Шоир ва таржимон, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири ўринбосари Мирпўлат Мирзо билан мулоқот
— Бугунги адабий жараёнда таржимачилик соҳасидаги жонланиш яққол кўзга ташланади. Бу жонланишнинг сабабини қандай изоҳлаган бўлардингиз?
—Таржимачилик адабиётимизда азалдан бўлган. Лекин ХХ аср ва бошланган янги асримизда бу жараён бир қадар кучайди.
Бу қувонарли ҳодиса. Зотан, бирор-бир халқ адабиёти бошқа халқлар адабиётининг ижобий таъсирисиз жадал ривожлана олмайди. Муайян бир халқ адабиётида яратилган етук бадиий асар ўзида ўша халқнинг турмуш тарзини, тафаккурини, ҳаётгамуносабатини, маънавий дунёсини акс эттиради. Ана шу жиҳатлар туфайли бир миллатда бошқа миллат маданияти, адабиёти билан танишиш эҳтиёжи туғилади. Мустақиллик йилларида бу эҳтиёж табиий равишда кучайди ва халқимизда дунё халқлари адабиётларининг дурдона асарларига қизиқиш ортди. Бу маънавий эҳтиёж тақазоси сифатида “Жаҳон адабиёти” журнали дунёга келди.
— Дарвоқе, ушбу нашрқисқа вақт ичида адабий жамоатчиликнинг эътиборини қозонди, адабий жараёнда мустаҳкам ўрнига эга бўлди…
— Хабарингиз бор, журнал ойма-ой чоп этиб келинмоқда. Илк сониданбу- ён ҳали бирор ой канда бўлгани йўқ. Шу ойда унинг 160-сони ўқувчилар қўлига етиб боради. Журналнинг ҳозиргача чоп этилган сонларида 90 га яқин роман, 120 дан ортиққисса,юзлаб ҳикоялар, 300 яқин дунё шоирлари ижодидан туркум шеърлар ёритилди. Шуниси эътиборлики,уларнинг барчаси илк бор таржима қилинди ва аксарияти аслиятдан ўгирилди. Бу улкан жараёнга моҳир таржимонларимиз жалб этилганини назарда тутсак, адабиётимиз хазинаси шунча асар билан бойиганига амин бўламиз. Бу улкан маънавий капитал, иқтисодчилар тили биланайтганда, маънавиятимиз равнақи учун киритилган«инвестиция»дир. Энг муҳими, таржима қилинган бу бадиий асарлар китобхонларимизда янги дунёқарашни шакллантиришга хизмат қилди ва қилмоқда. Ёшларимизни ҳур тафаккурли, кенг тушунчали ва замонга муносиб тарбиялашда бу асарлар муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
— Ўқувчилар сизни таниқли шоир ва таржимон сифатида яхши билишади. Таржимонлик фаолиятингиз туфайли Борис Пастернак номидаги ва “Алаш” номли халқаро мукофотларга сазовор бўлгансиз. Айтинг-чи, шеърий асарлар таржимони, албатта, шоир бўлиши керакми?..
— Шеърни, албатта, шоир таржима қилгани маъқул. Чунки шеърдаги ҳислар туғёнини, оҳанглар товланишини, жилваларинифақат шоирона туйғу эгаси ҳис эта олади ва назм тароватни шоирлик истеъдодигина рўёбга чиқариши мумкин.
— Бадиий асар таржимасида таржимон олдига қўйиладиган бирламчи талаблар қандай бўлиши керак, деб ҳисоблайсиз?
— Таржимон, биринчи навбатда, таржима учун танлаган асари ўзбек ўқувчисига янги фикр, туйғу, ҳис-ҳаяжон бахш эта оладими, бу асар миллат адабиётини, ўзбек ўқувчисининг маънавий дунёсини ўзининг бирон-бир қирраси билан бойита оладими, деган саволларга аниқ-тиниқ ижобий жавоб топган бўлиши керак.
— Таржима жараёнида асарнинг, асосан, қайси жиҳатлари кўпроқ диққат-эътиборни тақозо этади?
— Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам таржимон,биринчи навбатда, шоирнинг-муаллифнинг ҳурматини жойига қўйиши керак. Масалан, мен бирон-бир шоир ижоди таржимасига киришсам, аввало, у шоирўз халқи адабиётида, шеъриятида қандай ўринга эга ва ижодининг қайси бир қирралари билан назарга тушган, қайси жиҳатлари билан бошқа халқ вакилини мафтун қилиши мумкин, деган масалада чуқур мулоҳаза қилгандан сўнг, имкон даражасида, таржима қилинадиган асар муаллифининг ижодини, таржимаи ҳолини ўрганишга киришаман. Чунки чинакам шоир ижодида унинг ўз ҳаёти муҳрланган бўлади ва унинг таржимаи ҳолида яна шундай нуқталар бўладики, улар таржимонга шоир руҳий оламига кириш учункалит вазифасини ўтайди.
— Таржима қилиш учун асар танлаганингизда унинг қайси жиҳатларига эътибор берасиз: улардаги умуминсоний ғояларгами, бу асарнинг миллий минталетитимизга мос келиш-келмаслигигами?..
— Чинакам шоир куррамизнинг қайси бурчида яшамасин, унинг сатрларидаги дард-изтироб, гўзал туйғулар ўзга ўқувчилар қалбини ҳам ҳаяжонга солади. Мен кўпроқ ана шундай шоирларнинг дардли, ҳаяжонли шеъларини танлашга ҳаракат қиламан. Гап ана шу туйғуларни бошқа тилга оҳорини тўкмасдан кўчира билишда. Миллий менталетимизга санъаткорона ёзилган, юксак савиядаги ҳар қандай таржима асари мос келади, деб ўйлайман. Эсласангиз, илк бор таржима қилинганидаёқ Уитмен, Лорка ва ҳатто япон шоирлари ҳам севимли шоирларимизга айланган. Ўртамиёна ижодкорларни ва ўртамиёна таржимани нафақат бизнинг, бошқа миллат китобхонлари ҳам қабул қилмайди.
— “Таржима санъати”, “таржимонлик маҳорати” тушунчаларини қандай изоҳлаган бўлардингиз?
— Таржимон маҳорати жуда теран тушунча. Камина қирқ йилдан бери таржима билан шуғуллланиб келаётган бўлсам-да, баъзан ўзимни ниҳоятда тажрибасиз эканлигимни пайқаб қоламан. Буни гўзал бир таржима асарини ўқиб қолганимда ҳис қиламан. Таржимонлик санъати деганда, прозани оладиган бўлсак, баъзи бир таржимонлар ёзувчи айтмоқчи бўлган фикрни нуқта-вергулигача таржима қилишади. Лекин унда асар зарофати жамол очмайди. Лекин беназир устозимиз Озод Шарафиддинов ва таржима соҳасининг пири Қодир Мирмуҳаммедов қаламига мансубтаржималарини ўқиганингизда, улар санъатидан шу қадар баҳра оласизки, ўқиган асарингиз бошқа тилда яратилганлигини унутиб қўясиз ва бу асар аслиятда ҳам шунчалик жаранглаганмикан, деган ўйга борасиз. Мен бир пайтлар Қодир акадан бу борада маҳоратсирлари ҳақида сўраганимда у дастлаб менга ғалати туюлган бир усулини гапириб берганди. “Мен асарнинг бир абзацини обдон руҳимга сингдираман, кейин китобни ёпаман ва ўша абзацдан кўнглимга кўчган туйғуни ўзбекча оҳангда қоғозга тушираман”, дегандилар.
Бу ҳам бир усул, албатта,лекин буни ҳаммага ҳам тавсия қилиб бўлмайди. Чунки бундай маҳоратга узоқ йиллар давомида луғат титиб тажриба орттирган таржимонгина эришиши мумкин.
— Сиз, асосан, рус тилидан таржима қиласиз. Жаҳон шоирлари ижодидан қилган таржималарингиз “Сомон йўли чечаклари” номи билан алоҳида чоп этилди… Сўрамоқчи бўлганим: бу тўпламга шеърлари жамланган шоирлар турли тилларда ижод қилишган, сиз уларни фақат рус тилидан таржима қилгансиз. Айтинг-чи, аслиятдан бевосита эмас, бавосита, иккинчи бир тилдан ўгирилганда асарнинг шираси кетиб қолмайдими?
— Мен фақат рус тилидан эмас, қозоқ тилидан ҳам таржималар қилганман. Эллик нафар қозоқ шоири ижоди намуналаридан тузилган анталогия менинг таржимамда “Сайра, дўмбирам” номи билан нашр қилинди. Лекин саволингиз жуда ўринли. Бизда кўпроқҒарб адабиёти намуналари рус тилидан таржима қилиб келинади. Бу жараёнда, албатта, шеърнинг товланишлари, оҳанги ўзгариши мумкин. Мен, аввало, таржима учун танлаган шеърларим рус тилига қанчалик маҳорат билан таржима қилинганига, уларни кимлар ўгирганига, албатта, эътибор бераман ва ўша шоирлар ижодига тааллуқлитадқиқотларни, мақолаларни топиб ўқийман. Руҳимда аслият муаллифи — шоир руҳига мос кайфият пайдо бўлгач, таржимага киришаман. Ҳар бир шоирнинг ўз овозини, оҳангини сақлаб қолиш бу борада, айниқса,муҳимдир.
Аслият юрагингизга солган илҳом таржимангизнинг ифорию бўёғини таъминлайди.
— Аслиятдан сўз очдингиз. Дейлик, яхши таржима қилинган асар аслиятдан қанчалик фарққилиши мумкин?
— Биласиз, шеърнинг баҳоси олқиш ёки ҳайрат билан белгиланади. Таржимангизни ўқиб берганингизда ўқувчи юрагида ана шу олқиш ва ҳайратни туйсангиз, демак, шеърни аслият даражасида таржима қилган бўласиз. Бундай натижа таржимоннинг бадиий маҳоратига боғлиқ. Масалан, асарини таржима қилмоқчи бўлган шоирингиз созда чалган куйни сиз ҳам чала оласизми — бунга ичингизда жазм туймасангиз, созни беҳуда тинғирлатишнинг ҳожати йўқ. Уни чала олиш учун ўзингизда шаҳд-шижоат топишингиз, аввало, юрагингиздан тўлқинланишингиз керак. Мен ўзимни тўлқинлантирган шоирларнигина таржима қилишга интиламан.
— Қилган таржималарингизнинг барчасидан кўнглингиз тўладими?
— Илгари қилган таржималаримни билмадим-ку, лекин кейинги таржималарим устида қаттиқ тер тўкканман. Албатта, қиёмига етмаган ишларим кўп. Лекин уларни баҳолаш — адабиётчиларнинг, тадқиқотчиларнинг иши.
— Замонавий жаҳон адабиётини, хусусан, шеъриятини модерн, постмодерн йўналишидаги шеърлардан айрича тасаввур этиб бўлмайди. Таржима асарларингиз орасида бундай намуналар ҳам талайгина. Сизнинг бу йўналишга муносабатингиз қандай?
— Аввало “модерн” сўзининг моҳиятини аниқлаб олайлик. Бу“янги”, “замонавий”, деган маънони билдиради. Бу оқим ХХ асрбошларида Ғарбда шаклланган анъанавий адабиёт ўрнида пайдо бўлди. Анъанавий адабиёт, хусусан, романчиликнинг бош мавзуси — бир маромда ҳаёт кечираётган ва тамаддун истиқболидан руҳланганбуржуазия ҳаёти, унинг қаҳрамонлари эса ана шу синф вакиллариэди. Айни пайтда айрим адиблар мана шу бир маромдаги ҳаёттарзида инқироз аломатларини туя бошладилар ва бу ҳолатни аксэттириш учун янги, замонавий адабиёт, зеро, янги услублар зарур,деган узил-кесил қарорга келдилар ҳамда шундай адабиётни яратишга бел боғладилар. Бу изланиш асосан рамзлар, тимсолларга асосланган бўлиб, инсоннинг ички дунёсини, унинг ҳаётга, дунёга индивидуал муносабатини ёритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйганди. Соддароққилиб айтадиган бўлсак, бу йўналиш ҳаётни кўпроқ некбин тарзда, эзгу насиҳатлар руҳи билан суғорилган ҳолда баён қилиб берувчи ва уни фотонусха даражасида реал акс эттирувчиадабиётга нисбатан маълум маънода исён эди.
Модомики, модерн адабиёт услуби рамзларга асосланган экан, бу рамзлар аксарият ҳолларда фолклорга, асотирларга дахлдор бўлади. Ана шу жиҳатига кўра, модерн ҳикоя ёки шеърни дафъатан тушуниш, англаб етиш мураккаб. Айниқса, бундай асарни бошқа тилга ўгириб, бошқа миллат ўқувчисига тушунарли қилиб бериш анча қийинчилик ва муаммолар туғдиради.
Асосан инсон руҳиятини, унинг ички кечинмаларини ёритишга жазм этган модерн оқими вакиллари услубан катта эркинликка эришдилар. Бу ҳолат адабий жараёнда бир қадар хаосни ҳам юзага келтирди, ушбу йўналишдаги шоирваёзувчиларнинг ижоди ўзлари фойдаланган рамзларга кўмилиб қолди ва бу ҳол айримларнинг кўзини қамаштирди ҳам. Шу боисдан, модерн адабиётидаги чинакам истеъдод эгаларинитақлидчилардан фарқлаш анча мушкулдир.
Бу оқимнинг ўзбек адабиётида кўринишлари, энди, тамомила бошқа бир мавзу.
—Ўзбек таржимачилик мактабининг ютуқлари ҳақида нима дейсиз?
— Бизнинг таржимачилигимиз камдан-кам халқлар адабиётида учрайдиган юксак мақомга эга. Мен ўзбек таржима мактаби Ўрта Осиёдаги энг каттатаржима мактаби, деб биламан. Қўшни халқларадабиётидаги айрим таржималарга назар солсак, масалан, Навоий ғазалларининг бармоқ усулида ўгирилганига, Дантенинг ўзига хосуслубисақланмаганига шоҳид бўламиз.
Бизда Чўлпон, Усмон Носир, Миртемир, Абдулла Қаҳҳор ўз таржима мактабларини яратганлар. Усмон Носирнинг «Демон» поэмаси таржимасини аслиятгасатрма-сатр солиштириб чиққанман ва ҳайратланганман. Эркин Воҳидов таржимасидаги «Фауст», Абдулла Орипов таржимасидаги «Илоҳий комедия» шеърияттаржимасида учрайдиган ноёб ҳодисалардир. Шунингдек, Ш. Раҳмоннинг Лоркадан, Р.Парфининг Нозим Ҳикматдан, М.Алининг Р. Бёрнсдан қилган таржималари борасида ҳам шундай фикрларниайтиш мумкин. Ж.Камолнинг Румий, Аттор, Шекспир ижодидан қилган таржималарини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. И. Ғафуровнинг Достоевскийдан, Нитшедан, Жойсдан, Ч.Айтматовданқилган таржималари таҳсинга сазовор. Бу жараённингадабиётимиздагибардавомлиги янада қувонарли. Ўш таржимонларнинг сафимизга келиб қўшилаётгани, айниқса,уларнинг аслият тилини яхши билишлари кишини мамнун этади. Алишер Отабоевнинг инглиз тилидан, Рустам Жабборовнинг турк тилидан, Илҳом Ҳафизовнинг рус тилидан қилаётган таржималари бадиий пишиқ-пухталиги билан алоҳида ажралиб туради.
— Адабиётнинг салоҳиятини, айни пайтда, ундан дунё халқлари тилларига таржима қилинган асарлар ҳам юксалтиради. Бу жараён миллат адабиёти билан биргаликда унинг намоядаларини ҳам жаҳонга танитади. Агар асарлари бошқа тилларга таржима қилинмаганида Чингиз Айтматов шунчалик шуҳратга эришмаган бўларди, дейишади. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
— Чингиз Айтматов дастлабки асарларини қирғиз тилида ёзган. Улар рус тилига таржима қилингач, унинг истеъдоди янада кенг қанот ёзди, кейинчалик тўғридан-тўғри рус тилида ижод қила бошлади. Бу ижод ундаги истеъдоднинг яна бир ноёб қирраси эди. Албатта, бу йўлдан бормаганида адиб шунчалик тез довруғқозонмаган бўларди. Лекин барча ижодкорга ҳам бундай фазилат ато этилмайди-ку! Қолаверса, дунёга чиқишни истаган ёзувчилар ўз тилида эмас, бошқа оммавийроқ тилда ижод қила бошласа, улар мансуб адабиётнинг тақдири нима кечади? Бундан келиб чиқадики, ёзувчининг вазифаси, аввало, юксак бадиий асар яратмоқдир. Бу асарни жаҳонга танитиш эса, таржимонлар зиммасида бўлгани маъқул.Юртбошимиз “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” номли рисоласида таъкидлаганларидек: “Биз маънавиятимизни юксалтириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга интилаётган эканмиз, ҳеч қачон ўз қобиғимизга ўралашиб қолмаслигимиз керак.
Қисқача айтганда, бошқа соҳалар қатори адабиёт соҳасида ҳам халқаро алоқаларни кучайтириш зарур. Қайси мамлакатда бизнинг адабиётимиз, маданиятимиз, қадриятларимизга ҳурмат билан қарашади, хориждан биз нималарни ўрганишимиз мумкин ва ўз навбатида, уларга нималарни тақдим этишимиз мумкин — бугун бу масалалар халқаро майдонда ўзлигимизни намойиш этишда катта аҳамиятга эга эканини доимо ёдда тутишимиз лозим”.
Бу даъватдан жиддий хулоса чиқаришимиз лозим. Тўғри, бизда жаҳон адабиёти дурдоналарини халқимизга танитишда ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин ўз дурдоналаримизни дунёга қачон, қай усулда танитамиз?
Яқинда Ўзувчилар уюшмасида уюшма раиси иштирокида қизғин давра суҳбати бўлиб ўтди. Унга таниқли таржимонлар, Жаҳон тиллари университети ва Шарқшунослик институти ректорлари, уларнинг муовинлари ҳам таклиф этилди. Суҳбатда жуда ўринли таклиф ва мулоҳазалар айтилди. Жумладан, мазкур олий таълим муассасаларда талабалар жаҳоннинг турли тилларини ўрганадилар, эндиликда улар орасидан истеъдодли ёшларни танлаб, таржимонларнинг янги авлодини тарбиялаш лозимлиги таъкидланди. Ўш таржимонларнинг адабиётимиз намуналаридан қилган сара ижодини ёритиб борувчи, қолаверса, адабиётимизни дунёга олиб чиқувчи хорижий тиллардаги нашрларни йўлга қўйиш, шунингдек, энг яхши асарларимизни турли тилларга таржима қилиб, тайёр китоб ҳолида дунёга ҳавола этувчи алоҳида нашриёт ташкил этишнинг мавриди келди, деган таклифлар ҳам айтилди. Булар жуда ўринли таклифлар. Чунки асарларимиз орқали адабий қаҳрамонларимиз дунёга чиқар экан, бу халқимизнинг дунёга чиққани демакдир.
— Мазмунли суҳбатингиз учунташаккур.
Ўктамой ёзиб олди
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 40-сонидан олинди.