Туркийлар милоднинг VII-VIII асрларида Марказий Осиёнинг кенг ҳудудларида яшаб, туркий давлатни яратган. Ҳоқонлар ўз қаҳрамонликлари ҳақида тошларда турли хил битиклар қолдирганлар. Бу тош битиклар фанда руна Ёзуви, руник Ёзув, Урхун хати, Урхун-Енисей Ёзуви номи билан атаб келинмоқда. Бу Ёзувларни ўрганиш ишлари 116 йил илгари бошланган бўлса-да, айрим масалалар ҳамон ўз ечимини кутмоқда.
Шу муносабат билан мухбиримиз тилшунос олим, профессор Эргаш Умаров билан суҳбатлашди.
— Домла, даставвал, руна Ёзувида айни пайтда муаммо бўлиб турган баҳсталаб масалалар ҳақида суҳбатлашсак…
— Аввало бу қадимги ёдгорликлар нега “руна“ ёки “руник” деб аталишига изоҳ берсак. Гап шундаки, “руна” сўзи немисчасига “нўмалум” деган маънони билдиради. Шу боис фанда бу Ёзувлар ана шундай қўлланилиб келинади.
“Урхун” ва “Енесей” атамалари эса жой номлари билан боғлиқ. Урхун — Мўғилистондаги дарё номи. Енесей ҳам дарё номи. Энг қадимги тош битиклар эса илк бор ана шу дарёлар атрофидан топилган. Шу сабабли ушбу ёдгорликлар шундай ном олган. Руна Ёзувида асосан, учта баҳсталаб масала бор: Биринчиси нега унли ҳарфлар учун 4 та белги олинган? Иккинчиси нима сабабдан б, д, й, л, р, н, т, с ундошлари икки хил руна билан ёзилган? Учинчиси шохсимон руна қандай товушни англатади?
Бу муаммони ечиш учун икки масалани ҳал қилиш керак. Биринчидан, тош битикларга андоза бўлган ёдгорликни топиш лозим. Иккинчидан, урхун хати устида ишлаган ота-боболаримиз ёзиб қолдирган луғат маълумотларига асосланишимиз керак. Афсуски, иккала масалага ҳам ҳозиргача амал қилинмади. Натижада рунологияда англашилмовчилик вужудга келди. Тош битикларни ҳар ким ўзича ўқий бошлади. Иш шу даражага етдики, б, д, й, л, р, н, т, с ҳарфлари ёнига рақам қўйиб ёзиш бошланди. Бу хатоларнинг ҳаммаси Алишер Навоий ва Бобур каби мумтоз адабиётимиз буюк намояндаларининг ўз кўзи билан кўриб, эшитиб, ўз қўли билан ёзган маълумотларга европалик олимларнинг беписанд қарашлари натижасида рўй берди.
— Руна ёдгорлигининг андозаси топилдими?
— Руна ёдгорликларининг андозаси кўп вақт номаълум бўлиб келди. “Туркий халқлар бу Ёзувни яратаётганларида бирор ёдгорликдан андоза олган бўлишлари керак”, — деган умид мутахассисларни тинч қўймасди. Уларнинг умидлари ўлароқ, намуна бўлган ёдгорлик топилди. Бу — ахмонийлар ҳукмдори Доро I нинг Биҳистун қоя тошларига ўйиб ёздирган миххатлари бўлиб чиқди. Иккала ёдгорликдаги Ёзувлар Доро I нинг ғалабаларига бағишланган. Ёдгорликлар орфографик ва услуб (стилистик) жиҳатдан бир-бирига ўхшаш бўлган. Ҳар икки ёдгорликнинг материали ҳам бир хил — тош.
— Демак, руна Ёзувининг андоза нусхаси топилибди. Унга асосланиб тарихий битикларни қандай ўқиш керак?
— Бу маълумотлар асосида руник ёдгорликларни жорий алифбога бошқатдан ҳарфма-ҳарф ўгириш керак. Илгари бу ёдгорликлар Европа олимлари томонидан европа тилларига хос қаттиқлик-юмшоқлик, олд қатор—орқа қатор, яъни белгилари билан нотўғри нашр қилинган. Шу сабабли академик А.Кононов руна Ёзуви тарихига бағишланган рисоласида “ҳануз кўп нарсалар ноаниқ бўлиб қолмоқда”, — деб ёзган эди. Агар бунинг ёнига шўро олимларининг туркий тиллар товуш тизимини боши берк кўчага киритиш учун тўқиб чиқарган “сингармонизм” атамасини қўшсак, масаланинг қанчалик мураккаб эканини тушуниш қийин эмас. Сингармонизм туфайли мумтоз адабиётимиз вакиллари асарларини сайын, йыл, қылынг, мынг, сынгыл шаклида ёзиб, уларни ҳақорат қилаётганимизни ҳали тушуниб етмаганлар кўп. Оқибатда бир сўзни адабиётшунослар бошқа, тилшунослар ўзгача ёзмоқдалар. Бечора ўқувчи кимга ишонсин?!
— Биҳистун қояларига ёзилган миххатнинг руна Ёзувига қандай алоқаси бор?
— Бу ёдгорликда ҳам руна ёдгорлигидаги каби чўзиқ унли учун белги йўқ. Бир товушни англатувчи икки хил белгининг айримлари соф ундошни, айримлари бўғин вазифасини бажарган.
— Демак, Урхун Ёзуви ҳам форсий миххатларга ўхшаб ҳарф ва бўғин асосида тузилган экан-да…
— Руна Ёзувида сўзлар ҳарф ва бўғин асосида тузилган. Чўзиқ унлилар учун белги йўқ. б, д, й, л, р, н, т, с ундошлари икки хил руна билан ёзилгани буни исботлайди. Биринчи руналар ҳарфни ифодаласа, иккинчилари бўғин вазифасини бажарган. Масалан: биринчи руна соф б ни ифодаласа, иккинчиси ба, аб, уб, бу, иб, би бўғинларини англатган. Биҳистун ёдгорлигида ҳам чўзиқ унли учун белги йўқ. Айрим белгилар ҳарфни, айримлари бўғинни ифодалаган.
— Қадимги туркий тилларда унлилар чўзиқ талаффуз қилинганига далил борми?
— Туркийлар дунёда қадимги ёдгорликларга эга бўлган халқлардан саналади. Дастлабки туркий ёдгорлик — Култегин тош битиги милодий 735 йилда яратилган. Академик А. Кононовнинг таъкидлашича, бадиий жиҳатдан бундай пухта асар яратилгунига қадар туркийлар грамматик ва услубий жиҳатдан шаклланган тилга эга бўлганлар. Олимнинг таъкидлашича, бу тил ҳозир халқ бахшилари ижодида сақланиб қолган. Шу сабабли бахшилар “тили”ни ўрганиш тош битиклардаги айрим муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Дарҳақиқат, бахшиларнинг достон куйлаётганларида товушларни чўзиб талаффуз қилишлари гапимга исбот бўла олади. Туркий халқларнинг бепоён кенгликлардаги чорвадорлик ҳаёти ҳам товушларни чўзиб талаффуз қилишни тақозо қилган. Қадимда ва ўрта асрларда яратилган ҳамма қомусларда чўзиқлик махсус атамалар орқали кўрсатилган. Агар туркий тилда чўзиқлик бўлмаганида эди, Алишер Навоий арузда кўп ва хўп ёза олмаган бўлур эди. Зеро, аруз товушларни чўзиб талаффуз қилишни тақозо этади.
— Домла, руна Ёзуви илк бор қачон ва қаерда пайдо бўлган?
— Туркшуносликдаги энг кейинги изланишлар шуни кўрсатадики, руна Ёзуви аввал Мўғулистон шимолида пайдо бўлган. Сўнгра хоқонлик емирилгандан сўнг бошқа ҳудудларга тарқалган. Ёзув биринчи турк хоқонлиги даврида яъни милодий 552-630 йиллар орасида яратилган.
— Урхун хати қайси алифбо асосида яратилган?
— Руна Ёзуви (урхун хати) сўғд алифбоси асосида юзага келган. Алифбо яратувчилар сўғд ҳарфларини кўр-кўрона кўчириб олмаганлар, балки профессор В. Лифшитс ёзганидек, уларга ижодий ёндашганлар. Ҳарф шаклларига ўзгартириш киритганлар. Эроний ва туркий халқларнинг иқтисодий, ҳарбий ва маданий соҳадаги дўстона алоқалари руна Ёзувининг шаклланишига олиб келган. Тадбиркор сўғдлар кўп масалаларда туркийлар билан ҳамкорлик қилганлар. Бизнингча, бир гуруҳ сўғд ва туркий зиёлилар маслаҳатлашиб, бу Ёзувни шакллантирган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, туркийлар руна Ёзуви пайдо бўлгунга қадар бирмунча вақт сўғд Ёзувидан фойдаланган. Сўғд ҳарфларида битилган туркий ёдгорликлар ҳозирда Берлиндаги қўлёзмалар фондида сақланмоқда.
— Унда тош битиклар ким томонидан ёзилган?
— Култегин ёдгорлиги охирида муаллиф ўзи ҳақида шундай ёзган: тош битидим Йўллуғ тегин. Йўллуғ сўзининг маъноси йўлчи. Ҳозир ҳам йўлда туғилган болага Йўлчи исмини қўядилар. Аммо Туюқуқ ёдгорлиги муаллифи ҳозирча номаълумлигича қолмоқда. Ҳа, айтгандай Туюқуқ сўзининг ўзаги ту-туй бўлиб, у онг, ақл маъносини англатади. У ҳозирги туймоқ, тушунмоқ сўзлари таркибида сақланиб қолган.
— Урхун Ёзувида нечта белги бор?
— Бу алифбо асосан ўттиз бир белгидан иборат. Машҳур туркшунос А. Шчербакнинг фикрича, у бир марталик Ёзув сифатида яратилган. Шу сабабли мукаммал эмас. Руник белгилар ҳамма туркий товушларни тўлиқ акс эттира олмайди. Чунончи, саккизта унли учун тўртта белги олингани фикримизни тасдиқлайди.
— Айтинг-чи, бу Ёзув қанча вақт истеъмолда бўлган?
— Ёзувдан тахминан икки юз йил атрофида фойдаланилган. Туркийлар руна Ёзуви номукаммаллиги туфайли уйғур Ёзувига кўчганлар. Бу алифбо руна Ёзувига нисбатан бирмунча мукаммал. Масалан, руна Ёзувида чўзиқ унлилар учун белги бўлмаган, уйғур Ёзувида эса бир ҳарфни икки марта ёзиш орқали чўзиқлик кўрсатилган. Шунинг учун бўлса керак, туркий халқлар ундан олти юз йил давомида фойдаланиб келдилар. Бу Ёзув темурийлар давригача етиб келган. Лутфий, Хўжандий асарлари араб ҳарфлари билан бирга уйғур Ёзувида ҳам битилган. Ундан Бобурнинг отаси Умаршайх ҳам фойдаланган.
— Урхун-Енисей ёдгорликларининг қадимийлиги ҳақида ҳам тўхталсангиз?
— А.Шчербакнинг Урхун Ёзуви Енисей ёдгорликларидан ҳам қадимийроқ деган фикрига қўшиламан. Агар иккала ёдгорликлардаги ҳарфларни ўзаро солиштирадиган бўлсак, Енисей ёдгорликларидаги белгилар номукаммал. Чунончи “б” ҳарфи 16, “г” ҳарфи 8 хил кўринишга эга. Урхун битикларидаги белгилар асосан бир хил кўринишга эга. Урхун Ёзувининг қадимийлигини ёдгорликлардаги воқеаларнинг изчил баёни ҳам тасдиқлайди. Туркий халқларнинг бошидан кечирган ташвиш ва қувончлари Урхун дарёси яқинидан топилган ёдгорликларда яхши баён этилган. Енисей Ёзуви гарчи ХИИ-ХИИИ асрларгача давом этган бўлса-да, уларда туркий халқлар ҳаётига оид муҳим воқеалар йўқ. Бу ёдгорликлардаги жумлаларнинг кўпи узуқ-юлуқ.
Ситора Шамсиддин қизи суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).