Роберто Росселлини: “Мен кинонинг тарбиявий қудратига ишонаман” (2008)

http://n.ziyouz.com/images/rossilini.jpg

Италян киносида неореализм оқими асосчиларидан, машҳур кинорежиссёр Роберто Росселлини номи кино оламида довруқ қозонган. Роберто Росселлини ўлмас асарлари билан жаҳон кино санъатини бойитиш билан бирга ўзига хос мактаб ҳам яратди. Бу мактабда сабоқ олган ажойиб санъаткорлар ХХ аср жаҳон киноматографияси тамаддунига муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

Роберто Росселлини (1906-1977) ўлимидан сўнг унинг интервюси эълон қилинади. Буюк маестронинг қимматли фикрлари бугунги ўқувчини ҳам бефарқ қолдирмаса керак. (“Film a doba” журналидан қисқартириб олинди, Прага).

Неореализмда яратилган дастлабки киноасар “Рим — очиқ шаҳар” филми аввал Италия, сўнг бутун жаҳон экранларига чиққанига ҳам мана ўттиз йилдан ошди. Ўша пайтда эндигина қирққа чиққан Роберто Росселлинини “неореализм отаси” деб атайдилар. Гарчанд деярли йигирма йилдирки, Роберто Росселлини ўзининг сўзлари билан айтганда, “дидактик филмлар” ишлаётган бўлса-да, бу таъриф бутун кинематография тарихида ҳамон сақланиб турибди.

Роберти Росселлинининг ўша пайтда, яъни ўтган асрнинг 80-йилларида кутилмаганда қабул қилган қарори, айниқса, унинг “Кино — ўликдир” ибораси ҳаммани эсанкиратиб қўяди, гўёки тўфон кўтаради, атрофда бир-бирига зид фикрлар қизишига сабаб бўлади. Бу билан у нимани назарда тутди экан?

— Ўшанда айтган гапларимдан ҳозир ҳам тонмайман, — деб жавоб беради италян кино устаси. — Мен ҳозир мавжуд ва Ғарбда айниб, бузилган кўринишдаги кинога барчанинг диққатини қаратмоқчи эдим. Бу ҳақда статистика маълумотлари хабар қилади, йилдан-йилга аҳолининг кинотеатрларга бориши пасайиб кетмоқда. Агар шундай таърифлаш мумкин бўлса, буларнинг бари тизимнинг ўзи, бутун Ғарб тсивилизатсияси ўзгариб, бузилаётганига далолат бўла олади. Тарихдан маълумки, маънавий қашшоқлик, маънавий таназзул ҳамиша тсивилизатсия ҳалокатига олиб келади. Бу ҳол илгари улуғланган, эъзозланган бари қадриятларнинг топталиши, таҳқирланишида, ҳаддан таш­қари шаҳватпарастликда, индивидуал (якка) ва ижтимоий зулм-зўрликнинг куча­йишида намоён бўлади. Бунинг учун Петроний, Ювенални ўқиш, шунга ўхшаш фактларни топиш, тасдиқлаш учун Рим империясининг қулаш жараёнини мисол қилиб келтириш кифоя.

Ғарб мамлакатларида ҳам худди шундай ҳолатлар кузатилмаяптими ахир? Оммавий ахборотнинг ҳозирги тизими, айниқса, кино ва телевидение тсивилизатсия таназзулининг шундай кўринишларини зўр бериб ёймоқда, ҳатто айтиш мумкинки, энг расво усуллар билан бемаъниларча намо­йиш қилмоқда. Мен мана шунинг учун ҳам бу тоифа филм­ларни (аксарият қисми) ўлик, деб атадим. Уларни албатта бошқалари билан алмаштириш шарт.

— Афтидан, инсоннинг бегоналашиб, узоқлашишига қарши курашишга интилмасдан, томошабинни воқеликка қайтаришга уринадиган, зудликда ҳал қилиш талаб қилинган муаммоларни намойиш қиладиган неореализм оқими сизнинг ҳафсалангизни пир қилганга ўхшайди?

— Ҳа, неореализм мен учун, аввало, воқеликка янгича маънавий-ахлоқий муносабатда бўлишни англатарди. Унда албатта эски тартибдан қутулиш, нарсаларни аслида қандай бўлса, шундайлигича кўрсатиш зарур эди. Мен бу оқимда мантиқан тўғри борардим: ана шу жиҳат доимий тарзда янги воқеа-ҳодисаларни ўрганиш, уларни тушунишни талаб этарди. Урушдан кейинги даврда ҳаммаси равшан ва бир хилда давом этарди — фашизмни фош этиш, унинг қолдиқларини тугатиш, гарчанд турли сиёсий позитсияларда бўлсалар-да, жамиятни ислоҳ қилувчилар фронтини мустаҳкамлаш керак эди. Энди эса вазият бутунлай бошқача тус олди, кинорежиссёр вазифаси ҳам мураккаблашиб кетди.

— Сиз бу вазифаларни нималарда кўрасиз?

— Аввало режиссёр ўзини аллақандай илоҳий ижодкор деб билмасдан, шунчаки яхши кино ходими, ўз ишининг устаси бўлиши керак. Бизнинг жамиятимизда ижодкор шахс ҳамма нарса мумкин бўлган идолга (бу ўринда тил теккизиб бўлмайдиган бут) айланиб қолган. Ана шу ижодкор шахс оммага, халққа хизмат қилиши кераклиги унутилаёзди. Ахир, биз бугун ижодкор деб атаган кишиларимиз қачонлардир ўз касбларининг моҳир усталари, фақат ҳунарманд бўлганлар, холос. Ҳатто Микеланжеллонинг ўзи ҳам мен инсониятга тангри иродаси билан бирор белги қолдираман, деб ўйламаган, ўз касбини яхшигина эгаллаганлиги унга кифоя қилган. Гарчанд бундай ҳодиса маълум даражада сўниб бораётган бўлса-да, бугунга келиб, бунга қарама-қарши равишда, ижодкорга ҳамма нарса мумкин, деган фикрлар ҳукмронлик қилмоқда. Масалан, истеъдодсиз ижодкорлар шунчаликка бориб етдиларки, бир парча матога сигара чўғини ўчириб, шуни ҳам санъат асари деб эълон қилмоқда.

Мисол тариқасида бир қизиқ воқеани келтирай. Ризадаги машҳур Кампо-Санто ибодатхонасида ХII-ХIV асрларга тегишли қадимий фреска (сурат)лар бор. Бизнинг назаримизда перспектива (бу ўринда кўриниб турган манзарани тўғри, борича тасвирлаш санъати), анатомия ва бошқа қонунлар кашф этилгунига қадар яратилган бу суратлар ясси, содда кўринади. Кунлардан бир кун бу суратларга шикаст етади. Таъмирчилар ана шу суратлар остида дастлабки хомаки қолипни кўриб, оғзилари очилиб қолади — чунки бу хомаки чизгилар муаллиф ўша даврларда ҳам анатомия ва перспективани яхши билганлигидан далолат берувчи фавқулодда мукаммал асарлар эди. Муаллиф буни била туриб, улардан воз кечган! Нега? Чунки рассом фрескаларни соддалаштириш, ўзи яратган тимсолларни имкон қадар замондошлари тушунчаларига яқинлаштириш мақсадида шундай қилган. Бу кўнглидаги туйғуларни инсонларга аниқ-равшан етказиш учун панага чекинган санъаткорнинг ижтимоий онгига яхшигина мисол бўла олади, деб ўйлайман.

— Аниқлик, оммабоплик тамойили сизнинг “дидактик филм”ингиз контсеп­тсияси асосини ташкил этади. Сиз бу фикрга қандай келдингиз?

— Эҳтимол, бу гап ажабланарли бўлиб туюлар. Мен Ян Амос Коменский (ХVII асрда яшаб ўтган чех педагоги) асарларини ўқиб-ўрганарканман, 50-йиллар охирида ўз ишим ҳақида ўйлай бошладим. Ғарбий Европада Коменский ҳақида фақат педагоглар билишарди, холос. Шундай қилиб, мен бу одам тўғрисида иложи борича кўпроқ нарсаларни билмоқчи бўлдим. Чунки мен табиатан ҳаддан ташқари қизиқувчанман. Мен унинг барча трактат (илмий асар)ларини ўқиб чиқиб, шундай хулосага келдим. Коменский ўша давр педагогик тизимини ортиқча сўз ишлатилгани учун танқид қилган. У ўқитишнинг кўргазмали тартибини ёқлаб чиққан, ана шу ўқув тизими чинакам ҳар томонлама билимли ва теран инсон шахсини тар­бия­лаб, етиштиришини таъкидлаган. Ўшанда мен ўзимиздаги ифода қуролидан етарлича фойдалана олмаслигимизни, ҳали-ҳамон сўзларга асир эканлигимизни, образлардан безак учун фойдаланишимизни англаб етдим. Одатда, бундай образлар алдамчи бўлади, улар мутлақо кўрсатилаётган фактлар моҳиятини акс эттирмайди. Мен шунда ўз олдимга Коменский тамойилларини амалда қўллашни, томошабинга имкон қадар муайян мавзуга оид янада тўлиқ маълумотлар келтириш билан бирга яққол мисол ва далилларни таклиф этишни ҳам мақсад қилиб қўйдим.

— Бу мавзуларнинг ҳаммаси тарихий “Людовик ХIV нинг тахтга ўтириши” деб номланган филмингиз “қирол-қуёш” даврини ёдга солади. “Суқрот”, “Блез Паскал”, “Декарт” филмларида файласуфлар ҳаёти тасвирланади. Бундан келиб чиқадики, бу мавзулар бадиий жанрдан кўра ҳужжатли жанрга яқинроқ, шундайми?

— Гарчи менинг филмларим асл ҳужжатли асар таъсири кучига эга эканлигини инкор этмасам-да, улар асло “ҳужжатли” деб аталиши мумкин эмас. Бошқа томондан, бу филмлар ўзида кино ёки телевидениега хос тарихий материални драма шаклича келтиришни ўз ичига олмайди. Қандайлигидан қатъи назар, мен тўқимадан қочаман, фақат тарихнинг ўзидан олинган фактларнигина ўртага ташлайман. Албатта, мен томошабинга иложи борича маълум изчилликда, катта ҳажмдаги ахборотни ҳавола этаман. Аввало мен томошабинга ишонаман ва бунга суянаман: одамлар бир-бирларидан билимлари даражаси билангина фарқ қиладилар. Мен томошабинни муайян тарихий шахслар ва улар яшаб ўтган даврлари билан таништирган ҳолда унинг ақлий салоҳиятини кўтаришга ҳаракат қиламан. Томошабин олдиндан билган нарсага чуқурроқ кириб боришга кўмаклашаман. Мен бутун вужудим билан кинонинг буюк тарбиявий қудратига ишонаман.

— Томошабинлар филм­ларингизни қандай қабул қилади?

— Мен сарфлаган саъй-ҳаракатларим, меҳнатимга тенг келадиган жавоб оляпман, дея олмайман. Филмларимни тарқатишни зиммаларига олган қатор ташкилотлардан ташқари, мен давлат томонидан ҳам, маданият муассасалари томонидан ҳам ёрдам олганимча йўқ. Ҳозирча кинопрокатнинг кўнгилочар турдаги филмларга интилишини енгиб ўтиш жуда қийин кечяпти. Лекин мен бошлаган ишим бир кун келиб самара беришига аминман. Ўз контсептсия ва услубларимни ишлаб чиқишим учун ўн беш йил кетди. Қилган ишимнинг инсониятга нафи тегадими-йўқми, буни вақт кўрсатади. Бу иш маданият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшадими, у одамларга хизмат қиладими, мана шу — муҳими.

Маъсума Аҳмедова тайёрлади

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).