Ражаб Адашев: “Актёрнинг тақдири маълум маънода режиссёрга боғлиқ” (2011)

http://ziyouz.com/images/uz/rajab_adash.jpgСанъатнинг ўзига хос томони шундаки, хоҳ у саҳнада бўлсин, хоҳ кинолентада бўлсин, ижодкорнинг ҳар бир ҳаракати мухлисларнинг доимий эътиборида туради. Ўзинг ижро этаётган образ қиёфасига қанчалик чуқур кириб борсанг, мухлис сени юрагига шунча яқин олади. Актёр Ражаб Адашевнинг ижодий таржимаи ҳолига назар ташлаган киши ушбу ҳақиқатга яна бир бор амин бўлади.

Ўтган йили санъаткорнинг кино соҳасидаги ишлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланди. У “Ўзбекистон халқ артисти” унвони билан тақдирланди. Табиийки, суҳбатимиз ҳам ижодкор меҳнати ва унинг эътирофига оид фикрлар билан бошланди.

— Санъат соҳасидаги камтарона ижодим юксак унвонга муносиб кўрилганидан бағоят хурсандман, — деди Ражаб Адашев. — Аввало, бу шарафни томошабинларнинг менга бўлган ишончи, деб биламан.

Ҳар бир одам ёши улғайгани сайин, ўтган умрини сарҳисоб қилади. Мен ҳам санъатда эришганларим ва бой берганларимни бирма-бир чамалаб кўрсам, 1964 йилдан бери бу сеҳрли дунёда кечган умрим кўз олдимдан ўтади. Кинога болалигимданоқ ихлосманд бўлганман. Бутун қобилиятим, иқтидоримни намойиш этишга интилганман. Ўтган йиллар давомида 130 дан ортиқ ранг-баранг роллар ижро этдим.

Болалик йилларимни хотирласам, Ургут тумани кино залларида бериладиган ҳамма филмларни томоша қилишга шошадиган, дорбоз отасининг санъатга чуқур меҳр-муҳаббатидан шу соҳага иштиёқи кундан-кунга ошиб борган болакай кўз олдимда гавдаланади. Отам масхарабозлар гуруҳини ташкил этиб, бутун туманда томошалар кўрсатар эди. Ижодкорлик отамдан ўтган, десам адашмайман. Болалигимда “Пўлат қандай тобланди” филмида эпизодик рол ижро этганман.

1964 йили “Ўзбекфилм” киностудиясига танловлардан ўтиб ишга келдим. Қирқ олти йилдан буён санъат деб аталмиш кенг майдонда, ўзлигимни кашф этиш йўлида ижод қилиб келяпман. 1997 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирландим. Ўша кезлари ҳам ижод оламида амалга оширишим лозим бўлган ишлар ҳали кўп деб билардим. Ҳозир ҳам менинг бу борадаги фикрим заррача ўзгаргани йўқ. Унвонлар аслида катта масъулият дегани.

— Санъатга иштиёқ отамдан ўтган, дедингиз. Фарзандларингиз орасида сизнинг касбингизни танлаганлари ҳам борми?

— Одам қайси касбда фаолият олиб бормасин, унинг оила деган қўрғони ишончли бўлмаса, жамиятдаги мавқеи ҳам, танлаган соҳасидаги ўрни ҳам мустаҳкам эмас, деб ўйлайман. Ўзим катта оила бошлиғиман. Рафиқам олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси бўлган. Ҳозир нафақада. Тўрт фарзандимиз бор. Улардан еттита набира кўрдим. Энг кенжа набирам яқинда дунёга келди.

Қизларим онаси касбини танлашди. Ўғилларим “Ўзбектелефилм”да ишлашади. Бирининг касби муҳандис, бири эса монтажчи. Улар актёрлик касбини танлашмаган бўлса-да, соҳалари кино санъатига яқин.

— “Абдуллажон” филми сизга катта муваффақият келтирди? Шу филмдан сўнг ҳатто сизни баъзилар “Ўзга сайёраликнинг отаси” дейдиган бўлишди.

— Бу филм чиндан ҳам актёрлик фаолиятимда муҳим воқеа бўлди. 1993 йили Наби Ғаниев номидаги гриффонда “Абдуллажон” филмидаги ижром учун “Энг яхши эркак роли” номинацияси бўйича ғолиб бўлганман. “Кичкина табиб” филмидаги ролимни ҳам муваффақият келтирган ишларимдан бири, деб биламан.

— Ижод олами сир-синоатларга тўла. Томошабин филмни экранда тайёр ҳолда кўради. Кадр ортида эса шундай кутилмаган воқеалар бўладики…

— Тўғри, суратга олиш жараёнида кутилмаган, ҳатто кулгили ҳолатлар юзага келиб туради. Ҳар бир актёрнинг ижод жараёни билан боғлиқ хотиралари бўлади.

“Дил пайванди” сериалини тайёрлаш пайтида бир воқеа содир бўлганди. Биласиз, сериалда оқсоқол ролини ижро этганман. Суратга олиш кунларининг бирида актёрлар билан тушлик қилдик. Тушлик тугамасиданоқ, суратга олишга чақириб қолишди. Шоша-пиша ўрнимиздан турдик. “Мотор” деган даъват эшитилди. Жон-жаҳдим билан ролга киришиб, ижро этаётсам, ён-атрофдаги партнёрларим менга қараб оғзини кўрсатаверади. Охири, ҳолатдан чиқдим-да: “Нима гап ўзи, нега мени тўхтатасизлар?” деб уларга эътироз билдирдим. Сериалда ўғлим ролини ижро этаётган актёр Беҳзод Ҳамроев: “Ражаб ака, ясама тишингизни тақиш эсингиздан чиқибди”, деб кулиб юборди. Ишонасизми, шу даражада ролга киришиб кетганимдан буни сезмабман. Бошқалар ҳам иккинчи дублдан кейин пайқашибди. Лекин битта кадр ўша ҳолатда монтаж қилинган. Менимча, буни томошабинлар ҳам сезмаган бўлса керак.

— Маълумки, ҳар бир инсон ўз соҳасида катта-катта ниятларни кўнглига тугиб яшайди. Аммо актёрликда бирор орзу-ҳавас ушалиши доим ҳам санъаткорнинг ўзига боғлиқ эмас. Демақчиманки, ижод борасида армонингиз борми?

— Ҳақиқатан, актёрнинг тақдири маълум маънода режиссёрлар, кино соҳасининг барча вакилларига боғлиқ. Сизга қандай рол берилишини олдиндан билмайсиз.

Умуман актёр киноасарда ўз ролининг етмиш беш фоизини ижро этиб бўлгачгина, шу ролни мен талқин қиляпман, дея олиши мумкин. Баъзан филм суратга олинаётганида ишнинг ўртасида ҳам актёрлар алмаштирилганининг гувоҳи бўлганмиз. Албатта, биз санъат аҳли ички имкониятларимизни очиб беришга қодир роллар ижро этишни хоҳлаймиз. Мукаммал сценарийларни кутамиз. Актёр серқирра ижодкор бўлиши лозим. Битта комик ролни яхши ижро этганига қараб, уни фақат шу йўналишдаги ролларга таклиф қилиш нотўғри. Режиссёр маҳоратли ижодкорнинг иқтидоридан истаганича фойдаланиши мумкин. Мен шу ўринда Зулфиқор Мусоқов, Пўлат Файзиев каби профессионал режиссёрларнинг актёрлар билан ишлаш тажрибаларини алоҳида таъкидлашни истардим. Улар шахсан менинг ижодий фаолиятимга ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.

Армон ҳақида… санъат бобида армонсиз актёрман, дея оламан. 1965 йили “Насриддин Афанди” филмига танловга чақиртирилган эдим, афсуски, ёш ижодкорлигим, санъатда тажрибасизлигим учун кўрикдан ўтолмаганман. Насриддин ролини ижро этиш озарбойжонлик актёрга топширилди. Ўшанда барибир Афанди ролини ўйнайман, деган орзуни юрагимнинг бир четига тугиб қўйдим. Буни қарангки, орзуим амалга ошди. “Афанди ва азроил” картинасида Насриддин ролини ўйнашга муваффақ бўлдим.

— Суҳбатимиз якунида шогирдларингизга, санъат ихлосмандларига тилакларингизни изҳор этсангиз.

— Юртимиз аҳлини кириб келган янги йил билан самимий қутлайман. Ҳар бир хонадонга тўкин-сочинлик, тинчлик-хотиржамлик, ҳар бир санъатга ошуфта қалбга эзгулик ёр бўлсин. Ёш ижодкорларга машаққатли санъат йўлида фидойилик тилайман. Зеро, чин қалбдан қилинган меҳнат ўзининг муносиб баҳосини олиши муқаррар. Яна шуни истардимки, дунёда тоза қалблар кўпайсин. Яхшилик томир ёйсин. Эзгу орзулар рўёбга чиқсин!

Назокат Умарова суҳбатлашди

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 3-сонидан олинди.