.
Кейинги жиҳат шундаки, адабий танқидчилик ҳодисасига тўғри ном берилмаган. Халқда ном тақдирдир, деган ҳаққоний қараш бор. Ҳодисанинг тўғри номланмагани унинг нотўғри талқин қилинишига йўл очади. Яъни номи адабий танқид бўлса-ю, яқин ўтмишдаги Сотти Ҳусайн, Айний, Саъдий, Триғулов, Н.Худойбергановлар ёзган битиклардаги каби тишу тирноқ бўлмаса, кишида ўз-ўзидан эътироз уйғонади. Ҳолбуки, бу ҳодисанинг вазифаси ўнакай танқид қилиш эмас, балки муайян бадиий яратиқнинг матнидан келиб чиққан ҳолда ютуқ ва камчиликларини кўрсатиб беришдан иборат бўлиши керак. Бундай миссияга эга ҳодиса ёнимиздаги қозоқ ва қирғиз қардошларда “синчилик”, бу миссияни амалга оширувчи шахс “синчи”, деб аталади. Ҳатто, Қозоғистонда “Син” деб аталган қалин ойбитик ҳам чоп этилади.
Синчилигимизнинг бугунги ҳолати борасида касбдошларимизнинг қарашлари ўта салбий ва кескинлиги билан ажралиб туради. Таниқли бир олим: “яқин-яқингача адабий танқидни тақдир деб қабул қилган ўнлаб мутахассислар” бўлганини айтиб: “Ҳозир, асосан, мақтов, алқаш, ақлли ёлғон гапириш, тилёғламалик, хушомад ва ҳоказо иллатлар адабий танқидимизнинг хос хусусиятлари бўлиб бормоқда”, деб ёзади. Ўзқарашли бошқа бир олим аниқ қилиб: “Умуман, бизда адабий танқидда танқид йўқлигини ҳам эътироф этиш жоиз. Бизлар адабий танқид воситасида бир-биримизнинг кўнглимизни кўтариб, дўстона муносабатимизни билдириб қўямиз, холос”, дейди. У ўз фикрини янада кучлантириб: “Узоқ вақт машҳур адабиётчи олимларнинг ёнида юрган одамман. Устозларимиз росмана адабиётчи олим эмас, балки адабиётдаги дипломатлар эканлигини яхши биламан”, дейишгача боради. Машҳур адабиётчи олимларнинг ёнида узоқ вақт юрган дадил олимнинг устозлари ҳақидаги фикри шу бўлса, бир нарса дейишга ҳам қийналасан киши. Фақат бундай қараш эгаларидан фарқ қилиб, аксарият илм аҳли каби биз ҳам М.Қўшжонов, О.Шарафиддинов, У.Норматов, И.Ғафуров, А.Расулов, Н.Худойберганов, О.Тоғаев, С.Умиров, С.Содиқов, А.Каттабеков сингари олимларни ҳалол ва ўзсўзли кишилар, деб билардик ва ҳамон шу қараш тарафдоримиз.
Бошқа бир машҳур касбдошимиз янада қаттиқроқ кетиб: “Бугун худди ҳар бир қўшиқчининг ёнида ўзининг продюссери, даллоли бўлгани сингари кўпчилик ёзувчи-шоирларнинг ҳам ҳамтовоқ талқинчилари – “адабиётшунос”лари бўлиши кутиладиган ҳолга айланган. Холис, самимий, куюнчак таҳлилу талқин ўрнини “шишадошни қўллаб юбориш”, “кейинги йил мукофот-унвонга илинтириб қолиш” истаги, “бир ердан эканлигини унутмаслик масъулияти”, “нариги гуруҳдагилар ҳужумига қолдирмаслик”дек сергаклик… сифатлари эгалламоқда”, деб ёзади. Иброҳим Ғафуров, Нўъмон Раҳимжонов, Йўлдош Солижонов, Сувон Мели, Баҳодир Карим, Узоқ Жўрақул, Абдулла Улуғов, Ислом Ёқубов, Қурдош Қаҳрамон сингари бир қадар фаол синчиларининг бирор ижодкорга даллолик қилганини тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди. Албатта, бугунги ўзбек синчилиги борлигини тан олмайдиган ҳурматли касбдошларимиз ўзларини тилёғламалик қиладиган, дипломатликдан нари ўтмайдиган, шишадошларни қўллайдиган синчилар қаторида санашмайди.
Масаланинг моҳиятига жиддийроқ қаралса, “адабий танқидни тақдир деб қабул қилган ўнлаб мутахассислар” ҳозир ҳам бор. Эҳтимол, уларнинг сони яна кўпайгандир ҳам. Аммо олдинлари адабий танқид кишига чиндан ҳам тақдир бўла оларди. Яъни у даврларда ўз иши ортидан синчининг қора қозони қайнаб, тирикчилиги ўтарди. Ҳозирги кунда қай даражададир адабий синчилик билан шуғулланаётган кишилардан жамият қарздор ва улардан фақат миннатдор бўлиш керак. Негаки, яхшидир-ёмондир, мутлақо беғараз асар ёзиб, уни ўз пулига чиқараётган ижодкорлар фақат синчилардир. Ҳатто, ёзувчиларга ҳам оздир-кўпдир қалам ҳақи берила бошланди. Синчиларга эса ҳозиргача ёзғириқдан бошқа ҳақ тўланмаётгани ҳаммага аён. Бирор мисол ҳамда далилу исботсиз, бемалол барча синчиларни ноҳалоллигу нохолисликда айблаш мумкинлигига ҳайрон қолдим. Бировнинг фаолиятини баҳолашда иймон тарози қилинса, тўғри бўлади.
Бутун бошли миллий адабиётнинг синчилик назоратида бўлиши мумкин бўлган даврлар қайтмас бўлиб ўтиб кетди. Ёзгандан ўқиган кўп бўлиши табиий. Лекин ўқиган асарлари тўғрисида ёзадиганлар ҳамиша кам бўлишган. Советнинг даврида бир йилда бир роман яратилиб қолиши катта воқеа саналар, савияси қандай бўлишидан қатъи назар, у анча вақт оғиздан тушмасди. Эндиликда бир йилда ўнлаб романлар ёзилаётир ва булар ҳақда ёзиб улгуриш, уларнинг тараққиёт тенденциясини белгилаш жуда мушкул. Синчиликнинг ҳолатидан мутлақо қониқмаётган дўстларимизнинг ҳаммаси ҳам синчилар. Нега уларнинг бирортаси фаоллик кўрсатмаяпти? Холис, ҳаққоний, тилёғламалик қилинмай, юртдошликни ҳисобга олмай, адабий асарларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб ташлашмаяпти? Чунки бунинг имкони йўқ. Энди умумлашмалар иш бермайди. Энди индивиднинг ўта индивидуал меҳнати самараси бўлмиш бадиий яратиқ тўғрисида ғоят индивидуал фикр билдиришгина мумкиндир. Бу фикрлар кимгадир ўтиришмаса, улар, албатта, нохолис билдирилган бўлиб чиқмайди. Бунга кўникиш керак бўлади.
8. Ўзбек адабиёти – анъаналар адабиёти. Унинг энг модерн кўринишида ҳам нафақат модерн, балки мумтоз анъаналарга-да амал қилиш сезилади. О.Мухтор, А.Қутбиддин, Б.Рўзимуҳаммад, Фахриёр сингари моҳиятан модернчи адибларни мумтоз адабиётни билмайди ёки уни рад этади деб бўладими? Айни вақтда, ҳар бир ижодкорнинг ўз йўлини очгиси, бир адиб айтганидек: “Шоирларда иккинчи бўлмас, Шоирларнинг бари – биринчи” бўлгиси келиши табиий ҳам. Адабиёт – турфаликка интилиш сабаблигина мавжуд ҳодиса. Бир хиллашадиган бўлса, унинг кераги бўлмай қолади. Шу сабабли бугунги ижодкорнинг кечагидай эмас, бугунгидай ёзишга уринишининг ажабланарли жойи йўқ. Лекин янгилик – янгилик бўлгани сабабли эмас, балки олдингисидан юксаклиги билан қадрли бўлиши керак. Юксалиш учун тагзамин керак, бунга эса мавжуд анъаналаргина ярайди. Шу боис ҳозирги ўзбек адабиётида эски билан янги ўртасидаги кураш ҳақида гапириш ортиқча, деб ўйлайман.
9. Бундай савол адабиёт кураш воситасига айланган ҳолатларда ўринли бўлади. Ҳар қандай одам сингари ижодкор ҳам турли вазиятларда турлича қадам босиб, баъзида тўғри, баъзида чалкаш йўллардан юриб, ўз қисмати сари боради. Ижодкорнинг бурчлари қандай бўлиши кераклигини белгилаб берадиган жамиятда ижод эркинлигига зуғум ўтказилаётган бўлади. Ҳар кимнинг қозиси – ёлғиз Оллоҳ. Ижодкор ҳам Ундандир ва фақат Унга боради. Демак, борарини ўйлаб иш қилиши керак. Мен асл ижодни кўнгил ҳолатининг ифодаси, деб биламан. Кўнгилнинг қандайдир талабларни ўйлаб изҳор этилишини тушуна олмайман. Ижодкорнинг одам эканининг ўзида унинг ижтимоий ва эстетик миссияси баравар намоён бўлади.
10. Жамиятимиз ҳаётига бозор муносабатларининг кириб келиши “бозор адабиёти”ни ҳам юзага келтирди. Ва у шиддат билан ёйилиб, семириб бораётир. Сиз “жиддий” деб айтаётган адабиёт ҳам қараб тургани йўқ. У ҳам ғоят турфалашиб, мавжуд шароитларни имкон қадар ҳисобга олишга интилиб, ривожланмоқда. Лекин “жиддий” дегани, албатта, юқори савияли дегани эмас. Советнинг давридаги адабиёт ёппасига ўта жиддий эди. Шунчалар жиддий эдики, бировга тишининг оқини кўрсатмасди. Лекин бу адабиёт намуналарининг катта қисми муаллифларидан олдин унутилиб кетди.
Менимча, миллий тилнинг жилоси намоён бўлмаган, одамнинг серқатлам руҳий дунёси очилмаган, ўқувчини ўйлашга мажбур этолмаган битиклар қанчалар қизиқарли экани, қайси нашрда, кимнинг тавсияси билан, қанча нусхада босилгани ва қандай сотилганидан қатъи назар, “бозор адабиёти”га тегишлидир. Сиз айтган “жиддий адабиёт”нинг бош белгиси битик билан танишиш ўқувчига завқ бергани ҳолда, уни ўйлантириб қўядиган хусусиятга эга бўлишида, деб биламан.
Жиддий адабиётнинг кенг омма орасида ёйилиши учун узлуксиз таълимнинг барча босқичларида адабиёт ўқитишни тубдан яхшилаш керак, деб ўйлайман. Адабиёт ўқитиш кечими асл асарлар билан танишиш ва уларни севиб қолишга қаратилган ҳолда ташкил этилгандагина миллат маънавий дунёсининг эзгу қадриятлар асосида шаклланиши борасида муайян ижобий натижаларга эришиш мумкин бўлади.
Умарали Норматов жавоблари:
Мана, ниҳоят, журналимиз саҳифаларида йил бўйи давом этган “Янги авлод овози” номи остида ўтказилган адабий-танқидий гурунг ўз ниҳоясига етаётир, энди уни сарҳисоб қилиш пайти ҳам келди. Хўш, шундай мавзуда баҳс-мунозара юритишга эҳтиёж бормиди, деган савол туғилиши табиий. Сир эмас, тарих учун қисқа фурсат – мустақиллигимизнинг 22 йили давомида мамлакатимиз асрларга тенг мислсиз ўзгаришлар, туб янгиланишлар йўлини босиб ўтди, миллатнинг янги авлоди туғилиб, йигит ёшига етди, истиқлолни 50, 60, 70 ёшида қарши олган авлодлар қараши, тафаккурида, ҳаёт тарзида ҳам туб бурилиш юз берди. Бу ҳол, айниқса, адабиёт ва санъат аҳли тақдирида чуқур из қолдирди, гарчи гурунг мавзуси “Янги авлод овози” деб аталса-да, мустақиллик йиллари адабиёт бўстонида шаклланган, униб-ўсиб бўй кўрсатган қалам соҳиблари овозига хос хусусиятлар талқинига қаратилган бўлса-да, аслида, мавзу кўлами кенгроқ, янги босқичда мана шу янги авлод билан ҳамнафас енг шимариб ягона улкан ва шарафли мақсад – истиқлол ғоялари амалиёти йўлида бақамти ижод этаётган устозлар акс-садоси ҳам четда қолаётгани йўқ.
Мазкур гурунг бизда одат тусини олган бирданига бир мажлисда ўртага ташланган масала бўйича иштирокчиларнинг беҳос кўнглига келган ўй-мулоҳазалари изҳори шаклида эмас, бош муҳаррирнинг пухта ўйланган ҳозирги адабий жараён тамойилларига оид 10 банддан иборат саволларига шошилмай, пухта ўйлаб жиддий тайёргарлик кўриб берган жавобларини йил давомида журналнинг олти сонида эълон этиш тарзида кечди.
Адабий-танқидий гурунг “Янги авлод овози” деб номлаган экан, унинг иштирокчилари ҳам миллий адабиётимизнинг янги авлоди намояндалари, истиқлол арафасида, истиқлол йилларида адабиёт бўстонига кириб келган шоир, носир ва мунаққидлар; улар орасида ёши энг улуғлари – Ҳ.Болтабоев 1954, Ш.Ризаев 1958 йилда туғилган, Д.Қуронов 1960, И.Ёқубов, Р.Қўчқор, Б.Рўзимуҳаммад, Р.Раҳматлар 1961, Н. Эшонқул, А.Йўлдош 1962, Р.Ҳайдарова 1966 йилда таваллуд топган. Уларнинг барчаси адабиётда, адабий танқидда аллақачон ўз мавқеини эгаллаб, ижодий, илмий йўли, маслагини тайин этиб олган қалам соҳибларидирлар. Қолаверса, улар бош муҳаррирнинг ҳар бир саволига “етти ўлчаб бир кес” нақлига амал қилиб, пухта тайёргарлик кўрган ҳолда жавоб қайтаришга ҳаракат қилганлар.
Журнал таҳририяти каминадан мазкур адабий гурунгга якуний чиқиш билан иштирок этишни таклиф этганда, очиғи, бошда бироз иккиланиб қолдим. Ахир, мен бутунлай бошқа давр, ўзга авлод одамиман-ку, “Янги авлод овози” гурунгининг энг улуғидан ҳам ёшим чорак аср каттароқ-ку, деган андишага бордим. Бироқ дўппини бошдан олиб бундоқ ўйлаб қарасам, уларнинг бирортасиям мен учун бегона эмас, Абдуқаюм билан Исломжонни мустасно этганда, қолганлари барчаси менинг 60 йиллик умрим кечган Миллий университетда таълим олган, аксарияти шу даргоҳда бирга ишлаган, бир майизни бўлиб баҳам кўрган қадрдон маслакдошларим-ку; қолаверса, Ҳамидулла, Дилмурод, Раҳимжон, Улуғбекларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилганман… Қисқаси, гарчи қирқ йиллик фаолиятим машъум мустабид тузум замонида кечган бўлса-да, Оллоҳнинг беадад инояти туфайли Абдулла Қаҳҳордек буюк сиймо адабий муҳити ҳамда Миллий университетда қарор топган Озод Шарафиддинов адабий-танқидий мактабига дахлдор бахтиёр бир бандаи мўминман.
Давра гурунгларини кузата бориб шунга амин бўлдимки, 60-йиллардаёқ шаклланган Қаҳҳор адабий муҳити, устоз Озод Шарафиддинов адабий-танқидий мактаби сабоқлари истиқлол даври адабиёти, адабий-танқидий тафаккури, янги адабий-танқидий авлод парвози учун мустаҳкам замин вазифасини ўтаган, боз устига, устознинг ўзи мустақиллик йилларидаги ўн беш йиллик фаолиятида, янги шароитда янги адабий авлод ҳимояси, камолоти йўлида беқиёс заҳмат чеккан, жасорат кўрсатган.
Мазкур адабий-танқидий гурунгда қўйилган барча саволларга бирма-бир жавоб қайтариш шарт эмасдир, деган ўйга бориб, назаримда, мен учун энг муҳим бош масала – янги авлод ва унинг ижодий қиёфаси хусусидаги ўз фикр-қарашларим изҳори билан чеклансам.
“Бугунги адабий авлоднинг (магар у бор бўлса) ғоявий-бадиий эстетик қарашлари нималардан иборат?” деган бир қарашда осон, оддий расмий саволга, қизиқ, гурунг қатнашчиларининг жавоблари анча паришон тусда кечди. Эҳтимол, муҳаррирнинг қавс ичида келтирилган шубҳаси салафларига ҳам юқди шекилли, улар ҳам бу хусусда иккиланиб қолдилар. Профессор Ҳ. Болтабоев тўғридан-тўғри “кейинги даврларда ижод қилган алоҳида истеъдодлар номини тилга олиш мумкин, бироқ улар адабий авлод сифатида шаклланмаганга ўхшайди” деса, Ш.Ризаев “Ҳозирги пайтда ана шу кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод вояга етди, деб дабдурустдан айтиш жуда мушкул”, дея ҳамкасби қарашини маъқуллайди. Проф. Д. Қуронов бу масалага бироз кескинроқ ёндашса-да, бироқ охир-оқибатда ҳамкасблари қарашидан унча узоқ кетмайди. Унингча, ижтимоий тафаккурнинг ҳам илғорида борадиган ижодкорлар – шу куннинг гапини айтадиган “адабий авлод” орзулигича қоляпти; “янгиланган кайфиятни ўз асарларида акс эттирувчи авлод ҳам вояга етган”, фақат ундан энди “салафларидаги белгиларни излаш бефойда”, “энди ижод аҳлининг барини бирдек ўртовчи умуммиллий дард йўқ”.
Назаримда, бу хусусда Раҳмон Қўчқор масала моҳиятига анча яқин келгандай кўринди менга. Дарҳақиқат, у айтганидай, бугунги адабий авлоднинг ғоявий-бадиий қарашлари бир хилликдан узоқ – ҳаётнинг ўзидек ранг-баранг экан, ижодкорларнинг воқеликни идрок этиш ва уни талқин қилиш усул-услублари бир-бирига ўхшамаслиги, энг муҳими – ёш ўзбек шоир-ёзувчилари дунёнинг илғор адабиётларига бўйлашиб ижод қилаётганлигини сезмаслик мумкин эмас… Мунаққиднинг куюнчаклик билан айтган мана бу иддиоларига қўшилмай илож йўқ: “бу авлоднинг бор эканига ҳали ҳам шубҳа қилиш, унинг изланишларини тумовнинг йўталидек ўтиб кетадиган ҳодиса, деб қўл силташдан кўра, унга тенглашмоқ, уни ихлос-ла ўқимоқ ва уқмоқ, агар қўлдан келса, нафақат миллий миқёсда, балки халқаро эстетик майдонда ҳам унинг тарғиб-ташвиқи билан шуғулланмоқ вақти аллақачон келган”ини таъкидлар экан, мунаққид салафларининг бу хусусдаги иддиоларига жавобан қизишиб: “Нима учун ранг-баранглик авлод тушунчасини инкор этар экан? Нега авлоддан дунёқарашдаги якранглик талаб қилинар экан? Ахир, дунёқараши, диди, эстетик идеаллари, ижодий услублари ранг-баранг бўлмаса, бу замондошларнинг номи “адабий авлод” эмас, “адабий пода” аталиши керак эмасми? Қайси замонда, қайси авлодда бир-бирини такрорлайдиган икки ижодкорни топасиз? Ахир, ижодкорни шу мақомга лойиқ қиладиган энг асосий мезон айнан ҳеч кимникига ўхшамайдиган дунёқараши, бадиий идроки, эстетик диди эмасми?” – дея ўз қарашида қатъий туради.
Янги авлод, унинг бугунги адабий жараёндаги ўрни, овози хусусида гурунгда иштирок этган ижод аҳлининг қарашлари Раҳмонжоннинг овозига ҳамоҳанг. Чунончи, Назар Эшонқул янги босқичда қалам тебратган турли ёшдаги ижод аҳли номларини келтириб “улар асарларини услубига ва концепциясига кўра, янги авлод насрига тегишли, деб баҳолаш мумкин. Шунинг учун ёшига қараб эмас, адабий авлодни асарларнинг мазмуни, услуби, концепциясига қараб белгилаш тарафдориман” (Таъкид бизники – У.Н.), дейди.
Ғоят ўринли, оқилона мулоҳаза. Бу хусусда кейинроқ махсус тўхталсам. Ҳозирча бошқа давра қатнашчиларининг бош савол хусусидаги мулоҳазалари билан таништиришда давом этайлик.
Шоир Баҳром Рўзимуҳаммад эса ўзи бевосита дахлдор бўлган шеърият, хусусан, модерн йўналиши, унинг тадрижи, ҳозирги ҳолати, қолаверса, миқёси, намояндалари, яхши намуналари хусусида батафсил тўхталиб “ҳар хил усулларда асар битадиган шоирларни бир авлодга мансуб дейиш ўринлими?” деган савол қўяди ва “менимча, йўқ” дея жавоб қилади. Унинг даъвосича, “бир мактабга дахлдор дейиш бошқа нарса”.
Ўйлаб кўришга арзийдиган мулоҳаза.
Адиба Рисолат Ҳайдарова кўламни янада кенгроқ олиб сўнгги ўн-йигирма йил мобайнида ижтимоий ҳаётда юз берган ўзгаришлар адабий жараёнга шу қадар таъсир кўрсатдики… бир қарашда киши ҳозирги адабиётимизнинг қиёфасини бор бўйича англаб ололмайди. Англаш учун эса шу чоққача миямизда яшаб келган “рамкалар”дан сал четроққа чиқиб олиш керак бўлади”, деган жиддий фикрни илгари суради.
Хўш, бир қарашда кундай равшан бугунги адабий авлоднинг бош масала бобидаги қиёфаси хусусидаги саволга бу қадар зиддиятли, мунозарали жавоблар берилишининг боиси нимада? Бу ҳақида тўлароқ тасаввурга эга бўлиш учун айни шу янги босқичда босиб ўтилган йўл, унинг энг муҳим жиҳатларини эслаб ўтмоқ даркор.
Гап шундаки, адабиётимизнинг янги авлоди мансуб бўлган мустақиллик даври миллатимиз тарихида ғоят ноёб, мураккаб, кўп қиррали ҳодиса. Кўп асрлик миллий адабиётимиз тарихидаги муҳим бурилиш замонавий жаҳон адабиёти томон юз ўгириши жараёни – янги ўзбек адабиёти деб аталган ҳодисанинг шаклланиши, юз йиллик тараққиёти чоризм мустамлакаси даврида бошланиб мустабид коммунистик тузум шароитида, машъум яккаҳоким мафкура тазйиқи остида кечди, компартия йўл-йўриқларидан салгина четга чиққан қанчадан-қанча қалам аҳлининг олтин боши қурбон бўлди. Кишини ҳайратга соладиган жиҳати шундаки, ҳатто ана шундай машъум шароитда ҳам миллат шаънини улуғлайдиган, унинг асл орзу-интилишлари – эрки, озодлиги ғояларини тараннум этадиган, зулм доялари илдизига болта бўлиб тушадиган асарлар яратилди, турли-туман кўринишда яратилаверди.
Ниҳоят, юз йиллик эзгу орзу-ният рўёбга чиқди. Бунда бир неча авлод озодлик куйчиси ва жарчиси саналган адабий авлод асл намояндаларининг хизматлари беқиёс.
Истиқлол ғояларини амалга ошириш эса осонликча кечгани йўқ; бошқа, олдинроқ озодликка эришган Шарқ мамлакатларидан фарқли ўлароқ, бизда бир тизим – социализмдан – бошқа бир тизим, бозор иқтисоди муносабатларига ўтиш, барча соҳада жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари андозаларига мос келадиган жамиятни шакллантириш, бу борада ҳозирда жаҳон тан олган ўзбек моделини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш – бу ҳазилакам иш эмас! Ана шу кўп қиррали қудратли жараён асносида маънавиятга алоҳида аҳамият берилди, “Юксак маънавият – енгилмас куч”, жумладан, “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор”, деган шиор остида сон-саноқсиз амалий ишлар адо этилди, этилмоқда. Миллий адабиётимиз тарихида ҳеч қачон кўрилмаган ижод эркинлигининг қонуний асослари яратилди, аввало, сўз санъати учун ҳаётий манба – она тилимиз давлат мақомига эга бўлди, маънавий меросга, бадиий ижодга муносабат тубдан ўзгарди, фикрлар хилма-хиллиги учун йўл очилди, “фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги” қонун билан расмийлаштирилди. Конституциямизда “Ўзбекистон Республикаси ижтимоий ҳаёти сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”, деб ёзиб қўйилган.
Бу ижтимоий, маънавий, адабий тараққиёт учун бениҳоя муҳим тарихий ҳодисадир. Дадил айтиш мумкинки, ижод аҳли адабиётимиз ва санъатимиз тарихида илк бор ана шундай ноёб кафолатга эга бўлди. Шу тариқа, адабиёт ва санъат аҳли яқин ўтмиш яккаҳоким мафкура тазйиқидан бутунлай халос бўлди, бизда ҳам жаҳоннинг тараққий этган эркин демократик мамлакатларидаги каби фалсафий-мафкуравий сажия, эстетик принциплари жиҳатидан хилма-хил адабий-бадиий оқимлар, турли адабий мактаблар шитоб билан қарор топа бошлади. Боз устига, мана шу жараёнларнинг барчаси жаҳонда глобаллашув жараёни авжига чиққан, информатика тармоғи бениҳоя кенгайган, интернет, компьютер кундалик ҳаётга шиддат билан кириб келаётган бир паллада юз берди, бераётир. Миллий адабиётимизнинг бугунги тараққиёти, ҳозирги адабий авлод қиёфаси ҳақида сўз кетганда ана шундай кўламли жараённи четлаб ўтиш асло мумкин эмас.
Яна бир муҳим жиҳат, шу йиллар давомида “кўпмиллатли совет адабиётининг таркибий қисми” саналган, Кремлда ишлаб чиқилган адабий эстетик принциплар асосида иш кўришга мажбур этилган ўзбек адабиёти ўзгаларга тобеликдан озод бўлиб ўз эрки, хоҳиш-ихтиёрига кўра илғор жаҳон адабиёти ўзанлари бўйлаб ривожланиш йўлига ўтди. Яккаҳоким мафкура, яккаҳоким соцреализм қолипларидан чиқиб ўз миллий анъаналарини эркин давом эттириш, жаҳон адабиётидаги илғор тажрибаларни бемалол ижодий ўзлаштириш имкониятига эга бўлди. Мустабид замонда “реакцион” деб аталган диний-исломий мотив – талқинлар, “реакцион буржуа оқими” саналган модернизмнинг эшиклари ижод аҳли учун кенг очиб қўйилди. Қуръони карим, ҳадисларнинг бугунги она тилимизга таржима этилиши, “илғор совет адабиёти” саҳнасидан бадарға этилган тасаввуф фалсафаси, адабиёти тадқиқи, тарғиботига кенг йўл очилиши, Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр каби мутасаввуф шоирлар меросининг халққа қайтарилиши миллат маънавий ҳаётида, айниқса, бадиий ва адабий-илмий тафаккур ривожида янги давр очганини унутмайлик, азизлар. Асарида биргина Оллоҳ сўзини қўллагани, “модернизм” хусусида икки оғиз илиқ гап айтгани учун маломат тошлари остида қолган ижод ва фан намояндаларини кўрганмиз, кўра туриб улар ёнини олишга қурбимиз етмай, алам-ўкинчдан ўксиниб изтироблар оловида қоврилиб юрган кезларимиз ҳамон ёдимда. Бундоқроқ носир ва шоирларни қўйиб туринг, Чингиз Айтматовдек номи, асарлари жаҳонга машҳур адибнинг “Плаха” (“Қиёмат”) романидаги диний мотив, Исо Масиҳ қисматига оид боблар теварагида қанчалар машмаша бўлгани, марказий матбуот саҳифаларида адибни “Оллоҳга ғамза қилиш”да айблангани эсимиздан чиққани йўқ. Ахир, булар узоқ эмас – 1986 йилда бўлган эди-ку! Бугун университет аудиториясида филолог талабаларга шу ҳақида сўзлаб берсангиз, ҳайратдан ёқа ушлайди.
Қийинчиликлар, иккиланишлар билан бўлса-да, давр тақозосига кўра, бизда ҳам жаҳоннинг илғор мамлакатларидаги каби мафкуравий-фалсафий асоси жиҳатидан хилма-хил йўналишга мансуб асарлар пайдо бўла бошлади. Моддий дунё қонуниятларига, тарихийлик, ижтимоий таҳлил принципларига қатъий амал қилган анъанавий реализм билан баробар деярли барча тур, жанрларда диний, руҳоний-исломий талқин устувор асарлар яратиш анъана тусини олди. Шахсни фақат ижтимоий муносабатлар маҳсули сифатида эмас, кўпроқ илоҳий, туғма, табиий, сирли-сеҳрли мавжудот тарзида кўрсатувчи, унинг ижтимоий-тарихий шароит – тузум, давлат, сиёсат, мафкурага бўйсунмайдиган ғаройиб туйғу, хислатларини, онг-идрокдан ташқарида англаб етилмаган ҳолат-кафиятларини бадиий тадқиқ этувчи, экзистенциализм фалсафасига таянувчи асарлар ҳам яратилаётир. Қизиқ, биз аллақачон сўз санъатининг ўтмиш босқичига мансуб деб атаган романтизм ёхуд натурализм йўлида битилган яхши асарлар ҳам пайдо бўлаётир. Улар ҳақида ёзилди, ёзилаётир. Қўчқор Норқобилнинг “Нози… Нозигул”, Жўра Фозилнинг “Соҳилдаги уй”, Муяссар Тиловованинг “Кўккўл қўшиғи” ҳикоялари шулар жумласидан.
Мана энди Назар Эшонқул ўртага ташлаган “адабий авлодни ёшига қараб эмас, асарларининг мазмуни, услуби, концепциясига қараб белгилаш” мақбул йўл экани хусусидаги мулоҳазаларга ўтсам бўлар.
Истиқлолни 60, 70 ёшида қаршилаган адиб ва устоз мунаққидларнинг тафаккур тарзи – ижодий, илмий ақидаларидаги эврилишларни эслайлик. Устоз Саид Аҳмаднинг “Умрим баёни”, Озод Шарафиддиновнинг “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” деб номланган ҳасби ҳол, иқрорнома тарзидаги бадиалари – бири бирига тенгдош адиблар, иккинчиси эса замондош мунаққид-адабиётшуносларнинг ўзига хос ҳасби ҳолидир. (Мақтанишга йўйманг, азизлар: каминанинг “Ўтилган йўлнинг баъзи сабоқлари” бадиаси ҳам айни шу руҳда битилган.) Бу икки тарихий ҳужжат шунчаки шўро давридаги йўл қўйилган чалғишлар, хатолар учун муаллифларнинг мардона тазарруси, изоҳнома, иқрорномасигина эмас, балки забардаст, жасур ижодкор билан мунаққиднинг янги босқичдаги ижодий манифести каби янграйди. Бу икки ҳужжат остига холис ниятли барча тенгдош – сафдошлари имзо чекиши мумкин. Саид Аҳмаднинг истиқлол йилларида бирин-кетин чоп этилган бошдан-оёқ янги давр нафаси уфуриб турган, истиқлол ғоялари билан йўғрилган “Йўқотганларим ва топганларим”, “Қоракўз Мажнун”, “Киприкда қолган тонг”, Озод Шарафиддиновнинг “Ижодни англаш бахти”, “Довондаги ўйлар” китоблари ҳар жиҳатдан “Янги авлод овози”га ҳамоҳангдир. Бу икки сиймонинг ўнлаб истеъдодли сафдошлари, издошлари, шогирдлари фаолиятида ҳам шу ҳолни кузатишимиз мумкин.
Баҳром айтган адабий мактаблар масаласига келсак, миллий адабиётимиз тараққиётида ёрқин из қолдирган, истиқлол йилларида янада ёрқинроқ намоён бўлган яна қатор адабий мактабларимиз бор. Бу хусусда Исломжон Ёқубов жавобларидаги мулоҳазаларни янада кенгайтириб, уларга қуйидагиларни илова қилиб ўтишни истар эдим.
Адабий жараён ғаройиб қудратли ҳодиса. Агар табиатан чин инсоний, олижаноб, ҳаётбахш руҳ билан йўғрилган бўлса, бундай ҳаётбахш тамойиллар ҳар қандай шароитда таъқибу тазйиқларга қарамай, у миллий заминда илдиз отиб яшайверади. Чўлпону Ойбек, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжонлардан улги олган, кейинги ярим аср давомида бақамти ёнма-ён қад ростлаб, мудом миллат кайфияти, руҳияти, орзу-интилишлари куйчиси сифатида байроқни қўлда тутиб келаётган Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов атрофида уюшган қалам аҳлининг қўшалоқ ижодий мактаблари миллий шеъриятимизнинг улкан бойлигидир. Ҳ.Олимжон билан Миртемирлар асос солган халқона шеърий йўналиш анъаналарини давом эттирган Муҳаммад Юсуф, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Иқбол Мирзолар мансуб мактаб аллақачон эл оғзига тушган. Яна ўша машъум замонда не-не тўсиғу таҳдидларга қарамай, буюк тарихий сиймоларимиз ҳаётига бағишланган биографик асарлар яратишга журъат этган Ойбек, Шайхзода, Миркарим Осим, Жавдад Илёсов, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Худойберди Тўхтабоевлар анъанаси, янги босқичда уни давом эттирган Муҳаммад Али, Нурали Қобул, Асад Дилмурод, Наби Жалолиддин, Саъдулла Сиёевлар тажрибаси ҳар жиҳатдан эътирофга сазовор. Фақат миллат эмас, жаҳон тарихида ўз замондошларига кўра энг юксак ғоялар – адолат ва маърифатга асосланган улуғ салтанат бунёдкори Амир Темур ҳақида қатор муносиб асарлар, жумладан, Муҳаммад Алининг тетралогияси яратилди. Энг муҳими, айни шу тетралогия бизда ўзига хос барқарор адабий-бадиий биографик мактаб мавжудлигини яна бир карра тасдиқлади. Ярим аср давомида чин ўзбек аёлига хос садоқат ва матонат тимсоли сифатида тан олинган, овози неча бор жаҳон минбарларида янграган, умри поёнида – бақо бўсағасида битган “Хотирам синиқлари” достони орқали босиб ўтган умр ва ижод йўлига мардона якун ясаган, қатағонлар дояси – мустабид тузум ҳақидаги шафқатсиз хулосани ва қалб тубида асраб юрган эзгу орзуси – Истиқлол хусусидаги дил сўзларини айтишга улгурган Зулфия опамиз асос солган янги ўзбек шоиралари мактаби ҳақида фахр-ифтихор билан сўз юритиш мумкин. Саида Зуннунова қисса ва ҳикоялари орқали жамолини-кўркини намоён этган ўзбек миллий аёл насри Шаҳодат Исахонова, Дилбар Саидова, хусусан, Саломат Вафо, Зулфия Қуролбой қизи, Рисолат Ҳайдарова ҳикоя, қисса, романлари орқали ўз мавқеини мустаҳкамлаётир.
Ниҳоят, яна бир ибратли факт – жаҳон болалар адабиёти намуналари билан бўйлаша оладиган ёши улуғроқ Худойберди Тўхтабоев, Тоҳир Малик роман, қиссалари, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон шеърияти моҳиятан “янги авлод овози”га ҳамоҳанг экани билан қимматлидир.
Яна қанчадан-қанча шу хил адабий-ижодий мактабларимиз бор. “Янги авлод овози” гурунги фақат миллий адабиётимизнинг ҳозирги авлоди, истиқлол йилларида майдонга чиққан ижодкорлар эмас, юз йиллик адабиётимизда чуқур из қолдирган адабий авлодлар, ўнлаб ижодий мактаблар, шу заминда юзага келган ҳаётбахш адабий тамойил – анъаналар ҳақида ўйлашга ундайди, янги ўзбек адабиётининг кенг кўламли фундаментал тарихини яратиш зарурлигини тақозо этади. Истиқлолимиз чорак асрлик ёшига яқинлашиб боряпти, ўтган аср поёнида устоз Озод ака ва камина тузган ўқув дастури асосида “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи” чоп этилган эди, сўнг проф. Б.Қосимов бошчилигида янги ўзбек адабиётининг илк босқичи ҳақида “Миллий уйғониш даври адабиёти тарихи” дарслиги ҳам яратилди. Тил ва адабиёт институтида бир неча йиллар давомида тайёрланган кўп жилдлик “ХХ аср янги ўзбек адабиёти тарихи”ни эса кутяпмиз. Ҳолбуки, қўшни мамлакатларда, жумладан, Россияда ХХ аср адабиёти тарихига оид кўплаб ўқув қўлланмалари, махсус тадқиқотлар пайдо бўлди, уларнинг аксарияти янгича йўлда битилган, адабий жараён жамики қирралари билан кўрсатилган, жумладан, адабий оқим, мактаблар тавсифига кенг ўрин берилган. Улар билан бўйлашадиган, улардан асло қолишмайдиган ижодий тажрибаларга бой, кўпқиррали янги ўзбек адабиёти тарихининг тубдан янгича фундаментал тадқиқотини яратиш кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканига мазкур адабий гурунг чоғи яна бир карра иқрор бўлдик. Адабий авлод, мактаблар хусусидаги айрим чалғишлар, асосан, шундай фундаментал тадқиқотларнинг йўқлиги оқибатидир.
“Бугунги ўзбек адабий танқиди мавжуд ҳақиқатни қай даражада ўзида акс эттирмоқда”, деган саволга деярли барча гурунг қатнашчилари жавобларида мавжуд ҳолатдан қониқмаслик кайфияти ошкор бўлди; фақат ижодкорлар эмас, мунаққидлар, жумладан, камина ҳам шундай фикрдаман. Бунинг бир неча сабаблари бор. Биринчидан, ҳозир мунаққид учун адабий жараённи тўлалигича кузатиб бориш мушкул юмуш бўлиб қолди. Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, 60 ёшга қадар салкам 40 йиллик фаолиятим давомида миллий адабиётимизда пайдо бўлган жамики янги асарларни ўқиб, кузатиб борганман, русча чиққан, оғизга тушган рус ҳамда жаҳон адабиёти, адабиётшунослиги асарлари билан мунтазам танишиб турардим. Ҳозир жаҳон адабиётини қўя туринг, ўзимизда матбуот саҳифаларида, Интернет сайтларида эълон этилаётган, юзлаб нашриётларда чиқаётган сон-саноқсиз асарларнинг ярмини ҳам топишга, ўқишга улгуролмайман. “Танқид – сараламоқдир” деймиз, ҳаммасини ўқимай туриб қандай қилиб саралайсиз…
Иккинчидан, бугунги куннинг мунаққиди ўз доираси, фақат адабиёт дунёси билангина чекланиб қолса, узоққа боролмайди; бугунги адабий жараён тараққиёти замонавий театр, кино, телевидение, телесериал, Интернет, тасвирий санъат, мусиқа олами уммонида улар билан ёндош, ҳамнафас, ҳамкорликда бирга кечмоқда. Гапнинг очиғи, бир-икки мунаққидни, аниқроғи, Шуҳрат Ризаевни мустасно этганда, сўз санъати билан баробар театр, кино, тасвирий санъат, мусиқа тилини теран англайдиган, у ҳақида ёзишга қодир адабий танқидчи борми ҳозир бизда?!
Мени яна бир ҳол ташвишга солади. Марҳум академик Тўрабек Долимов Миллий университетга раҳбарлик қилган кезлари устоз Озод Шарафиддинов билан бамаслаҳат ЎзМУ филология факультетида айни шу адабиётшунос-санъатшунослик ихтисослиги бўйича махсус бўлим ва кафедра ташкил этилган эди. Миллий маданиятимиз, адабиётшунослигимизнинг ҳозирги куни, келажагини ўйлаб барпо этилган мана шу мўътабар хилқат ҳозир тугатилиш арафасида…
Адабиёт назарияси, миллий адабиёт тарихи бўйича етук кадрлар, шунингдек, журналистлар етиштириш тизими шаклланган; лоақал биргина Миллий университет филология факультетида замон зайлига мос миллий адабий танқидчилар тайёрлайдиган махсус гуруҳ, қолаверса, устоз Озод Шарафиддинов орзу қилган адабий танқидчилик кафедраси ташкил этилса, айни муддао бўларди.
Ниҳоят, гурунг чоғи ўртага ташланган ҳар хил “изм”ларга, “ўйин”ларга ортиқча берилиб инсоннинг катта ҳарфлар билан ёзиладиган ДАРДидан узоқлашиб кетмаяпмизми, деган иддио устида тўхталиб ўтсам. Бунинг ёнига ДАРДнинг ўзи тақозо этадиган яна бир бош ҳарфлар билан ёзилиши шарт бўлган ИЛҲОМни ҳам қўшган бўлардим.
Кейинги йилларда биз мунаққидлар бадиий ижоддаги янгича тамойиллар, ифода усулларининг хилма-хиллиги, ҳар хил “изм”лар, адабиётшуносликка оид янги таҳлил-тадқиқот методлари устида кўп гапиряпмиз; структурал, постструктурал методлар асосида асарларни таҳлил этишга уринишлар бўляпти. Бундай ташаббуслар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга лойиқ. Бироқ шу жараёнда бадиий шакл, асар структураси, поэтикаси, ифода тарзи, усулларининг ўзига хослиги, бетакрорлиги ҳали асар тақдирини белгиловчи ягона узил-кесил омил эмаслигини, кўпинча, унутиб қўяётирмиз. Қандай усул, услуб, шаклда бўлишидан қатъи назар ёзувчи-шоирни қалам олишга ундаган, унга тинчлик бермаган, қалбини ўртаган чўғ – чинакам ички бир дард, мунаққидни ҳаяжонга солган беқиёс руҳий ҳолат – илҳом ҳақида гапириш “мода”дан қолгандай туюлади менга. Ҳолбуки, кейинги юз йилликда ўзимизда яратилган “Ўткан кунлар”, “Сароб”, “Қутлуғ қон”, “Уфқ”, “Улуғбек хазинаси”, “Қасоскорнинг олтин боши”, “Тушда кечган умрлар”, “Отамдан қолган далалар”, “Мувозанат”, “Гўрўғли”каби романлар шакл-шамойилидан қатъи назар, аввало, уларни ичдан ёритиб турган ўша ёлқин – айни теран ижтимоий дард ва бемисл илҳом экани билан китобхонлар қалбидан, бинобарин, адабиётимиз тарихидан муқим ўрин олганлигига ҳеч ким эътироз билдиролмайди. Фақат романчилик эмас, ҳикоя, қисса, лирик шеърият, достон, дараматургиядан ҳам бу хил мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Улар қаршисида “янги”ликка даъво қилинган, “янги”лик қолипларига солиб ясалган ҳиссиз, дардсиз, сунъий битикларнинг асл башараси шундоқ кўринади-қолади.
Қисқаси, муайян кам-кўстларига қарамай “Янги авлод овози” гурунги ҳам ижод аҳлини, ҳам мунаққид – адабиётшуносларни бир қадар ҳушёр торттиради, бу ташаббус истиқлолдан руҳ олиб янги босқичга кўтарилган, янада кенгроқ миқёсларга шайланаётган миллий адабиётимизнинг кечаги куни, бугуни ва эртаси хусусида жиддий ўйлашга ундаши билан Сизу биз учун қимматлидир.
“Шарқ юлдузи” журналининг 2013 йил, 1-6-сонларидан олинди.