– Шароф ака, Сиз институтда актёрлик мутахассислиги бўйича таълим олгансиз. Турли йиллар давомида айрим театрларда актёр сифатида роллар ижро этганингизни ҳам яхши биламиз. Бироқ кўп ўтмай маҳоратли драматург сифатида ўзингизни намоён этиб, кенг жамоатчилик назарига тушдингиз. Актёрлик касбидан драматургия оламига ўтиб кетишингиз жараёни қандай кечган?
– Айнан шеърият ёки наср вакили бўлмай драматург бўлишимга театр сабабчи бўлди. Қайси театрда ишлаган бўлсам, албатта, бадиий кенгаш аъзоси бўлганман. Бундай бўлгач, табиийки, жуда кўплаб, ҳатто юзлаб пьесаларни ўқишга мажбур бўласиз. Тўғри, уларнинг ҳаммасини ҳам асар деб бўлмайди. Лекин нима бўлишидан қатъи назар, ўқиш шарт. Мана шу мутолаа жараёнида драматургияга кириб келдим.
Гулистон театрида ишлаб юрган пайтларимда қизиқ бир воқеа бўлди. Бир куни нима бўлди-ю бир драматург ёзувчига: “Бунақа асарларни мен ўйнаб-ўйнаб ёзаман” деб юбордим. У “ёзинг” деди. Театр директори ҳам “марҳамат, ёзинг” деди. Уларнинг ҳузуридан “ёзаман” деб шаҳд билан чиқиб кетдим. Бироқ уйга келиб қўрқувга тушдим. Ўзим актёр бўлсам, бу ҳам етмагандай оёғим билан ёзаман деб катта кетишнинг нима кераги бор эди. Мактабда яхши ўқирдим, институтни ҳам аъло баҳоларга тугатгандим. Аниқ фанларга қизиқардим, илмий китобларни кўп ўқирдим, олган билимларимга яраша савиям, дунёқарашим ҳам бор эди. Лекин ёзишдан йироқ эдим. Қалам масаласида талант чатоқ эди. Бироқ ўзимга қатъий ишониб “Тақдир эшиги” пьесасини ёзишни бошладим. Кейинчалик “Тикансиз типратиканлар”, “Тушов узган тулпорлар” ёзилди.
Ўша пайтларда мен драматург бўламан демаганман, бу изланишларимга актёрлик касбининг давоми сифатида қарардим. Ўзим пьеса ёзиб, ўзим саҳнада ижро этардим. Учта пьесам саҳналаштирилганда ҳам Муқимий театрида ишлаб юрардим.
Рости, назаримда Шукшин каби ҳар икки соҳани олиб кетаман деб ўйлар, ўзимга катта баҳо берардим. Аммо бу иш жуда қийин экан. Шундан кейин бутун куч-ғайратимни драматургияга қаратдим.
– Шароф ака, ҳар бир соҳада, айниқса, ижодкор ҳаётида бир раҳнамонинг, устознинг ўрни беқиёсдир. Ижодингизда кимларнинг ўрнини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Менинг ижодимда, хусусан, драматург бўлишимда уч инсоннинг алоҳида ўрни бор. Талабалик пайтларимда Равшан исмли бир дўстим бор эди. У драма режиссёрлиги факультетида ўқирди. Равшан диплом ишига саҳналаштириш учун Кондидан Сминовнинг “Тўртинчи” пьесасини танлабди. Пьесани ёзувчи Учқун Назаров таржима қилган экан. Негадир бу таржима унга ёқмабди. У пеьсани мендан ўзбекчага ўгириб беришни сўради. Табиийки, мен бунга журъат қилмадим. Бироқ у “қўлингдан келади” деб туриб олди. Рости, дўстимнинг бу ишончи менга қанот берди. Ижодий иш бошланди ва у Ҳамза театрида диплом спектаклини намойиш қилиб ҳали ҳеч ким мақтов эшитмаган талабчан режиссёр Родундан аъло баҳо олди. Бу менга сал бўлса-да таржимонликда ишонч ва рағбат бўлганди. Кейин Жанни Родарининг “Желсиминонинг саргузаштлари” асарини ўзбекчага ўгирдим. Гулистон театрида ишлаб юрган кезларимда Ранет деган Ҳиндистон ёзувчисининг “Жиноий танго” (“Криминалный танго”) асарини таржима қилдим. Тўғри, бу таржималарнинг ҳаммаси кейинчалик йўқ бўлиб кетди. Лекин уларнинг ҳар бири ёзиш оламига кириб келишимга туртки бўлди. Албатта, кейинчалик бир қатор улуғ устозларнинг маънавий кўрсатмаларидан баҳраманд бўлдим.
– Ижодий изланишларингизга таъсир этадиган омиллар ҳақида гапириб берсангиз…
– Бир куни ёзувчи Тоҳир Маликнинг ҳузурига бордим. Устоз ижодхонасида ўтирган эканлар. Ўша ерда деворга осиб қўйилган бир суратга кўзим тушиб қолди. Тасаввур қилинг, суратда бир рицарнинг қўли, ҳа, фақат бир қўли тасвирланган эди. Қўл ажиб бир гулни ушлаб турибди. Аммо соҳиби кўринмасди. Тоҳир Малик билан суҳбатлашаяпмизу, хаёли-ҳушим мана шу антиқа тасвирда бўлди.
Ўша куни уйга кетгунча шу қўл ҳақида ўйлаб кетдим. Соҳиби номаълум бир қўл чиройли бир гулни авайлаб ушлаб олган. Гул эса тушиб кетаман-кетаман деб турибди. Биласизми, кимларгадир арзимас туюлган мана шу сурат таъсирида “Тикансиз типратиканлар” пьесаси ёзилди. Гарчи бу асарни саҳналаштиришнинг иложи бўлмаган бўлса-да, лекин бу пьеса энг ижодий ишларимдан биридир.
Столга ўтириб ўз-ўзидан асар бошлаб кетолмайман. Нимадир туртки бўлиши керак. Баъзан ҳамма нарса битта жумладан бошланади. Ҳа, шундай фикрлар борки, унинг шарҳи учун бутун бошли асар ёзиш мумкин. Мисол учун, виждон нима? Инсоннинг ичида виждон деган орган йўқ. Юрак бор, талоқ бор. Лекин виждон оғриса, азоб берса одамнинг ҳаёти зулматга айланади. Шу фикрнинг ўзи учун “Тақдир эшиги” ёзилган. Ҳар қандай асар аввал инсоннинг миясида етилади, ёзиш вақти келганда эса техник иши қолади, холос. Асарни бир ўтиришда ёзиб қўйишнинг иложи йўқ. Асар кайфиятига, қаҳрамонлар руҳиятига кириш лозим. Мен табиатан ўз-ўзимга талабчанман. Шу сабаб, баъзида узоқ вақт ёзмайман. Баъзан асар қаердадир тўхтаб қолади.
– Ўзига талабчан одам бугун ёзган асарларидан эртага қониқмай қолиши мумкин. Сизда ҳам шу жараён бўладими?
– Кечаги одам бугунгисидан фарқ қилади. Вақт ўтган сари тажриба ошади, билим ўзгаради, дунёқараш ўсади. Баъзи асаримнинг орадан йиллар ўтиб бўш жойларини кўриб қоламан. Ўша пайтда муҳим туюлган гаплар, кейинчалик саёз кўринади. Тузатгим келади, лекин ўзимни тўхтаман. Шу пайтгача ёзганларим қандай бўлса, шундайлигича қолишини истайман. Чунки уларнинг ҳар бири умримнинг варақлари. Агар ўттиз йил олдинги ёзганларимни ўзгартираверсам менинг болалигим, йигирма йил олдингисини бузсам жўшқин ёшлигим ва ўша пайтлардаги беғубор ўйларим, фикрларим қаерда қолади? Агар “Ромео ва Жулетта” асарини ҳар ким ўзининг замонига мослаштириб қўяверса Шекспирнинг Шекспирлиги қоладими?
Назаримда ҳар бир саҳна асари ёзилган вақтига мос тарзда саҳнага олиб чиқилиши керак. Ана шунда асарнинг мазаси, шираси сақланиб қолади. Эски ўзбек киноларини кўрганимда ўзимга таниш қадрдон кўчаларни, биноларни, дарахтларни кўргим келади. Кадрлардан уларни қидираман. Беихтиёр ёшлигим эсимга тушиб кетади. Ўша пайтларга тегишли хотиралар ёпирилиб келади, энтикиб, орзиқиб кетаман. Аввал ёзган пьесаларимни ўқиганимда ҳам худди шундай аҳволга тушаман.
– Ижодкорга хос бўлган талаблар билан шахсий принципларингиз доим муроса қила оладими?
– Принципларни, тартиблар ва чегараларни ёмон кўраман. Ижод борасида жуда эркинман. Кундалик тартибим ҳам йўқ. Бу соҳага оид бирор иш қилиш – албатта бирор бадиий асар ўқиш, кино ёки спектакл кўриш тартибим ҳам йўқ. Умуман олганда бетартиб одамман. Ҳар иккисидан бирини танлаш келиб қолган вақтда ҳам енгилман – саёҳатни, дўстлар даврасини танлайман.
Ижодкор учун нима керак? Унчалик кўп нарса эмас. Аввало, қорним тўқ бўлиши, соғлик ва тинчлик бўлса бўлди. Мен илҳом деганларига кўп ҳам ишонавермайман. Менимча илҳом париси ишлашга бўлган кайфият, иштиёқдан бошқа нарса эмас.
– Ижодкорликни касб деб бўлмайди, уни тақдир ҳукми дейишади…
– Бу саволингизга ўз ҳаётим мисолида жавоб берсам. Мен ҳам ижодни тақдир ҳукми сифатида ҳамма нарсадан устун қўйганман. Аммо бемор бўлиб қолганимдан кейин ўзим ҳақимда ўйлай бошладим. Мен пул учун ёзмайман дердим. Бироқ вақти келганда ҳаёт ҳамма нарса ҳақида ўйлашга мажбур қилиб қўяркан. Тириклик учун соғлик ҳам, пул ҳам керак экан. Ёшинг улғайган сари “яра”ларинг ҳам каттариб бораркан. Бирини уйлантириш, бирини узатиш, уй-жой қилиб бериш… Бу “тақдир ҳукми” деб мукка тушиб ёзиб ётаверишнинг иложи йўқ.
Ижодкорнинг вазифаси одамларни яхшиликка ундашдир. Ҳар қандай бадиий асар эзгуликка хизмат қилсин. Охири фожеа билан тугаган асарлар сўнггида ҳам ёруғликка умид бўлишини истайман. Аччиқ бўлса ҳам айтишимиз керак, ҳозирда соф санъат хавф остида қолмоқда. Ҳатто оддийгина болалар учун намойиш этилаётган мультфильмларда ҳам уруш-жанжал, даҳшатли махлуқлар… Бу кимга керак?
Илм-фан инсоннинг миясини, дин руҳини, спорт жисмини тарбиялайди. Ижод кўнгил иши, ижодкор қалбни тарбиялайди. Ижодий асар инсон юрагини эзгулик билан безаши керак.
– Шароф ака, сизнингча, ҳаётни қай даражада саҳнага кўчириш мумкин?
– Асар табиий бўлиш керак. Масалан, сиз эрталаб кўчага чиқасиз, одамларга қўшиласиз, ишга борасиз, иш жамоангиз бор… ҳаёт тарзингиз шундай. Ҳаётийлик билан бадиийликни алмаштириб қўймаслигимиз керак. Афсуски, сўнгги пайтларда мутлақо ҳаётий воқеликдан йироқ фильмларимиз кўпайиб кетди. Тасаввур қилинг, бир фирмада ишлаётган йигит билан қизнинг севгиси фильмга сюжет қилиб олинган. Кинони томоша қилар экансиз, то охиригача бу фирма ўзи нима иш билан шуғулланади деган саволга жавоб тополмайсиз. Ахир шунчаки кўча гаплари билан асарни тўлдириб бўлмайди. Бу томошабинга ҳам, актёрга ҳам ҳеч нарса бермайди.
– Шароф ака, бизнинг театрларимизда турли хил чет эл драматурглари асарлари қўйилади-ю, нима учун ўзбек драматургияси намуналари жаҳон саҳналарида намойиш этилмайди?
– Бу ҳолат миллий менталитетимиз билан боғлиқ, деб ўйлайман. Халқимиз табиатидаги юморини, аскияларимизни, энг асосийси, аскияларимиздаги нозик қочиримларни ҳамма ҳам тушунавермайди. Ваҳоланки, бизнинг адабиётимизда маҳорат жиҳатдан қолишмайдиган ўнлаб ёзувчи-драматургларимиз бор. Мисол учун, Пиримқул Қодиров, Саид Аҳмад, Учқун Назаров, Одил Ёқубов, Ўлмас Умарбеков сингари ёзувчиларимизни санашимиз мумкин. Тўғри, кўплаб ёзувчиларимизнинг асарлари таржима қилиниб чет мамлакатларда нашр этилмоқда. Аммо бу борада масаланинг яна бир жиҳати бор. Яъни, роман ёки қиссани ўқувчи ўқиётганда ўз тасаввур оламига биноан қабул қилади. Асар воқеаларига ўз шахсиятидан келиб чиқиб муносабат билдиради. Театр эса кўпчиликка мўлжалланган. Воқеани оммавий тарзда қабул қилиш мураккаб жарён.
Суҳбатдош: Акбар ЭРГАШЕВ
“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 11/12-сон.